ҚУТЛУҒ ҚАДАМЖОДАГИ МЎЪЖИЗАЛАР

Зиёрат

Раҳматли Кенжабой отам Аравон мактабларида ўзбек тили ва адабиёти фанидан эллик йилдан кўпроқ дарс берган муаллим бўлган. Мир Алишер Навоийни ўзининг илоҳий устози деб биларди, ўзи ҳам шеърлар ёзарди.

Аҳмад Яссавий, Ҳувайдо каби боболаримиз шахси ҳам, ижодий мероси ҳам танқид олови остида бўлган советлар замонида одамлар уларнинг нафақат ҳикматларини, балки номларини тилга олишга ҳам қўрқар эди…

Аҳмад Яссавийнинг қабри Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида экани, бу жойда кўплаб ўзбеклар яшаши ҳақида ҳам илк бор отамдан эшитганман. Отам бир воқеани бошқача меҳр ва иштиёқ билан сўзлаб берарди.

1942 йил баҳорида уларни Иккинчи жаҳон урушига олиб кетаётган поезд Туркистон станциясида бир муддат тўхтаб туради. Отам тун қоронғисида соқчиларга сездирмай поезддан тушиб, ёмғир ёғиб туришига қарамай эмаклаган ҳолда станция яқинидаги Аҳмад Яссавий мақбарасига бориб Қуръон ўқийди. Шундай улуғ зотлар ҳурматидан урушдан омон қайтишини Оллоҳдан сўраб дуо қилади. Сўнгра эмаклаганча келиб яна поездга чиқиб олади. Ленинград жанларида қатнашиб омон қолади, жасурлиги учун орден-медаллар олади, юксак маънавиятли, одамларга меҳр-оқибат кўрсатишда тенги йўқ зиёли инсон сифатида умр кечиради.

Бундан ўттиз йил аввал Туркистонга, Аҳмад Яссавий турбати зиёратига оила аъзоларимни олиб бордим. Онам жудаям хурсанд бўлиб дуо қилганди.

Қачон улуғ алломалар зиёратига борсам, бирорта қариндошимними ёки кўнгиляқин қадрдонимни бирга олиб бораман. Имом Бухорий, Қусам ибн Аббос, Баҳоуддин Нақшбанд, Абдухолиқ Ғиждувоний, Имом Термизий, Исо Термизий, Зангиота каби зиёратгоҳларга бирга борганларим улар билан кўришганимизда эслаб ташаккур айтишади. Бундай раҳматларнинг маънавий лаззати бошқача бўлади. Хушкайфият мени яна ҳам яхшиликларга ундайди.

Эсимда, 1999 йил 1 апрелда “Қишлоқ ҳаёти” газетасига Ўткир Раҳматов бош муҳаррир бўлиб келганди. Газета таҳририяти инқирозга юз тутиб, босмахонадан, ходимларнинг ойлик маошларидан қарздор бўлиб турган бир ҳолатда Ўткир ака бел боғлаб ишга киришиб кетди. Газетачилик сир-асрорларини яхши биладиган, ўша пайтлари юқори идорада ишлайдиган Шуҳрат Жабборов билан мен реклама ва тижорат мақолалари тайёрлаш бўйича тажрибаларни ишга солиб, Ўткир акага елкадош бўлдик. Ўша йилнинг ўзидаёқ газетанинг мазмуни тубдан ўзгарди, иқтисодий имкониятлари ошди. Ўша кезларда бир неча марта Ўткир акага “Худо хоҳласа, ишларимиз юришиб кетади, насиб этса, сизни Туркистонга Аҳмад Яссавий зиёратига олиб бораман”, деб айтиб юрардим. Шоир эмасми, таклифим маъқул келиб, албатта, зиёратга бирга борамиз,  дер эди. Ниятлари ёдига тушган чоғи, бир неча йил аввал Ўткир Раҳмат “Халқ сўзи” жамоасини Яссавий зиёратига олиб борибди. Савоб ишга бош-қош бўлибди.

Кексая бошлагач, инсон узоқ сафарларга чиқмоқчи бўлса, аҳли аёли, фарзандлари уни авайлар экан. Анчадан бери яна Туркистонга бориш орзусида юрардим. Бир нечта қадрдонларимни таклиф қилиб кўрдим, аммо улар аниқ жавоб беришмади. Аллоҳга таваккал қилиб яқинда Туркистон сари йўлга тушдим. “Ғишткўприк” чегара постидан ўтгач, таксига ўтириб Чимкентга йўл олдим. Йўл равон ва текис. Чимкентдан Туркистон шаҳригача бўлган бетон йўл ҳам шундай экан. Чет элнинг замонавий автомашинасида ўзимни худди денгизда сузиб кетаётгандай ҳис қилиб борардим. Журналистман-ку, дарров ўзимизникига солиштирдим. Тошкентнинг Юнусободидан “Ғишткўприк” чегара постигача бўлган йўлни халқаро стандартлар даражасида қайта қуриш зарур бўлиб қолибди. Бу йўлдан дунёнинг кўплаб давлатларидан хорижликлар Ўзбекистонга, юртимиз орқали чет элларга ўтади. Мамлакатимиз имижига соя солиши мумкин бўлган бундай ҳолатни бартараф этмоқ зарур, албатта.

Йўлда кетаяпман-у, хаёлимга Яссавий бобомиз ҳақида билганларим бир-бир ёдга тушади. Аҳмад Яссавий ўн иккинчи асрда Марказий Осиёда пайдо бўлган тасаввуфий тариқат асосчиси. Ёшлигидаёқ аввал отасидан, кейин онасидан айрилиб қолгач, уни опаси Гавҳар Шаҳноз тарбиялайди. Бухорода тасаввуфнинг йирик намояндаси, Абдулхолиқ Ғиждувоний ва бошқа машойихларнинг устози, ҳаёти давомида ўттиз марта ҳаж қилган, ибодатгўй, тақводор, илмига амал қиладиган машҳур олим Юсуф Ҳамадоний раҳматуллоҳи алайҳдан таълим олган. У Бухорода араб тили билан бирга форс тилини ҳам ўрганган зот эди. Абдулхолиқ Ғиждувоний, Абдуллоҳ Барқий, Ҳасан Андоқийлар билан ҳамсуҳбат ва ҳаммаслак эди.

Яссавий туркий халқларни исломга янада кенг жалб этиш ва тасаввуф ғояларини одамлар кўнглига сингдиришда шеърият имкониятларидан фойдаланади. Унинг “Девони ҳикмат”ида илоҳий ишқ ва ошиқлик, маърифат ва орифлик саодати, фанодан бақога етишиш тушунчалари ниҳоятда самимий ва таъсирчан оҳангларда ёритиб берилган.

…Субҳидамда йўлга чиққан бўлсам, қуёш чиққанида манзилга етиб бордим. Туркистон шаҳри тамомила ўзгариб кетибди. Баланд-баланд уйлар ва маъмурий бинолар, ҳашаматли масжид ва меҳмонхоналар, савдо ва кўнгилочар марказлар бунёд этилибди. Кенг ва равон йўллар, янги русумдаги автобуслар, соябонли бекатлар эътиборимни тортди. Ва ниҳоят, Аҳмад Яссавий мақбараси кўринди. Мақбара мажмуасига ниҳоятда катта майдон ажратилибди. Ҳашаматли жоме масжиди, ресторану меҳмонхоналар, музей қурилибди. Мақбара рўпарасидаги гулзорлар, кўкаламзор майдонлар, манзарали дарахтзорларга қараб кўз тўймайди. Айниқса, мақбара атрофидаги жийдаларнинг олтиндай товланган шода-шода мевалари ҳайратимни оширди. Мақбаранинг бир қисми таъмирланаётган экан. Зиёратчилар ичкарига орқа томондаги дарвозадан киритилмоқда. Мақбара ёнида Қуръон оятларидан ўқиб, уни бобомизнинг азиз руҳларига бағишладим. Ният-мақсадларимизни ижобат қилишини Оллоҳдан сўраб илтижо қилдим…

Сокин сайилгоҳлардан-да файзлироқ бу зиёратгоҳга олиб борадиган майдон йўлаклари ёнларига ўрнатилган қимматбаҳо мармар тошларга Хожа Аҳмад Яссавий ҳикматлари зарҳал харфлар билан битилган.

Ҳазрат Аҳмад Яссавийнинг ҳар бир ҳикмати-ю, ҳар бир лутфида олам-олам маъно бор. Уни ўқисанг, уқсанг, вужудинг покланади, дилинг яйрайди. Шеърий мисраларга жо этилган ҳикматлар инсоннинг парвардигорга эътиқодини янада кучайтиради, инсофли, имонли, диёнатли бўлишга чорлайди, ёмонликлардан огоҳ этади.

Бугун яна Ҳазрат Яссавий зиёрати билан боғлиқ бир неча бора содир бўлган мўъжизавий воқеалар ёдимга тушди. Тўнғич қизим Гавҳар болалик чоғларида “мени Ҳиндистонга олиб бориб, тошбақа ушлаб берасиз” деб айтиб юрарди. Тўқсонинчи йиллар бошида ўртада ҳозиргидек чегаралар бўлмаган. Машинада бемалол у юртларда ҳеч қандай тўсиқсиз юраверардик. Шунинг учун ҳам йилига зиёратга борардик. Бир сафар зиёратга кетаётиб, қизим: “Аҳмад Яссавий мақбарасига борганда нимани сўраб дуо қилсанг, Оллоҳ беради, дейсиз, шу ростми?” деб сўраб қолди.

— Ҳа, қизим, албатта, улуғ даргоҳда Худодан сўраб қилинган дуо ижобат бўлади. Фақат бунга чин дилдан ишониш керак.

— Унда Ҳиндистонга олиб бориб тошбақа ушлаб берасиз, деб дуо қиламан, — деди севинганидан кўзлари ёниб.

— Мақбарага борганда мана бу шеърни ёддан ўқиб дуо қил, дедим:

 

Бешак билинг, бу дунё барча халқдин ўтаро,

Инонмагил молингга, бир кун қўлдан кетаро.

 

Ота-она, қариндош қаён кетди, фикр қил,

Тўрт оёқли чўбин от бир кун сенга етаро.

 

Дунё учун ғам ема, Ҳақдин ўзгани дема,

Киши молини ема, Сирот узра тутаро…

Қизим шеърни ёдлаб, тушунмаган сўзларини ҳам сўраб олди.

Туркистонга етиб бориб мақбарага кирсак, қирқ қулоқли қозонни бир қанча чет эллик сайёҳлар ўраб олиб томоша қилаётган экан. Кутилмаганда Гавҳар қизим ёдлаган шеърни баланд овозда ифодали қилиб ўқий бошлади. Шеърни тугатиши билан атрофдагилар қарсак чалиб юборишди. Сайёҳлар хурсандликдан кўзлари ёниб турган қизимнинг ёнига келиб,  ўз тилларида нималардир деб самимий гапирди, алқади.

У пайтлари Туркистонда меҳмонхоналар саноқли. Зиёратчилар асосан мақбара яқинидаги хонадонлардан қўним топишарди. Меҳмон уйлари эгалари ҳам инсофли, диёнатли эдилар. Зиёратчиларга шунча берасан, демасди. Кўнглингиздан чиқариб бериб кетаверасиз, меҳмонсизлар, пул бермасанглар ҳам розимиз, деб лутф қилардилар.

Доимий меҳмон бўладиган хонадонда бир кун дам олиб, эртасига Аҳмад Яссавийнинг устози Арслонбоб отанинг Ўтрор шаҳридаги мақбараси томон йўлга чиқдик. Йўлнинг бир қисми чўл оралаб ўтади. Ўша куни йўлнинг кунботар томони туз қоплагандек оппоқ экан. Машина ойнасидан атрофни томоша қилиб кетаётган Гавҳар қизим бирдан: “Дада, машинани тўхтатинг! Машинани тўхтатинг, дадажон!” деб қолди. Машинадан туша солиб югуриб кетди. Оппоқ майдонда туз деб ўйлаганим туз эмас, оққушлар экан. Қизим кичкина жуссаси билан оппоқ майдон ичида югуриб бормоқда эди. Беҳисоб оққушлар галаси икки томонга қанот қоқиб кўтарилаётир. Гўё денгиз қаърини ёриб кетаётган кема ортида қолаётган тўлқинлар каби манзара. Қизим беш юз метрлар чамаси жойга етгач, тўхтаб қўли билан имлаб чақира бошлади. Олдига борсак, катта тошбақа ёнида севинчидан ўзига сиғмай турибди. “Оллоҳ менга тошбақа берди, энди Ҳиндистонга обормай қўяверасиз, дадажон!” деб севинар эди. Бу бепоён далани қоплаган оққушлар ҳам, тошбақа ҳам Яратганнинг мўъжизаси бўлган экан… Кейин ҳам Аҳмад Яссавий зиёратига борган чоғларимда турли мўъжизалар содир бўлди.

Бундан саксон уч йил аввал қирғинбарот урушга кетаётиб, табаррук турбат ёнида Оллоҳга илтижо қилган отамнинг ихлоси биз фарзандлари дилига ҳам жобажо бўлган. Ҳозир раҳматли отам ҳақида хотира китоб ёзяпман, унда ўша ҳодисалар тўғрисида батафсил ҳикоя қилиш ниятидаман.

 

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг