БУЮК ҒАЛАБАНИНГ 80 ЙИЛЛИГИГА / КАРИМЖОН ИСОҚОВ
Инсон хотира билан тирик, қадрияти билан улуғ. Осмонимиз мусаффолиги, эл юртимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги учун фашизмга қарши мардларча курашиб, Ватанига, халқига содиқ қолиб мардлик намуналарини кўрсатган Ватан фидойилари хотирасини ёд этиб, эзгу ишларни давом эттириш элимизга хос фазилатдир.
Мард ва жасур ота-боболаримиз дунёдаги эзгу ниятли халқлар қаторида бу мудҳиш урушда чинакам қаҳрамонлик намуналарини кўрсатдилар. Уларнинг сўнмас жасорати мана 80 йилдирки, биз учун мардлик мактаби, ғурур-ифтихор манбаи бўлиб келмоқда.
Улуғ Ватан Уруши қатнашчиси, III даражали «Шуҳрат», II даражали «Улуғ Ватан уруши», «Қизил байроқ» орденлари соҳиби Каримжон Исоқов 1922 йил Ўш шаҳрининг Хўжалар гузари даҳаси «Учкўча» кўчасида туғилган.
Ўш вилояти, Ўш район харбий комиссариати томонидан 1941 йил декабрда фронтга чақирилган. I Белорус фронти 150 дивизиясининг 674 ўқчи полкида хизмат қилган.
Каримжон Исоқов биринчи мукофотни 1943 йил 10 январда бўлган жанглардаги иштироки учун олган. Ўша даврда сержант Каримжон Исоқов 282 ўқчи дивизиясидаги 872 ўқчи полкида хизмат қилар эди. 1943 йил 16 декабрдан 1944 йил 5 январгача жанговар пиёда қўшинлар қаторида мина ва снарядлар портлаб туришига қарамай, бир неча бор узилган алоқани қайта тиклашга борган. 1943 йил 22 декабрдан Виставка қишлоғи ва 1944 йил 4 январда Светлая қишлоғи учун бўлган жангларда алоқа тармоқларининг 80 дан ошиқ узилган ерларини қайта тиклаган ва шу кўрсатган мардликлари учун III- даражали «Шуҳрат» ордени билан мукофотланган. II даражали «Улуғ Ватан уруши» орденини эса Берлин остоналаридаги қаҳрамонликлари учун олган.
Учинчи жанговор мукофотни Берлинни эгаллаш учун бўлган хужумларда кўрсатган қахрамонликлари учун берилган. У «Қизил Байроқ» ордени бўлиб, 1945 йил 24 майда олган, қўмондонлик томондан «Совет Иттифоқи Қахрамони» унвонига тақдим этилган… (лекин унвон берилгани тўғрисида маълумот йўқ.)
1945 йил 4 апрелда душманнинг мудофаасини ёриб чиқишда Каримжон Исоқов забт этувчи гуруҳ таркибида Гросс Нойендорф районидаги Одер дарёсининг ғарбий соҳилидаги плацдармда бўлган. Гуруҳ жангга кирганда душманнинг пулемёти оловига дуч келади. Мана шундай вазиятда Каримжон Исоқов биринчи бўлиб «Ватан учун олға!» деб ўз ортидан жангчиларни жангга чорлайди ва ўзини оловга отади. Шу жангда гуруҳ душманнинг беш пулемётли нуқтасини эгаллаб, ўз батальонини олдига силжишини таминлайди.
1945 йил 17 апрелда Каримжон душманнинг оловли отишмалари остида Фридландершторм канали орқали сузиб, жангларда душман траншеясини эгаллайди ва бир қанча взводлар учун олдига силжишга имкон яратиб беради. Куненсдорф пунктини оралаб ўтиб, 250 нафар немис солдат ва офицерларини аср олишга эришилади. Шундай қилиб, душманнинг асосий таянч пункти қўлга киритилади.
1945 йил 29 апрелдаги жангларда биринчилардан бўлиб Шпрее дарёсини кесиб ўтади ва 30 апрелда жангчилар гурухи билан Рейхстаг биносига киради. Аввал бинонинг ертўласини эгаллашади ва у ерда 300 немис солдат ва офицерларини қамаб олишади. Шу куни соат 14:25 да Каримжон Исоқов бошчилигидаги гуруҳ Рейхстаг биносини юқори қаватларини эгаллашга эришилади ва Рейхстаг устига ғалаба байроғини ўрнатишда ўзининг мард жасур ватан ўғлони эканлигини кўрсатиб беради.
Рейхстагни ишғол қилган жангчилар орасида Каримжон Исоқовнинг ҳам муносиб ўрни бор. Гитлер ўзининг ушалмас ғалабасига бағишлаб, жангларда мардлик кўрсатадиган солдат ва офицерлари учун мукофот тариқасида соатлар тайёрлаб қўйган эди. Лекин бу соатлар ҳақиқий халоскорларга тегди. Булар ичида Каримжон Исоқов бор эди.
Урушдан кейин Каримжон Исоқов Киев, Москва, Закавказье, Туркистон ҳарбий округларида хизмат қилди. 1952 йилда Тошкент ҳарбий билим юртига ўқишга кирди. 1969 йилда унга полковник унвони берилган.
1959-1961 йилларда ЎзССР Қашқадарё вилоятида туман ҳарбий комиссари, 1961-1964 йилларда Термиз шаҳар ҳарбий комиссари. 1964-1968 йилларда Андижон вилоятида туман ҳарбий комиссари. 1968-1980 йилларда Наманган вилоятининг ҳарбий комиссари. Бу қаҳрамон умрининг 21 йилини ҳарбий комиссар сифатида ўтказди.
Қизлари Элнура, Равшаной ва ўғли Рустам Исоқовлар, барча набира фарзандлари учун оталари Каримжон Исақовнинг абадий барҳаётдир. Улар ота васиятларига монанд яшашади. Сабаби, Каримжон ака яхшидан яхши из қолишлиги кераклигини фарзандларига ёшлигидан уқтириб тарбиялаган.
Полковник Каримжон Исоқов 1986 йил 3 июнда Наманган шаҳрида вафот этган. Наманган шаҳрида дафн этилган.
Унинг қабр тошига “Дадажон, сиз барчанинг ёдидасиз. Ватан қаҳрамонлари ўлмас. Рейхстаг устига байроқ тикишда қатнашган бутун дунё ҳамжамияти сиздан миннатдор”, деган сўзлар ўйиб ёзилган.
М а ъ л у м о т ў р н и д а:
Қирғизистонда 32 нафар Улуғ Ватан уруши қатнашчиси қолди.
Улардан 14 нафари Улуғ Ватан уруши қатнашчилари ва ногиронлари, етти нафари концлагер асирлари ва 11 нафари Ленинград блокадаси фахрийларидир, дея хабар беради Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги. 20 нафар фахрий Бишкекда истиқомат қилса, қолганлари вилоятлар аҳолисидир.
Ўш шаҳри ва вилоятда Улуғ Ватан уруши қатнашчиси қолмаган.
Одилжон Дадажонов. Ўш