СУРАТТОШНИНГ СУРАТЛАРИ

    Биз эътимод қиладиган Нақшбандия таълимотининг бир устуни “сафар дар ватан” деган қоидадир. Хўш, йўлга тайёрмисиз? Ҳеч бўлмаса, она шаҳримиз Ўшни, унинг яқин атрофларини яхши билиб олайлик.

Аввалги мақоламизда Оқбура сойининг бошланишига, Ўшнинг энг жанубидаги Танги қисиғига саёҳат қилган эдик. Бугун эса унинг тескариси  – шаҳримизнинг энг шимолий четидаги Сураттош тоғига йўл оламиз. Кўп Ўшликлар бу жойни билмайди, бир умр Ўшда яшаётган бўлса-да, беш километр йўл юриб, умрида шу ёқларга бирон марта келмаганлар жуда кўп.

Ўш ичида қолган Сулаймон тоғи, Ўш ғарбидаги Какликучар тоғи ва нариги четдаги Сураттош (уни айрим Ўшликлар Қатламатоғ ҳам дейишади), бу томони эса Аравон ёқларга қараб чўзилган пастаккина тоғлар геологик жиҳатдан Тиёншон ва Помирга қараганда бир неча юз миллион йиллар аввал пайдо бўлган “қари” тоғлардир, улар ҳозир бирмунча чўккан ҳолда туради.

Мана, Сураттош… У нимага шунақа аталишини ўйлаб кўрганмисиз? Ниманинг сурати бор у ердаки, бундай ном берибдилар?

Илгариги Ўш шаҳри шимол томонда Шаҳидтепа масжиди ва унинг яқинидаги бир-икки маҳалла билан тугар эди. Кейинроқ, олтмишинчи йилларга келиб, Бешкапа, Бақақуриллоқ деган овлоқ экинзор жойлар аста-секин шаҳарга қўшила бошлади. Уларнинг ортида Тўлайкан совхози ва Жданов колхозининг кенг пахтазорлари, узумзор боғлар ястаниб ётар эди. Бугун уларнинг деярли ҳаммаси шаҳар ҳудудига олинди. Сақланиб қолган айрим бўлтак ерлар ўша ердаги одамларга “улуш” қилиб тақсимлаб берилган.

Ўшнинг шимоли-ғарбидаги Жданов колхози томонга олтмишинчи йилларда автобус қатнови йўлга қўйилган бўлиб, у Шаҳидтепа масжиди ёнидан колхоз далалари томонга йўл олар, нариёғи биз айтаётган Сураттош тоғи тумшуғига етиб, яна шаҳар томонга қайтар эди.

Худди ўша олтмишинчи йилларда Ўшнинг “Западний” мавзеида жойлашган ҳарбий қисм танклари деярли ҳар куни ўқув машқлари учун биз айтаётган Сураттош томонга далалар оралаб, тупроқ тўзғитиб, ўкирганча жўнар, бирмунча берида туриб, тоққа қараб снаряд отар эди. Ким билади экан, бу снарядлар инсониятнинг болалик давридан қолган ягона маданий обида – тошларга чекилган суратларнинг қанчасини кунпаякун қилган экан?..

Эллигинчи йилларнинг ўрталарида, танклар аждарҳо каби ўрмаламай туриб Сураттошга чиққан одамларнинг айтишича, у ерда юзлаб суратлар, улар ичида ҳатто одамларнинг ҳам расмлари бўлган экан. Содда кишилар уларни тирик одамлар бўлган, аммо қайсидир бир гуноҳлари учун қарғиш тегиб, тош бўлиб қотиб қолган, деб ўйлашган – тасвирлар шу қадар тиниқ ва мутаносиб экан!

Ҳозир ҳам Сураттош тоғида, Қирғизистон билан Ўзбекистон орасидаги “Дўстлик” чегара пунктининг шундоққина ёнидаги пастак тоғларга ўрлаб чиқиб борсангиз, отлар, кийик ва бошқа жониворларнинг ўнлаб тасвирларига кўзингиз тушади. Улар – танк билан қилинган вандализмнинг ваҳшатидан бир амаллаб омон қолган беқиёс гўзал санъат асарлари. Улар – саратоннинг жазирамаси, қаҳратоннинг изғиринларида очиқ осмон остида икки ярим-уч минг йилдан бери сокинлик билан мўлтираб сизу бизларни кутиб турибди.

Аравондаги Дулдудота (тўғрироғи – Дулдул отлар) қоясида ҳам худди шу каби от расмли петроглифлар бор.

Қоятош расмлари аждодлар бизга қолдирган энг қадимий мерос –ундан аввал инсон бунёд этган ва бугунги кунгача сақланиб қолган бошқа нарса йўқ (улар шу жиҳатдан ҳам қадрли). Бу расмлар башарият тарихининг анча “ичкари” бир даврида – неча минг йиллар бурун барпо этилган.

Савол туғилади: қадимги аждодлармиз бунча ҳам санъатсевар бўлишмаса? Нега қаердаки бир силлиқ тош юзасини топишса, унга туя, эчки, қўтос, от, сигир ва бошқа жониворларнинг расмини чизиб ташлашган?  Нега деярли барча қоятошларда бошқа нарсалар (тоғ, дарахт, кўл ва б.) эмас, асосан ҳайвонлар тасвир этилган? Асосан ҳозирда хонакилаштирилган чорва молларининг расми кўп туширилган. Нега айнан ўтхўр ҳайвонлар?

Нимага одамлар тошларга турли ҳайвон расмларини чизиб ташлашган? Деярли қўл етмайдиган баланд тош ёнига бир амаллаб кўтарилиб, минг машаққат билан бирон ҳайвон тасвирини туширишдан мақсад нима бўлган?

Биламизки, ер юзида динлар дарров юзага келиб, мукаммаллашмаган. Башарият тарихининг энг қадимги даврларида одамларнинг бирдан-бир мақсади қорин тўқлаб, кун кечириш бўлган. Бунинг учун улар ҳамиша мева, ўсимлик ейиш, илдизмеваларни кавлаб олиш билан шуғулланишган.

Санъатга эса… ҳали жуда узоқ замонлар бор эди.

Қадимда одамлар мева ҳамда ўт-ўлан еб яшаган, гўшт емаган. Вақт ўтиб, гўшт озиқ бўлиши тасодифан кашф этилган. Одамлар гўшт мевадан кўп куч-қувват беришини тушуна бошлашган. Одамлар гўштни ғайритабиий кучга эга, сеҳрли нарса, деб ўйлашган. Бора-бора, гўштни, гўшт берадиган ҳайвонларни  илоҳийлаштириш бошланган.

Дастлаб гўшт хом ейилган. Бу жараён узоқ давом этган. Бироқ ёнғинда куйиб, бутун пишиб қолган ҳайвонларни топган одамлар уни еб кўргач, ҳазмининг осонлиги боис, гўштни пишириб ейишга ҳам ўта бошлашган.

Бу эса башарият тараққиётида энг улкан инқилобга олиб келди. Гўштни оловда пишириб ейиш учун одам ўт ёқишни ўрганди.

Мевалар, ўсимликлар, илдизмеваларни қўлга киритиш осон эди. Гўшт эса бирон ҳайвонда бўлади. Аммо ҳайвон бир жойда турмайди, одамлардан қочади, уни тутиш мушкул иш. Одам боласи эса, бажариш қийин бўлган ҳар қандай ишга дуч келса, уни илоҳийлаштира бошлайди. Ҳатто камон ўқ-ёй ҳам бўлмаган у маҳалларда чаққон, чопқир ҳайвонларни тутолмаган, аксар ҳолларда яккама-якка ҳолда ҳатто кучи ҳам етмайдиган одамзот, ўзини ожиз сезиб, овланадиган жониворларга сиғина бошлаган, шундай қилса унинг кўнгли юмшайди, деб ўйлаган. Ов ҳайвонлари улуғлана бошлаган. Овчилар ўрдак ё ғоз тутиш учун унинг териси остига сомон тиқилган шаклни кўзга кўринарли жойга қўйиб, жониворларни алдаганлари каби, гўшт берадиган ҳайвонлар расмини чизиш, терракота ясаш удуми шу тарзда шаклланди.

Олис мозийда кишига ёрдам берадиган, унинг қорнини тўйдирадиган ва куч-қувватини оширадиган жониворни одамлар илоҳ санашган. Илоҳ “расми”ни чизиб, ёинки “шакли”ни олдиларига қўйиб, унга топинишган. Бу қоятош расмлари тарихан ҳам, типологик жиҳатдан ҳам юнон илоҳларидан қадимийроқ – ҳали бойлик ва ҳашамат кишилар дунёсида йўқ, фақат ов овлаб, у бўлмаганида мева териб, ўт-ўлан еб, илдизларни ковлаб қорин тўйғазиб юрган пайтларда гўшт энг олий, бениҳоя тансиқ таом, бамисоли жаннат деб қабул қилингани аён. Шунинг учун ҳам бундай жониворларни илоҳ деб билиш, расмини чизиб, унга топиниш узоқ замонлар давом этган.

Илоҳийлаштирилган жониворни ейиш фанда теофагия дейилади, бу термин сўзма-сўз таржима қилинса, “илоҳни ейиш” деган ифода пайдо бўлади. Бу атама биз учун ниҳоятда қўпол туйилса-да, тарихий илдизларга эга эканлиги боис, унга тушуниб, илмий мақсадда ёндашишимиз лозим. Чунончи, арабларда илгари лой ёки тошдангина эмас, ҳолвадан ҳам илоҳ ясаш анъанаси бўлган, айтишларича, ҳолва илоҳга илтижо қилиб бўлингач, уни бўлаклаб еб қўйиш одатий иш саналган.

Энди иккинчи масала. Одамлар илгари илоҳий кучларга яқинлашиш учун унга бирон яқин кишисини қурбон қилган бўлса (Назирқул,  Назира деб исм қўйиш ҳам шундан, уларнинг жони бахшида этилган), кейинчалик бу удум ҳайвон бериш орқали амалга ошириладиган бўлди. Иброҳим алайҳиссалом, унинг ўғли Исмоил алайҳиссалом ва қўчқор мисолида бу жараённи кўриш мумкин – қурбон келтирилаётган Исмоилнинг хуни ўрнига қўй садақа қилинган.

Одамни қурбон қилиб, унинг эвазига омонлик ва фароғат сўраш удуми кўп халқларда ҳатто ХХ аср бошларигача мавжуд бўлган. Марказий Осиёда тошқин юз берганида, сел келганида ирим қилиб, Тўхтасин, Тўхтабой, Турсун, Омон, Қурбонали, Турғун каби исми тошқин сувни “тўхтатиш”га монанд одамларни тутиб келиб, сув йўлига босганлар, шу Тўхтабойни олгач, асов стихия тўхтаб қолади, деб ишонганлар. Аммо исмни ирим қилиш ҳам – нисбатан кейинги, қурбонлик бериш удумини амалга оширишда қўшимча мотив бўлган. Асосий моҳият эса гўшт ҳадя қилиш орқали тошқин сув маъбуди Оахшонинг ғазабини босиш, шаштидан тушириш эди. Ҳатто, сув йўлига ғов қилиб босилган маккапоя, шох-шаббалар ХХ аср ўрталарига қадар миробларнинг  тилида “ўлик” деб аталар эди).

Тоғ қояларига ўйиб ишланган турли ҳайвон (от, кийик, архар, қўтос) расмларини томоша қилар эканмиз, аксар ҳолларда улар жуда кучли, чопқир ва келишган махлуқ сифатида тасвирланганига шоҳид бўламиз. Идеал конституцияли, ўйноқлаб турган арғумоқ отлар, семиз, хушбичим моллар ва ҳоказо… Хуллас, қилтириқ ҳайвон расми чизилмаган. Нега? Бу тарздаги “гўзалликни тараннум этиш” ғояси аждодларимизда қандай пайдо бўлган?

Қоятош расмлари тоғ чўққиларида эмас, одамлар юрадиган, анча-мунча наридан яққол кўриниб турадиган жойда, бирон беш-ўн метр юқорида чизилган. Таъбир жоиз бўлса, бу тошсуратлар жойлашган майдон – ўша давр одамларининг ибодатгоҳи, суратлардаги жониворлар эса уларнинг худоси бўлган. Қояларга чизилган отлар ва бошқа ҳайвонларнинг тасвири ўрнига эътибор берсак, уларнинг кўпчилиги анча баланд, чиқиш қийинроқ, одам тош чўкичлаб ўтириши мушкул жойларда эканини кўрамиз.

Чунки ов ҳайвонлари пастликда эмас, аксар ҳолда тоғнинг юқорироқ қисмларида учраган. Ана ўша сабабли илоҳалар ҳам эл истиқомат қиладиган паст жойда эмас, юқорида, юксакда яшайди, деган тасаввурлар пайдо бўлди. Бора-бора бу тушунча янада баландлаб (агар бутун башарият тасаввурларини бир-бирига ўзаро боғлиқ ҳолда деб қарасак), Олимп тоғларида, сўнг эса ундан ҳам баландда – осмонда деган тушунча муқим ўрнашган.

Марказий Осиёда дастлаб қандай диний эътиқод амалда бўлгани маълум эмас. Аммо барча ерларда одамлар онгида дастлаб диний эътиқод сифатида анимизм (ҳар хил ҳайвонларга топиниш) шаклланган. Табиийки, ибтидоий одамлар онгида гўшт егандан сўнг қувват ошгач, ейилган ҳайвоннинг кучи одамга ўтади, деган тушунча шакллана бошлаб, энг кучли, чопқир жониворларни ов қилиш удумга айлана борган. Бунга эришишни астойдил хоҳлашган, кучли ҳайвонларни қўлга туширишни исташган, ўшандай ҳайвонларнинг суяги, териси ва бора-бора, суратига қараб туриб, уларнинг ов бўлишини сўрашган ва ана шу тариқа, одамларда ўзлари овлайдиган ҳайвонларга топиниш ҳисси юзага келган.

Энди шу мавзуга тааллуқли яна бир масала. Ер юзининг деярли барча масканларидаги қоятош расмларида от тасвири етакчилик қилади. Нима сабабдан шундай? Илмий асарларда “бу ўлкада қадимда от парвариш қилиш юксак даражада эди, бу ерларда афсонавий “самовий тулпорлар етиштирилган” (ва шунинг учун ҳам отга меҳр қўйган бу юртда от тасвири кўп), деган фикрлар бор. Бу жавоб тўғри бўлса, унда мантиқан, ер юзининг ҳамма жойида асл тулпорлар боқилган экан-да, деган фикр келиб чиқади.

Ундай эмас. Қоятош расмлари кўпроқ ва теранроқ ўрганилгани сайин уларнинг чизилган даври, муҳити ва яна кўп нарсалар ҳақида маълумот олиш мумкин. Чунончи, қоятош расмлари ичида отлар алоҳида ўринни эгаллайди. Энг кўп чизилган тасвир – от расмидир. От тасвирининг бунча кенг ёйилганига сабаб отнинг конституцияси жуда гўзал, ўзи ниҳоятда кучли ва айни пайтда чопқирлиги боис, ибтидоий одамлар унинг гўштини еб, унинг кучини орзулаган бўлса, ажаб эмас. Қадимги юнон илоҳалари орасида ўзига хос “иерархия” бўлиб, яримхудолар, худолар ва уларнинг саркардаси Зевс саналгани каби, овланувчи жониворлар ичида отнинг кучли, баланд қоматли, улкан махлуқ бўлганлиги уни шу “мартаба”га кўтарган бўлса, ажаб эмас. Ҳатто ҳозир ҳам чорвадор туркий халқларда “Отда Азроилнинг бир туки бор”, деган гап юрадики, нотаниш от ўз ҳайбати билан бегона одамни яқинига йўлатмай туриши бор гап. Эҳтимол, ўша қадимул айёмда отга шу сифатлари туфайли бошқа жониворлардан кўпроқ эътиқод қўйилган бўлса.

Бунга яна бир сабаб – от тасвири қояларга расм тарошлаш тарихининг нисбатан кейинги бир дарвида туширилган, бу пайтга келиб тош чекиш усуллари бирмунча такомиллашгани сабабли юзада чуқурроқ из қолдирилиши эвазига ҳозирга қадар кўпроқ сақланиб қолгани бўлса ҳам ажаб эмас. Чунки от Евросиёга Америка қитъасидан ўтиб келган жонивордир. Отнинг фақат гўшти ейилмаган, балки уни миниш, сафарга бориш, ёвга қарши жанг қилишда ҳам қўл келганки, бу архар ва бизонларни овлаш давридан анча кейинга тўғри келади. Шунинг учун ҳам, ҳозир сақланиб қолган петроглифлар ичида (айниқса, Осиёда) от расми энг кўп учрайди.

Йўлбарс, бўри, арслон ва қоплон сингари йиртқич жониворлар тасвири жуда кам, деярли учрамайди. Негаки, улар от, қўтос, буқа сингари овланадиган (гўшт берадиган) жонивор эмас, овлайдиган (гўшт оладиган) махлуқлардир. Ўз-ўзидан, йиртқич жониворлар илоҳа саналмаган, улар биқиниб келиб, одамлар жамоасини чалғитган ҳолда, гўштга эга чиққан, бу эса кишилирнинг оч қолишига, ҳатто ўлишига ҳам олиб келгани боис, унинг ёмонлиги инсон зотида нафрат уйғотиб, кўзга кўринмас ёвуз кучлар (алвасти, озиқти, ялмоғиз, дев…) ҳақидаги нақлларга прототип бўлган.

…Хайриятки, Сураттошнинг тош суратларига снаряд отган ҳарбий қисм ҳозир энди йўқ. У кўҳна тасвирларинг сақланиб қолганларини асраб қолсак ҳам ҳарна.

Аммо афсуски, Ўш шаҳрининг шимолий ҳудудига туташ Сураттош тоғидаги қадим ўтмишда чизилган қоятош расмларини кўпларимиз бориб кўрмаганмиз, ҳатто шаҳар ҳудудига туташ шундай жойда неча минг йилларни қаритган ноёб асарлар борлигини биладиган одамлар ҳам кўп эмас.

Уларни мен Ўшликман, деган ҳар бир бориб кўриши лозим. Тарихчи олимлар ўрганиши даркор. Ҳар бирининг тагига ўзининг исмини ёзиб кетадиган турли бузғунчи одамлардан ҳимоя қилиш эса ундан ҳам муҳим. Ана шунда, бу ноёб асарларни шаҳримизга келадиган сайёҳларга ҳам кўрсатиб, ўзига хос туризм инфраструктурасини барпо этиш мумкин бўлади. Чунки бу тошсуратлар уч минг йиллик Ўш тарихидан ҳам кўҳнароқ!..

Ҳурматли Ўшликлар! Ҳозир найсон ойининг энг хушҳаво кунлари, саёҳат қилиш айни муддао бўлган паллалар. Ким билади, эҳтимол айнан сиз бу ерда биз бундан етти йил аввал, саратоннинг жазирама бир кунида кезиб, чарчоқ боис кўздан қочирган яна не-не ноёб асарларни инкишоф этарсиз?..

 

Зуҳриддин Исомиддинов

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг