ХУДО БЕРГАН ИСТЕЪДОД

     Бу йигит билан беш йиллар муқаддам Бозорқўрғонда ташкил топган “Илҳом” адабий тўгарагида учрашувда танишган эдим. У аравачада ўтирган ҳолда ёддан шеър ўқиётганига ҳайратлангандим. Ҳасанбой билан гоҳо ўша тўгаракда учрашсак-да, унинг ҳаёти ва ижоди билан янада яқинроқ танишиш имкони бўлмаган. Яқинда уларнинг хонадонига ташриф буюрдик.

Бизни онаси Иноятхон опа ва барча оила аъзолари илиқ кутиб олди. Хонага кирар эканмиз, Ҳасанбой кўзлари порлаб, қувончи ичига сиғмай қучоқлаб кўришар экан, “Устоз, хуш келибсиз” дея кўзлари намланди. Хонада унга юмшоқ ўтиргич ва стол тайёрланган. Биз савол бермасданоқ онаси Ҳасанбой ҳақида батафсил маълумот берди.

– Эгизак Ҳасан-Ҳусан ўғилларим 1997 йили дунёга келган. Улар бир ёшу икки ойлигида опаси иккаласини кўтарган маҳал Ҳасанбой ногоҳ қўлидан тушиб кетиб, жароҳат олганди. Қирғизистон ва Ўзбекистон шифокорларига кўрсатганимизда улар уч бора жарроҳлик амалиётидан чиқса юриб кетар, дейишди. Сўнгги марта андижонлик шифокорлар текширувдан ўтказиб, орқа миясида оёқни ҳаракатлантирувчи асаб томирига шикаст етган, деган хулосага келишди.

Етти ёшидан, онасининг илтимосига кўра, Ҳасанбойни бир қанча вақт уйига келиб ўқитиб туришган. У мактаб директорини, муаллималар Замирахон Шерғозиева, Лолахон ва Ҳалимахонларни тилга олиб, улар берган таълим-тарбиядан жуда миннатдор эканлигини фахр билан айтди.

Мактабда айтарли ўқимаган, оёқ ва қўл ҳаракатлари чекланган бу бола қандай қилиб шеър ёза олган, деган саволимга онаси шундай жавоб берди:

– Ўғлим мактабга жуда оз қатнади, аммо муаллималари айтган шеър ва мавзуни ёдлаб олиш қобилияти пайдо бўлди. Етти фарзандимиз бор. Ҳасанбойга алоҳида икки хонали уй қуриб бердик. Унинг ўз телевизори, радиоси, магнитофони, тренажёри, аравачаси ва душхонаси бор. Дўсти Маъмурхўжа янги тетапоя араваси, ёш шифокор Салоҳиддин Жамолов шеърларидан таъсирланиб, компьютер ҳадя қилди.

Онасининг айтишича, Ҳасанбойда адабиётга қизиқиш болалигидан бошланган, телевизорда ўқилаётган шеърларни эътибор билан тингларди. 16-17 ёшидан шеър ижод қила бошлаган. Ёдида пишитган шеърни энг аввало дадаси ва онасига айтиб берганида улар ҳайратга тушишган. Шеърлари унутилиб кетмаслиги учун онаси, ака ва опаларига айтиб, дафтарга ёздириб боряпти. Мана ўн йилдан ошдики, дил тубидан булоқдай тошиб чиқаётган бир-биридан мароқли, мазмунли шеърлари дунёга келиб дафтар юзини безамоқда. Шеърларида ҳис-туйғу сезилиб туради. Уларни зўр, образларга бой, бадиий мукаммал деб айтишдан йироқмиз. Бироқ уларда шоир қалбининг пок туйғулари, ўзига хосликка интилиш, содда ва халқоналик кўзга ташланади. Шеър техникасига, вазн ва хижога амал қилиб ёзилган шеърлар эътиборни тортади. Ота-она, ватанга садоқат, меҳр-муҳаббат, дўстлик, оқибат, яхшилик каби кенг мавзуни қамраб олган.

Ҳасанбойнинг шеърлари вилоят газетаси муҳаррири раҳматли Ботиржон Ғозибоевнинг назарига тушади. “ Ҳасанбой шоирнинг ашъорлари” сарлавҳа остида унга оқ йўл тилаб, бир туркум шеърларини “Жалолобод тонги” газетасида чоп этган. Бу Ҳасанбойга янада рағбат берди. Айрим шеърлари Ўзбекистондаги “Муҳаммад Юсуф издошлари” каналида ҳам чоп этилиб, ҳофизлар эътиборига тушиб қўшиққа айлана бошлади.

У “Илҳом” тўгарагида, мактабда ўтадиган адабий кечаларга бориб туради, янги шеърларини ёддан айтиб беради.

– Қайси шоирларни кўпроқ тинглайсиз? – дедим.

– Хонамда телевизор, магнитофон, радио бор. Телефонни ўрганиб олганман. Алишер Навоий, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф ва бошқа шоирларнинг китоблари бор. Бўш вақтда онам, ака-опамлар ўқиб беришади. Телевизор ва радиодан ўқилаётган шеърларни тинглайман. Марҳабо Каримованинг шеърларини, қўшиқларини ёқтираман. Саёҳат қилиш жону дилим. Ўтган йили дадам, аям, акам, жияним бўлиб беш киши Саудия Арабистонига – умра сафарига бориб келдим. Ўш, Жалолобод, Андижон, Наманган, Қўчқорота шаҳарларини ҳам томоша қилиб катта таассурот олдим.

– Илҳом вақт танламас экан. Ярим тунда ҳам янги шеър миямда пишади ва телефонимга айтиб ёздираман, кейин онам ё укам дафтарга кўчиради. Хатто тушларимда ҳам шеър ўқийман.

– Дўстларингиз кўпми? Ёрдам беришадими?

– Маҳалла жўраларим бор, ёлғизлатиб қўйишмайди. Ҳафтасига йиғилиб ош еймиз. Сирожиддин, Баҳромжон, Муродилла, Абдулла каби дўстларим борлигидан фахрланаман. Улар тез-тез хабар олишиб, бўш вақтларни мароқли ўтказамиз. Ёзган шеърларим икки юздан ошди, яхшиларини танлаб шоир Абдулҳақ китоб қилиб чоп эттириш учун олиб кетди. Шу йил охирига қадар чиқиб қолса керак.

Ота-онаси, ака-ука, опа-сингиллари Ҳасанбойни жуда яхши кўришади. Шеърларини ёддан айтиб юришади. 2021 йили Ҳасанбой ёқтирган қизга уйланди. Фарзандли бўлишди. Кавсарой яқинда икки ёшга тўлди.

Аҳилликда, бир-бирига меҳр-муҳаббат ила ҳаёт кечираётган бу оилага ҳавас қилдик. Ширин хаётингларга кўз тегмасин, дедик. Ҳасанбойга янги куч-қувват, ижодий ютуқлар тиладик.

Энди Ҳасанбой шоирнинг айрим шеърларини сиз азизларга ҳавола этамиз:

 

ОТАМ ДУОСИ

 

Ёмонларнинг тикан кўзидан,

Оғу томган ғараз сўзидан,

Босиб ўтган ҳаром изидан

Асрар мени отам дуоси.

 

Дардларимни арит, Оллоҳим,

Ота-онам эрур паноҳим,

Бошга тушса гар кулфат, доим

Асрар мени отам дуоси.

 

Яхши кунлар келар албатта,

Тўйлар қилиб эл учун катта,

Ҳасанбой ҳам бўлар хизматда

Асрар мени отам дуоси.

 

ОНАЖОНИМ ЁНИМДА

 

Бу дунёнинг синовлари кўп,

Синовидан қийноқлари кўп.

Лекин, дўстлар, доим кўнглим тўқ –

Онажоним бордир ёнимда.

 

Яратгандан соғлиқ сўраган,

Дуо қилиб бахтим тилаган,

Ҳар қадамда мени ўйлаган

Онажоним бордир ёнимда.

 

Қўлимгамас, кўнглимга қараб,

Дардим олар меҳрини қалаб,

Минг бор шукр Ўзингга, ё Раб –

Онажоним бордир ёнимда.

 

 

 

ОТАСИЗЛИК АЗОБИ

 

Ватан тинч, ёруғ осмон,

Юксалмоқда бор имкон.

Лек бағримни қилар қон,

Отасизлик азоби.

 

Суянмоққа қоям йўқ,

Ҳақ ишига чорам йўқ.

Дилимдаги тиғли ўқ,

Отасизлик азоби.

 

Нетай тақдирий қисмат,

Умид қилганим жаннат.

Армон эрур қатма-қат,

Отасизлик азоби.

 

 

Ҳур замон қизлари

 

Қишлоғимда ойдан гўзал қизлар бор,

Ширмой юзли, болдай ширинсўзлар бор.

Оҳуларга рақиб бўлган кўзлар бор,

Ким десангиз, шу ҳур замон қизлари?

– Бу албатта, Бозорқўрғон қизлари.

 

Атиргулга чиройидан улашган,

Чеккасига райҳон-жамбил ярашган.

Вафоликда Кумуш билан тенглашган,

Ким десангиз, шу ҳур замон қизлари?

– Бу албатта, Бозорқўрғон қизлари.

 

Одоб билан ўзгага ибрат бўлган,

Нозик дили оппоқ қордек пок бўлган.

Чет эллик қизлар кўрса ҳавас қилган,

Ким десангиз, шу ҳур замон қизлари?

– Бу албатта, Бозорқўрғон қизлари.

 

 

Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ,

Бозорқўрғон.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг