ДИЛШОДБЕК АЗИМОВ: «МАҚОМ МУЗЕЙДА ЭМАС, ХАЛҚ ДИЛИДА САҚЛАНАДИ»
Мақом ансамбли – Бобур театрининг муҳим ижодий бўлими. Бу ижодий жамоа ўзбек мақомларини саҳнада ижро этиш, ёшларга етказиш ва халқаро майдонларда намоён қилишга интилади. Мақом ансамбли жонли ижроси ва миллий мусиқа анъаналарини сақлашга садоқати билан танилган.
Мақом – фақат мусиқий йўналишни англатиб қолмай, ўзбек халқи тарихининг, руҳи, тили ва маданиятининг узвий бир қисмидир. Бугун мақом санъатини қандай асраш керак? Уни қандай ҳолда ёшларга етказиш мумкин? Ана шу саволлар юзасидан биз Бобур номидаги Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театри мақом ансамблининг етакчиси, Қирғизистон маданият аълочиси Дилшодбек Азимов билан суҳбатлашдик.
– Мақом музей экспонати эмас. Унга ҳаётда жой бўлиши керак. Унга нафақат саҳнада, балки одамлар орасида, кундалик ҳаётда, турли муҳитларда жон бағишлаш зарур, – дейди Дилшодбек ака. – Мақомни фақат расмий концертларда ёки академик анжуманларда эшитиш билан чеклансак, унинг руҳини қамоққа солган бўламиз. Уни тўйда ҳам, хонадонда ҳам, мухлис ўтирган чойхонада ҳам жонли ижрода эшитиш – ҳақиқий таассурот беради.
Азимовнинг фикрича, мақомни тушуниш учун фақат мусиқий билим етарли эмас. Бу санъат жанри тингловчидан ҳам, ижрочидан ҳам руҳий тайёрликни талаб қилади.
Бу жумла ортида жуда чуқур маъно яширинган. Чунки мақом – фақат техник маҳорат билан ижро этиладиган мусиқа эмас. Унинг замирида юз йиллар давомида шаклланган миллий тафаккур, қалб дахлсизлиги, руҳий ҳассослик ва маънавий тажриба ётади. Шунинг учун ҳам унинг ҳар бир нағмаси, ҳар бир мақоми – инсон руҳи билан мулоқотга киришади.
Дилшодбек Азимов бу борада шундай дейди:
– Мақомни куйлаш мумкин, лекин уни ҳис қилиш – бу бошқа дунё. Агар ижрочи уни шунчаки ноталар мажмуаси деб қабул қилса, у мақом руҳини етказа олмайди. Худди шундай, тингловчи ҳам унга қалби билан бағри очиқ бўлмаса, мақом унга шунчаки “ўзбек мусиқаси” сингари эшитилиши мумкин. Аслида эса мақом – юрак билан тингланадиган санъат.
Ана шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, мақом ижроси ҳам, уни тинглаш маданияти ҳам юксак маънавий тайёрликни талаб қилади. Бу – инсоннинг ички дунёси билан мақомнинг руҳий коди ўртасидаги ўзаро алоқадорликдир.
Мақомдаги ҳар бир овоз, садо, пауза – бу бевосита қалбга мурожаат. Унда қайғу ҳам бор, умид ҳам, севги ҳам, ҳикмат ҳам. Шу сабабли мақомни тўлиқ тушуниш учун инсон маънавий жиҳатдан бутун, қалб тоза бўлсин, ана шу ҳолда унга юзлансин керак. Бу энди «руҳий тайёрлик» деб аталади. Мақомни айтиш мумкин, аммо уни ҳис қилиш – бошқа дунё. Бу дунёга кириш учун инсон қалбида маънавий ҳушёрлик, севги ва ҳурмат бўлиши керак. Шундагина у қалбга таъсир қилади, – дея таъкидлайди санъаткор.
Дилшодбек Азимов мақомнинг халқ ҳаётига қайтиши учун аввало ёшлар билан ишлаш зарурлигини уқтиради. Унинг таъкидлашича, мақом санъатини ёш авлод қалбига замонавий ёндашувлар орқали етказиш мумкин.
– Ёшлар учун мақомни махсус креатив дастурлар, жонли ижролар, мастер-класслар, ижтимоий тармоқларда турли форматларда намойиш қилиш керак. Бу орқали улар мақомни нафақат эшитади, балки унинг моҳиятини ҳис қилади, – дейди Азимов.
Дилшодбек Азимов ҳозирда мақомни оммалаштиришга қаратилган бир қатор лойиҳалар устида иш олиб бормоқда. Ушбу лойиҳалардан бири – «Мақом-фан клуби» деб номланган ижодий гуруҳдир. Бу гуруҳ мақомга ошно ёшлар, тингловчилар, санъатшунослар ва ижрочиларни бирлаштиришни мақсад қилган.
– Биз мақомни нафақат саҳнада, балки ҳаётнинг ўзида жонлантиришни истаймиз. Шу боис, фан-клуб орқали жонли учрашувлар, муҳокамалар, ижро кечалари ва ҳатто онлайн форумлар ташкил қилишни режалаштирганмиз. Бу ташаббус мақом муҳитида ижодий нафас бўлади, – дейди у.
Мақом – бу миллий маданиятимизнинг ифодаси. Унга нисбатан музей экспонатидай муносабатда бўлиш унинг табиий ҳаёт тарзини чеклайди. Дилшодбек Азимовнинг таъкидлашича, мақомни “сақлаш” эмас – уни яшатиш керак. Унинг руҳий-ахлоқий қудратини янги авлод ҳам ҳис қилиши учун, у ҳар бир қалбга етиб бориши шарт.
Агар сиз ҳам мақом санъатига ошуфта бўлсангиз, унинг ҳаётга қайтишига ҳисса қўшмоқчи бўлсангиз, Дилшодбек Азимов бошчилигидаги «Мақом-фан клуби» лойиҳасига қўшилинг, ўзбекнинг қадимий руҳини қалбингиз ила ҳис этинг.
Одилжон Дадажонов