ЖАСОРАТНИНГ ТИМСОЛИ
Режабали билан Фейсбук саҳифалари орқали танишганман. Бир куни Заҳириддин Бобур рубоийларининг қирғизча таржимасини ўқиб қолдим. Таржима менга ёқди. Маъноси ҳам, шакли ҳам талабга жавоб берадиган даражада эди. Таржимоннинг манзилини, телефон рақамини суриштириб топдим. У Андижон вилояти Жалақудуқ туманининг Абдуллабий қишлоғида яшаркан. Бу ишларда менга Жалақудуқ туман газетасининг муҳаррири ёзувчи Шукурулло Жалил ёрдам берди.
Режабали билан танишишга бўлган рағбат уни излаб топишга ундади. Ўтган йили баҳор ойларида излаб бордим. У Абдуллабий қишлоғининг “Ибрат” маҳалласида яшаркан. Мени жуда хурсандчилик билан кутиб олди. Олиб борган совғаларимни, китобларимни бердим. У маҳалладошининг велосипедини тузатаётган экан. Ишини дарров якунлади, танишгач, суҳбатга киришиб кетдик.
– 5-синфни битираётган вақтимда касал бўлиб қолдим. Отам раҳматилик олиб бормаган жойи қолмади. Натижа шу бўлдики, мен юролмайдиган бўлиб қолдим. Кейин билсак, мен полиомиелит касали билан оғриган эканман. У даврда совет медицинаси бу касаллик бизнинг мамлакатимизда тугатилди, энди совет одамлари полиомиелит билан оғримайдилар, деб эълон қилиб қўйишган экан. Касалимни яширишган, даволашмаган. Оқибатда, икки оёғим ишламай қолган. Ҳозир коляскада юраман.
– Маълумотингиз қандай, ўрта мактабни битирдингизми?
– 5-синфдан кейин мактабга боролмай қолганман. Отам Сайфиддин Камолов инглиз тили ўқитувчиси эди. Мени уйда ўқитди. Мустақил шуғулландим. Ўқитувчиларим ёрдам беришди. Дунёда яхшилар кўп. Кейин давлат имтиҳонларига қатнашишга рухсат беришди. Уни ҳам муваффақиятли топширдим. Етуклик аттестати олдим. Ҳозир Наманган давлат университети филология факультетининг иккинчи босқич талабасиман. Менга бу касалликни енгишда китоб ёрдам берди. Тинмай ўқидим. Шеърлар машқ қила бошладим. Кейинчалик компьютерни ўргандим. Меҳнат қилиш иштиёқи мени ишлашга ундади. Велосипед тузатишни, пайвандлашни ўргандим. Кичкина бўлса ҳам, уйда устахона очдим. Оғриқни енгиш учун кундузи ишлайман, тунда ижод қиламан. Иш кўп. Қўшни қишлоқлардан ҳам келиб туришади.
– Қирғизчани қаердан ўргангансиз?
– Менинг миллатим қирғиз. Қипчоқларнинг тоз уруғиданман. Она томонимиз Мусулмонқул мингбошига бориб тақалади. Қирғиз тили – она тилим. Ўзбек тили эса юртим тили. Ҳар иккала тилда ҳам ижод қилишга интиламан. Кўпроқ ўзбек тилида ёзаман. Ҳозир 300 дан ортиқ шеърларим бор. Нашр қилишга имконият бўлмай турибди.
Суҳбатдошимдаги шижоатни, яшашга бўлган ҳаракатни, ҳаётдан олаётган завқни туйишни кўриб ҳайратландим. Режабали бугунги кундан, ўзининг турмушидан бир оғиз ҳам шикоят қилмаганлиги ҳам мени ажаблантирди. Унга Ўзбекистон Президентининг Фармони билан 2014 йилда берилган “Жасорат” медали ҳам ҳақиқий эгасини топганлигига имоним комил бўлди. Режабалига ёрдам бергим келди.
– Агар ишонсангиз, шеърларингизни менга беринг. Нашрга тайёрлашга ёрдам берайин, -дедим.
Бир ҳафтадан кейин Режабали менга шеърларини жўнатди. Шеърлар билан танишар эканман, Режабалининг ҳаётдаги позицияси унинг асарларига ҳам кўчиб ўтганлигига гувоҳ бўлдим. У ватанпарварликни, она тилини севишни, миллатлараро дўстлик ва соф муҳаббатни улуғлайди. Ёлғончилар, олчоқлар ва замондан шикоят қилувчиларни қоралайди. Унинг ёзганлари менга жуда ёқди. Астойдил ҳаракат қилиб шеърларни нашрга тайёрладим. Китоб ҳолига келтирдим. Режабали билан маслаҳатлашиб, китобга “Ота юрт ишқи” деб ном қўйдик.
Китобнинг сигнал варианти тайёр бўлганида Режабалининг олдига бордим. Китобини қўлига олган Режабалининг хурсандчилигини кўриб қалбимга бир ёруғлик киргандай бўлди, кўзларига ёш келди. Хаёлимга шеърият султони Алишер Навоийнинг:
Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким Каъба вайрон бўлса обод айлагай,-
деган байти келди. Ўша ерда қилган ишим Режабали учун эмас, балки ўзим учун бир яхшилик бўлганини, қалбимда тўпланиб қолган ташвиш, ранж-аламлар ювилиб кетганини ҳис қилдим.
Бу ўртада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Режабали Камолзодани уюшма аъзолигига қабул қилди.
Режабалининг фаоллиги соғлом одамнинг шижоатидан кам эмас. У мен қирғиз тилига таржима қилган Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романини биринчи таҳрирдан ўтказиб берди. Кейинги пайтда Абдулҳамид Чўлпоннинг шеърларини қирғизчага ўгирмоқда. Чўлпондан таржималар 100 тага етганда классик адабиётдан қилинган таржималарни қўшиб Бишкекда нашр қилдирмоқчимиз. Бу ўзбек-қирғиз адабий дўстлигига Режабалининг қўшган ҳиссаси бўлса, ажаб эмас.
Режабалининг янги нашр қилинган “Ота юрт ишқи” тўпламини устозлар Аҳмаджон Мелибоев ва Зуҳриддин Исомиддиновга ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига бергандим. Икки кун бўлди, устоз Аҳмаджон ака менга қўнғироқ қилиб, Режабалининг китоби билан танишиб чиққанини ва яхши таассуротлар олганини айтди.
-Таасуротларим натижасида Режабалига хат ёздим. Хатни рамкага солиб, бир қанча муаллифларнинг дастхатлари ёзилган китоблар билан бериб юборяпман. Режабалига менинг номимдан топшириб қўйинг, илтимос, – деб тайинлади.
“Яхшиларнинг садағаси кетсанг, арзийди”, деган фикр хаёлимдан ўтди. Устоздан Режабалига ёзган хат матнини сўраб олдим. Мана у:
Шоир Режабали Камолзодага мактуб
Ассалому алайкум, Режабали. Тинч-омонмисиз? Ўзбек-қирғиз адабий алоқалари ривожига салмоқли ҳисса қўшаётган қадрдонимиз Улуғбек Абдусаломов орқали бериб юборган китобингизни олдим. Қишлоқдан чиқиб кетганимга 55 йил бўлди. Шунча вақтдан бери Тошкентда яшайман. Юртга гоҳ бир йилда икки марта, гоҳ бир марта бораман. Ҳаммани кўра олмайман, энг яқин қадрдонларим, синфдош дўстларим билан мириқиб суҳбатлашишга вақт етмайди. Мана, бугун шеърий китобингизни ўқиб, шу чоққача сизни танимаганимдан хафа бўлдим. Улуғбек сиз ҳақингизда менга сўзлаб берди.
Режабали, шеърият ҳамма кираверадиган, қўлига қалам олса бўлди, сатрлар қуюлиб келаверадиган мафтункор майдон эмас, руҳи баланд, иродаси мустаҳкам, нозик туйғули истеъдодлар учун яратилган илоҳий имконият. Икки ёндош, қондош халқ дўстлиги ҳақидаги самимий сатрларингизни ўқиб, ишонч ҳосил қилдимки, Сиз йиллар ва тақдир синови олдида бош эгмаган, руҳан соғлом, юрагида юртдошларига айтадиган гапи, шеърият мухлисларига уқдирадиган фикри бор, изланувчан ижодкор экансиз. Шеърларингиз бир қарашда оддий, жўн туюлади, аммо улардаги самимият, тоғ жилғасидек соф, нозик бадиий тафаккурни сезиш қийин эмас. “Гуноҳларим санайверсам сон етмайди, Кафоратин тўламоққа мол етмайди”, деган сатрларни битиш учун маънавий жасорат керак. “Ишониб бу дунёга, Алданиб туш-рўёга, Зор бўлдим бир зиёга – Хатолик ўтди мендан” дейиш учун ҳам. Менга тақдир ҳақидаги шеърнинг қуйидаги сатрлари қаттиқ таъсир қилди:
Мен мурувват сўрмадим сендан,
Шафқат тилаб келмадим сендан,
Бирни берсанг, минг шукур дедим,
Лек яхшилик кўрмадим сендан.
Қисқа мактубимни якунлар эканман, сизга узоқ умр, янги ижодий ютуқлар тилаб қоламан. Мактуб билан бирга китобларимдан бирини ҳам юборяпман, ўқиб чиқарсиз. Омон бўлинг.
Аҳмаджон Мелибоев,
Тошкент, 2025 йил 1 май.
Устознинг фикрлари Режабалига қанот бағишлашига имоним комил. Яхшиларнинг бир сўзи ҳам табаррук. Аллоҳ устознинг умр-ризқига барака берсин, деб дуолар қилдим. Раҳмат, Устоз!
Бугун Режабалининг китоблари Тошкентдан келди. Насиб қилса, эртага Абдуллабийга бориб, мен учун жасоратнинг тимсоли бўлиб кўринган Режабалининг қувончига шерик бўлмоқчиман. Аллоҳ насиб қилсин.
Улуғбек Абдусаломов,
Қирғизистон Журналистлар уюшмасининг аъзоси
.