ИККИГА АЖРАЛГАН ОДАМ
Иккига ажралган одам
икки баланд қирғоқда туриб,
дарёни кечиб ўтишга ундайди бир-бирини.
Иккиси ҳам чўкиб ўлишдан чўчиб,
сузиб ўтмайди дарёдан,
тушмайди бировнинг қайиғига ҳам.
Ўзанидан тошган дарё
иккига ажралган одам турган қирғоқни
шиддат билан боради емириб.
Аввал тўпиғи,
сўнгра белига қадар сувга чўккан икки кимса
кўксига муштлаб,
бир-бирига уқтиради дарғазаб бўлиб:
«Менинг ёшим улуғ,
ёнимга сузиб ўтишинг шарт…»
«Менинг бойлигим бисёр,
демак,
мен турган қирғоққа ўтиб кел дарҳол…»
Пешин маҳали дарё суви кўпайиб,
иккига ажралган одам
сувга чўкиб боради бўғзига қадар.
Лекин
аҳдидан қайтмайди иккиси ҳамон —
бир-бирини
ўзи турган соҳилга чорлайди тинмай.
Шом чоғида
уларнинг овози элас-элас қулоққа чалинади.
Иккига ажралган одам
бир бутун бўлмай,
неча замонлардан буён
бир-бирига уқтиради:
«Мен…»
«Сен…»
«Мен…»
«Сен…»
ЛАФЗИ ЖАЛОЛА
Товонимга
тикан кирди болалигимда,
оқсоқланиб-оқсоқланиб,
йиғлаб-йиғлаб кирдим уйга кўчадан.
Онамнинг бағрига ўзимни ташлаб,
оғриққа дош беролмай
инградим:
— Оёғимни…
оёғимни ерга боса олмаяпман,
нима қилай, она, нима қилай?..
Ранги-қути ўчган муштипар онамнинг
вужудига югурди тиканнинг заҳри.
Узун енги билан кўзёшимни артиб шивирлади:
— Оллоҳ, дегин, болам,
Оллоҳ, дегин…
Йигит ёшимда
йиқилдим қисматнинг қаттиқ зарбидан —
тиззамгача тупроққа ботиб,
қаддимни кўтара олмай,
мендан ҳам кўпроқ оҳ урган отамга
юзландим:
— Ўзимни ўнглаб ололмаяпман, ота,
кимга суяниб ўрнимдан турай,
арзи ҳолимни кимга айтай, ота?..
Тоғдайин ғуссани елкасига ортиб,
бир кечада сочи оқарган отам
кўнглимни кўтарди бошимдан баланд:
— Оллоҳ, дегин, ўғлим,
Оллоҳ, дегин…
Бир куни
этагимга олов чирмашиб,
қуриган оғочдай чирсиллаб-чирсиллаб,
бир уюм хазондай ловуллаб-ловуллаб ёниб,
оғамни чорладим:
— Дарёдан сув келтиринг, оға,
гулханни ўчиринг,
ёниб битяпман, оға,
ёниб…
Кўкка ўрлаган ўтни
ўчиришга қурби етмаган оғам
улоқтириб суви ярим бўлган челакни,
уқтирди
айланиб-айланиб гулхан теграсида:
— Оллоҳ, дегин, иним,
Оллоҳ, дегин…
Тошқин-тошқин дарё,
тўлқин-тўлқин дарё оқизди мени.
Гоҳи тош каби сув тубига чўкиб,
гоҳи сув юзида хас сингари қалқиб,
қирғоқда турган инимга қараб ёлвордим:
— Қўлларингни узат, укагинам,
чўкиб кетяпман,
чўкиб…
Иним соҳил бўйлаб югуриб-йиқилиб,
югуриб-йиқилиб,
оқиб бораётган оғасини қутқазишга кўзи етмай,
ҳайқирди бор овози билан:
— Оллоҳ, дегин, оғам,
Оллоҳ, дегин…
Шоир Авлиёхон Эшон ижодидан
Боткен вилояти, Арқа қишлоғи