МАЪНОЛИ СУКУТ СОҲИБИ

    Ўшнинг Навоий боғидан Марказий бозорга масофаси 50 қадамлик ерости йўли (туннел) орқали ўтиларди. Тиламчилар, чакана-қўлбола савдогарлар ўша ёпиқдан жой олишарди.

Шеригим билан туннелдан ўтаяпмиз. Чиқаверишдаги бурчакда кийими уриниброқ қолган бир кампир ўтирибди. Олдида кичикрок халтада кўк олма, харидор кутиб кўзлари олазарак.

Олма неча пулдан? – деб сўрадим мен.

Ўттиз сўмдан деяпман-у, болам, – овози қалтиради кампирнинг.

Йигирма сўм бераман, бир кило тортинг, – дея олмаларни титкилай бошладим.

Тарозим ҳам йўқ. Ўзингиз кўзчама олаверинг, болам, – деб кампир харидор топилганидан суюнди.

Чамалаб олдим, йигирма сўм бердим, қалтироқ қўллари билан пулни оларкан, қўл очиб дуо қилди. Бизни кузатиб турган шеригим кампирга яқин келди:

Онахон, олманинг ҳаммаси неча кило эди?

Билмайман, ногирон ўғлим ҳаммаси беш кило келар, деганди. Мана, тўрт кило қолди.

Халтангиз билан оламан, ўттиз сўмдан. Мана бу бир юз элликсўм. Ўттиз сўми халтангиз ҳаққи, – деб шеригим халтанинг оғзини боғлади.

Кампир кўзёши билан узоқ дуо қилди. Шу муштипар кампирдан ўн сўм талашиб, бир кило олмага йигирма сўм берганим учун ўз-ўзимни ич-ичдан койидим.

Йўлда давом этдик. Ўртада сукунат. Ана шу саховатпеша шеригим –Неъматулло ҳожи Абдукарим охун ўғли эди, мен бу сирли шеригим – садоқатли дўстимнинг олижаноб фазилатларидан кўпгина ибрат олган эдим. Зеро, бу олма воқеасибир умрга дарс бўлди.

***

Кўнчилик маҳалласининг кунботарида, Оқбура дарёси соҳилида ярим гектар ғирт тошлоқ ерни боққа айлантириб, “мева-чевасни маҳалла-кўй, етим-есир есин» деб қўйиб берган тиниб-тинчимас муйсафид Абдукаримохун домлани катта-ю, кичик “Мулла дада» деб ардоқларди.

Ҳа, ул зот чинакам, том маънодаги мулла эди. Эс танигандан бошлаб ўттиз ёшгача Бухорои шариф мадрасасида таҳсил олган.

Дадам ҳижрий йил ҳисоби билан 100, милодийда 93 ёшда оламдан ўтди, – деб ҳикоя қилади Неъматулло Абдукаримов. – Мен тўнғич ўғил эдим. Дадамдан дарс олдим, исломий руҳда тарбияландим. Дадам айрим тақводорлар сингари куну-тун дарвешлик билан умр ўтказмай, уламоликни жамият учун фойдали, хайрли меҳнат билан уйғунлаштирар эди, Бизни ҳам шу руҳда тарбиялаган. Боққа қараш, бетон қуйиш, ариқ тозалаш, кўчасупуриш каби жисмоний меҳнатда ҳам биз дадамнинг ёнларидаёрдамчи эдик.

Мулла даданинг тавсияси билан Неъматулло савдо-кулинария техникумига ўқишга кирди. Уни аъло баҳолар билан битиргач, вилоят савдо- саноат палатасига ишга кирди. Кўп йиллик иш тажрибаси, ҳалол меҳнати туфайли элга танилди, обрў-эътиборга сазоворбўлди.

Ўтган асрнинг 80-йилларида ҳозир ивилоят ички ишлар бошқармаси жойлаган бинода Помир йўл бошқармаси, савдо-саноат палатаси, вилоят полиграфия бошқармаси ўрин олган эди. Бизнинг хизмат хоналаримиз ёнма-ён бўлгани учун деярли кун сайин ҳамсуҳбат бўлардик.

Ошнангиз хўб ажойиб иймон-инсофли одам-да, – деди кунларнинг бирида савдo-caнoат палатасининг бошлиғи Абдумажид Юсупов. – Республика савдо-саноат палатасининг фахрий ёрлиғи ва пул мукофотига номзод сўрашди. Неъматулло Абдукаримов номзодини кўрсатсам, ўзи қаршилик қилаяпти, биз ошимизни ошаб, ёшимизни яшадик, рағбат навбати ёшларга, менимча, бундай мукофотга мен эмас, ёш мутахассис Алик Сарибоев муносиб, деди…

Нафақа ёшига етгач, “ишлайверинг» дейишганига қарамай, “масъул эксперт» деган иш ўрнини ўз ихтиёри билан ёш ходим – шогирдига тақдим этди. Бир неча йил ўтгач, ислом маркази раҳбари Содиқҳожи Камолов уни ўзига ёрдамчиликка таклиф этди.

Бир донишманд айтганидек, кўпчилик дилидаги гапларини тили билан баён қилса, баъзи одамлар дилидаги гапларини маънали сукут сақлаб изҳор этадилар.

Неъматулло ана шундай маъноли, тафаккурли, ибратли сукут ва идрок соҳиби эди.

***

Мулла Абдукарим Охунднинг ўғли Неъматилло Абдукаримов 1939 йил 14майда Ўш шаҳрининг Кўнчилик маҳалласида туғилган. Жийдалик маҳалласидаги собиқ Пушкин номли ўрта мактабини 1957 йил битириб, Москва Копператив институти сиртқи бўлимида таҳсил олган. 1964 йилдан Қирғизистон савдо- сотиқ палатасида ишлаган. 1994 йилдан Ўшдаги Халқаро Ислом ҳамкорлиги марказида фаолият олиб борган. Ўш вилоят Кенгаши депутати ва бир қанча фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган.

Неъматилло Абдукаримов 2010 йил 9 августда Ўшда вафот этган. Шаҳардаги “Жийдалик” қабристонига дафн қилинган.

Охирати обод бўлсин, дўстимнинг!

Абдуғани Абдуғафуров

Одилжон Дадажонов. Ўш

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг