ИЛТИЖО АЯ КИМНИНГ ҚИЗИ?
Бугунги кунда саксон тўққиз ёшни қоралаган Илтижо ая – умрини болалар шифокорлигига бағишлаган, шу эзгу ишда фидокорлик билан хизмат қилган, аммо юрагида ҳамиша мусиқа садолари янграб турган инсон. У наинки ўз касбининг мутахассиси, балки буюк бир мероснинг вориси, юксак маънавий олам соҳибаси ҳамдир.
Илтижо ая таниқли бастакор ва моҳир созанда, ўзбек мусиқа маданиятининг толмас тарғиботчиси, Ўш ўзбек мусиқали драма театри ривожига беқиёс ҳисса қўшган санъаткор Лутфуллохон Хўжаевнинг ягона фарзандидир.
Аммо ҳаёт бир текисда кечмайди. Гарчи отаси тирик бўлса-да, Илтижо аянинг бутун ҳаёти ота дийдорига тўймай ўтди.
Нега?

Сабаби шуки, Лутфуллохон Хўжаев 1937 йилда қатағонга учраб, кўп йиллар авахта қилинди. Чунки у киши таниқли уламонинг ўғли бўлган. Фақат шугина эмас, бу машҳур инсон кейинчалик яна икки бор қамалиб чиқди, чинакам маърифатли зиёлиларнинг қисматида бор эди бундай тақдир.
Таниқли композитор, моҳир созанда, мураббий Лутфуллохон Хўжаевнинг номи, унинг басталаган мукаммал ва серкўлам мусиқий асарлари нафақат Ўзбекистонда, балки Ўрта Осиё давлатларида ҳам кенг танилган. Композиторнинг мусиқий асарлари, улардаги мазмун-моҳият, анъана ва замон руҳиятининг акс этганлиги ва инсоннинг маънавий камолоти учун зарур омилларни ўзида мужассам этганлиги билан характерланади. Миллий мусиқа меросимизга мурожаат этган ҳолда, ғижжакда «Жоним фидо», «Кел», «Боғ кўча», «Келмади», «Қанчалар», «Карвон келди» каби кўплаб қўшиқларга куйини басталаган. Ўзбекистон халқ ҳофизи Фаттоҳхон Мамадалиев репертуаридаги аксар қўшиқларнинг мусиқасини Лутфуллохон Хўжаев ижод қилган. Киров номли Ўш ўзбек мусиқали драма театрида бир қатор мусиқали комедия ва драмаларга мусиқа ёзиб, томошабинлар эътиборини қозонган.
Лутфуллохон Хўжаев ўз даврининг етакчи мусиқачиларидан бири бўлиб, ўзбек халқ мусиқий меросини асраб-авайлаш, ривожлантириш ва саҳна орқали халққа етказиш йўлида жон куйдириб меҳнат қилган. Мусиқий истеъдоди ва фидоийлиги орқали Ўш шаҳридаги Киров номли театр миллий санъатимизнинг гавҳарларидан бирига айланган.
Илтижо ая ана шундай улуғ инсоннинг қизи сифатида ўсди. Болаликдан мусиқа муҳитида улғайди, санъат муҳаббати унга она сти қатори сингди. Аммо тақдирнинг ажиб ўйинини қарангки, вояга етгунча ота дийдорига, унинг меҳрига тўймади. Шу боис Илтижо ая бутун ҳаёти давомида ота дийдорини қўмсаб яшади. Бу фақат руҳий соғинч эмас эди. У отаси номини, меҳнатларини, мусиқага бўлган муҳаббатини қалбида асраб яшади.
Ўзи тиббиёт соҳасини танлади. Болалар шифокори сифатида юзлаб, минглаб болаларга шифо бахш этди. Лекин қалбан ҳамиша мусиқага боғланган эди. Отасининг ижоди, унинг саҳнадаги излари, яратган куйлари ва унинг номига бўлган эҳтиром Илтижо аянинг қалбида сўнмас чироқ бўлиб ёнар эди.
Унинг ҳаёти шунчаки шифокорлик фаолияти эмас, балки бир тарих, бир муҳаббат, бир садоқат достонидир. Илтижо ая ота изидан юрмади, лекин унинг изини йўқотмади. У отасига бағишланган севги, эҳтиром ва руҳий боғлиқликни бутун ҳаёти давомида асраб, унинг хотирасини юксак эҳтиром билан сақлаб яшади. Опа икки ўғил ва бир қиз фарзандини жамият корига ярайдиган зиёли одамлар қилиб тарбиялаб, элга қўшди.
Бундай инсонлар жамиятнинг маънавий бойлиги ҳисобланади. Илтижо ая наинки бир авлод, балки бутун миллат учун ибратли сиймо. Қалбидан отасининг мусиқий меъросини, фазилатларини йўқотмаган шахс эди.
Маълумот ўрнида:
Лутфуллохон Хўжаев 1909 йилда Андижоннинг «Санъат» маҳалласида туғилган.
Отаси Муҳаммадхон эшон – уламо, зиёли киши эди. Унинг икки ўғил ва бир қизи бўлган. Лутфуллохон тўққиз ёшидаёқ онасидан айрилади. Зеҳни ўткир, камсухан бу бола чолғуга жуда қизиқарди. Тут ёғочидан аввал тор, кейин ғижжак ясайди. Буни кўрган отаси Муҳаммадхон эшон аввалига буни қаттиқ тақиқлади. Аммо боладаги интилишни, қизиқишни кўриб, мусиқа билан шуғулланишга рухсат беради. 15 ёшидаёқ ғижжак чалишни ўрганиб олган укасини кўриб, акаси Холидхон уни мусиқа билим юртига ўқишга киргизади. 21 ёшигача мусиқа санъатини изчил ўрганиб, Андижон театрига ишга киради. Тезда эл эътиборига тушади.
Лутфуллохон тақдир тақозоси билан 1930 йилнинг ёзида Ўшга кўчиб келади. Шаҳарнинг «Откечик», «Ёрбоши» маҳаллалари кесишган жойдан (эски «Олай» меҳмонхонасининг орқа томони) ҳовли сотиб олиб, истиқомат қилади. Ўш ўзбек мусиқали драма театрида иш фаолиятини бошлайди.
Лутфуллохон Хўжаев 1976 йилда Андижонда вафот этган. Андижондаги «Мирпўстин» қабристонига дафн этилган.
Одилжон Дадажонов