ЎШ САҲНАСИДА: МАҚОМ, АНЪАНА ВА САНЪАТ УЙҒУНЛИГИ

    18 июнь куни Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театри саҳнасида Марғилон мақом театрининг концерти бўлиб ўтди.

Мақом кечасида халимиз маънавий меросининг дурдонаси саналмиш «Шашмақом» йўлларидан бой дастур намойиш этилди. Мақом ижросига ҳамоҳанг бўлган анъанавий рақслар, саҳнавий чиқишлар томошабинларда катта мароқ ўйғотди.

Марғилон санъаткорлари саҳнада нафақат мусиқий ижрони, балки ўзбек миллий руҳи, ҳунармандчилик анъаналари ва қадимий урф-одатларини ҳам намоён этдилар. Бу эса концерт дастурини санъат байрамига айлантирди.

Ушбу маданий тадбирни юксак баҳолаб, Ўш шаҳар Кенгаши депутатлари Илҳомжон Каримов, Хулкар Исомова ҳамда Қирғизистон халқ артисти Бахтиёржон Тўхтаматовлар Марғилон театр жамоасига самимий миннатдорлик билдиришди. Улар ўз чиқишларида бундай ташаббуслар халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутаётганини алоҳида таъкидлашди.

– Марғилон мусиқали мақом театрининг мақом ансамбли юксак маҳорати, саҳнавий маданияти ва миллий руҳни сақлаган ҳолда ижро этган асарлари билан қалбларни забт этди. Улар фақат мусиқа ижро қилмадилар, балки ҳар бир мақом оҳанги орқали халқимизнинг тарихини, дарду орзусини, гўзал дунёқарашини тингловчига етказа олдилар, – деди Бахтиёржон Тўхтаматов. – Биз бугун нафақат санъат намойишини, балки маънавий тарбия, миллий ўзликни англаш ва қалблар мусоҳабасини кузатдик. Мақом ансамбли – халқимизнинг маънавий қудрати ва маданий бойлигини ифодаловчи бебаҳо бойлик эканини яна бир бор англадик…

Депутат Илҳомжон Каримов эса Марғилон мусиқали мақом театри жамоасига самимий миннатдорчилик билдириб,

– Бугунги тантанали кеча орқали биз нафақат юксак санъат намунасини кўрдик, балки тарихимиз, маънавиятимиз ва маданиятимизнинг жонли ифодасини ҳис қилдик. Марғилондан келган азиз меҳмонларимиз – мақом ижрочилари ва театр жамоасига самимий раҳмат айтамиз. Улар нафақат ўз санъатини намоён этди, балки қалбларимизни ўзига ром этди. Бугун биз меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитида бўлдик. Ўш шаҳар кенгаши номидан бу каби маънавий учрашувларнинг давомли бўлишини тилаб қоламан.”

Тадбирда Ўш шаҳар кенгаши номидан Илҳомжон Каримов ва Хулкар Исомова Марғилон мақом ансамбилининг раҳбари, маданият фидойиси Фозилжон Исмоиловга “Ўш шаҳар кенгашининг фахрий ёрлиғи”ни, Бобур театри номидан эса директор Аъзамжон Абдураззоқов фахрий ёрлиқни тантанали равишда топширишди. Бу унинг маданият ривожига қўшган ҳиссаси ва халқаро маданий алоқаларни мустаҳкамлашдаги саъй-ҳаракатлари учун бериладиган юксак эътирофдир.

Марғилон мусиқали мақом театри директори Фозилжон Исмоилов Ўшда ташкил этилган концерт дастури ҳақида сўзлаб, шундай деди:

– Биз учун Ўш шаҳрига ташриф буюриш, ўз санъатимиз, мақом ва анъаналаримизни қардош халқ ва санъатсеварлар билан ўртоқлашиш катта шараф ва масъулиятдир. Концерт давомида юртимиз маданиятига, айниқса мақом санъатига бўлган қизиқиш ва эҳтиромни ҳис қилдик.

Бугунги тадбир – ана шу ҳамжиҳатлик ва дўстлик ришталарининг яна бир бор тасдиғи. , урф-одатлари ва маънавий қадриятларини намоён этиш имкониятини яратгани учун ташкилотчиларга, меҳмондўст Ўш аҳлига миннатдорчилик билдираман.

Бундай маданий алоқалар нафақат санъатни, балки эллараро дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашини алоҳида таъкидланди.

Марғилон шаҳар мусиқали мақом театрининг концерти нафақат юксак санъат байрами, балки миллий ўзлик, маънавий бойлик ва маданий алоқаларнинг тантанаси бўлди. Саҳнада янграган мақом оҳанглари, анъанавий қўшиқ ва рақслар, шунингдек, Кумуш қизнинг юрти бўлган Марғилон тарихий ва ҳунармандчилик анъаналарини акс этиши барчаси томошабинларнинг қалбига чуқур таъсир этди.

Марғилонлик санъаткорлар томонидан тақдим этилган концерт — нафақат санъат, балки маънавият ва муҳаббат билан тўлдирилган бир кўнгил мулоқоти бўлди. Бундай тадбирлар дўстлик ришталарини мустаҳкамлаб, халқлар ўртасидаги биродарликни янада чуқурлаштиради.

Бу гўзал бадиий кечанинг бўлиб ўтганини эшитган жуда кўп санъатсевар дўстлар мумтоз маданият тароналарига бағишланган дастурлардан элни эртароқ хабардор қилиш, бу хақдаги хабар ва эълонларни бошқа шаҳар ва қишлоқларга, қўшни вилоятларга ҳам етказиш зарурлигини айтиб, ана шундай файзли оқшомлардан баҳраманд бўлиш истакларини билдирганлар.

 

Одилжон Дадажонов

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг