ГУНОҲ ҲАМ, САВОБ ҲАМ ЎЧМАС, ЙЎҚОЛМАС
(ёки босмачилар фаришта бўлишган эдими?)
1970 йилнинг декабри. “Военкомат” кўп йигитлар қатори мени ҳам Ўшда очилган “Танкчилар курси”да ўқишга чақирди. Чунки армияда танкни ўрганишга бир неча ой кетар, аммо бу курсда уч ой ўқиган бола тайёр танкист бўлиб хизматга борар экан. Биз 2-ҳаммом деган бекат яқинидаги беш қаватли янги бинода таълим олардик.
Ҳаммаси ўз ҳисобимиздан бўлгани учун, туш пайти маҳалла гузарига “обед”га чиқардик. У ерда чойхона, новвойхона, магазин бор. Тандирдан чиққан иссиқ нон, 50-100 грамм маска ёғ, кўк чой тушлигимиз бўларди.
Билмадим, уйда ётиб зерикармикан, офтобли қиш кунлари бир чол новвойхонага келиб, пастак бир курсига чўкканича, қўлидаги катта бир думба ёғни тандирдан узилган қайноқ нон бетига суртиб ялтиратиб ўтирарди. Бошида тулки тумоқ, эгнида улкан пўстин. Турган-битгани ваҳима. Ўзиям айиқдай гавдали чол. Гоҳо, нон тандирдан чиққунича, уёқ-буёқдан сўзлар, биз ҳам чолнинг гапларини эшитиб турардик.
– Ёшлигимда бир ҳатлаб, бировларнинг баланд деворларидан ҳам шартта ошиб тушаверардим, – деди бир кун у. – Уйнинг эшигини қарсиллатиб тепиб очиб кирардим, эрини бир уриб ҳушидан кетказиб, хотинини, каттароқ қизи бўлса уни ҳам зўрлаб, чиқиб кетардим, қўлимда катта бир пичоқ, ғинг деб овоз чиқарса, шартта сўярдим. Бировнинг менга ҳадди йўқ эди…
Бу гапни эшитиб, титраб кетганим ёдимда. Хаёлимга, кимдир дўзахи бўладиган бўлса, шу чол – ўша, деган гап келди. Ахир бу зулм, бу ёмонлик, бу ҳақоратдан кейин ўша хонадон бир бутун оила бўлиб қола оладими? Зўравоннинг дастидан ер тишлаган ота эртаси кун болаларининг кўзига қандай қарайди? Номуси топталган ожиза аёлларнинг оҳи кўкларни тутмайдими? Бу ер шунақа аблаҳларни қандай қилиб кўтариб турар экан?
Ўшандан кейин қачон шу чол новвойхонада ўтирганини кўрсам, нон олмайдиган бўлиб қолдим, унинг ҳаром қўллари теккан нонни қандай ейман?
Бу чол – ёшлигида босмачи бўлганини айтувди…
Ўсмир бола бир гапни эшитса, қулоғи тагидан ўтказиб юбораверади, аҳамият бермайди. Ўн яшар чоғимда бобом Хонободнинг Қорабағиш қишлоғи яқинидаги улкан даладан бир гектар ер олиб, қовун-тарвуз экди. Ёнимизда яна ўн-ўн беш деҳқон бор. Бир куни ҳаммалари тўпланиб, шўрва тайёрлаб, ҳангамалашиб қолишибди.
Ўша куни бобом қайтиб келиб, орада ўтган бир гапни айтди. Шундоқки, бизга ери туташ Нормат ака отли бир деҳқон чолни ҳўв нарида тарвуз эккан Абдукарим ака деган оқсоқол таниб қолибди.
– Сиз мени қамчилаб ургансиз, эсингизда борми? – деб сўрабди у қалтираб. – Босмачи эдингиз, эгар устига бешотар милтиқни қўйиб олиб, бизнинг уйдан бор буғдойимизни тортиб олиб кетгансиз. Жон ака, уруғлиқ бу, ташлаб кетинг, деганимда бош-кўзимга қамчи чотгансиз, биласизми?
– Э йўғ-е, – дебди Нормат чол каловланиб. – Бошқа одам бўлса керак, мен эмас эдим. Унақа туҳмат қилманг.
Аммо даврада ўтирган одамларнинг ҳаммаси фаҳмлабдики, бу иш бўлган. Абдукарим оқсоқол бу кишининг отию зотини айтиб турган экан-да.
Бу гапларга… ўйласам, ҳозир олтмиш уч йил бўпти. Нормат чолнинг озғингина турк кампири бор эди, иккови қўйларига чирмовуқ юлар экан, чол менга қараб, “Болам, омон бўлсанг менга ортимдан қуръон ўқиб қўй, умидим сендан”, деб илтижо қилгани ёдимда. Улар бефарзанд эди…
* * *
Биз кўпинча ё у четдан, ё бу четдан юрамиз, ўрта йўл эса ўртада қолаверади. То саксонинчи йилларгача босмачиларни қоралардик, лаънатлаб, сўкиб-қарғаб кунимиз ўтарди. Энди эса барини оппоқ қилиб кўрсатиш билан оворамиз. Ахир, уларнинг ичида юртни озод қилишга жонини тикканлар билан бирга, юртдаги тўс-тўпалонда одамларни қақшатиб айшини сурганлар ҳам озмунча эмасди. Кимнинг ойдай қизи бўлса, ота-онасини қақшатиб тоққа олиб кетган, қай бир чиройли хотиннинг эрини ўлдириб, аёлни опқочиб кетганлар бўлган – булар халқнинг хотирасидан ўчгани йўқ ҳали. Мен ўзим, бола чоғим, бир қўшни кампир отинойи дугонаси билан аччиқлашиб қолганида уни босмачилар опкетиб, олти ой “сайр” қилдириб жўнатишганини юзига солганига гувоҳ бўлганман – миллатимиз тарихининг қоп-қора доғлари эмасми бу?..
* * *
Бу мақолади тилга олинган одамлар ҳаммаси аллақачон оламдан ўтиб кетган. Уларнинг сўроқ-саволи энди халлоқи олам қўлида. Биз бандалар қозилик қила олмаймиз.
Аммо одамда муносабат бўлиши керак. Кишининг кимлигини, савияси, имон-эътиқодини унинг шахсий фикри, воқеликка муносабати кўрсатади. Муносабати бўлса, ўша одам – шахс. Имонли одам ҳақиқатдан қайтмайди.
Кечагина босмачиликни қоралаб, улар юзига лой чаплаган талай алломаи замонлар бугун уларни “миллий озодлик ҳаракати вакиллари” деб атай бошлашса, ё тавба, худо кўрсатмасин, замона бир эврилса, булар яна эски ашуласини куйлашмасмикин, деб ҳам иштибоҳга борасан, киши.
Иккинчи ёмон томони, бу ҳолда ёшлар асл ҳақиқатни эмас, “ижтмоий буюртма” билан ёзилган тарихни ўқиб-ўрганадилар, қадриятлар сохта бўлиб қолади. Тарих шундай нарсаки, ҳар бир замон уни ўзи хоҳлаганидай талқин этади, ўшандай тушунишни тўғри деб эълон қилади. Чин ҳақиқат эса… ҳўв аллақаёқда қолиб кетиши ҳам мумкин.
Менимча, ўз ватанида тинч яшаётган, меҳнат қилиб кун кечираётган одамларни қақшатиб, бошини олиб донғ чиқарган кимсалар ибрат бўлиши керак эмас. Сиёсат учун нимадир қилиш керак бўлса, буни тадбир-дипломатия орқали қилиш керак, кишиларнинг худо берган умрини қирқиш билан эмас. Сен худо эмассан, одамларга жон ато этмагансан, бас, уларни ўлдириб жонини олишга сенинг не ҳаққинг бор, рўзи қиёматда парвардигори оламга рўпара бўлган маҳалинг бунга нима деб жавоб берасан?
Лоақал, ўз манфаати шахсияси йўлида уруш бошлаган одамларни улуғламаган яхши. Боболаримизни қирган, момо-бувиларимизнинг қарғишига нишон бўлган кишиларни бугун ўрнак қилиб олишимиз тўғрими?
Мен бу гапларни яқинда Ўшга борганим таъсирида ёзаётибман. Кўча бўйлаб кетаётиб, бир бежирим ғиштин бинога кўзим тушди. Унинг дарвозаси тепасига “Холхўжа эшон масжиди” деб ёзиб қўйилибди. Бу қайси эшон экан?
Биз Холхўжани қўрбоши деб эшитган эдик. У Ўш ва унинг атрофида босмачиликни, боринг ана, “миллий-озодлик ҳаракати”ни авж олдирган йирик қўрбошилардан бири бўлган. Ўша даврда юз берган воқеаларга бевосита гувоҳ бўлган маърифатпарвар Мўминжон Муҳаммаджонов ёзадики, “Ашаддий босқинчи Холхўжа асли ўшлик ўғри бўлиб, Керенский даврида турмага тушган, совет даврида ҳам турмада эди. Бир куни Ўшнинг янгишаҳар томонида гумбура-гумбур отишма бошланиб, икки кундан сўнггина босилди. Воқеа бундай бўлган экан: Босмачи Холхўжа турма ичидаёқ қаёқдандир кўп яроқ-аслаҳа топтириб, турмадаги маҳбусларни қуроллантирибди ва турма ичида туриб, совет аскарлари билан отиша бошлабди. Ниҳоят, турманинг орқа деворини тешиб, ҳаммани турмадан олиб чиқиб кетибди. Отишма тўхтаганидан сўнг, совет аскарлари турма дарвозасини бузиб кириб қарасалар, турма ичида ўлиб ётган бир кишидан бошқа ҳеч ким йўқ эмиш. Кейинчалик маълум бўлишича, Холхўжа … Эргаш қўрбошидан яширин мадад олиб, ўз шайкаси билан турмадан қочган экан.
Ўшни Холхўжа босмачининг ваҳимаси босди. Одамларда кечаси ҳам, кундузи ҳам ҳаловат қолмади. Бу ваҳший босмачи бировни ундай деб ўлдиртирса, бошқа бир кишини бошқа баҳона билан ўлдиртириб турди. Куппа-кундуз кунлари шаҳар ичига бостириб кириб, хоҳлаган номаъқулчилигини қилди: ҳовлиларни талади, хотин-халажларни зўрлади, қўлига илинган нарсаларни олиб чиқиб кетди. Босмачининг дастидан Ўш халқининг оҳи кўкка етди.”
Ана шунда лоп этиб нонвойхонада ўтирган айиқдай чол ёдимга келди. Ўшда кимки босмачи бўлган бўлса, у Холхўжанинг аскари эди, албатта…
Кишига баҳо берганда унинг орзу-ўйлари, нияти қанақа бўлгани ҳисобга олинади, бу тўғри, аммо барибир, бош мезон – амалга оширган ишлари. Мақсадга эришиш учун одамларнинг кесилган бошлари устидан юриб боришга тўғри келса, у ҳолда бу ният ёвуз ният экан.
“Миллий озодлик жабҳасида от сурган энг йирик, забардаст қўрбошилардан бири Холхўжа эшон эди, – деб ёзилади википедияда.
Холхўжа эшон 1874 йилда Ўш шаҳрида туғилган. Муаммога оид кўплаб тадқиқотларда шу нарса маълум бўлдики, Совет идеологияси Холхўжа эшонни энг ёвуз, жоҳил қўрбоши сифатида таърифлаган. Ҳатто совет тарихчилари ва адибларига аксил (тескари) жабҳада турган Шаҳобиддин Яссавий каби муаллифлар ҳам унинг салбий хислатларидан кўз юма олмаган.
… Манбаларда, у Шарқий Фарғонада фаолият кўрсатганлиги, айрим жанглари тафсилоти ёзилади, холос. Шунингдек, Холхўжа эшон Мадаминбек фожиасининг бош қаҳрамони сифатида қаламга олинади. Холхўжа Эшон 1918 йил охирларида ўз йигитлари билан Мадаминбек қўшинининг таркибига киради ва Ўш шаҳри атрофида фаолият кўрсатади.
Феъл-атвори, қарашлари бошқача бўлган бу икки қўрбоши ўртасида кўпгина гап-сўзлар бўлиб ўтади. Мадаминбек Холхўжани интизомсизлиги, ахлоққа зид айрим қилмишлари учун бир неча ой қаматиб қўяди, сазойи қилдиради. Бу эса Эшонда бир умрлик кек уйғотади.
Нима бўлганда ҳам, Холхўжа эшон забардаст, қизил гвардиячиларга бир неча марта қақшатқич зарбалар бера олган мужоҳид курашчи эди.
Холхўжа Эшоннинг қўлида саккиз лашкарбоши, ўн минг аскар бўлган. 1920 йил бир гуруҳ йигитлари билан Олой водийсида қор кўчкисида вафот этган. Ўш шаҳрининг қоқ марказида ўзи туғилиб ўсган маҳалласида у киши ташаббуси билан барпо этилган масжид мусулмонларга хизмат кўрсатмоқда. Ушбу масжид “Холхўжа эшон” номи билан аталади.”
Ҳа, бу ўша Холхўжа қурдирган масжид экан.
Афсуски, айрим қўрбошилар миллий-озодлик ҳаракатининг таназзули бошланган йигирманчи йилларнинг иккинчи ярмига келиб эмас, отга минган кунидан бошлаб одамларни, ўз элини қон қақшатган. Масалан, 1919 йили худди шу Холхўжа эшон Ўшга ўз қўшини билан бостириб кириб, Эшот ҳожи деган бир бойнинг уйида одамларни жазолайди. Жумладан, жадид маърифатпарвари, йирик тарихчи олим Мирзо Фозилбек (Қосимбеков)ни сўроқ қилиб, ўша ернинг ўзида ўзи тўппонча билан отиб ташлайди.
Хўш, Мирзо Фозилбек ким эди? Бу одам Ўшда биринчи жадид мактаби очган, Мирзакалон Исмоилий, Иззат Султон каби кўп алломаларни ўз мактабида ўқитиб, уларга сабоқ берган устоз эди. Бу зотнинг жаҳон география фанига қўшган ҳиссаси юксак эътироф этилган, “Бадахшон тарихи” деган асари эса унинг йирик тарихчи олим бўлганини кўрсатади.
Замон қўрқинчли эди, Мирзо Фозилбекнинг жасади қабристонга элтишга босмачилардан ҳадиксираб, ўз ҳовлисига кўмилган, орадан талай йиллар ўтгач Сулаймон тоғи этагидаги қабристонга қайта дафн этилган.
Бугун Ўшда “Холхўжа эшон масжиди” қўр тўкиб турибди, қавм ҳар намозида элни қақшатган бу эшонни дуо қилади, албатта. Аммо Мирзо Фозилбек отли маъсум бир уламонинг кимлигини эса кўп Ўшликлар ҳатто отини ҳам эшитмаган. Чархи кажрафтор (тескари дунё) деганлари шумикин?
Шуларни ўйлаганда улуғ Абдулла Ориповнинг мисралари ёдга тушади:
Асрий кошонага то офат келур,
Нолакор мозийдан маломат келур…
Тириклардан узр сўраб, етказилган зарар муздини тўласа бўлади. Аммо орадан юз йиллар вақт ўтган, золимлар ҳам, мазлумлар ҳам оламдан ўтиб кетишган бўлса-чи? Қандай қиламиз бу ҳолда? Ҳаммасини оқлай берамизми?
Адашишдан, кимгадир жабр қилишдан худонинг ўзи асрасин. Бировга етказган озорларимизни тириклигимизда оқлаб олишга имкон берсин…
Зуҳриддин Исомиддинов