Бўлсин, бўлсин… Марказий Осиё давлатларининг балоғатга етгани рост бўлсин

Туркманистонда ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи консультатив кенгаши бизга нима беради?

Минтақа давлатлари мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида ўтган бу учрашув ҳақида фақат минтақа оммавий ахборот воситалари расмий маълумотлар бердилар. Ғарб ва Хитой оммавий ахборот воситалари ҳақида бир нарса дея олмаймизу, лекин одатда бу ерда фаол ишлайдиган Россия журналистлари бу учрашув ўтганини “билмай” қолдилар, чамаси. Бу менимча, президентларимизнинг мустақил сиёсат юритишга қаратилган бу ташаббуси ёнгинамиздаги “катта ака” ва ғарбдаги “тоғаларимизга” унчалик ёқмаганидан дарак.

Нима бўлганда ҳам, қарийб 75 миллионга яқин аҳоли яшайдиган Марказий Осиё алоҳида жўғрофий бирлик сифатида жаҳон сиёсати ва иқтисодиётида ўз ўрнига эга бўлиши керак. Буни ҳаёт кўрсатди. Минтақа давлатлари раҳбарлари ҳам мана шундай ўзгаришлар учун пишиб етилдилар.

Ушбу учрашув Марказий Осиёнинг йирик давлатлар геосиёсатининг бир қисми сифатида эмас, балки жаҳон катта сиёсати майдонида бирлашган, тўлақонли иштирокчи сифатида майдонга чиқиши мумкинлигини намоён қилди. Хўш, азалдан АҚШ, Россия, Европа давлатлари ва қўшни Хитойнинг иқтисодий, сиёсий манфаатлари ва таъсири доирасида яшаб келаётган ёш республикалар раҳбарлари нималар ҳақида гаплашдилар?

Қўшнилар иттифоқи

Айтиб ўтиш керакки, яқин йилларгача минтақа давлатлари ўртасидаги муносабатлар жуда совуқ бўлмаса ҳам “илиқ”дан кўра пастроқ эди. Юқорида аталган йирик давлатлар геосиёсати сабабми, ҳартугул қўшни давлатлар орасида кўпроқ муаммоли масалалар сўз бўларди. Бир томондан чегара масалалари минтақа аҳолиси тинка-мадорини қуритса, иккинчи томондан тарқоқлик, ўринсиз сиёсий рақобат ва бошқалар бу давлатларнинг иқтисодий ривожланишига тўсқинлик қилиб келаётган эди.

Ўзбекистонда 1916 йилда Шавкат Мирзиёев президентликка сайлангач, минтақа давлатлари ўртасидаги алоқалар ижобий тус ола бошлади. Жумладан, Мирзиёев 2017 йили Марказий Осий давлатлари консультатив учрашувини ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Бу ташаббус тезда қўллов топиб, 2018 йилнинг мартида Қозоғистон пойтахти Нурсултонда, 2019 йилнинг ноябрида эса Ўзбекистон пойтахти Тошкентда дастлабки учрашувлар бўлиб ўтди.

Учрашув Каспий денгизи бўйидаги Аваза номли оромгоҳда бўлиб ўтди

Учинчи учрашувни ўтган йили Бишкекда ўтказиш режалаштирилган эди, лекин коронавирус пандемияси туфайли уни кейинга қолдиришга тўғри келди. Туркманистон президенти Ғурбанғули Бердимуҳамедовнинг ташаббуси билан бу учрашув 6 август куни Туркманистонда, Каспий денгизига яқин Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтди.

Ғурбанғули Бердимуҳамедов раислик қилган учрашувда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон президенти Қасимжоомарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Наталья Герман иштирок этдилар.

Келажакка йўналган жиддий баёнот

Учрашувда минтақа давлатлари ва жаҳон миқёсида долзарб бўлиб турган деярли барча масалалар муҳокама қилинди. Учрашув натижасига кўра расмий баёнот қабул қилинди. Ҳужжат умумий ҳаракатлар билан Марказий Осиёни барқарор, иқтисодий ривожланган ва гуллаб-яшнаётган минтақага айлантиришга қаратилган интилишларни акс эттиради.

Баёнотда Марказий Осиё давлатларининг умумжаҳон ва минтақавий муаммоларни ҳал қилишдаги ўзаро ташаббуслари жаҳон миқёсида ҳам сезиларли натижаларни бераётгани таъкидланди. Умуман 28 банддан иборат баёнотда минтақада ўта долзарб бўлиб турган хавфсизлик ва барқарорлик, савдо, иқтисод ва сармоялар, транспорт ва транзит, қишлоқ хўжалиги ва саноат кооперацияси, сув-энергетика ресурсларидан унумли фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, туризм, фан, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиш биринчи даражали масала экани айтилди.

Афғонистондаги аҳволни тез орада барқарорлаштириш, миграция жараёнларини тартибга солиш, меҳнат мигрантларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ўзаро товар айирбошлашни кучайтириш, иқлим ўзгариши оқибатларини бартараф қилиш, уран чиқиндилари муаммосини ҳал қилиш, Орол денгизи ва унинг атрофидаги экологик масалалар, коронавирус балосига қарши кураш, озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш каби муаммоларга баёнотда етакчи ўрин берилган.

Учрашув «бўйинбоғларсиз» форматида ўтган бўлса ҳам, жуда муҳим масалалар муҳокама қилинди

Давлат раҳбарлари маданий-маърифий алоқаларни кучайтириш билан бир қаторда миллатлараро дўстликни мустаҳкамлаш, турли маданиятлар муштараклигини таъминлаш мақсадида адабий алоқаларни кучайтириш, халқаро фестиваллар, анжуман ва танловларни ўтказиш, мусиқа, кино, театр, тасвирий санъат, ҳунармандчилик, архив, музейлар, телерадио беришлари соҳасида ҳам ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидладилар.

Шу билан биргаликда президентлар оддий фуқаролар, айниқса ёшлар ўртасидаги бевосита алоқаларни кучайтириш, туристлар алмашуви каби масалаларни жонлаштиришга келишиб олдилар.

Физкультура ва спорт ривожига алоҳида урғу берган раҳбарлар минтақа давлатлари ҳудудида халқаро мусобақаларни ўтказиш, спортнинг миллий турларини ривожлантириш кабилар ҳақида битимга келдилар.

Муҳими, президентлар ҳар бир масалани БМТ ва умуман халқаро ҳамжамиятнинг интилишлари ва ўзаро манфаатлари билан ҳамоҳанг ҳолда олиб бориш зарурлигига эътибор қаратдилар. Жумладан, президентлар Тожикистон тарафнинг 2025 йилни Халқаро музликларни асраш йили деб эълон қилиш борасидаги таклифини қўллаб-қувватладилар.

Келишилган масалалар бўйича амалий ишларни бошлаш мақсадида учрашув иштирокчилари ўз Ташқи ишлар вазирликларига яқин кунларда Минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришнинг 2022-2024 йилларга мўлжалланган йўл харитасини якунига етказишни топширдилар. Шунингдек ташқи ишлар вазирликларига навбатдаги учрашувда имзолаш учун Марказий Осиёни XXI асрда ривожлантириш мақсадида дўстлик, яқин қўшничилик ва ҳамкорлик ҳақидаги шартномани тайёрлаб қўйишни топширдилар.

Садир Жапаровнинг ташаббуслари

Бир қатор ташаббуслар билан чиққан Қирғизистон президенти Садир Жапаров кейинги учрашувни 2022 йили Бишкекда ўтказишни таклиф қилди. Унинг фикрича, биринчи галда минтақа давлатлари иқтисодий масалаларда ягона ва яхлит куч сифатида майдонга чиқишлари, мамлакатларнинг устувор ривожланиши бўйича тузилган стратегиялари бири бирини тўлдириши ва ҳар бир давлатнинг имкониятларини ҳисобга олиши керак.

Келаси йил минтақа давлатларининг БМТга аъзо бўлганига 30 тўлишини эслатган Жапаров минтақа давлатлари халқаро тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга ўз хиссаларини қўшганини, бир қатор муҳим ташаббуслар билан чиққанларини айтди. У келаси йили Марказий Осиё – БМТ саммитини ўтказишни таклиф қилди.

Садир Жапаров Марказий Осиё давлатларининг нафақат улкан анъанавий энергетика ресурсларига, балки экологик тоза электр энергиясидан фойдаланишга ўтиш учун ҳам катта салоҳиятга эга эканини таъкидлади. Шунингдек у минтақадаги сув-энергетика ресурсларидан комплекс ва самарали фойдаланиш заруратига эътиборни қаратди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров бир қатор ташаббуслар билан чиқди

“Қирғизистон экологик тоза энергия манбаи бўлган ГЭСлар қурилишида бир қатор лойиҳаларни босқима-босқич амалга ошириш ниятида. Сувдан фойдаланишнинг шундай иқтисодий механизмлари ишлаб чиқилиши керакки, сув бошида турган давлатлар мўлчилик ёки сув танқис келганига қарамай, вегетатив даврда суғориш ишларига ишлатиш учун сув ресурсларини сақлаб туриш имконияти ва рағбатига эга бўлишсин. Қирғизистон энергиянинг қайта тикланадиган манбаларини фаол ривожлантириш ниятида”, – деди Садир Жапаров.

Қирғизистон президенти коронавирус инфекциясига қарши кураш мақсадида халқаро даражада, биринчи галда Евроосиё иқтисодий иттифоқи ва МДҲ давлатлари билан биргаликда ҳаракатланишга тайёр эканини айтди.

Бундан ташқари Жапаров Қирғизистоннинг минтақа давлатлари бўйлаб товарлар, хизмат кўрсатиш ва ишчи кучининг бемалол ҳаракатланиши, бизнесни ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини ижтимоий-иқтисодий томондан қўллаб-қувватлаш жуда муҳим деб ҳисоблашини билдирди. Шу ўринда халқаро юк ташувчи машиналар қатнови ва ҳайдовчиларга зарур шарт-шароитлар тузиб бериш лозимлигини айтиб ўтди.

“Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли магистралининг қурилиши лойиҳаси Евроосиё темир йўллари тармоғининг Марказий Осиё участкасидаги альтернатив ва муҳим бўғинларидан бири бўлиб қолади, – деди Жапаров учрашув чоғида. – Бугун минтақани жаҳон савдосининг энг муҳим хабларидан бирига айлантириш имкониятлари мавжуд”.

Қирғизистон президенти мамлакат ҳудудидан ўтадиган қуруқликдаги йўллар ҳар қандай юкни минтақа давлатлари билан Хитой, Евроосиё иқтисодий иттифоқи, Европа иттифоқи давлатлари ўртасида ва Покистоннинг Қарачи, Эроннинг Бандер-Аббос портларигача етказиш муддатини қисқартириш ва нисбатан арзон амалга ошириш имкониятига эга эканини айтди. Евроосиё темирйўл инфратузилмасини қуриш ва модернизациялашнинг муҳимлигини белгилаб, Қирғизистоннинг мана шу инфратузилманинг бир қисми бўлишдан манфаатдор эканини маълум қилди.

Жапаров савдо соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш мақсадида беш давлат ўртасида ҳукуматлараро комиссия тузишни ҳам таклиф қилди.

Давлат раҳбарлари қўшни Афғонистондаги аҳволни ҳам муҳокама қилиб, у ердан келиши мумкин бўлган хавфни бартараф қилиш учун халқаро ҳамжамият, биринчи галда манфаатдор томонлар билан баҳамжиҳатликда ҳаракат қилиш зарурлигини таъкидладилар.

Икки томонлама учрашувлар

Садир Жапаров бу ташриф давомида минтақа давлатлари президентлари билан алоҳида учрашувлар ҳам ўтказди. Қозоғистон президенти Тўқаев билан учрашув чоғида икки давлатнинг стратегик масалалардаги ҳамкорлиги, жумладан, чегарадан ўтиш, коронавирусга қарши кураш муаммолари муҳокама қилинди. Икки давлат президентлари таъкидлаб ўтдиларки, бу давлатлар ўртасида ҳал бўлиши мумкин бўлмаган масала йўқ ва ўзаро алоқаларни янада чуқурлаштириш керак.

Қозоғистон раҳбари Жапаровнинг учрашув чоғида айтган ташаббусларига юқори баҳо бериб, уларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Туркманистон президенти билан учрашув чоғида икки томонлама ҳамкорлик, хусусан савдо-иқтисодий соҳаларида, Туркманистондан Қирғизистонга газ ва электр қувватини импорт қилиш, туризмни ривожлантириш каби масалалар муҳокама қилинди.

Бошқа давлатлар раҳбарлари билан ҳам ўтказилган қисқа учрашувлар чоғида энг долзарб масалалар хусусида фикр алмашиб олинди.

Яхши бузоқ икки онани эмади

Айтиб ўтиш керакки, авваллари Ўрта Осиё деб аталувчи Марказий Осиё давлатларини бириктириш ғояси янгилик эмас. СССР тарқалиб кетгач, минтақа давлатлари ўзаро бирикишга ҳаракат қилиб кўрганлар. Жумладан, ўтган асрнинг 90-йиллари бошида умумий иқтисодий ҳудудни шакллантириш, ягона валютага ўтиш, ҳаттоки лотин алифбосига ўтиш каби ташаббуслар кўтарилган эди.

Афсуски, бу бирикишдан манфаатдор бўлмаган ташқи кучлар таъсирими, бошқа омилми, ҳартугул кўтарилган ташаббуслар ора йўлда қолиб кетиб, ҳар бир давлат ўз кўмачига кул торта бошлади. Оқибатда зудлик билан ҳал этиш лозим бўлган муаммолар, айниқса чегараларни аниқлаш масалалари шу кунгача чўзилиб, мураккаблашиб кетди. Бунинг оқибати нима бўлишини шу йилнинг апрелида Қирғизистон-Тожикистон чегарасида юз берган қуролли тўқнашув яққол кўрсатиб қўйди. Бу орада “бўлиб ташла ва бошқар” қабилида иш тутган ташқи кучлар ҳам, бириккан минтақа билан ишлаш осонроқ эканини англаб етган бўлсалар ажаб эмас.

Қизиғи шундаки, минтақа давлатларини бириктириш бўйича биринчи ташаббусни бу ердан ўн минг чақирим нарида жойлашган АҚШ кўтарди. 2015 йили Самарқандда АҚШ президенти Барак Обама С5+1 деб номланган форматда учрашув ўтказди. Бир йил ўтгач, ташқи ишлар вазирлиги иштирокидаги бундай учрашув Америкада ташкил қилинди.

Учрашувлар чоғида минтақада бизнесни қўллашга, транспорт коридорини ташкил қилиш, энергия ишлаб чиқариш, миллий ва минтақавий режалаштириш ҳамда хавфсизлик масалаларига бағишланган беш лойиҳани ишга туширишга келишиб олинди.

Дональд Трамп ҳокимиятга келгач ҳам бу форматдаги учрашувлар сақлаб қолинди. Аввал Америкада, кейин Қозоғистонда ўтган учрашувларда қўшни Афғонистон билан иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва Марказий осиё давлатлари интеграцияси жараёни ҳамда янги пайдо бўлаётган хавфлар ҳақида фикр алмашилди. Кўриниб турибдики, АҚШ турли йўллар билан бу ерда ўз таъсирини сақлаб қолишга интиляпти. Бундай ҳаракатлар Европа Иттифоқи давлатлари томонидан ҳам сезиляпти.

Албатта, Россия доимгидай бу ерда ким “хўжайин эканини” эслатиб туришга ҳаракат қилмоқда. Жумладан, айнан Туркманистондаги учрашув пайтида Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Афғонистон тарафдан хавф туғилган ҳолатда Россия қўшинлари минтақа давлатлари чегарасини ҳимоя қилишга тайёр эканини айтди. Бугунги кунда Тожикистон ва Қирғизистонда Россиянинг ҳарбий базалари мавжуд.

Маълумки, АҚШ Афғонистонда толибонларга қарши 2001 йилда бошланган ҳарбий операциялар баҳонасида ташкил қилган ҳарбий базаларини аввал Ўзбекистондан кейинчалик Қирғизистондан олиб чиқиб кетишга мажбур бўлган. Жорий йилда эса Америка қўшинлари Афғонистонни ҳам тарк этмоқдалар. Шу сабабли минтақадаги хавфсизлик масалаларида яна Россиянинг роли кучайиб бормоқда.

Албатта, Марказий Осиё давлатларининг бирикишидан ҳамма давлатлар ҳам манфаатдор деб бўлмайди. Бироқ шуниси аниқ бўлиб қолдики, минтақа давлатлари бир муштумга йиғилиб, биргаликда ҳаракат қилмас эканлар, бу ердаги муаммоларни бошқалар келиб ҳал қилиб бермайди. Масала узоқ ва яқиндаги ҳамкор давлатларнинг манфаатларини ҳам ҳисобга олган ҳолда умумий ва мустақил сиёсат юргиза билишда қолди.

Абдумўмин Мамараимов, Оқбура, Бишкек

Расмлар интернетдан олинди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг