И С М – Т И Л С И М
Руҳшуносларнинг айтишича, ҳар бир одам ўз исмини яхши кўрар экан. Отини айтиб чқирсангиз, кўнгли илиб, сизни ҳурмат қила бошларкан. Кишининг отини атамай мурожаат қилиш эса уни менсимагандай таассурот қолдиради.
Исм тақдирга таъсир қилади. Пайғамбар алайҳиссалом исломни қабул қилган Ҳузн (ҳазинлик, хафалик) исмли бир кишига “Энди сенинг исминг Абдураҳмон бўлсин”, деб айтади. Бироқ у киши кўнмай, “Йўқ, оталарим қўйган исмимни ўзгартирмайман”, дейди. Сўзи ўтмаганидан ранжиган Расулуллоҳ, ”Бўпти, унда сен айтгандай бўлсин!” дейди. “Шу-шу бўлдию оиламиз бошидан ғам-қайғу кетмай қолди”, деганди бояги аъробийнинг ўғли.
Буни ота-боболаримиз яхши билган. Билгани учун ҳам фарзандларига орзу-тилакларининг исмини қўйишган. Ўғилларини Ботир, Паҳлавон, Сахий деб, қизларини эса Гулчеҳра, Ойчучук, Меҳринисо, Тўлғаной деб аташган.
Ўзбек исмлари ўзбекнинг тили каби сертармоқ. Унда асл туркий, арабий-исломий, форсий, “замонавий-европача” ва ҳоказо отлар бор. Аммо ҳар бир исм маъносини талқин этишда эҳтиёт бўлиш даркор. Яқинда бир муаллиф исм қўйиш борасида мақола ёзиб, одамлар қадимда билиб-билмай, болаларига “Сотқин” деб ҳам от қўйишган, бундай исм эгаси бўлган бола бир умр ўзининг “сотқинлиги”дан уялиб юрган, деган гапларни дарж этибди.
Йўқ, унақа эмас, Сотқинбой деган йигитлар, Сотқиной отли қизлар исми шунақалигидан хижолат чекмаган, аксинча фахрланиб юрган, деб ёзгим келяпти, аммо муаллиф буни ҳазм қила олишига кўзим етмайди. Аммо илгари Сотқин деган исм – хоин, ёвга сотилган, деган маънони билдирмаган. Одамлар арзанда боласига, тилаб-тилаб топган фарзандига Сотқинбой, Сотилган деган отлар қўйган.
Буни англаш учун ўтмишни озроқ бўлса-да билиш, тушуна олиш керак.
Қадимда тиббиёт йўқ даражада эди. Гўдакларнинг кўпи чилласи чиқиб-чиқмай ўлиб кетган. Юқумли касалликлар – бўғма, қизамиқ ва ҳоказолар турмушнинг кундалик ҳамроҳи бўлган. Айрим табибларни демасангиз, бахши, қушноч, кўчириқчи, азайимхон кабилар жаҳолатни янада орттирган. Туғилган гўдаклари ўла бергач (касали номаълум), одамлар болани ёвуз инс-жинслар олиб кетяпти, дея ўша инс-жинсларни алдашга, чалғитишга уринишган. Бирон жониворни сўйиб, қурбонлик қилишган, “ис” чиқаришган. Боламга келаётган ёвуз руҳлар янглишиб, ҳовлида ётган болтага, тешага ёки ўроққа ўзини урсин-да, гўдагим омон қолсин, деган илинж билан чақалоққа Болта, Теша, Кетмоной, Ўроқ, Тош каби исм қўйишган. Шоядки, Теша деган гўдакка келаётган бало янглишиб кетиб, шу номдаги асбобга ўзини урсаю, бола омон қолса. Бошқа туркий халқларда эса янада “хунук” отлар, чунончи, Тезакбой, Сассиқбой, Кўппакбий, Бўқмурун сингари – бугунги нозик дидларга ўтиришмайдиган “қўпол” исмлар ҳам қўйилган.
Айрим оилалар, дунёга келган қатор фарзандлари нобуд бўла бергач, инс-жинслар бизнинг ҳовлимизга тикилди, деган қараш билан шу уй-жойини сотиб, ўзга ёққа кўчишган, ёки бошқа оилаларнинг болалари омон қолиб, буларники турмаса, ёвуз руҳлар бизнинг оилага ёв бўлди, дея янги туғилган чақалоғини ўраб-чирмаб бировга бериб, сўнг ана шу болани – ўз фарзандини у одамдан “сотиб олган” – ана шундай қилсак, инс-жинслар бу болани бировники экан, деб ўйлаб омон қолдиради, деб инонишган. Ана шу болага Сотволди, ёки Сотилған деб исм қўйилган. Бировнинг боласи адашиб (янглишиб) бизнинг уйга келиб қолди, дея ўз фарзандига Адашбой, Янглишой каби исмлар қўйишган. Боланинг тирик қолиб, яшаб кетишига умид қилиб, Қолдибек, Турғуной, Турсун, Омонтой, Эсонали, Унсин, Яшар, Кўпайсин деб аташган. Аксинча, қариган ота-она ҳадеб фарзанд кўраверса, Кифоятхон, Бўлдибек, Кенжахон дея “дашномли” отлар ҳам қўйилган.
Остонақул деган яна бир исм ҳам борлигини биласиз. Ажабо, нега энди “Остона?” Ахир ўзбеклар остона деб уйга киравериш, бўсағани айтади-ку? Унинг киши исмига қандай алоқаси бўлиши мумкин?
Этнографик маълумотларга кўра, уйнинг эшиги таги – остонасидан бир гўдак сиққудек тешик ковланиб, бола ўша тешикдан ўтказиб олинган. Шу болага Остона деб от қўйилган. Остона – тақиқланган жой, унинг икки ёғида туриб кўришилмайди, остона босиб турган одамга катталар танбеҳ бериб, у ё буёққа ўтишга буюришади. Мўғуллар остона босмай, ундан ҳатлаб ўтишади.
Чунки остона тагига узоқ ўтмишда ўлик кўмилган. Маълум бўладики, болани остона остига ётқизиб ва яна чиқариб олиб, инсу жинсларни унинг “ўлгани”га ишонтиришган. Остона деган исмнинг этнографик маъноси “ўлик” демак. Ўлган одамга эса ўлим хавфи йўқ, унга зиён-заҳмат етмайди.
Боя, одамлар фарзандига орзу-тилакларининг мужассами бўлган исмлар қўйишган, деб айтган эдик. Ўтмишда қашшоқ одамларнинг энг катта орзуси – бой бўлиш эди, албатта. Шунинг учун, ўғил туғилса, Муродбой, Сарибой деб “жуфт” от қўйишган. Камбағаллик, йўқсиллик, очлик каби етишмовчиликлар бартараф бўлган ҳозирги замонда, эътибор қилсангиз, “…бой” деган қўшимча ҳам исмларга деярли тақилмай қолди. Бой деб айта берсак, бойлик ҳам келади, деган ишонч бўлган. Шунинг учун ўғиллари исмига хон, бек, шоҳ, бий, бой каби сўзларни қўшган.
Тожик олими Алим Ғафуровнинг кўрсатишича, бой-бадавлат оилалар қизларига “Бахтигул”, “Саодат”, “Моҳичеҳра” каби исмларни қўйишган – қизлари гўзал, оқила ва бахтли бўлишини исташган, албатта. Лекин ўтмишда қуллар, қашшоқ ва йўқсил одамларнинг умиди гўзаллик эмас, бойлик, мартаба ва ҳашамат бўлган. Шунинг учун қизларини “Маржон”, “Дурдона”, “Ёқутой”, “Гавҳарой” деб чақиришган. Ҳатто бир одам итига Давлат деб от қўйган, “Давлат!” деб чақирсак, давлат етиб келса ажабмас, деган илинжда.
Яна. Ўтмишда ўғилга зориққан одамлар ирим қилиб, бирон кучукни боғлаб қўйиб, сув бермай қийнашган. Ташна бўлган кучук акиллаб, шу уйда ўғил бола дунёга келса, менга сув берар эди, деб тиласа, ўғил туғилар, деб умид қилишган. Бир неча қиздан кейин туғилган қизни “Ўғилой” аташган – зора буни уққан фаришталар омин десаю ўғил туғилса.
Қанақа исм қўйиш эл-уруғнинг ўтмишига ҳам боғлиқ. Илмий манбаларда ўзбек халқи тўқсон икки уруғдан ташкил топган, деб айтилади. Аммо бундан, ҳар бир ўзбек шу тўқсон икки уруғнинг униси ё бунисига тегишли бўлади, деб тушунмаслик керак. Бу маълумот элимиз таркибига энг кейин қўшилган кўчманчи ўзбекларга тааллуқли. Ҳозир бу уруғ-қабила белгилари аралашиб-йўқолиб кетган. Чунки қадимдан ўтроқ ҳаёт кечириб келаётган ўзбеклар – туркий тилда сўзлашишга ўтган сўғдларнинг авлоди – автохтон миллат бўлиб, уларнинг қонида сўғдий аждодлар қони борлигини ҳам унутмаслик керак. Сўғдларнинг этник таркибида эса туркий уруғ йўқ.
Ўзбекларида тоифаларга ажралиш кўп. Ҳар бир тоифа ўтмишда маълум ижтимоий-иқтисодий мавқега эга бўлган. Чунончи, қорача тўпи кўпчиликни ташкил қилади. Шу билан бирга, ўзини махсум, тўра, хўжа, эшон, саид авлодидан деб билувчилар ҳам анча. Бироқ кенг омма, ҳатто бу тоифаларга мансуб аксар одамларнинг ўзи ҳам, уларнинг маъносини аниқ-тиниқ билмайди, ўзини бошқалардан бир даража юқорироқ деб тасаввур этади ҳам.
Ўзбекларда юқори табақа оқсуяк деб аталган. Хўш, нима сабабдан оқ суяк дейилади? Сўнгакка нима алоқаси бор бунинг? Боиси шуки, очин-тўқин яшаган, ориқ мол-қўйнинг илик суяги қорамтир рангда бўлади – ичидаги иликнинг ранги шундай тус беради, тўқ (семиз) яшаган чорванинг илиги эса оппоқ бўлади, бинобарин суяги ҳам оқариб кўринади. Шунга қиёс қилиб, аксар ҳолларда бой ва ўзига тўқ кун кечирадиган саидлар, тўралар, хўжалар, эшонлар ва махсумлар умумлаштириб “оқсуяклар” деб аталган. “Қорача” сўзи келиб чиқишини ҳам ана шу асосдан қидириш керак. “Юқори” табақа вакиллари асосан шаҳарларда, қорачалар эса қишлоқда кўпроқ яшаган.
Алҳосил, бугунги киши исмлари ҳақида ҳам икки оғиз тўхталсак. Одамлар ўзи ҳавас қилган кишининг исмини боласига қўяди. Шунинг учун ҳам Темур, Алишер, Улуғбек, Ислом, Нодира, Зулфия сингари отлар анча. Ҳатто Брюсли, Октябржон сингари “халқаро” номлар ҳам йўқ эмас.
Ўш ва унинг теварагида киши исмларининг талаффузи ва имлосида ўзига хослик бор: Аминжонни – Иминжон, Мунавварни – Минавар, Муҳаббатни – Маҳабат, Аминахонни – Оминахон деб айтамиз, шундай ёзилади ҳам ҳатто. Баъзи бировлар эса исмнинг асл маъносини сўраб ҳам ўтирмай ЗАГС идорасига чопишади. Оқибатда, Фурқат (айрилиқ), Маҳзуна (ҳафа) каби отлар ҳам пайдо бўлди.
Энг чатоғи, бугун исмлар лексикони камайди. Боғчага борсангиз, бир гуруҳда камида иккита Жасур, иккита Фарангиз салом бериб олдингиздан чиқади. Салимжон, Абдурашид, Зулайхо, Фарида, Усмонжон, Маҳкамбой, Инобатхон, Лобархон, Ҳакимжон деган болаларни топиш эса амри маҳол.
Бугун эса ном қўйишда яна бошқа бир тамойилга ўтаётгандаймиз. Айрим ёшлар ота-оналаридан сўраб ҳам ўтирмай, чақалоққа Зубайр, Самир, Хорис, Мубина ва ҳатто Намруд каби юртимизда илгари учрамаган ғалати-ғалати отларни ёздириб келишяпти. Дилбар, Мунаввар, Қобил, Санобар каби исмларни улар унчалик исломий эмас деб билишади шекилли, шунинг учун бундай отлар бугун “мода”да эмас. Болага исм қўйишда диндорликни таъкидлаб кўрсатиш… шартмикин? Ахир, Ҳакимжон, Олтинбек, Ботирали каби юзлаб исмлар динимизга зид эмас-ку?
Қизиғи шундаки, соф арабий, соф исломий исмлар ҳам жуда “саралаб” қўйила бошлади. Абдусаттор, Абдужаббор, Абдукарим, Абдуҳошим деган отлар камайиб, Абдулла, Абдураҳмон, Муҳаммадали сингари озгина, энг “мақбул” исмлар қўйила бошлади. Улар ҳам, минг йиллик ўзбек исми сифатида эмас, Саудиядан қайта “импорт” қилинган шаклда – Абдуллоҳ, Абдуроҳман тарзини оляпти. Ҳатто бизда энг кўп қўйиладиган Муҳамаджон деган исмнинг жони олиниб, Муҳаммад бўлиб кетди. Баъзи одамлар эса ўзига ота-бобоси азон айтиб қўйган отидан воз кечиб, бошқа номлар билан элга танилишаётир.
Бир қарашда, бу гаплар инжиқликка ўхшаб туйилиши мумкин. Лекин темирни занг емириб адо қилганидай, миллат менталитети ана шу тарзда ўзгариб, янгиланиб кетади, асл ўзбекона хоссалар бир-бир йўқолаверади. Бир кун қарабсизки, Ўшдаги биз кўрган-билган, Шафоатхон ҳожи, Шоюнус қори, Маҳжурий домла каби уламолар давридаги ўзбекларнинг исми тамоман йўқ бўлиб, паторат топиб кетади, унинг ўрнини боягидай Ҳорису Самирлар эгаллайди. Бундай исмли болалар – биз билган, биз хоҳлаган Ўш ўзбекларининг авлоди бўла олмайди, буни хоҳламайди ҳам. Чунки исм, боя айтганимиздай, тилсим нарсадир, у кишининг руҳиятига, тақдирига таъсир қилади. Одамлар ўз исмига лойиқ феъл-атворга ўтади, шунга мослашади.
Ҳолбуки, ўзбекнинг тийнати асл. Парҳезкорлик, увол ва исрофдан қўрқиш, ноннинг ушоғини ҳам оёқости қилмай, ахлат яшикка улоқтирмай асраш, болажонлик, меҳр-оқибат, андиша ва ориятнинг кучлилиги каби инсоний фазилатлар бизга хос. Шундай экан, ўзгаларни эъзозлаб, ўзлигимиздан воз кечишимиз шарт эмас, асл одамий хислатларни улар керак бўлса биздан ўрганиб-ўзлаштиришсин. Бунинг шарти – ўзбекчиликни бузмай сақлаш, уни янада пойдор қилиб, бошқа элларга ҳам юқтиришдир.
Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ