ДАВЛАТ ТИЛИ МОЖАРОСИ
Яқинда Қирғизистон парламенти давлат тили билан боғлиқ қонунларга яна ўзгартиришлар киритишга қарор қилди.
Депутатлар қизғин мунозаралардан сўнг таклиф қилинган қонун лойиҳаларини биринчи ўқишда қабул қилишди. Қонун лойиҳаларига кўра, парламент депутатлигига номзодини қўйган шахслар давлат тили – қирғиз тилини сўзсиз билишлари зарур. Тил билиш даражасини ҳукумат аниқлайди. Давлат тили қонунини бузган жисмоний шахслар 5 минг (салкам 60 доллар), юридик шахслар 17 минг сўм миқдорида жаримага тортиладилар.
Шунингдек, қонун лойиҳаси талабларига кўра, давлат тилини билган шахсларгина ҳукумат раҳбари, Вазирлар маҳкамаси аъзоси, бошқа ижроия органлар раҳбарлари, судья, прокурор ва терговчи бўлиб ишлай оладилар. Миллий банк ходимлари ҳам ана шу талабга жавоб беришлари керак. Яна бир талабга кўра, Қирғизистонда теле ва радио каналларнинг 60 фоиз дастури давлат тилида бўлиши шарт. Шуни айтиш керакки, бунгача қонунда кўрсатилган 50дан ортиғи давлат тилида бўлиши керак, деган талабни бажара олмаган кўплаб теле-радиоканаллар ўз ишни тўхтатишга мажбур бўлишган.
Талаблардан мактаб ўқувчилари ҳам четда қолмади. Энди улар синфдан синфга кўчиш учун ва олий ўқув юртига кириш учун қирғиз тилидан алоҳида имтиҳон топширишлари керак. Қонун лойиҳаси овозга қўйилгунга қадар депутатлар орасида қизғин, эҳтиросларга бой мунозаралар бўлиб ўтди. Нисбатан ёш депутат Жанар Ақаев ҳамкасбларини қулларча фикрлашдан воз кечиб, бошқа давлатлар олдида қуллуқ қилишни бас қилишга даъват қилди. Ёш депутат очиқ айтмаса-да, бу ерда гап Россия ва рус тили ҳақида эканини ҳамма тушунади. Кўпчилик сиёсатчилар айнан рус тили туфайли давлат тили ривожланмаяпти, дея важ қиладилар. Депутат Эльвира Сурабалдиева депутатларни бир-бирларини ҳақорат қилмасликка ва давлат тилини ўрганишга шароит тузишга чақирди.
Исхақ Масалиев 90 депутатдан бирортаси қирғиз тилига қарши эмаслигини эслатиб, таклифлар қонунни бузмаслиги кераклигини айтди. “Агар бизда болага қирғиз тилини ўргатадиган ўқитувчилар тайёрланмаса, болада нима гуноҳ? Ўша имтиҳонни топшира олмаса, ўқувчи синфдан синфга кўчмай қоладими, ёки мактабдан ҳайдаладими? Мен шошилмаслик ва босим ўтказмасликни таклиф қиляпман”, – деди Масалиев.
Чиндан ҳам, бугунги кунда мактабларда тил ўқитиш бўйича муаммолар тўлиб-тошиб ётибди. Уларнинг асосийлари – яхши ўқитувчиларнинг етишмаслиги, замонавий ўқитиш услублари ва китобларнинг деярли йўқлиги.
Қонуннинг ашаддий тарафдори бўлган депутат Надира Нарматова ушбу қонуннинг қабул қилиниши тарихда қолишини, агар депутатлар давлат тилига куймасалар, у ривожланмай қолаверишини айтди. “Тилни ўрганинг, деб (ўзгалардан) илтимос қилишимиз – биз ўзимизни ўзимиз ерга уриб, топтаб ташлаётганимизни англатади. Тилни билиш Қирғиз Республикаси ва унинг халқини ҳурмат қилишдир”, – деб ҳисоблайди Нарматова.
Депутат Бақтибек Сидиқов ҳам “ҳеч ким тилга қарши чиқмаётганини, лекин уни ривожлантиришга тизимли ёндашиш зарурлигини, бу борада “каллага келган қонунларни қабул қилавермаслик лозимлигини” таъкидлади. Шунингдек у ҳамкасбларини сохта ватанпарварликда айблади.
“Мактабни битирганимга 35 йил бўлди, тил билмасам мен айбдорманми? Ҳа, ўз вақтида ўрганмаганим учун айбдорман, лекин мен Россияда ўқидим ва ишладим. Ҳозирги болалар Англия, Америка, Европада ўқишяпти. Нега улар айбдор бўлиши керак? …Синфдан синфга кўчирмаслик нима деган гап?! Бошингизга келган нарсани ёзаверасизларми? Гўёки ватанпарвар эмишлар! Ватанпарварлик – халқ учун, мамлакат учун, Ватан учун ишлашда намоён бўлади. Сохта ватанпарварликни бас қилинглар! Тил билмаганларнинг депутат бўлишини истамаяпсизларми? …Бас қилинглар! Мамлакатимизда бошқа миллатлар ҳам яшайди! Ҳа, биз ўз тилимиз, мадҳия, герб ва байроғимизни ҳурмат қиламиз, лекин 80 фоиз талабалар рус тилида ўқишади. Ёки ёлғонми? Нега ишни шундан бошламайсизлар? Ўзингизнинг Бишкекда яшайдиган фарзандларингиз ҳам рус тилида гаплашади. Тилни ривожлантириш керак, лекин бошқа миллатларни ҳам ҳурмат қилинглар”, – деди Сидиқов соф қирғиз тилида гапирар экан.
Яна бир депутат Балбақ Тулобаев жарима солиш ҳақида қонун ишлаб чиққанларни жазолашни таклиф қилди. Тулобаев лойиҳани киритган Вазирлар Маҳкамасини қаттиқ танқид остига олиб, ушбу қонун лойиҳасини “президента нисбатан саботаж” деб атади.
“Жамият энди иноқ яшаб, ривожланаётган, халқнинг ҳокимиятга ишончи нисбатан ортиб бораётган пайтда қандай қилиб бу лойиҳани киритиш мумкин? Қандай қилиб болани тил бўйича имтиҳон топшира олмагани учунгина синфдан синфга ўтказмай қўйиш мумкин? Ахир эртага жамиятда исён кўтарилади, одамлар қўзғолади! …Эртага парламентга рус, немис ва бошқа миллат вакили қандай қилиб келади? Улар халқ эмасми? Қирғизлар халқ, бошқалар халқ эмасми?!” – дея саволларга кўмиб ташлади Тулобаев.
Шуни айтиш керакки, бугунги кунда Қирғизистон парламентида бирорта рус ёки бошқа славян миллатига мансуб депутат йўқ. Барча депутатлар асосан қирғиз миллатига мансуб.
Гуля Қожоқулова таклиф қилинган 18 пакет лойиҳаларни тўла ўрганиб чиққанини ва уларнинг айримлари мамлакат Конституциясига мутлақо зид эканини эътироф этди. У ҳам тил масаласи долзарб экани, лекин фақат тақиқлов ва жарималар билан муаммо ҳал бўлмаслигини эслатди.
“Айбдорларни Давлат тили ва тил сиёсати бўйича миллий комиссия жазолайди. Биз тил сиёсатига масъул бўлган идеологик органни жазоловчи органга айлантириб қўймоқдамиз”, – деди Қожомқулова. У ҳам лойиҳани одамларга нисбатан саботаж, давлатчилик учун хавф сифатида баҳолади.
Депутат, собиқ бош прокурор Элмурза Сатибалдиев VII чақириқ Жўғўрқу Кенешнинг жазоловчи органга айланиб кетганини иддао қилди. Ўзининг қирғиз экани, зарур бўлса истаган одамга қирғиз тилини ўргатиб қўя олишини айтар экан, депутат барча масалани жазолаш орқали ҳал қилиш мумкин эмаслигини айтди. У Давлат тили бўйича комиссия раиси Мелис Мураталиевга мурожаат қилиб, унга “ҳамма жойга бурнини тиқавермаслик”ни ва депутат сайлаш ҳақидаги қонунга аралашмасликни тавсия қилди. Унинг фикрича, депутатликка номзод учун ягона тўсиқ – судланганлик бўлиши керак.
“Бизда давлат тилини ривожлантириш учун бошқа усуллар йўқми? Депутатларни сайловчилар сайлаши керак, сиз бу ерда кимсиз? Одамлар истаса саводсиз, камбағал одамни депутат қилиб сайлаб олишсин. Давлат ишида ишлашни истаганлар ўргансин тилни, тўғрими? Лекин депутатлик – сайланувчи лавозим. Бунақаси кетмайди!” – деди Сатибалдиев комиссия раисига.
Мунозара сўнгида парламент раиси Нурланбек Турғунбек ўғли давлат тилининг жуда ачинарли ҳолатда қолганини айтди. Унинг фикрича, давлат тилининг бу ҳолга келишига депутатларнинг популистлиги ва арзонгаров очко тўплашга интилиши сабаб бўлган. “Қирғизистонда яшаб, ишлаяпмизми, қирғиз тилини билишимиз керак, бошқача бўлиши мумкин эмас”, – деди спикер.
“Агар тил йўқолса, миллат йўқолади, давлат йўқолади, шунинг учун биз она тилимизни ҳимоя қилишимиз керак. Миллат ва давлат тақдири ҳақида сўз кетганда бундай мунозаралар бўлиши керак. Ҳеч қандай чеклов йўқ. …Биз ҳаммадан (давлат тилини билишни) талаб қилишимиз керак. Йўқса, тил қачон ривожланади? Шу сабабли лаганбардорлик қилишни бас қилиш керак. Агар тилимизни йўқотсак, давлатимизни йўқотамиз”, – деди парламент раиси ва қонун лойиҳаларини муҳокамасиз қабул қилишга даъват қилди. Депутатларнинг кўпчилиги унинг таклифини қўллаб-қувватлади.
Ҳозирча депутатлар тилга олиб ўтган масалалар бўйича мамлакат президенти ва ҳукумат раҳбари расмий фикр билдирганларича йўқ.
Дарҳақиқат, мана 30 йилдан ошибдики, Қирғизистонда давлат тилини ривожлантириш масаласи энг долзарб ва энг кўп муҳокама қилинадиган муаммо бўлиб келади. Депутатлар ва давлат органлари асосан тақиқлов ва чеклов, жарима солиш йўлини тутиб келадилар. Мактаб ва олий ўқув юртларида давлат тилини ўқитиш сифатини ошириш, зарур кадрларни етарлича тайёрлаш, умуман қирғиз тилини ривожлантириш борасида кўзга кўринарли ишлар кам. Буёқда депутатлар ўқувчилар учун қўшимча имтиҳон ва катталар учун жарималар ҳақида талаб қўяётган пайтда республиканинг олис қишлоқларида ҳам рус тилида ўқитиладиган мактаблар сони ортиб бормоқда. Ва афсуски, буни рус тилининг нуфузи баландлигини кўрган ота-оналарнинг ўзлари талаб қилишмоқда.
Абдумўмин Мамараимов, Бишкек.