Қирғизистон-Тожикистон: Чегара қачон очилиши ҳали номаълум

Расмийлар икки давлат ўртасидаги чегара у ердаги муаммолар ҳал бўлишига қараб очилишини айтишмоқда.

Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги давлат чегарасидан ўтиш жойлари яқин орада очиладиганга ўхшамайди. Бугун, 12 август куни Бишкекда ўтган давра суҳбатида Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши раиси Муратбек Иманқулов бу ҳақда аниқ бир нарса дея олмади.

“Ҳозир биз тожик ҳамкасбларимиз билан давлатлар орасидаги чегарани аниқлаш бўйича иш олиб боряпмиз. Шу ҳам маълумки, президентларимиз учрашиб, чегара масалаларини муҳокама қилишди. Чегарадаги муаммолар ҳал бўлишига қараб чегарани очиш масаласи ҳам ҳал бўлади”, – деди Иманқулов.

Иманқулов шуни ҳам эслатиб ўтдики, чегарани биринчи бўлиб Қирғизистон эмас, қўшнилар ёпишди, Қирғизистон томон бунга яраша жавоб қилди, холос.

Маълумки, жорий йилнинг апрелида юз берган чегара можаросида Тожикистон томон оғир ҳарбий техника қўллаган ҳолда ҳужум қилган. Натижада Қирғизистон томон кўпроқ зарар кўрган. Тожикистон томон можаро пайтида жабрланганлар ва давлатга етказилган зарар ҳақида расмий маълумот бергани йўқ.

Расмий маълумотларга кўра Қирғизистон бу кутилмаган урушда 1 миллиард 300 миллион сўмдан ($15, 3 млн. атрофида) кўпроқ зарар кўрган. Бу ҳақда бугун Бишкекда ўтган матбуот анжуманида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошидаги минтақавий ривожланиш давлат агентлиги директори Эрмек Бахавидинов маълум қилди.

Унинг айтишича, можаро пайтида 140 хусусий турар-жой ёқиб юборилган, 8 ижтимоий объект ва 76 нафар ишбилармон жиддий талофат кўрган.

“Уйлар тикланяпти, ишбилармонларга моддий ёрдам кўрсатилиб, уларга фоизсиз ва гаровсиз қарзлар бериляпти”, – деди Бахавидинов.

Бугунги кунда Боткен вилоятининг Тожикистон билан чегарадош участкаларида янги автомобиль йўлларини қуриш ва эскиларини таъмирлаш ишларини олиб боряпти. Яқинда парламент Боткен виkоятининг алоҳида мақоми ҳақида қонун қабул қилди. Қонунга кўра, бу ҳудудда яшаган фуқароларга алоҳида имтиёзлар қаралган. Вилоят ривожи учун йилига давлат бюджетидан 500 миллион сўм ажратилиб туриладиган бўлди.

Шу вақтнинг ўзида чегара ҳудудида яшаган аҳоли шароитга қараб тирикчилигини “ўзига хос” тарзда давом этдиришга интиляпти. Аввал назоратдан четда қолиб келаётган минтақада чегарадан контрабанда юк олиб ўтиб ўтиш кенг авж олган эди. Ҳозир ана шундай каналлар аниқланиб, уларга бўғот қўйилмоқда.

Жумладан, яқинда чегарачилар Қирғизистон ҳудудидан Тожикистонга ноқонуний равишда бензин ўтказилиб турган йирик резина қувурни топишди. Бундай қувурлар аввал ҳам аниқланиб, бузиб ташланган эди.

Яқинда Қирғизистон чегарачилари Лайлак тумани ҳудудида Тожикистонга ўтиб бораётган икки юк машинасини ушлашди. Машиналардан бирининг давлат рақами Қирғизистонники, иккинчисиники эса Тожикистонники бўлган. Чегарачиларни кўрган ҳайдовчилар машиналарни ташлаб қочиб қолишган. Ҳарбийлар қирғизистонлик ҳайдовчини қўлга олишга муваффақ бўлишди.

Ушланган ҳайдовчи ва юк автомашиналари юки билан тегишли органларга ўтказилиб берилгани расмий маълум қилинди. Машиналарда нархи 29 миллион сўмлик кўмир бўлган.

Чегаралар ёпилиб қолгани боис икки давлатнинг чегара ҳудудида яшовчи аҳолиси жиддий қийинчиликларга дуч келмоқдалар. Қирғизистоннинг Боткен вилояти давлат пойтахти Бишкекдан 1000 чақирим,  Тожикистоннинг Сўғд вилояти эса пойтахт шаҳар Душанбадан 500 чақирим олисда жойлашган. Пойтахт билан боғланиш учун тоғли йўллар ва қорли ошувлардан ўтилиши керак.

Бу ҳудуд аҳолиси учун икки давлат ўртасидаги чегаранинг очиқ туриш жуда муҳим бўлишига қарамай, неча йиллардан буён икки давлат фуқаролари ўртасидаги жанжаллар тинмай келаётган эди. Ўзаро ғалвалар чегаралар ёпилгандан кейин ҳам гоҳ-гоҳда бўлиб турибди. Бунга мустақилликнинг 30 йили давомида ҳам чегара ўтган ҳудудларнинг аниқланмагани, сувдан ўзаро фойдаланишнинг йўлга қўйилмагани ва бошқа турли омиллар сабаб бўлмоқда.

Бобур Мирзоев, Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг