ТОҒЛАРНИНГ ТОШИГА БИТИЛГАН БИР БАЙТ

Бу воқеага олтмиш йилча бўлди. Менга эса, куни кечагидек туйилади…

Кўпларга яхши маълум, Ўш шаҳрининг ўртасида бир тоғ бор. Яъни, тоғнинг атрофи – шаҳар. Уни Сулаймон тоғи, гоҳо Тахти Сулаймон деб атайдилар. Эски замонларда ҳар чоршанба куни Ўш халқи тоққа зиёратга ошиқар, айниқса баҳор кезлари тоғ ёнбағирлари сайлга чиққан йигит-яланглар, қизил-яшил кўйлак кийган қиз-жувонлар билан тўлиб, узоқдан қараганда бу жойлар қизғалдоқ очилган майдондай бўлиб кўринарди.

Нимага чоршанба куни, дейсизми?

Бу энди, исломдан ҳам аввал – ўтпарастлик даврларидан қолган бир удум экан. Зардўштийлар чоршанбани илтижо куни деб билишган. Одамлар тоққа чиқиб, тилак-армонларини айтиб, гўё ибодат қилгандай бўлиб, сўнг пастга – шаҳарга тушишган, кундалик турмуш-тирикчиликларига андармон бўлишган. “Чоршанбаи муродбахш” деган ибора ўшандан қолган.

Мен у пайтда ўн-ўникки яшар чоғим, бир чоршанба кун кўпчиликка эргашиб, тоққа ўрладим. Жануб томондаги гўристон оралаб ўтган йўлакдан юқорига чиқиб, тик сўқмоқлардан ўрлаб борар эканман, силлиқроқ тошлар дўппайиб чиқиб турган юқори бир ерда одамлар ўзи тошга ўйиб ёзиб қолдирган исмини, келган жойи номини кўрдим, аммо янаям юқорироқда сал узунроқ бир ёзув битилганига кўзим тушди. Нима деб ёзилган экан? Қизиқиб, ўша ерга етиб бордим-да, хирагина битилган, айрим жойлари ўчиб кетаёзган мана шу байтни ўқидим:

                            Бир ғариб кўнглини эта олсанг шод,       

                            Яхшидир дунёни қилгандан обод…

Ҳайрон қолдим, ким бу шеърни тошга ўйиб ёзган экан?

У кимнинг байти, ёзган шоири ким, ўша кезда билмас эдим. Тоққа атайлаб чиқиб тошга ўйиб ёзган кишининг ҳам оти йўқ. Ўсмирлик тасаввури учқур бўлади эмасми, хаёлимда лоп этиб шундай бир манзара жонланди: ғариб ўсган, кўнгли синиқ бир одам бу байтни қайсидир китобда ўқиган. Ўқиганида қалбига жаз этиб теккан. Эҳтимол, йиғлаган. Ёдлаб олган. Кимларгадир айтиб ҳам берган. Аммо кўнгли қонмаган. Шундан сўнг бир куни болғаю чўкич олиб тоққа чиққан. Атайин баланд бир жойга чиқиб, узоқ вақт уриниб, бу байтни тошга ўйиб ёзган, ўз наздида – абадиятга муҳрлаган.

Ғариб бир кўнгилнинг шикаста фарёди эди бу. Дилдош қидирган, топа олмаган, аммо умиди сўнмай, нотаниш яқинларига туйғуларини шу байт орқали етказишга жазм қилган.

Аммо у ёзув энди менинг кўнглим тошига чекилиб қолди. Ўчмайди, унутилмайди. “Ўткан кунлар” романида дарди ҳолини Отабекка айтиб кўнглини бўшатган уста Олим каби, буни ёзган одамнинг ҳасратлари менинг дилимга кўчиб қолгандай: тошга байт битган ўша киши менинг дилдошим, сирдошимдай туйилади.

Орадан талай йиллар ўтди. Мен кейинроқ бу байт Ўмар Хайём рубоийсидан олинганини билдим. У тўлиғича бундай экан:

                            Бир ғариб кўнглини эта олсанг шод,       

                            Яхшидир дунёни қилгандан обод.

                            Лутфинг-ла бир дилни қул қила олсанг,

                            Афзалдир юз қулни қилгандон озод.

Бу мисралар аслида шарқшунос олим, профессор Шоислом Шомуҳаммад таржимаси эди. Шоислом домла эса уни ҳар бир кишининг қалбига етадиган, етиб бориб титратадиган тарзда ўзбек тилига таржима қилган.

Эҳтимолки, мен кўрган бояги ёзув орадан ўтган шунча йиллардан сўнг яна ҳам едирилиб-ўчиб, биров ўқийдиган ҳоли қолмаган бўлса бордир. Уни тошга чеккан киши бу кунларда ҳаётми-йўқми, ҳечким билмайди. Агар тирик бўлса, камида тўқсонни қоралаган бўлади.

Ҳа, чин инсоний, мазмуни теран, ифодаси мукаммал шеър шундай бўлади – юракка ўйилиб ёзилиб қолади. Бу ерда қандайдир давлат арбобларининг буюртмаси йўқ, атайин силлиқланган, кўзга ялт этиб ташланадиган тош ҳам йўқ. Бори – дил тубидан чиққан миннатдорлик ҳисси.

Орадан шунча йиллар ўтди. Ўттиз йиллар бурун Сулаймон тоғининг ҳар икки томонидан “Оқ уй” сари кўтарилиб борадиган бетон зинапоялар қурилди, ёнларига темир қувурлардан суянчиқ ўрнатилди. Энди одамлар осонгина тоғ тепасига чиқа олади, ҳеч ким тош оралаб, ўзича йўл топиб чиқмайди. Шунинг учун, бу ёзув ҳамон турибдими-йўқми, ё шу қурилган зинапоянинг аллақаердаги бўлаги тагида қолиб кетдими, мен ҳам билмайман.

Билганим шуки… ўзбек адабиётида юз-юз шоирлар ўтган. Ҳар бири – сўз устаси. Уларнинг шеърларини мактабда ўқиган пайтимизда ёд олганмиз, йиғилишларда декламация қилиб айтганмиз. Сон-санқсиз шеъру ғазаллар ашула бўлган. Яхши кўриб эшитамиз, товушимиз етса, куйлаймиз ҳам. Энг ёққанларини ёндафтаримизга кўчириб олиб, ора-орада ўқиб турамиз.

Аммо… уларнинг қайси байтини, ким дил амри билан тоққа чиқиб тошга чеккан, айта оласизми? Менинг билганим, бу Ўш тоғида, Шоислом Шомуҳаммедов таржимасидаги бояги байт.

Шоислом домла эса минглаб бундай рубоий ва достонларни, неча юзлаб ғазал, ўнлаб катта-кичик достонларни (улар орасида “Шоҳнома” каби улкан эпик асарлар ҳам бор) форс-тожик тилидан ўзбекчага қойиллатиб ўгирган. Бироқ устоз ўз таржималари ҳақида кам гапирар, мақтовларга ҳечам “эриб” кетмас, танқидий фикрларга ҳам аҳамият бериб, қизишиб ўтирмасди.

Бу гапларнинг таги бор. Иккинчи Жаҳон уруши жанггоҳларидан ярадор бўлиб қайтиб келган, жони гаровга қолган Шоислом Шомуҳаммедов оғир-босиқ табиати, гап ўрнига иш билиши билан ажралиб турарди. Рўдакий, Фирдавий, Деҳлавий, Ўмар Хайём, Саъдий, Ҳофиз каби талай форс-тожик шоирининг шеърларини бирин-кетин равон ифода билан ўзбекчалаштирган.

Аммо мана шу ўринда нозик бир масала ўртага чиқади. Мумтоз сўз санъати билимдонлари, ўзбек тилида арузнинг деярли барча вазнида ижод қилиш мумкин ва энг муҳими – форсий ғазал ва рубоийларни ўз баҳрида ўгириш китобхонга ўтмиш давр руҳини теранроқ ҳис этишига йўл очади, дейишади. Бу тўғри гап, бунинг устига, амри маҳол иш ҳам эмас.

Бироқ форсий сўз санъатининг биздаги энг отоқли тарғиботчиси бўлган Шоислом домла, гарчи бир талай асарларни арузда ўзбекчалаштирган бўлса ҳам, асосан бармоқ тизимини маъқул кўрган. Қизиқ, устознинг бундай йўл тутишига сабаб нима? Бежиз эмасдир?

Бунинг боиси шуки, ўзбек шеърияти бармоқ (ҳижо) вазнида туғилган ва ривожланган. Бутун халқ оғзаки ижоди – достонлар, қўшиқлар бармоқда. Гарчи кейин форсий адабиёт таъсирида аруз етакчи шеър тизимига айланган бўлса-да, бармоқ тизимига мансуб шеърлар ҳамиша эл оғзида яшаб келган. Яъни, ўзбекнинг шеърий тафаккури азалдан бармоқ тизими йўриғида шаклланган. Форс-тожик достонлари шаклан маснавий бўлса, ўзбек фольклор достонларига қўшмисра қилиб қофиялаш ва бандлаш хос эмас.

Домла шуни ҳисобга олган бўлса керакки, ана шундай ўзбекона-туркона қилиб ўгиришни маъқул топди, буни ижодий принципга айлантирди.

Энди ўзингиз баҳо беринг. Масалан, Рўдакийнинг:

 

Гар киши олмаса ҳаётдан таълим,

Унга ўргатолмас ҳеч бир муаллим.

 

Жаҳоннинг шодлиги йиғилса бутун,

Дўстлар дийдоридан бўлолмас устун

 

каби байтлари форс-тожик мумтоз сўз санъатида ҳам дурдона саналади, аммо ўзбек тилига таржима асносида улар нафақат дур, балки жило берилган олмос – гавҳарга айланди, аслиятига қараганда ҳам кўпроқ шуҳрат қозонди.

Камина, бир таржимашунос сифатида шунга ишонаманки, башарти Ш.Шомуҳаммедов шу байтларни аруз йўриғида ўгирганида, “тўлақонли”, “адекват” деб баҳолаш учун назарий асослар кўпроқ бўларди, аммолекин ўзбек китобхонини бу қадар ўзига жазб эта олмаслиги ҳам аниқ эди.

Таржима осон иш эмас. Гоҳо бир жумла, ё биттагина сўз акс эттирган маъно товланишларини ўзга бир тилда акс эттириш – кони азоб. Шоислом Шомуҳаммедов ҳам  бундай ҳолларга такрор-такрор дуч келган. Ўзининг ёзишича, “Гулистон” (Саъдий) таржимаси устида уни кузатиб турган Ғафур Ғулом, “Ўзбекмисан? Ўзбек бўлсанг – топасан, топ!” – деб далда берар экан.

Умрини ўзбек маърифатига бахшида этган, тўқсондан ортиқ илмий монография ва таржима китоблари чоп этилган, ўнлаб ёш шарқшуносларни илм даргоҳига етаклаган аллома ҳозир ҳаёт бўлса, юз тўрт ёшдан ошарди.

Бу улуғ устознинг Ўшлик бир китобхон ҳиссиётини жунбушга солган бояги биргина байт таржимаси ушбу мақоланинг ёзилишига туртки бўлди.

 

Зуҳриддин Исомиддинов

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг