АЛУШТАДАН ЭСКЕН ЕЛЛЕР…
Ўтган асрнинг олтмишинчи-етмишинчи йилларида Қирғизистонда месхети турклари кўп яшарди. Бизлар ёш бола, тарихдан хабаримиз йўқ, уларни ҳам азалдан шу ерда яшайдиган бир халқ, деб ўйлардик. Кўпчилиги деҳқончилик билан машғул. Ўшнинг Жийдалик маҳалласи этагида Гугуш отли бир чол Шамму, Марду, Исо деган уч ўғли билан яшар, ҳовлиларига макка экишарди. Шаҳарнинг кунботишида, ҳозир “Аҳмедов” деб аталадиган ерларда эса Абдулла отли месхети турки Тўлайкан совхозида пахтачилик бригадаси бошлиғи бўлиб ишлагани ёдимда.
Кейин билсам, босқинчилар зулмидан қочиб келган эллар, айниқса Сталин замонаси бўлган ўттизинчи-қирқинчи йилларда зўрлик билан Қирғизистонга кўчириб келтирилган халқлар жуда кўп экан. Шимолий Қирғизистонга эса Кавказдан неча юз минг қувғиндилар келиб яшашган.
Мана шу кунларда, фашизмга қарши курашда эришилган ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан байрамлар қилинаётган айёмда, ушбу “ғалаба” фақат немис армиясига қарши курашиш билангина амалга ошмагани, бу уруш баҳонасида неча миллионлаб одамлар ноҳақ жабр чекканини, дунёда азоб ичра яшаб, армон билан ўтиб кетганларини ҳам ёдга олсак, ёмон бўлмас.
Аммо бунинг даҳшатини мана энди, орадан эллик йиллар ўтгач, мушоҳада қилиб ҳис этяпман. Бунга ёдимга тушган бир воқеа сабаб бўлди…
Оҳ, гўзал Қрим!
1979 йил кузида Ўзбекистон Фанлар академияси тил ва адабиёт институтининг ёш илмий ходимлари – йигирма тўрт йигит пахтага жўнадик. Чинознинг бир қишлоғидаги мактаб биносида ётиб, “оқолтин” терамиз. У чоғ ҳаммамиз ёш, орзулар катта, дунёда биздан беармон одам йўқдай.
Бу қишлоқ аҳолиси қримтатарлар экан. Саришта эл, ҳар бир уй оқланган, кўчалар ораста. Одамлари хушмуомала, лекин оғиркарвон. Яхши саломлашишади, аммо танишиб чақчақлашишга хушлари йўқ негадир.
Хайриятки, орадан икки-уч кун ўтгач Халил деган ўзимиз тенги бир йигит биз билан эл бўлиб қолди. Соддароқ, анойироқ. Гаплари ҳам шалдир-шулдир. Тили деярли ўзбекча. Эртаси куни бир қримтатарча қўшиқни куйлаб берган эди, оҳанги-ю сўзлари ҳаммамизга ёқиб қолди. Қайта-қайта айттириб, ёдлаб олиб, бирга хиргойи қилдик:
Алуштадан эскен еллер юзуме урды,
Балалығым ўткен ерлер ядима тушту.
Мен бу ерде туралмадым,
Ветениме баралмадым,
Оҳ, гўзел Қрым!..
Алушта деганлари Қримдаги хушҳаво, гўзал бир шаҳар эмиш.
Боя айтдим-ку, ёш эдик, дилларимизда зарра ғубор йўқ эди, шунинг учун эртаси, индинига терилган пахтани хирмонга топшириб бўлгач, бутун қишлоқни бошимизга кўтаргудай бўлиб бояги қўшиқни куйлаб кечки овқат тортиладиган жойга маршдаги солдатлар каби бораётибмиз, денг:
“Алуштадан эскен еллер юзуме урдии-и!
Болалиғым ўткен ерлер ядима туштуу-у!”
Бир-биримиздан ошириб, ҳайқириб айтамиз бу қўшиқни!
Тўртинчи куни қуёш ботган маҳал, энди овқатланиб бўлувдик, уч қримтатар оқсоқол саломлашиб, биз ўтирган хонага кириб келди. Уёқ-буёқдан гаплашиб, танишган бўлишди. Бир пиёладан чой ичилгач, бояги қўшиқни қаердан ўрганиб олганимизни сўрашди. “Э, биз уни ўрганганимизга энди уч кун бўлди, – деб хурсанд бўлиб чувиллашдик. – Анови йигит бор-ку, Халилжон, ўша ўргатди, зўр бола экан!”
Нимагадир, ҳаммаларининг юзи буришиб кетди.
“Э, Халил эдими сизларга ўргатган? Тентак-ку, эс-ҳуши жойида эмас унинг. Энди, укалар, бу қўшиқни унутинглар, ҳеч жойда айта кўрманглар. У тақиқланган. Кимдир сўраса-ю, сизлар шу қишлоқда эшитганмиз десанглар, бизга ёмон бўлади. Уёғини ўзинглар тушунасизлар. Сизлардан илтимос…”
Ҳаммамиз серрайиб қолдик. Ўша онда юракларимизга таҳлика тушди. Қандайдир чақув, таъқиб, ими-жимида ишдан бўшатиб юбориш каби ҳоллар бор эди-да. Ҳатто бирга ишлаб юрган оғайниларимизнинг ҳаммаси ҳам чин дўстми ё айғоқчими, билмас эдик.
Менинг ёдимга лоп этиб, ўтган йили пахта теримда учратганим бир рус кишиси келди. У Бўканинг “Кўкорол” совхозидаги овлоқ дала шийпонида ёлғиз ўзи яшар, ҳатто яқин орадаги бирон қишлоққа нон ё қатиқ олиш учун бориб-келишига ҳам “рухсат йўқ” экан. Бола-чақалари келиб, нима зарур бўлса ташлаб кетишарди. Яна, у нима гуноҳи учун бу жазога тортилганини сўраш ҳам “мумкин эмас” экан. Ўзи одамови, ҳеч ким билан гаплашмасди…
Бояги қримтатар чоллар узр сўраб, сипо чиқиб кетишди. Шу-шу, Халилжонни кўрмадик. Бола бечора таъзирини еган кўринади.
Мундоқ фикр юритсак, Совет ҳокимиятининг тарихи – бутун-бутун элларни ўз ватанидан ҳайдаш, сургун қилиш тарихи экан. Ўзбекистоннинг ўзига турли йилларда қримтатарлар, месхети турклари, греклар, корейслар ва бошқа эллар оммавий кўчириб келтирилган. Улар дашт-саҳро ёки музлоқ биёбонлардан эмас, жаннатмонанд гўшаларидан ҳайдалган, тайёр уй-жойларига эса “оға халқ” вакиллари жойлаштирилган. Уларга ҳатто қатағон ноҳақ бўлгани эътироф этилиб, реабилитация қилинган саксонинчи йиллар охиригача ватанга қайтиш учун рухсат йўқ эди.
Бечора қувғинди элларга ит боғлаб қўйсанг турмайдиган овлоқ ерлар берилган. Уй-жой қаёқда? Ўзлари капа тикиб, ертўла кавлаб, пашшага таланиб, пашшадай қирилиб кун кўришган. Ботқоқларни қуритиб, шўр ювиб, ҳосил олишган. Биз ичимиздан чиққан қатағон қурбонларига жонимиз ачийди, жаллодларни асло кечира олмаймиз, аммо буларнинг фожиаси янада даҳшатли. Ахир, ҳамма – бутун миллат қатағон қилинган!
Икки грек чол бир замон менга айтганлари ёдимга тушади: Қримда яшайдиган греклар ҳам Ўрта Осиёга сургун этилган. Махсус идора вакиллари ва маҳаллий ҳокимият арбоблари Ўзбекистонга кўчирилган грекларни ўшанда катта бир анжуманга тўплаб, бизда грек тилли мактаб очиш имкони йўқ, хўш, болалар қайси тилда ўқиганини маъқул биласизлар, деб сўрабди. Депортация қилинган аҳоли ичида бир грек генерали ҳам бўлиб, у, “Ҳамонки биз Ўзбекистонга келдик, шу ерда яшайдиган бўлсак, майли, болаларимиз ўзбек тилида таълим олишсин”, деб фикр билдирибди.
“Генералимизни ўшандан кейин кўрмадик, – дейишди бироз хавотирда бояги икки чол. – Грек болалар эса русча мактабда ўқийдиган бўлишди…”
Бу йилларда ўзбекларнинг катта бир қисми Украинага сургун қилиниб, ўша ёқда пахта экишга мажбурланган, Сибирнинг ҳут-ют совуқларида дийдираган. Унга қадар Қўқон қирғини, “босмачиликни таг-туби билан йўқотиш” кампанияси…
Қирғизлар эса “инқилоб тонги” отмай туриб, 1916 йилнинг қаҳратон қишида овулларидан қувғин қилинган – конвой юз минглаб қирғизни Хитой чегарасининг нариёғига ҳайдаб ўтказган, йўлда отиб-чопиб кетаверган, тирик етиб борганлари очлик, бошпанасизлик сабабли яна қирилган, хўрланган. Ҳозир Чин юртида яшаётган бир ҳовуч қирғизлар – ўшаларнинг зурриёти.
Қирғизистонга эса немислар, қорачойлар, қалмоқлар, ингушлар, чеченлар, болқорлар, қримтатарлар сургун этилган. Шу баҳона, уларнинг миллий автономиялари ҳам тугатилган.
Қозоғистонга ҳайдалган халқлар миқдори эса ундан-да кўп.
Яна қайси бирини айтайлик?
Балки Шўро давлати ана шундай қориштиришлар орқали “ягона совет халқи”ни барпо этишни кўзлагандир? Аммо… ниманинг ҳисобига? Ўлимлар, азоблар, фарёдлар, ноҳақ тўкилган қонлар, увол кетган жонлар эвазигами?
“Апақий”
Устоз таржимон Тўлқин Алимов бир воқеани айтиб берганди. Паркент қишлоғига урушнинг охирроғида кўп қримтатарлар кўчириб келтирилган, улар орасида бир жувон ҳам бор экан. Ҳамманинг ишини қилиб юрар, шундан бир бурда нон топаркан. У барча хотинларга маъюслик билан Апақий (опажон) деб мурожаат қилар, шунинг учун оти ҳам Апақий бўлиб кетган экан. Доим ғамгин, кўзини ердан узмайдиган, сира кулмайдиган бу аёлни бир куни Тўлқин аканинг онаси ёнига чақириб, насиҳат қилибди:
– Апақий, қизим, – дебди. – Мана, эрим урушда деяпсан. Аммо бир сенинг эринг эмас-ку урушга кетган? Шу маҳалламизнинг ўзидан йигирма нечтаям йигит фронтда. Кўпга келган тўй экан-да, нима чорамиз бор? Сен унақа хафа бўлавермай, ўйнаб-кулиб юрсанг бўлмайдими? Нега доим йиғлаганинг-йиғлаган? Ўзингни қийнайсан?
– Эй-й, опақий, – дебди бояги қримтатар жувон яна йиғлаб. – Менинг дардим бошқа, уни ҳечким билмайди.
– Айт, қизим, ҳасратингни менга, – дебди кампир. – Сал енгил тортарсан, ахир.
– Эрим урушга кетганида қўлимда уч ойлик болам бор эди, – дебди Апақий яна ҳиқиллаб йиғлаб. – Ўғил бола эди. Ўша билан овуниб юргандим. Ҳовлимда биттагина ғозим ҳам бор эди. Уям менга ўрганган, қаёққа юрсам, ортимдан эргашиб юрарди. Бир куни дарвозамизни шарақлатиб очиб, уч ҳарбий киши кириб келди. “Бу ерга немислар бостириб келяпти. Ҳамма кўчирилади. Тўрт соат муҳлат. Болангни, паспортингни, пулингни ол. Бошқа нарсаларинг қолсин. Ҳамма қримтатарлар кўчирилади. Бу ерларга энди қайтиб келмайсизлар. Бўл, тайёрлан!” – деб буйруқ бериб чиқиб кетишди.
Мен боламни йўргакладим, ҳужжатларимни, бор пулимни олдим. Қарасам, ғозим менга ҳадеб эргашиб юрибди. Кел, дедим-да, овози чиқса билиб қлишмасин деб тумшуғини ип билан ўраб, оппоқ йўргакка уни ҳам белаб қўйдим. Буям болам дейман сўрашса, деб ўйладим. Аммо сал ўтмай, ҳарбийлар яна югуриб кириб келишди. “Бояги муҳлат бекор бўлди, поезд ярим соатда жилади, чиқ машинага!”, дейишди. Бутун қишлоқ олағовур. Ит эгасини танимайди. Мен йўракланган болани олдим. Уйим билан хайрлашдим. Поездга чиқаришди, аллақаёққа кетяпмиз. Орадан икки-уч соат вақт ўтса ҳам, бола йиғламай, овоз чиқармай кетяпти. Қорни очмадимикин, деб юзини мундай очиб қарасам, воҳ, апақий, ваҳимада боламни уйда қолдириб, йўргакланган ғозни олиб чиққан эканман! Дод-дод, деб ғозни вагон деразасидан отиб юбордим, бошимни деворларга уриб бақириб йиғладим, аммо ортга қайтишга йўл йўқ. Гўдаккинам уй айвонида қолаверган экан! Мен бунинг азобини қандай кўтариб юрганимни бир ўзим биламан…
– Онам ҳам қўшилиб йиғлаган эди ўшанда, – деб ҳикоясини тугатди Тўлқин ака. – Нуқул, вой бечора Апақий қизим, ичингда шунча дардинг бор эдими сенинг? – деб ҳиқиллаганлари ёдимда…
Туғилиб ўсган юртидан ҳайдалса, уй-жойлари зўрлик билан тортиб олинса, урушни ғалаба билан тугатган эрлари ҳам эл сургун бўлган жойларга жўнатилса!
Ҳатто, ғурбатда кун кўраётган бу халққа ватани ҳақида ашула айтиш ҳам ман қилинса… Зулмнинг булар кўрмаган яна қайси хили қолди экан?
“Бизнинг кўча, бизнинг уй!”
Тўлқин ака бир умр нашриётда ишлаб, кўп адиблар билан ҳамсуҳбат бўлган, гоҳо улардан эшитган ғалати воқеаларни ҳикоя қилиб берар эди. Ҳозир исми ёдимдан чиқибди, тўқсонинчи йиллар бошида Қримга боришга рухсат тегиб, бир қримтатар адиби опаси билан ўзлари туғилган шаҳарга боришибди. Гўдак чоғида ота-оналари билан Ўзбекистонга келиб қолишган-да. Сўраб-сўраб, ўзлари яшаган кўчани топишибди. Қарашса, таниш маҳалла! Юриб-юриб, ўз хонадонлари олдига етишибди. Ўша уй, ўша дарвоза ҳали ҳам турибди! Юраклари ҳаприқиб кетибди. Қаранг, қирқ беш йил аввалги ўз уйлари! Опа-ука ўз уйларига кира олмай, ҳатто дарвоза тақиллатишга ҳам журъат қилолмай, уёққа ўтишибди, буёққа ўтишибди. Бола чоғларидаги хотиралар қуюндай ёпирилиб, юраклари энтикибди.
Бир маҳал дарвоза очилиб, бир ўрис киши чиқиб келибди.
– Қарасам, шу атрофда кўп айланяпсизлар. Кимсизлар, нима иш билан бу ерда юрибсизлар?
Опа-ука ўзларини танитиб, Ўзбекистондан келишганини, аммо эллик йил аввал шу уйда туғилиб-ўсганларини айтишибди.
Рус киши дарвозани очиб, ичкарига таклиф қилибди. Уй ҳам ўша-ўша, булар чиқиб-тушиб юрган токчалар, бекинмачоқ ўйнаган бурчаклар… бари боягидай турган экан! Бир йиғлаб, бир кулиб, уйнинг янги эгасига бу ҳақда сўзлаб беришибди. У гоҳ ачиниб, гоҳ кулиб эшитибди, қачон келсанглар, дарвоза очиқ, марҳамат, дебди. Бир-бирини тўғри тушуниб, хайрлашишибди.
Албатта, бу уй, бу кўчаларнинг эгалари энди бошқа. Қримтатарлар ватанларига кейин кўчиб боришди ҳам. Бунга “ижозат” тегди. Аммо кичик ватан – ўзлари туғилган, киндик қони томган, униб-ўсган, ота-боболари лой чангаллаб қурган уйларига эга бўлиша олмади, чунки улар бу уйларни ўлжа қилиб текин кўчиб кирган кимсалардан болаларига “мерос” бўлиб ўтган.
Аммо нима бўлганида ҳам, ота юртга бориш насиб этди-ку!
Шунинг учун, бу жафодийдалар қирқ йил мобайнида бино этган, обод қилган уй-жойларини арзонгаров сотиб, яна ватанга ошиқдилар. Қанотлари бўлса, қушдай учиб боришга тайёр эдилар ўша Алуштадай гўзал маъволарга. Энди тинч яшармиз, дунёдан беармон ўтармиз, деб интиқ бўлдилар.
Тинч яшаяптилармикин, кунларини беармон ўтказяптилармикин улар?
Невлай.
Йиллар ўтиб, сочга қиров қўнган маҳал одам ёш кезидаги не бир воқеаларни яна ёдга оларкан, ўша жўшқин йилларда унча эътибор қилмаган қай бир нарсалар мағзини чақиб, янгича хулосаларга келаркан.
Чиноз томонларда пахта терганимизга ҳозир салкам эллик йил бўляпти. Гоҳо, қаерларда экан бояги Халил, бормикин ўзи, деб эслаб қоламан. Содда, анойи Халилжон! Тирикмисан ошна, тирик бўлсанг, қайлардасан?
Қайда бўлсанг ҳам омон бўл, эл-юртинг омон бўлсин…
Зуҳриддин Исомиддинов