МЕЗБОНЛАР

Олтмиш йилча бўлдиёв… учинчи синфда ўқир эдим, ҳар ҳолда. Аммамнинг ўғли Турғунбой акам шофёр эди, мени “УралАЗ” деган юк машинасида Помир тоғларига олиб бориб, томоша қилдириб қайтганини эслайман. Ўша пайтда Ўшда 2902 рақамли ҳарбийлаштирилган автобаза бўлар эди, унинг машиналари Бадахшонга, асосан Хоруғга юк ташир эди.

Тонг қоронғусида қайдасан Саритош, деб йўлга чиқдик. Машина орқасига бир ўқли прицеп тиркалган, тўла қилиб тахта ортилган эди. Тахталарнинг бир учи машина кузовида, нариги учи прицепнинг нарёғида. Қирқ биринчи, эллик биринчи километр деганлари ортда қолди. Йўл тобора юқорига ўрлаб боряпти, унга сари машина жонивор ҳам қийналиб, чириллаб кучанганича юк тортяпти. Гоҳо шундай кўтарилишлар келадики, машина кабинасидан аста тушиб, пиёда юрсангиз ҳам ортда қолмайсиз – улов қадамлаб юргандай секин илгарилаяпти.

Машина қизиб кетди. Хайриятки, сал ўтмай бир баландликдан ошиб, пастга туша бошладик. Машинанинг юки пастга тушишда ҳам қийнар экан.

Қарасам, тоғ дараси ичида оппоқ бўлиб сой шариллаб оқиб турибди. Сув бўйида қалин дов-дарахт ўсиб ётибди. Деворлари оппоқ оқланган, томи шиферли ёлғизгина бир уй бутун теварак атрофга жон киритиб тургандек.

Турғунбой акам ўша уйнинг қаршисида машинани ўчириб, кабинадан тушди. Мен ҳайрон бўлиб, у кишига эргашдим. Омонат кўприкдан ўтиб, бояги уй олдига яқинлашувдик, бир рус эр-хотин чиқиб келиб, бизни хурсанд кутиб олишди. Иккови ёлғиз яшайвериб зерикканигами, дарров уйга таклиф қилишди, думалоқ стол ёнига ўтқизиб, дастурхон ёзишди. Болалари шаҳарда туради шекилли, деб ўйладим. Ёшлари қирқ-қирқ беш чамали бу эр-хотин қишин-ёзин шу ерда яшаб, об-ҳавони кузатишаркан. Ҳар ой маълумот тўплаб, бир алоҳида дафтарга ёзиб, Фрунзе шаҳрига почтадан юборишаркан.

Аёл дарров овқатга уннади, унгача блинчик пиширган экан, ҳар биримизга алоҳида тарелкаларда қўйиб, ейишга қистади. Сал ўтмай, яна бир нима пишириб келди, компот қуйиб узатди. Ярим соатлардан кейин йўл чарчоғидан қутулиб, ташқарига чиқдик. Мезбонлар қайтишда яна кириб ўтишимизни тайинлай-тайинлай жўнатишди.

Саритошга етиб бориб, бир яланг жойда тахтани кутиб турган одамларга топширдик. Тушириб олишди. Трос билан машинага уланган прицепни эса, йўли бор экан, машина кузови ортига юклаб олдик.

Аммо қайтишда бояги мезбонлар олдига яна кириб ўтирмадик – кун кечлаб қолган эди. Тун яримда Ўшга кириб келдик шекилли. Мен йўлда ухлаб қолган эканман, эрталаб кун ёйилганда кўз очсам, сўрида ётибман…

Ҳозир аниқласам, Ўш билан Саритошнинг ораси 200 чақиримга етар-етмас экан, холос. Бироқ оғир юк, ўша замоннинг камқувватгина автомашинаси, судралгандай бўлиб тоққа чиқиб бориш, машина қизиганда тўхтаб радиатор сувини янгилаш туфайли тонг саҳардан тун ярмигача йўл юрибмиз…

Гап бунда эмас.

Қаранг, орадан олтмиш йилча вақт ўтибди. Тунов куни ўша олис болалик чоғимда қолиб кетган бу манзара лоп этиб кўз олдимда жонланиб қолса бўладими! Хотира шунақа нарса-ку.

Барибир, яна ўйладим, нега ўша мезбонлар – мен отини ҳам эшитмаган, умримда фақат бир марта, уям бўлса, ярим соатгина кўрган бу эр-хотин ўрислар ҳамон ёдимда турибди экан? Кўп эҳтимолки, улар аллақачон бу ҳаётга алвидо айтиб, тупроқ остида чириб ҳам бўлишгандир, чунки тирик бўлса, юздан ҳам ошиб кетган бўлишарди… ажаб, нимага унутмабман экан?

Ҳар куни худо берган ризқимизни тановул қиламиз, кўпи ёдимизда қолмайди, гоҳо кеча тушликда нима еганимизни ҳам унутамиз. Аммо нимага олтмиш йил аввалги ўша блинчиклар эсимга тушаверади?

Биз уларнинг уйига кириб, тушлик қилганимиз учун бир сўм ҳам бермаганмиз, аксинча, улар бизнинг атрофимизда гиргиттон бўлишган эди.

Нега?

Сабаби шуки, инсон боласининг табиати, асл тийнати яхшилиққа мойил бўлади. Яхшилиқ қиладиган одам шундан аввало ўзи завқ олади, ҳаётининг маъносини топгандек бўлади. Яхшилиқ қилгач, ўзи кўпроқ мазза қилади. Биров сиздан яхшилиқ кўрса-ю, эвазига миннатдор кўзлари билан бир кулиб қараса – гарчи сизни алқамаса ҳам, қўл очиб узун-узоқ дуо қилмаса ҳам, борингки, бир оғиз сўз айтмаса ҳам, юз-кўзидан мамнун бўлгани сезилса, яхшилиғингизнинг мевасини тераётган бўласиз ўша онда. Шоир Абдулла Орипов бу ҳақда шундай деб ёзган эди:

 

Дунёда кўп нарса унутилади:

Қашшоқлиқ, мартаба, қувонч, қайғулар.

Унутилиб борар муҳаббат дарди,

Унутилар йиллар, йўллар, туйғулар.

 

Қирқ йиллиқ адоват унутилар секин

Унутилар ҳатто юракдаги дарз.

Яхшиларнинг меҳри унутилмас лекин,

Унутилмас улар олдидаги қарз…

 

Одамлар авлод-авлод бўлиб дунёга келар, авлод-авлод бўлиб оламдан ўтар экан, бу дунёга аввало яхшилиқни мерос қилиб қолдиради. Яхшилиқ қолади одамдан. Бу мерос – отадан болага ўтадиган мол-мулк, ҳовли-жой, буюм ё бир сиқим ақча эмас, у кўпинча ўзи ҳам танимайдиган, эрта-индин бу “қарз”ини қайтармаслиги ҳам мумкин бўлган одамларга холисан, фийсабилиллоҳ қилинади.

Таъмасиз қилинган яхшилиқни дунёнинг энг улуғ мўъжизаси деса бўлади. Эвазига бир куни ўзига манфаат қайтишидан умидвор бўлиб, ёки ҳеч бўлмаса, савобга эга бўлиб, чин дунёда бунинг эвазига кўпроқ роҳат олиш умидида эмас, йўқ, шунчаки, яхшилиқ қилишни тўғри йўл деб билиб, таъмасиз қилинган яхшилиқ – яхшилиқларнинг энг афзали бўлса керак.

Кўчадан кириб келган одамларга уйидан жой бериб, овқату чой бериб меҳмон қилган, аммо бундан заррача манфаат кутмаган, азбаройи кимдир меҳмон бўлиб келгани учуноқ хурсанд бўлиб чақчақлашиб суҳбатлашган, бисотида борини дастурхонга ёйган бояги эр-хотин ўрисларнинг табассумдан ёришган юзлари ҳамон ёдимда. Ким эди бу мезбонлар, отлари нима эди? Степан Петровичмиди, Павел Ивановичмиди, ё бўлмаса, Клавдия Михайловнамиди, Софья Игнатьевнамиди… буни билмайман. Очиғи, уларнинг зурриёти бормиди ё йўқмиди, ҳатто буниси ҳам менга қоронғу.

Кичкинагина водийни яшнатиб, унга кўрк бериб турган бояги мўжазгина уйлари ҳалиям турибдимикин, ё нураб кетганмикин? Ким билсин! Бу эр-хотиндан болаларига (агар фарзанд кўришган бўлса) нималар мерос бўлиб қолган экан, уларга теккан нарсалар ҳозир ҳам бутун турибдимикин?

Шуларни билишимизга зарурат борми?

Йўқ. Аммо бошқа нарса шарт.

Улардан яхшилиқ мерос бўлиб қолди.

Бола-чақасигагина эмас, менга, сизга, ҳаммамизга. У – “фалончига” дейиладиган адресли мерос эмас, у ҳаммага, бутун оламга аталган.

Биз бировлардан яхшилиқ кўрамиз, кейин вақти келиб яна бошқаларга “эстафета” таёқчасини узатамиз, қўлимиздан келганича яхшилиқ қиламиз. Улар яна бошқаларга: етти ёт бегоналарга  – кимнингдир бирон ҳожатини битиришга ёрдам бериб, чанқаган кимсага бир пиёла сув тутиб, дилгир кишининг кўнглини кўтариб, йиғлаган болани овутиб… шу тариқа яхшилиқ қила берадилар, олам шу билан бир бутун, пойдор бўлиб илгарилайверади.

Ақли бутун, руҳи бардам одам яхшилиқ қилишга мойил бўлади.

Ёмон одам – руҳан касал, унга аввало ачиниш керак.

Яхшилиқ қил, дарёга ташла – балиқ билади, балиқ билмаса, холиқ билади, деган мақол бор. Чин. Зарра қадар қилган яхшилиғимиз ҳам Ҳақ таолонинг назаридан четда қолмайди. Аммо асл яхшилиқ бу дунё одамлари ичида ҳам унутилиб кетмайди. Орадан олтмиш йил ўтиб, мен эслаган яхшилиқ қилувчилар хоки туроб бўлиб кетган бўлса ҳам, эзгулиги йўқ бўлиб кетмади, эл ичида қолди, ушбу ёзганларим – бунинг исботи. Одам қилган яхши ишнинг, эзгуликнинг умри ўша одамнинг умридан узунроқ бўлади, тобора кўпаяди ва шу тариқа… олам мукаммаллашади.

Азиз дўстлар!

Ҳар биримиз умр йўлларида яхшилиқ қилган одамларга кўп дуч келганмиз. Йўқ, мен улкан қурилишларга бош бўлган, чўлларни обод қилган таниқли одамларнинг кўламли эзгу ишларини айтмаяпман, кундалик ҳаётда, оддий вазиятларда бир чимдим яхшилиқ қиладиган одамларга кўп дуч келганмиз-ку, ўшани айтяпман. Ўша ҳақда бизга ёзинг, уни шу сиз мутолаа қилиб турган “Оқбура” сайтида эълон қилайлик. Ўқиган одамнинг дилидан “Яхшилиқ яхши-да, барибир!” деган бир туйғу ўтсин. Савобли, эзгу, олижаноб ишларни оммалаштирайлик, ўшанда бу кўпчиликка ибрат бўлади, яхши амаллар кўпаяди.

 

Зуҳриддин Исомиддинов

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг