ЎШДАГИ БАЪЗИ ҚАБРИСТОНЛАР

   Қабристон  – шаҳар тарихидан хабар берадиган муҳим объект. Чунки мозор нисбатан осойишта жой, замонга боғлиқ ўзгариш ва янгиланишлар унда секинроқ акс этиб, ўтмишга тааллуқли жиҳатлар кўпроқ сақланиб қолади. Жумладан, Ўшдаги эски қабристонлар бу шаҳар ва унда яшаб ўтган одамлар ҳақида муайян тушунча ҳамда тасаввурлар бериши мумкин.

Ўш Марказий Осиёдаги энг қадимий шаҳар бўлар экан, ўша узоқ замонларда яшаган Ўшликлар қандай динга эътиқод қилган, уларнинг мозорлари қанақа бўлган, деган савол юзага чиқиши табиий.

Юртимизда энг қадимий, кўҳна мозорлар деярли сақланиб қолмаган. Бироқ Жанубий Қирғизистонда ва умуман, Марказий Осиёнинг деярли ҳамма жойида текис даланинг у ер-бу ерида конуссимон учли тупроқтепа ва унинг жануби-ғарбий томонида ердан бирмунча баландроқ кўтарилган саҳн майдонлар учрайди. Уларнинг аксарида бир замонлар оташпарастлик динига эътиқод қилган аждодлар мозори бор. Улар орадан ўтган камида икки-уч минг йил мобайнидаги қор-ёмғир, зилзила ва шамол таъсирида уваланиб, тупроқтепа шаклига келиб қолган, узоқроқ дош бера оладиган пишиқ ғиштдан тикланган бино ва иншоотларнинг тарихи эса жуда олис эмас, уларнинг кўпи кейинги минг йилнинг нари-берисида пайдо бўлган, холос.

Бугунги кунда бутун Қирғизистон, жумладан, Ўшда ҳам, аҳолининг асосий қисмини мусулмонлар ташкил этар экан, табиийки, мусулмон қабристонлари кўп. Шу билан бирга, христианлар қабристони, Бухоро яҳудийлари қабристони каби мозорлар ҳам мавжуд.

Гарчи тарихий манбалар XIX аср охирларида Ўшда еттита катта қабристон мавжуд бўлгани ҳақида хабар берса-да, аслида, мозорлар миқдори анча кўпроқ. Чунки уларнинг аксари бузилиб, ўрнига бошқа иморатлар тикланиб кетган.

Чунончи, ҳозирги Тўқтағул номидаги вилоят кутубхонасининг ўрни бундан бир аср муқадам мозоргоҳ эди. Ё бўлмаса, Оқбура дарёсининг ўнғ лабида, “Ўрта осма” кўпригининг шимолий ёғида “Оқгўр” қабристони бўлган, дейдилар. Замонлар ўтиб, бу мозористонларга майит қўйилмай қолгач, бу жойлар бошқа мақсадларга хизмат қила бошлаган.

Ўш қабристонларининг ҳеч бирини жуда қадимий деб айтиш қийин. Чунки ислом дини аҳкомларига биноан, бирон қабристонга майит қўйилиши тўхтаганидан сўнг орадан ўттиз йиллар ўтгач, у ерни бузиб, бошқа мақсадда фойдаланишга изн берилади, эски қабрлар ҳам эскилигича қолмайди – уни қайта очиб, янги жасад қўйиш мумкин ва ҳоказо. Шу боис, энг кўҳна қабристонларнинг кўпи ҳозирда йўқолиб кетган, уларнинг ўрни ҳам маълум эмас. Мавжуд айрим қабристонларни, жойлашган ўрни ва катта-кичиклигига қараб, нисбатан кўҳна мозорлар деб айтиш мумкин.

Чунончи, Ўш илгари Сулаймон тоғининг шимолий томонида жойлашгани боис, унинг ғарбида – тоғ этагидаги Ғойибмозор ва Гўдакмозор қабристонларини ҳозир сақланиб қолган эски мозорлардан, дейиш мумкин. Чунки бу қабристонлар тоғ билан шаҳар ўртасида, яъни ўрта асрлардаги Ўш шаҳристони ва қўрғонига яқин бўлган жойдан ўрин олган.

Гўдакмозор қабристоннинг номи кишини ўйлантиради. Унга дафн этилган дастлабки майит – гўдак бола бўлган, шу сабабли Гўдакмозор деб аталиб кетган, деб изоҳлашдан осони йўқ. Аммо назаримизда, бу маскан қадимда Кўҳакмозор, яъни тоғ этагида жойлашган мозор бўлиб, кейинчалик – аҳолининг асосий қисми туркий тилда сўзлашишга ўтган чоғда лафзан унга монанд равишда Гўдакмозор бўлиб кетган кўринади.

Шу билан бирга, шаҳар эски ўрнининг шимоли-ғарбий тарафидаги Эшонгузар қабристони ҳам Ўшдаги энг қадимги мозоргоҳлардан биридир. Чунки у ҳам ўрта асрлардаги Ўш шаҳрининг биқинида барпо этилган. Эшонгузар деб аталишига сабаб, Ўшлик кексаларнинг айтишларига кўра, бу жойга жуда кўп машҳур одамлар, уламолар дафн этилган экан.

Кўҳна мозорлардан яна бири Ўшнинг шимоли-шарқидаги Бувалашкар қабристони бўлиб, одамларнинг айтишича, бу мозорга одам қўйила бошлаганига минг йилдан ошган. Бу тўғри. Далили шуки, бу қабристондаги айрим гўрларга майитлар биз ҳозир ўргангандай, боши шимолга, оёғи жануб тарафга қилиб ётқизилган эмас, балки қиблага оёқ узатган ҳолда қўйилган. Савол беришлари мумкин: “Шу ётганлар ҳам мусулмон бўлишганми, унда нега қиблага оёқ узатган ҳолда қўйилган?”  – деб.

Бу савол шаҳримиз тарихи ва унда истиқомат қилган одамларнинг қачондан бери ислом динига амал қилиб келаётганликларини аниқлашга туртки бўлади. Гап шундаки, марҳумнинг оёғини қиблага қаратиб дафн этиш ислом дини юртимизга даставвал кириб келган даврларга хос бир одат бўлган ва шу тарзда дафн этиш анъана тусини олган. Чунончи, “Қисаси Рабғўзий” китобида Оллоҳ таоло Одамотани лойдан яратган чоғида бошини Тоиф шаҳри тарафга, оёғини эса Макка томонга қаратиб ётқизган, деб ёзилган.

Бундан мурод – ўрнидан туриб ўтирса, юзи қибла тарафга қараган бўлади. Марҳум ҳам Мункар-Накирлар қабрга кириб келганида ўрнидан туриб ўтиради, ана шунда қибла унинг тўғрисида бўлади деб, ана шу тарзда кўмиш урфи бўлган. Тошкентдаги Ҳастимом мақбара мажмуидаги еттита қабрга ҳам майитлар худди Бувалашкар қабристонидаги каби – қиблага оёқ узатган ҳолда қўйилган. Ҳазрати имом (Қаффол Шоший)нинг, яна бошқа баъзи азизларнинг қабри ҳам шу йўсинда. Орадан бир-икки аср вақт ўтиб, деярли барча мусулмонлар мозоргоҳида майитни ҳозиргидагидай, бошини шимол, оёғини жануб тарафга қаратиб ётқизиб, юзини қибла тарафга мойил қилиш урф бўлган. Чунончи, шоир Рўдакий (860-941)нинг қабри очилганда унинг ҳозирги анъаналарга мувофиқ дафн этилгани маълум бўлган. Бу фактлар Бувалашкар қабристонининг ниҳоятда қадимийлигидан, жумладан, Рўдакийлар замонидан ҳам аввалроқ бино бўлгани далолатидир.

Бувалашкар мозоргоҳида илк мусулмон анъаналари руҳига мувофиқ қабрлар борлигининг ўзи ҳам бу ерларда ислом дини пайғамбар алайҳиссалом яшаб ўтган саодат асридан кейин орадан унча кўп вақт ўтмасданоқ устувор бўлганини кўрсатишга хизмат қилади.

Бувалашкар “Бобои лашкар” сўзининг қисқарган шакли эканига қараганда, мазкур қабристонга ислом лашкари – шу ўлкага ислом дини кириб келган чоғида кофирлар билан урушган мусулмон қўшинининг бирон саркардаси дафн этилган бўлиб чиқади. Балким, бу ном қадимги “боб”  –  диний раҳнамо маъносида “Боби лашкар” – лашкарларнинг пири бўлгандир?

Аммо афсус билан қайд қилиш керакки, ҳозирда ушбу мозорот аллақайси бир мулланинг “Қабристонни обод қилиш ҳам, унда ўсган ўт-ўланларни ўриш ҳам ножоиз”, деган фатвоси туфайли қаровсиз, ташландиқ харобазор ҳолига келиб қолган, одам бўйидан баланд бўлиб ўсган қалин ўт-алаф остида қабрлар умуман, кўринмайди, оралаб ўтишнинг имкони йўқ, чангал бўлиб ўсган тиконлар бунга йўл қўймайди. Бу мозоротнинг ўрта бир жойида тикланган ва ўз даврининг атоқли одамларидан бириники, деб тахмин этиладиган қадимий бир мақбара ҳам тамоман тўкилиб тушиб, бир ён деворигина қисман сақланиб қолган. Бундан эллик-олтмиш йиллар муқаддам кимдир унинг ичини оҳак билан оқлагани маълум, холос. Шаҳримиздаги ва умуман, Марказий Осиёдаги бошқа қабристонлар, зиёрат қилувчиларнинг фотиҳа ўқишларига имкон бергудай даражада саришта бўлгани ҳолда, бу гўристоннинг бу қадар ташландиқ ҳолда ётиши дуруст кўринмайди.

Мадинаи мунавварадаги жаноб пайғамбаримизнинг мақбараси, Маккадаги Бақия қабристони қай даражада файзли эканлигининг ўзиёқ ислом дини қабристонларни озода ва саришта ҳолда тутишни маъқуллашидан далолат беради. Инчунин, бу – нафақат марҳумлар хотирасини эъзозлаш, шу билан бирга, тирикларнинг қабристонни зиёрат қилиб туриш ва ундан ибрат олишга даъват этадиган савобли ишдир. Қабристонни ўз ҳолига ташлаб қўйиш эса мусулмонларга хос эмас, мажусий мўғулларга тааллуқли удум. Мўғулларда майитни гўрга қўйгач, унинг устида от чоптириб, қабрни ер билан текислаб қўйиш тўғри деб ҳисоблашган. Ҳатто Чингизхоннинг қабри маълум эмас. Қадимда (исломга қадар) туркий халқларда ҳам шундай таомил бўлган, улар буни “гўр пойга” деб аташган.

(Бувалашкар қабристонидаги минг йилча аввалги мақбара харобаси)

Ўнг томондаги суратда эса шоир Ҳувайдо эшоннинг ўғли Холмуҳаммад эшон, унинг ўғли Сирожиддин эшон, у кишининг фарзандлари шоир Салоҳиддин Соқиб ва шоира Самар бону, яна бир авлоди Омонхон махсумларнинг Сармозордаги қабрлари)

 

 

 

Сармозор қабристони Бувалашкарга қараганда шаҳар марказига яқинроқ жойлашган. У ҳам эски қабристонлардан бири. Бу жойнинг тарихи ҳам минг йилдан ошади, дея нақл этадилар. Ҳар бир қабрга кўп маротаба майит қўйилиши мумкинлигини эсга олсак, бу гап асосли бўлиб туйилади. Сармозорга Ўшнинг фахри бўлган алломаи замонлар, таниқли кишилар кўп қўйилган. Чунончи, Хўжамназар Ҳувайдо эшоннинг невараси, шоир ва пири муршид Салоҳиддин Соқиб, унинг синглиси, машҳур шоира Самар Бону ҳамда уларга қариндош бўлган уламо зотларнинг турбатлари шу ердадир.

Салоҳиддин Соқибнинг замондоши ва унинг мухлиси, “Олой маликаси” деб ном чиқарган Қурбонжон додхоҳнинг қабри ҳам шу ерда.

Баъзи кишилар Қурбонжон додхоҳнинг ўзбек маҳалласи ичидаги қадимий бу қабристонга кўмилиши сабабини устози ва пири муршиди Салоҳиддин Соқибнинг қабри шу мозористонда бўлгани, бу ҳукмдор аёл ўзини шу кишининг оёқ томонига дафн этишларини тайинлаган, деб тушунтирадилар. Эҳтимол, шунақа васият ҳам бўлгандир. Бироқ унинг эри – Олимбек додхоҳнинг, чор маъмурлари томонидан осиб ўлдирилган ўғли, миллий-озодлик ҳаракатининг таниқли намояндаси Қамчибекнинг қабри ҳам шу ердаки, додхоҳ она ўз жигарлари ёнида, улар билан бир жойда ором топишни кўнглига туккан бўлиши ҳақиқатга яқинроқ.

Ўшда Ачамозор, Оқер, Ортишлик қабристони каби бирмунча кўҳна қабристонлар ҳам борки, улардан бирининг асл номи – Арчали мозор (ичида арча дарахтлари кўп ўсган), иккинчисининг тупроғи бошқа ерларга қараганда бирмунча оқиш тусда бўлгани учун шундай аталган бўлса, Ортишлиқ мозорига дафн этилган дастлабки майит Ортиш шаҳри (Шарқий Туркистон)дан келган мусофир бўлиши мумкинлигини нақл қиладилар.

Ўтган асрнинг ўрталаригача деярли ҳар бир маҳалла, кўчанинг ўз мачити ва ўз қабристони бўлар эди. Хом ғишт ё гуваладан тикланган кичкинагина масжид, бир-икки таноб ерни эгаллаган маҳалла гўристони. Булар аҳоли турар жойига қандайдир ҳазинлик бахш этар, шу жойдаги аҳоли ва йўловчиларга бу ўтар дунёнинг бевафолигини эслатиб турар эди.

Ҳозир аксар бундай кичик қабристонлар бузилиб кетди, улар ўрнига уй-жой ва бошқа иморатлар қурилди, орадан яна бир қанча вақт ўтгач, бу замин остида кимларнингдир суяги ва лоши тупроққа айланиб кетгани бировнинг эсига келиши ҳам гумон…

Номи қабристон маъносига яқин бўлган Ўшнинг қадимги жойларидан бири Шаҳидтепадир. Бу жой нима сабабдан Шаҳидтепа деб аталади, ким эди у шаҳидлар, бу тўғрида бирон маълумот борми, деб берган саволимизга ҳеч ким (ҳатто шу масжид уламолари ҳам) тайинли жавоб бера олмадилар. Аммо, дин йўлида курашиб, кофирлар қўлида ўлган киши шаҳид деб аталишини ёдда тутсак ва кофирлар билан бўлган жанглар юртимизга ислом дини кириб келган биринчи минг йилликнинг охирларига тўғри келишини эсга олсак, бу тепаликнинг ана шундай ном билан атала бошлаганига ўн икки-ўн уч асрлар бўлганини англаймиз. Демак, Ўшга исломият кириб кела бошлаган кезлари мазкур тепаликда кофирлар билан дин йўлида жанг қилган лашкар анча-мунча қурбонлар берган ва улар шаҳидлар деб аталган. Тепалик кейинчалик Шаҳидтепа номини олган. Шу ерга қурилган Шаҳидтепа масжиди ҳам шаҳримиздаги нисбатан эски ибодатгоҳлардан биридир.

Қадимги ибодатгоҳлар, мавзелар, қабристонлар тарихини тиклаш орқали азиз она юртимиз, жумладан, унинг қутлуғ бир маъвоси бўлган Ўш шаҳрининг неча минг йиллик тарихини тасаввур қилиш мумкин.

Яна бир қабристон “Осаф ибн Бархаё қабри” деб ном берилган мақбара жойлашган, Сулаймон тоғининг жанубидаги тоғ ёнасида барпо этилган мозористондир. Айрим Ўшликларнинг айтишларича, ушбу қабристоннинг барпо этилганига унча кўп вақт бўлган эмас. Мазкур мақбара, уларнинг хабар беришича, ХХ аср бошида қурилган бўлиб, унга Исо додхоҳ ва унинг акаси дафн этилган. Ўттизинчи йилларда мақбара шаккокларча равишда омборхонага айлантирилаётганида қабрлар ковлаб очилади ва ҳақиқатан ҳам икки кишининг жасади борлиги маълум бўлади. Улардан бири деярли чиримаган экан. Маъмурлар буни элга жориялаб, мазкур жасад эгаларини қидиришади. Аммо Исо додхоҳнинг Сайфулло исмли ўғли мақбаранинг қадимги исломий услубда қурилганлиги (диний қатағон замони) ва унга бадавлат кишиларнинг кўмилганлиги (бойлар қувғинга учраб турган даврда) туфайли, унга эгалик қилишга юраги бетламаган. Шундан сўнг, чамаси, айни жасадлар шу яқиндаги бирон қабрга қайта кўмилган ва мақбаранинг ичи консерва заводининг омборхонасига айлантирилиб, кўп йиллар фойдаланилган. Ушбу мақбарага бир неча минг йил аввал Яқин Шарқда яшаган Осаф ибн Бархаё нима сабабдан ва кимнинг ташаббуси билан “прописка” қилинганини аниқлашнинг эса имкони бўлмади. Эҳтимол, кимдир “Исо” исмини “Осаф” деб ўқигандир ва бу янглишув оммалашиб, машҳурлашиб кетгандир. Чунки араб ёзувида “Исо” деган сўз  “Иси”  ﯽ–ﺳ ﺍ

ﭫ  эса  «фасО»  ﺳ ﺍ  шаклида ёзилади. Қабр тошида сўнгги ҳарф хирароқ акс этган бўлса, ҳар хил ўқилиши тайин. Бу фикрни қувватловчи бир далил шуки, бу мақбара Бобур давридан кейин қурилгани аниқ, чунки аксинча бўлганида Бобур уни “Бобурнома” китобида қайд қилган бўлар эди. Биз учун энг аҳамиятлиси – бу қабристонинг унча қадимий эмаслиги. Маълумки, қабристон аҳоли яшаш жойидан узоқда бўлмайди. Тоғнинг жанубий томони эса тарихан унча эски эмас, шаҳарнинг бу томонига одамлар XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX аср давомида уй-жой қуриб, обод қилишган. Бинобарин, Сулаймон тоғининг жанубий ёғида минг йилларга даъво қиладиган қадимий қабристонлар йўқ, агар қачонлардир бўлган бўлса ҳам, ҳозирда йўқолиб кетган. Ҳатто Ўшлик ўрта яшар кишилар яхши билишади, ўтган асрнинг олтмишинчи йилларига қадар ҳам ушбу жойнинг кўп қисми, айниқса, юқори томонлари бўш ётар, ёшлар ҳар баҳорда тоғ сайрига чиққан кезлари бу жойларда (ҳозирги қабристон ўрнида ўйин-кулги қилишар эди. Ўйин-кулги ҳеч қачон мозористонда қилинмайди, қолаверса, бундай қия, сертош жой мозоргоҳ учун ҳам қулай эмас. Айнан ХХ аср бошларидангина бу ерларга майит қўйилди. Иккинчидан, бу ердаги тошли заминнинг хусусияти шундайки, уни қайта ковлаб, эски гўрга янги майит қўйишга имкон бермайди. Бу ҳам айни мозорнинг қадимий эмаслигини далиллайди.

Мана шуларнинг ҳаммаси бу тоғ жанубидаги қабристон ҳам, унинг шарқий бурчидаги “Осаф ибн Бархаё” деб ном берилган мақбара ҳам тарихан кўҳна эмаслигини кўрсатади. Ушбу мақбарага оид вақф ҳужжатлари ҳам (эътибор беринг!) XIX аср охири-XX аср бошларигагина оиддир. Унинг Сулаймон алайҳиссаломга вазирлик қилган Осаф ибн Бархаёга алоқаси йўқ, бў тўғрисидаги нақл эса юз йилча аввал тўқиб чиқарилган.

Таъкидлаб ўтганимиздек, Ўшнинг туб ўрни Шаҳидтепа ва Жўпас ариғи томонларда бўлгач, қадимги қабристонлар ҳам ҳозирги Ўшнинг ғарбий томонида бўлиши лозим. Бироқ ислом оламида қабристонлар аксар ҳолларда ортиқча кенгайтирилмагани, аждодлар хоки устига авлодлар турбати бино қилингани боис, кўп мозоротлар янгилана берган…

Бироқ бир нарсани қатъий таъкидлаш керак: замонлар ўтиб, эски қабристонлар бузилиши, унинг замини устида қай бир иморатлар солиниши эскидан бор гап. Бу тўғрида Умар Хайёмнинг шундай рубоийси ҳам бор:

 

Хушвақт бўл, ғуссанинг чеки йўқ бир он,

Бу чарх юлдузларга солади қирон.

Сенинг тупроғингдан ясалган ғиштлар

Бўлур ўзгаларга манзилу макон…

 

Бироқ қабристонни оёқости қилиш бехосият иш. Қабристон – зиёратгоҳ. Қандайдир мулоҳаза билан уларни буздириб, марҳумлар руҳини безовта қилсак, унинг қаримтаси қайтиб қолиши ҳеч гап эмас.

Дунёнинг барча катта шаҳарлари ичида ўнлаб, юзлаб қабристонлар бор, улардан фойдаланилади. Мозористонни буздириш ҳам мумкин, обод қилиш ҳам. Бу бизнинг маънавиятимиз ва маданиятимизнинг қай даражада эканини кўрсатади. Қабристонлар, ибодатгоҳларда тарих мужассам. Тарихни бузишга уринган киши эса тарихда қолиши амри маҳол.

 

Абдухолиқ Қодирқулов


боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг