Ҳожиликка кимлар муносиб?
(Шахсий мулоҳазалар)
Хўш, кимлар муносиб? Фақат ҳалол ва ростгўй, ахлоқли ва андишали одамларми ёки бадхулқ, ичкиликбоз, фахш ботқоғига ботганлар ҳамми?
Иттифоқ даврида кўпчилик юртдошларимиз учун Ҳаж сафарига бориш, Каъбатуллоҳни зиёрат қилиш ушалмас орзу бўлиб келди. Бу армон ва эзгу ниятлар фақат мустақиллик туфайли рўёбга чиқа бошлади. Яқинда бошланадиган ҳаж сафари олдидан, ҳожилик номини олган, ўзининг хулқу одоби билан кўпчиликка ибрат бўлаётган, шунингдек, ушбу номни олса-да, унинг соясида номақбул, ношаръий ишларни қилиб келаётган юртдошлар хусусида ўз фикр ва мулоҳазаларимизни баён этмоқчимиз.
Давлати зиёда бўлиб, оила эҳтиёжини қондирган, ислом биносининг беш асосидан тўрттасини мукаммал бажариб келган ва бешинчи фарз – Ҳаж амалларини ҳам адо этиб, каттаю кичик гуноҳлардан фориғ бўлган юртдошларимиз йилдан-йилга кўпайиб бораётгани ҳаммамизни қувонтиради. Ҳаж сафарига жўнаётганларга ҳам, улуғ зиёратдан қайтаётганларга ҳам оқибатли элимиз алоҳида эҳтиром ва иззат-ҳурмат кўрсатмоқда. Уларни чин дилдан муборакбод этишиб, ҳурматларини ўрнига қўймоқда.
Танти ва меҳмондўст одамларимиз уларни кўрганда эгилиб, қучоқлашиб кўришар экан, “ҳожи бува” ёки “ҳожи ака” деб мурожаат қилишади. Тўйларда, тантаналар, турли издиҳомларда ҳожиларни кекса ёки ёш бўлишларидан қатъий назар тўрига ўтқазишади. Ҳожиларни ҳурмат қилишиб, уларга алоҳида сарполар беришади, дуоларини олишади. Ҳожилар бирон идорага кирса, амалдорлар ҳам иззатини жойига қўйиб, ўринларидан турган ҳолда илиқ саломлашадилар. Мустақилликнинг дастлабки йиллари ҳаж сафарига бориб келганлар саноқли ҳисобланса, ўтган йиллар давомида Ҳаж фарзини адо этиб келаётган юртдошларимиз тобора кўпаймоқда.
Ҳожилик номига сазовор бўлганларни эъзозлашдан мақсад шуки, у пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидлагандай, улар “онасидан бугун туғилгандай гуноҳлардан пок бўлишади”. Шу сабаб одамлар уларни зиёрат этиб, дуоларини олишга шошадилар. Орамизда ислом дини асосларини тўла адо этаётган, ҳожилик номига доғ туширмай, каттаю-кичикнинг эъзозига эришган юртдошларимиз кўп. Масалан, шаҳримиз Бозорқўрғонни олсак, ҳайдовчилик касбида кўп йиллар меҳнат қилиб, мустақиллик йиллари нафақага чиққан, ҳозир маҳалла масжидида имомлик қилаётган Сатимали Анорбоев одамларга яхши муомаласи, юриш-туриши, кийиниши, ширинзабонлиги билан қадр-қиммат топган. У ўзининг ҳаж сафари ҳақида шундай деди: “Нафақага чиққандан кейин ҳаж сафарига боришни ният қилиб, ярим гектарча улуш еримга пиёз экдим. Аллоҳ яхши ниятларимни ижобат этди. Келаси йил кузда пиёз сой тошларидек кўпайдики, қувончимнинг чеки йўқ эди. Пиёзнинг пули Ҳаж ҳаражатларидан ҳам ошиб, яна она-бола соғин сигир ҳам олдик. Аллоҳга беадад шукрлар айтаманки, кейинроқ умра сафарларига ҳам бориб келдим”.
Бозорқўрғонлик Қодиржон Фозилжонов ҳам ҳамшаҳарлари қадрлаган, обрў ва эътиборли ҳожи. Бир неча йил аввал Ҳаж сафарига бориб келган бу юртдошимиз бугун фақат “элимга, юртимга хизмат қилсам”, деган ниятда илм олиб, элимиз ҳам кўпроқ илм зиёсидан баҳраманд бўлсин, деган ниятда яшаб, кўп савоб ишларни қилмоқда.
“Ҳаж амалларини бажариш, Каъбатуллоҳни тавоф қилиб келиш ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги фарз амаллардан бири, холос. Ҳажга борган одам динимизнинг беш рукнидан бирини адо этиб, зиммасидаги бир вазифадан қутилган бўлади, – дейди Қодиржон ҳожи. – Ҳожилик мансаб эмас, ҳожи одам сафимиздаги барча одам қатори холос. Фақат у ўзининг камтарлиги, мулойимлиги, хушхулқлиги, поклиги, инсоф – диёнатлилиги, меҳр-оқибатлилиги, тўғри ва ҳалоллиги ҳамда шу каби яхши фазилатлари билан ажралиб туради. Манманлик, ичкиликбозлик, ёвузлик, жиззакилик, чақимчилик, ғийбатчилик, ғаразгўйлик, ҳасадгўйлик, золимлик, иккиюзламачилик каби иллатлардан ҳожилар олис бўлмоқлари керак. Биз улардан ибрат олмоғимиз, эзгу ишларни ўрганмоғимиз жоиз”.
Яна бир ҳожи – Ғанижон Абдукаримов ҳақида ҳам самимий, яхши гапларни айтиш мумкин. У “Жалолобод тонги” газетасининг кўп йиллардан буён мухлиси. Ғанижон ҳожини доимо озода, ёшига муносиб кийиниб юрганини, эндиликда шаҳар мақомини олган Бозорқўрғонда мавқеи баландлигини, аҳли солиҳ фарзандлар тарбиялаганини яхши биламиз. Шунингдек, Ғуломжон Абдуқаюмов, Зокиржон Мамажонов, Турсунбой Турғунов, Эркин Ҳакимов каби табаррук ҳожи номига муносиб замондошларимиз борлигидан фахрланамиз.
Аммо шоли курмаксиз бўлмаганидек, ҳожи номини олган юртдошларимиз орасида ўзининг номақбул хулқи, юриш-туриши, муомала-муносабати билан ўз шаънига доғ тушираётганлар ҳам борлиги жуда ўкинчли. Улар Ҳаж сафарида бўлиб, миллионлаган мусулмонларни кўриб, Яратганга ибодат қилиб, гуноҳлардан фориғ бўлиб келган ҳолда яна катта гуноҳларга ботаётганини билишармикин? Бозорқўрғонлик моҳир сартарош Ҳасанбой ҳожи Қодировдан: “Ҳожилардаги қандай фазилатни қадрлайсиз, уларнинг қайси ишлари ибратлигу, қайсилари номақбул?” деб сўраганимизда у шундай деди:
– Ҳаж сафарида юрганимда ҳам, қишлоғимизда ҳам ҳожилик мақомини олган ибратли ҳамқишлоқларимиз номини кўплаб айтиш мумкин. Аммо ҳаж сафарида ҳам, қишлоғида юрганида одатга айланган ёмон иллатларини ташламаган ҳожи номига нолойиқ юртдошларимиз борлиги ачинарли. Ҳаж ва умра зиёратларини адо этиб юрган айримлар ўша муқаддас, муборак масканларда ҳам нос, сигарет чекиш каби одатларини ташламади. Қолаверса, айрим ҳожилар ўзининг қадрини баланд тутган ҳолда ўзганинг қадрини ерга уради. Уларнинг ҳар бир иши ўзига маъқул, ўзларини “ақлли” санаб, доноларнинг доноси деб билишади. Фақат ўз манфаатини ўйлайдиган, ўзгаларни одам ўрнида кўрмайдиган ҳожиларни қандай қилиб ҳожиликка муносиб дейиш мумкин? Ҳасанбой ҳожининг куюнганича бор. У тилга олган ҳожилар ҳақида фикр юритар эканмиз, “улар ҳажга боришганми ёки важгами?” деб ўйлаб қоламиз.
Кўп йиллар қурилиш ташкилотининг “ёғли” бўлимида ишлаган бир одам мустақиллик йиллари пенсияга чиққач, йиққан пулларини фоиз ҳисобида тижоратчиларга бериб судхўрлик билан шуғулланиб келди. Ишламаган ҳолда жарақ-жарақ пуллар йиға бошлади. Ниҳоят фоизлардан тўпланган маблағ ҳисобига Ҳаж сафарига бориб келди. Қуръони каримда ичкилик ҳаром қилинган, уни сотиш ҳам, ундан топилган фойда ҳам ҳаром эканлиги таъкидланган. Лекин ҳожиларимиз орасида ичиб турувчилар ҳам борлигига нима дейиш мумкин? Ахир ўзлари қилаётган номақбул ишларнинг шариат қонунларига кўра катта гуноҳ эканлигини муҳтарам ҳожиларимиз жуда яхши билишадику! Афсуски, “Тарки одат амри маҳол” деганларидек, айрим ҳожилар Ҳаж сафарига бормасдан аввал қандай бўлсалар, Ҳажга бориб “покланиб” келишгандан кейин ҳам номақбул хулқи ва одатларидан ҳалос бўла олишмаганга ўхшайди. Бизнингча бундай ҳожилар Ҳаж сафарига эл ичида обрў ва ҳурматга эга бўлиш учунгина боришса керак
Бу фикрлардан шу нарса ойдинлашадики, ким муқаддас Ҳаж сафарига отланар экан, аввало ўзига, “мен шунга муносибманми?” дея савол бериб, улуғ зиёратга тайёрланмоғи, ўзини ёмон қусурлардан тозаламоғи керак.
Комил инсон бўлиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Аммо ҳожилика даъвогар бўлган ҳар бир одам комилликка интилмоғи шарт. Комиллик – инсонни ҳар жиҳатдан инсоний, ахлоқий, илмий ва бошқа соҳаларда энг юксак камолотга етган хислатларини кўзда тутади. Комиллик, бу – инсоннинг Ерда қилган ҳамма ишларининг шу руҳий ва маънавий эътиқод билан суғорилишидир. Демак, ҳожи бўлган ҳар бир юртдошимиз атрофидаги одамлар ичида энг яхши фазилатлари билан ажралиб туриши, ундан бошқалар ибрат олмоғи, ўрганмоғи, изидан бормоғи жоиз экан. Ўзининг қусурларини англаб етмаган, ўз интилишлари билан ёмон иллатлардан фориғ бўлолмаган одамларга ҳожилик муносиб эмас, бизнингча. Ислом аҳкомларига амал қилмаётган, унинг обрўсига путур етказиб, нафс балосига мубтало бўлган айрим “ҳожи”лар юқорида баён этилганлардан тўғри хулоса чиқариб олишади, деган умиддамиз.
Мўйдинжон Абдумажидов
Бозорқўрғон шаҳри