“ЗАКОВАТ”НИНГ ТАРОВАТИ
Ўзбек телевидениесининг «Заковат» интеллектуал телевизион ўйини қанташчилари Ўш шаҳрига келдилар. Меҳмонлар дастлаб Қирғиз-Ўзбек халқаро университетига ташриф буюришди. Ўзбекистонлик меҳмонларни «Билерман Ордо» интеллектуал телеўйинининг бошловчиси Қанатбек ўғли, дорилфунун зиёлилар маркази раҳбари Сағинбек Маманов, университет ректори, профессор Абдилбает Мамасидиқов Асанович қилди.
Учрашув ташаббусчиларидан «Имзо» МЧЖ раҳбари Суҳбатилло Мирзаевнинг айтишича, бугунги ёшлар тарбияси ва интеллекти ривожида мана шундай тадбирлар, муҳим. «Телефондан бошини кўтаролмай қолган ёшлар келажак учун хавфли, албатта. Дўстлик учрашуви, билимлар беллашуви ҳар икки давлат учун ҳам манфаатлидир».
Учрашув давомида “Заковат», «Билерман Ордо» интеллектуал ўйинлари тарихи ҳақида маълумот берилиб, ёшларнинг тафаккури, дунёқараши ва интеллектуал қобилиятларини ривожлантиришга алоҳида таъсир кўрсатган телелойиҳалар қайд этилди.
Қирғиз-Ўзбек халқаро университети ректори, профессор Абдилбает Мамасидиқов интеллектуал телевизион ўйинлар маълумотлари асосида университетда зиёлилар маркази очилгани ва бугунги кунда бу жамоа муваффақиятга эришаётганини таъкидлади.
Бобур номидаги Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театрида бўлиб ўтган дўстлик учрашуви кўпчиликка манзур бўлди, – деди Ўзбекистоннинг Ўш шаҳридаги консули Зафарбек Аҳмедов. – Бир йил давомида бу шаҳарда фаолият олиб бораётган бўлсак, деярли ҳар ойда бир шундай чиройли адабий, маданий ва илмий учрашувларга гувоҳ бўляпмиз. Шу йилнинг ўзида беш ой ичида олтита тадбирни ўзбек ва қирғиз халқлари ҳамкорлигида ўтказдик. Наврўз байрамини бирга нишонладик, Қирғизистонлик ўзбек адиблари анталогиясининг тақдимотини ўтказдик, 43-ўрта мактабда Бобур мирзо бюстининг очилиши чиройли ўтди, Ўзбекистон миллий театрини икки кунлик гастроли Ўшда ўтказилди.
Театр директори Аъзам Абдураззов театр жамоаси ҳар доим яхши ишлар, гўзал учрашувлар учун тайёр эканини билдириб, маданият арбоблари, олимлар, педагоглар, юксак ақл ва чуқур билимга эга фуқаролар икки халқ ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшаётганини таъкидлаб, икки мамлакат зиёлилари ўйинида муваффақиятлар тилади.
Барно Исоқова