ИНОМЖОН САИДОВ

МАЪРИФАТ ФИДОЙИЛАРИ

Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг: “Инсон тафаккурининг қуввати ва кенглиги аввало муаллим тарбиясига боғлиқ”, деган сўзи шу соҳа фидойиларнинг машаққатли, айни вақтда олижаноб фаолиятига берилган юксак баҳодир.

XX аср Ўш ўзбек маориф муҳити, миллий-ижтимоий, адабий ва маданий ҳаракатида фаол қатнашган сиймолардан бири Иномжон Саидов 1908 йилда Ўш шаҳрининг Шаҳидтепа маҳалласида зиёли оилада туғилган.

Отаси Сайиддин Ҳусаинов ўша даврдаги Ўш уезд бошқармасида мирза, яъни котиб бўлиб хизмат қилган. Сўнг то 1942 йилгача турли лавозимларда хизмат қилиб, эл ҳурматига сазовор бўлган.

Иномжон ака 1916 йили Ўшдаги рус-тузем мактабида таълим олди (бу мактаб кейинчалик машҳур «25-Октябрь» номини олган). Мактабни тамомлагач, шаҳарда ташкил этилган дастлабки пионер ташкилотида бош вожатий бўлиб меҳнат фаолиятини бошлаган. 1926 йили 9 ойлик ўқитувчилар курсини тамомлаган.

1927 йилда Ўшдаги 1-сонли «25-Октябрь» ўрта мактабига директор этиб тайинланди. 1935-1939 йилларда Сталин номли тўлиқсиз ўрта мактабга директорлик килди. 1939 йилдан 1944 йилгача шаҳар касаба уюшмаси, партия ташкилотларида маъсул ходим бўлиб хизмат қилди. 1944-1948 йилларда Ўш шаҳар партия комитети саноат бўлими мудирининг ўринбосари лавозимида ишлади. 1954-1956 йилларда Ўш вилоят саноат кенгаши раиси.

1956 йилдан 1982 йилгача Ўш шаҳар матлубот жамияти раиси, вилоят матлубот уюшмаси кадрлар бўлими бошлиғи каби маъсул вазифаларни сидқидилдан бажарди.

Иномжон Саидовни ҳукумат қайси лавозимга тайинламасин, ўша ерда ҳалол меҳнат қилди. Қаерда ишламасин, ҳамкасбларининг эҳтиромига сазовор бўлди. Иномжон Саидов намунали ходим, ташкилотчи раҳбар бўлиши билан бирга, оилада меҳрибон ота ҳам эди. У саккиз фарзандни вояга етказиб, барчасини олий маълумотли қилди.

Иномжон Саидов XX аср Ўш ўзбек маориф муҳити, миллий-ижтимоий, адабий ва маданий ҳаракатида фаол қатнашган сиймолардан бири эди. Унинг кўп йиллик ҳалол меҳнатлари эътироф этилиб, бир неча орден ва медаллар, шунингдек, СССР Олий Совети, Қирғизистон ССР Олий Совети ва ҳукуматнинг қатор фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган.

У қайси лавозимда ишламасин, ҳамиша маърифатпарварлик ғояларини ҳормай-толмай тарғиб этиб келган.

Маълумки, ҳеч қандай давлат, ҳеч бир миллат тараққиётини маънавиятсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Маънавият асосида фан, маданият, маърифат ётади. Маориф эса бу соҳаларнинг негизини ташкил этади. Ўқитувчилари, мактаблари, олий ўқув юртлари бўлмаган юрт ҳеч қачон ривожланган эмас. Инсон яратилганидан буён билимли бўлишга, атрофдаги олам сирларини ўрганишга, табиат бойликларини ўзлаштиришга интилиб келади. Билимнинг асоси эса мактабдан бошланади.

Иномжон Саидов Жанубий Қирғизистонда дастлабки замонавий билим ўчоғи бўлган «25-Октябрь» ўрта мактабида директорлик қилган. Мазкур даргоҳ Ўш шаҳридаги энг ибратли таълим масканларидан бири эди. Ўз даврида бу муассасада соҳада мактаб яратган, иш услублари мамлакат миқёсида оммалаштирилган улуғ инсонлар фаолият кўрсатган. Ушбу тарихий мактабда бундай фидойи педагогларнинг ўнлаб издошлари меҳнат қилгани қувонарлидир.

Иномжон домла сўнгроқ Ўшдаги  Сталин (кейинчалик Улуғбек) номли тўлиқсиз ўрта мактабда директорлик қилиб, мамлакатда кечган иқтисодий қийинчиликлар пайтида ва Улуғ Ватан уруши йиллари ёш авлодни мукаммал билим олиши учун фидокорона меҳнат қилди.

Кўпйиллик педагогик тажрибага эга бўлган Иномжон Саидов каби маърифат фидойилари бўлган устозлар ўша даврда шаҳримизда саноқли эди. Унинг ўзига хос маҳорати кўпчилик мураббийларга ибрат намунаси ҳамдир.

Шундай фидойи, жонкуяр устозлар бор экан, авлодлари ҳар томонлама баркамол, комил инсонлар бўлиб етишганлигига шубҳа йўқ.

Иномжон Саидов Ўш шаҳри ва умуман Жанубий Қирғизистонда юзлаб кадрларни тайёрлашда мураббийлик қилган инсондир. Педагог сифатида ҳам бир неча етук шогирдлар чиқарди. Унинг шогирдлари республикамизнинг барча вилоятларида профессионал ва касбий маҳорат сирларини бўлажак мутахассисларга сингдириш, уларнинг ватанпарвар бўлиб тарбияланишига, аждодларимиз миллий-маданий меросини ва умумбашарий ҳамда миллий қадриятларимизни чуқур хурмат қилиш ҳис-туйғуларини шакллантиришда тинимсиз  меҳнат қилиб, халқ маорифи равнақи учун муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.

Маориф фидойиси Иномжон Саидов 1984 йилда Ўшда вафот этган. Шаҳардаги ўзи яшаб истиқомат қилган кўча бугун у кишининг номи билан аталади.

Одилжон Дадажонов. Ўш

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг