ИБРАТ КЎЗИ, АҚЛ КЎЗГУСИ

      Алихонтўра Соғуний 1885 йили 21 мартда Тўқмоқ шаҳрида ўзбек оиласида туғилган. Яқинда аллома таваллудига 140 йил тўлади. Анча йиллардан бери унинг “Тарихи Муҳаммадий” китобидан олган сабоқларим ҳақида ёзишни орзу қилиб юрар эдим, бугун мавриди келган кўринади.

“Тарихи Муҳаммадий”ни ҳар гал ўқиганимда муаллифга “ХХ асрнинг Имом Бухорийси” деб таъриф берилгани бежиз эмаслигига амин бўламан. Бу китоб ислом тарихи, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаёти ва фаолияти, йигирма уч йиллик нубувват даврида бошларидан кечирганлари, тўрт халифаси, саҳобаи киромлари ва бошқа мусулмонларнинг дин йўлида қилган хизматлари, мушрик ва куфр аҳлининг дастлаб қаршилик ва инкорлари, сўнгра тўп-тўп бўлиб исломни қабул этганлари, ажойиб-ғаройиб тарихий ва мўъжизавий воқеалар чиройли тарзда батафсил тасвирланган нодир асардир. Орифона бобомизнинг таъкидлашича, ҳар бир мусулмон боласи пайғамбаримиз, ислом дини, Муҳаммад алайҳиссалом, Қуръони карим тарихларини билиши, албатта, лозим

– Буюк устозимиз Алихонтўра Соғуний илму ҳикматнинг қироат, тафсир, ҳадис, фиқҳ, наҳв, балоғат, мантиқ, тиб, тарих, сийрат, жуғрофия, назму наср ва бошқа фанлар бўйича ҳам етук мутахассис бўлган, – деб ёзади шайх Абдулазиз Мансур.

Ушбу ноёб асар нашрига бош-қош бўлиш, масъул муҳаррирлик қилиш шарафи ҳам шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларига насиб этди.

Ёшлигидан Арабистонда таълим олган Алихонтўра Соғунийнинг шиори “Ёшликда эгалланган билим — тошга ўйилган нақш” эди. Азал-азалдан балою офат, ғурбат ва мусибатларнинг энг қаттиғи солиҳ кишилар бошига келган. У ҳам тақдири азалнинг зулму ситамларига дучор бўлди. Миллат, ислом йўлида озору кулфатларга бардош берди, сабр либосини ечмади. Динни инсон вужудига қўйилган омонат бир гавҳар деб билди, омонатга хиёнат қилмади.

1967 йили “Темур тузуклари”ни шогирди Ҳабибулла Кароматов билан бирга форсийдан таржима қилиб, “Гулистон” журналида нашр эттирганлиги чинакам жасорат бўлган. Зеро ғайриинсоний, ғайриисломий совет тузуми даврида Амир Темур тузукларини халқимизга тақдим этишга жазм этмак ҳар кимнинг журъати етадиган иш эмас эди.

У ислом табобатини ўргатиб кетган кучли табиб ҳам эди. Жумладан, “Шифоул илал”, яъни “Иллатлар шифоси” асарида икки юзга яқин касалликлар баёни, ташхиси ва даволаш усулларини берган.

Етук сиёсий арбоб Алихонтўра Соғунийнинг “Туркистон қайғуси” асарида халқимиз қандай қилиб босқинчиларга қул бўлиб қолгани ва қандай қилиб ватанни, миллатни асраш кераклиги чуқур сиёсий-ижтимоий мантиқ асосида мукаммал баён этилган.

“Туркистон қайғуси”нинг тўлиқ нашри буюк мутафаккир Алихонтўра Соғунийнинг кенжа ўғли Қутлуғхонтўра (Эдиқут) Шокиров томонидан тайёрланиб, 2020 йили Тошкентда “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компаниясида босмадан чиққан. Муаллиф қайғу билан: “Ҳар бир миллатнинг ҳақиқий онаси — у миллатнинг туғилиб ўсган, ота-бобосидан мерос қолган Ватанидир. Она Ватанни бошқалар тасарруфига қолдирмоқ — ватан авлодларининг кечирилмас оғир жиноятларидир, балки бу инсон ҳуқуқларига хиёнатидир”, деб ёзади.

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов шундай деган эди: “Дунёда улуғ инсонлар пайдо бўлса, бу ўша замоннинг эҳтиёжи туфайли пайдо бўлар экан. Ҳазрати Навоий дунёга келганларида, ижод қаламини қўлларига олганларида туркий тил ниҳоятда забун тилга айланган эди. Бу тилни шеърият юксаклигига кўтариш керак эди. Унинг қадр-қимматини кўтариш керак эди. Шундоқ бир тарихий бурч, шундоқ вазифа ҳазрат Навоийнинг зиммасига тушди. Ва Оллоҳ бизга шундоқ буюк инсонни берди. Мен ҳазрат Алихонтўра Соғунийни кўришга, озгина суҳбатларини олишга муяссар бўлганман. Ўйласам, у кишининг дунёга келишлариям Оллоҳнинг бизларга берган неъмати бўлган. Мусулмон халқини, туркий мусулмон халқларининг миллий озодлик ҳаракатини бошлаб бериш кимнингдир зиммасида бўлиши керак экан. Ана шу бурч Алихонтўра Соғуний зиммаларига тушган. Уйғуристонда бошланган ҳаракат Ўзбекистонда бизнинг ҳам кўзимизни очди. Ҳақиқатни айтиб, бир қанча бизга ўхшаган кишиларнинг ҳам кўзини очган”.

“Агар иккита чопоним бўлса, унинг янгисини бировга бергим келаверади”. Алихонтўра Соғунийнинг бу сўзларидан аёнки, у инфоқ-эҳсони кучли зот бўлган.

Инсоф аҳллари бир кун туз ичган жойига қирқ кун салом берса, Алихонтўра Соғуний минг кун таъзим қиладиган солиҳ инсон эканлигини ушбу изҳоридан ҳам англашимиз аён: “Ўзбек эли, айниқса, Тошкент аҳли қут-баракот киндигида яшайди, бу ерларга азиз-авлиёларнинг дуоси кетган, бунда ҳеч қачон очарчилик, қаҳатчилик бўлган эмас, бўлмайди ҳам, иншооллоҳ”.

Кенжабой отам раҳматли Алишер Навоийни илоҳий устозим деб биларди. Навоийни ўқисам, отамни кўргандай бўламан. Соғунийни ўқисам эса Навоийни кўргандек бўламан. Ибрат кўзим очилгандай, ақл кўзгусига қарагандай бўламан. Ўзингиз китобингизда қайта-қайта ёдимизга солгансиз: “Буни ўқувчилар фақирни дуоларида ёд қилиб қўйишларини умид қилурман”.

Дуодамиз, доимо дуо қилиб юражакмиз, эй пири комил бобомиз!

 

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг