ЎШ ТЕАТРИНИНГ ВОДИЙ САФАРИ

     Бобур номидаги Ўш давлат ўзбек академик мусиқали драма театри яқинда Андижон, Фарғона, Марғилон ва Наманган шаҳарларида гастрол сафари билан қатнашиб, ўз ижодий фаолиятида муҳим воқеага қадам қўйди.

Мезбонлар қирғизистонлик ҳамкасбларини гўзал куй қўшиқлар,  рақслар билан илиқ кутиб олишди.

Ушбу гастрол доирасида машҳур ёзувчи Ўткир Ҳошимовнинг “Урушнинг сўнгги қурбони” ҳикояси асосида саҳналаштирилган спектакль намойиш этилди. Асар инсценировкаси ва режиссураси таниқли театр арбоби Равшанбек Турсуновга тегишли бўлиб, спектакль Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланди.

“Саҳнада бизнинг асосий мақсадимиз – урушнинг оғир оқибатларини, инсоний туйғуларни, ажралган оилаларнинг дардини кўрсатиш эди,” – дейди Равшанбек Турсунов.

Спектаклнинг яна бир таъсирли қисми – фронтдан келган хат орқали оилага етказилган оғриқли хабар. Оила аъзоларининг кечинмалари, ота-онанинг оғриғи, опа-сингиллар қувват бериши саҳнада реалистик равишда акс эттирилди.

Томошабинлар ҳам кўзларида ёш билан бугунги тинчлик осойишталик кунимизга шукрлар келтириб томоша қилишди.

“Бу спектакль юрагимни титратди. Уруш ҳақида фақат дарслар, маърузаларда эмас, шундай қалбдан чиққан саҳналарда ҳам билиш керак экан,” – дейди Наманганлик бир томошабин.

Театр жамоаси барча вилоятларда катта меҳр ва самимият билан кутиб олинди. Гастрол сафарлари давомида ижодкорлар ва маҳаллий театр аҳли ўртасида ижодий мулоқотлар, тажриба алмашинувлари ҳам бўлиб ўтди.

Театр директори Аъзамжон Абдураззовнинг айтишича, бундай дўстлик учрашувларини янада кўпроқ ташкил қилиш лозим: “Ижодкорлар ўртасидаги бевосита мулоқот ва ҳамкорлик маданий савиянинг ўсишига хизмат қилади.”

Ўз навбатида, 30 май куни Андижон театри ва 10 июнда Фарғона театри Ўшга келиши кутилмоқда.

Борди-келдиларимиз,  дўстлик ришталари узилмасин.

 

Барно Исоқова

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг