ЎШНИ БИЛАСИЗМИ?

 Чанқоғимни қондирай деб,

Энгашгандим булоққа,       

Бирдан она ер ҳиди              

Гуппа урди димоққа…       

 (Турсунбой Адашбоев)

     Бир қарашда, “Ўшни биласизми?” – деган саволни Ўшликларга бериш ғалати. Чунки улар учун бундан осон савол йўқ. Ўзи туғилиб ўсган шаҳрини ким билмайди? Аммо кўчадан келган сувқувурдан сув ичиб, бозорга бориб олди-сотдиси – тирикчилигини қилиб, мачитга бориб ибодат – бандалигини бажариб юришдан иборатгина эмас-ку, ҳаёт… Бу шаҳар географиясини, тарихини, ўзига хос яна бошқа жиҳатларини биладиган Ўшликлар кўпми?

Шаҳримизнинг жануб ёғидаги улкан қорли тоғларнинг номи нима? Ҳаво очиқ кунларда элас-элас кўриниб қоладиган Арслонбобдаги улкан қоя нима деб аталади? Ўшнинг ўртасидан ўтадиган Оқбура сойи қаердан бошланади-ю, қаерда тугайди? Ёнгинамиздаги Обширотага бормаган, ҳатто шунақа жой борлигини эшитмаганлар қанча!

Мен олти йил аввал Исфанага йўл тортдим. Эҳ, бу йўлларнинг манзараси! Ҳаммамиз Иссиқкўл-Иссиқкўл деб суқланамиз, аммо кўлнинг суви уни кўркам қилиб туради, суви бўлмаса, унга бунча гўзаллик қаёқда? Бироқ Боткеннинг тоғларини кўрмабсиз – оламга келмабсиз! Бундай чиройли тоғлар! Йўллардаги майда бозорчалардаги анвои неъматларни айтинг! Қантак ўрик қоқисидан икки донасини оғизга солиб шиминг, асл лаззат нималигини ҳис этасиз! Ҳадеб “девзира”, “тоза гуруч” деявермай, ўша ерларда етиштириладиган чўнғора гуручидан ҳам ош дамлаб кўринг, паловхонтўра бунақа бўларкан-да, деб ўзингиз тан берасиз.

Исфаналиклар билан суҳбатлашгач, мен ўзимга ўзим: юрган эканмиз-да, ўзбекмиз деб, асл ўзбеклар – биздан чандон ортиқ ўзбеклар шулар экан, дедим, ҳавас қилдим. Улардан ўзбекликни, ўзбек бўлишни ўргангим келди.

Ўзганга боргандирсиз? Юртимизнинг энг қадимги бу пойтахтини, унда сақланиб қолган минораю уч мақбарани айланиб, теварагида ястаниб ётавериб, минг йиллардан бери чўкиб қолган ва ҳозир деярли тупроқтепага айланиб кетган эски шаҳристонларни кезиб, Имом Сарахсий ва Қиличбурҳон мақбараларини зиёрат қилиб, руҳингизни бир тозартиб олсангиз, бир бошқача енгиллайсиз, умр ўткинчи, одам фоний эканини ҳис этасиз.

Жалолобод шаҳрининг шундоққина кифтидаги пистазор боғларни оралаб тепага чиқиб, Айюб булоғининг сувини шимириб чанқоқни босинг. Бу шифо сув юрагингиз ташналигини қондиради.

Яна қай бирини айтайлик? Тугатиб бўладими уларни санаб?

Биз эътимод қиладиган Нақшбандия таълимотининг асос устунларидан бири “сафар дар ватан” деган қоидадир. Аввало ўзимиз яшаб турган ватанга сайр қилайлик. Аммо бу аллақайси бир жойга бориб, дарахт салқинида овқат пишириб еб қайтиб кел, дегани эмас. Ажабки, сафарга отлансак, энг катта ғамимиз таом ғамлаш бўлади. Йўқ, мақсад кўнгилни тўқлаш бўлсин.

Бинобарин, сафарга зиёрат қилиш мақсадида чиқайлик, таом учун эмас.

*     *     *

Хўш, йўлга тайёрмисиз? Энг аввало, ўзимиз ичадиган сув қаердан келади, Ўшни сероб қиладиган Оқбуранинг боши қаерда, шуни билиб олиш учун собиқ ипак комбинати ёнидан ўтиб, жануб сари йўл тортайлик. Зеро Ўшни йирик шаҳар қилган энг асосий омил ана шу Оқбура дарёси, унинг суви бўлмаса, бу жойлар кимсасиз тақир дашт бўлиб ётган бўлар эди.

Мен боя шаҳримизнинг жанубидаги қорли тоғлар номини сўрадим. Сабаби, бизнинг Оқбура сой ўша тоғлардан келади. Улар Попон, Кўкбел деб аталади, аслида эса Помир-Олой тоғларининг энг ғарбий учи ҳисобланади.

Она шаҳримизга Ўш деб ном берган нарса мана шу Оқбура дарёси бўлади. Эътибор қилган бўлсангиз, аҳоли яшайдиган жой номларининг келиб чиқиши аксар ҳолларда унинг ёнидан оқиб ўтадиган дарё ва сойларга алоқадор бўлади: Чирчиқ, Москва, Қорасув, Норин каби ўнлаб ва юзлаб шаҳарлар муайян катта оқар сув ёқасида барпо бўлгани боис, ана шу дарёнинг номи шаҳарга ҳам кўчиб ўтган.

Қадимги оташпарастлар дини бўлган Зардўштийлик эътиқодига кўра, тез оқадиган дарё ва сойларнинг илоҳи Ўахшо деб аталган. Бу сўзнинг туб маъноси “тошқин” бўлиб, Ўахшо ана шу тошқин сув маъбуди ҳисобланади. Абурайҳон Берунийнинг шаҳодат беришича, оташпарастлар бу маъбудни сув ичида яшайди, деб билишган. Ана шу Оахшо сўзи минг йиллар давомида сийқаланиб-силлиқлашиб(Ўахшо —> Ўхшо —>Ўхш —> Ў(х)ш —> Ўўш —>), бугунги “Ўш” шаклга келган (аммо бу дарё ўз номини шаҳарга берганидан кейин, бир неча асрлар ўтиб, ўзига ҳозирги Оқбура деган номни олган).

Тожикистондаги Вахш дарёсининг номи ҳам Оахшо деган сўздан олинган. Лисоний жиҳатдан, турли жойларда яшовчи, аммо бир динга эътиқод қилиб, унга хос мифология таъсирида ижтимоий онги шаклланган кишилар тошқин ва асов тоғ дарёсини, бири-биридан бехабар ҳолда, Оахшо (сув маъбуди) деб атаган бўлишлари мантиққа зид эмас. Кейинчалик бу сўз турли фонетик ўзгаришларга учраб, бир жойда у Вахш, бошқа бир жойда эса Ўхш номини олган бўлиши мумкин.

Бунга асослансак, Ўш шаҳрининг номи мазкур дарё номидан келиб чиққан бўлади. Кишилар талаффузида Ўш сўзи шунчаки икки ҳарф – икки товушдангина иборат бўлмай, “Ўўш” деб айтиладики, бу ҳам шаҳримиз номи қадимги Оахшо деган сўздан олинганини тасдиқлашга хизмат қилади.

Халқимиз  Ўшни Ўш пирим деб эъзозлайди. Пир сўзи бу ўринда диний-сўфиёна йўналишдаги раҳнамо одам деган маънода эмас, балки зиёрат қилинадиган жой маъносида келади.

Динлар тарихидан маълумки, кўпхудоликдан яккахудоликка ўта бориш жараёнида айрим уруғ ва қабилаларнинг худолари авлиё, пир даражасига тушади. Бироқ асосий худога эътиқод қилиш асносида янги динни қабул қилган оми одамлар аввалги “маъбуд”дан батамом воз кечишмайди, ундан ҳам мадад тилаб туришади.

Ўахшо —> Ўахш (Вахш) тангрисига Ўш водийсида ҳам қадимда қаттиқ эътиқод қилинган, тошқинлар вақтида унга қурбонликлар чалинган. Қурбон энг бурунги замонда бирон ҳайвон эмас, одамнинг ўзи ёки унинг бирон кишиси (фарзанди, қули ё чўриси) бўлган. Кейин бу қурбонлик бошқа бир жон эгаси (жонивор) билан алмаштирилган.

Ислом дини ўрнашганидан сўнг Ўахшо (Ўхш—>Ўш) деган тангри кишиларга у ёки бу ишларида мадад берувчи маҳаллий маъбуд деб, янада кейинроқ эса пир деб кўриладиган бўлган. Тошқин дарёлар маъбуди деб ҳисобланган Оахшонинг “Ўш пирим”га айланиш тарзи ана шундай.

Ҳар қандай йирик шаҳар катта бир дарё оқиб ўтадиган ерда бино бўлади. Ўшни обиҳаёт билан таъминлаб келадиган дарё Оқбурадир. Айрим энциклопедия ва бошқа маълумотномаларда унинг Оқбўйра деб ҳам аталиши келтирилган. Бу дарёнинг узунлиги 185 км. бўлиб, ҳавзаси 4500 кв. км.га тенг келади (аммо бу маълумот Оқбуранинг Попон сув омбори билан тўсилганидан аввалги даврга тааллуқли). Ушбу тоғ дарёсида баҳор-ёз мавсумида сув тўлиб-тошиб оқади. Йил бўйи ўртача ҳар сонияда 21 куб метрдан ортиқроқ сув ўтади. Статистиканинг хабар беришича, 1966 йил 12 июнда сел маҳали ҳар сонияда 250 куб метр сув оққан. Сойнинг асосий қисми – 60 км. га яқинида дарё чуқур дара ичида оқади.  “Ҳудудул олам”да Ўш дарёси Марказий Осиёдаги энг йирик 17 дарёсидан бири деб кўрсатилган

Агар Оқбура дарёсининг суви бормаганида Андижон шаҳри бино бўлмас эди. Чунки Андижон шаҳрининг асл ўрни ҳозиргидан ҳам чуқурроқда бўлган ва бу шаҳар ана шу чуқурликнинг тўлиши ҳисобига бино бўлган. Ҳар баҳорда Оқбура суви бир неча ойлаб қоп-қора бўтана бўлиб оқиб, ўз йўлидаги тупроқларни ювиб, улар билан Андижоннинг пастликларини, чуқурликларини тўлдира борган. Оқибат, ана шу оқизиқ туфайли Андижон шаҳри ўрни бир қадар текисланган, унумдор замин юзага келган. Айтиб ўтганимиздек, Оқбура дарёси етмиш километрли сув йўлининг асосий қисми – 60 км. га яқинида дарё чуқур дара ичида оқар экан, бу чуқур дара ўз-ўзидан юзага келмаган, балки юз йиллар давомида мазкур ўзандаги тош-тупроқларни ювиб, қуйига оқизган ва мана шу улкан ҳавзадаги юмшоқ, унумдор замин ҳисобига Андижон ўрнидаги чуқурлик тўлиб борган.

Бинобарин, унумдор Хоразм замини Амударёнинг бўтана суви билан борган лойқа туфайли, Бухоро шаҳрининг ўрни эса Зарафшоннинг оқизиқлари сабабли юзага келгани каби, Андижон шаҳри ҳам аслида Оқбура дарёсининг суви билан бирга борган тош-тупроқ устида барпо бўлган. Гарчи Оқбура сойи ўта узун дарёлар қаторига кирмаса ҳам, унинг баҳор-ёз ойларида нақадар тошқин солиб оққани ёдимизда. Бўтана сув бағрида нафақат тупроқ ва лойқа оқар, оқим шиддати туфайли юзага келган сувнинг бўғиқ гумбурлаши остида, ҳатто катта-катта тошлар бир-бирига қалдираб урилиб, сув йўли бўйлаб қуйига қараб сурилар эди. Ҳатто 1973 йилда, Попон сув омбори қурилиб, дами кесилмасидан салгина олдин Оқбуранинг сўнгги наъраларига гувоҳ бўлганмиз – ўшанда катта сув келиб, сой ўзанида турган юк ва енгил автомашиналарни бамисоли хас-хашакдай ўйнатиб, бир неча чақирим қуйига оқизиб кетган эди.

1980 йили сув сиғими 260 миллион куб метрлик Попон сув омбори қурилиб, ишга туширилгач, Оқбура тамоман жиловланди, унинг сувлари бошқа экин ерларини суғоришга олингани боис, эски ўзанида ҳозир озгина сув жилдираб оқиб ўтадиган бўлиб қолди. Сувнинг керак-кераксиз равишда ўзанида оқиб кета бериши ачинарли, албатта, бироқ дарё қирғоқлари тоза бўлиши, ҳар хил ахлат ва чиқиндиларга тўлиб кетмаслиги учун сувнинг тўлиб оқиши ҳам даркор экан – энди Оқбура дарёсининг киши кўнглини равшанлаштирадиган, одам қараб роҳат қиладиган тоза бирон-бир чақирими қолмади, ҳозир дарё бўйига билмасдан келиб қолиб, унинг аҳволини кўрган киши ранжидахотир бўлади.

Оқбура дарёси, Ўшликлар назарида, Танги деган жойдан бошланади. У Ўшдан қарийб йигирма чақирим жанубдаги икки улкан тоғ қояси орасидаги тор сув йўли бўлиб, Оқбура дарёси суви ўша жойда тоғдан шитоб билан отилиб Ўш водийсига тушиб келади. Дарҳақиқат, “танг” сўзи сўғд тилида – тор, қисиқ жой маъносини англатади.

(Оқбура дарёси Танги қисиғидан бошланади)

Аслида эса, бу дарё Попон сув омборидан эмас (у, ҳозиргина айтганимиздай, 1973 йилда ишга туширилган), Кичик Олой тоғ тизмаларидан бошланади. Кичик Олой тизмаларига мансуб Попон, Кўкбел каби тоғларни қоплаган қор ва муз сувларидан тўйинади. Аммо Тангидан Ўшга етиб келгунча Оқбуранинг суви ҳозир 15 та каналга тақсимланиб кетади. Улардан еттитаси дарёнинг ўнг ва саккизи чап томондан ўтказилган. Ўнг томондаги Хўжаариқ, Увом, Мўян, Яккалик, Жанубий деган каналлар, чап соҳилдан эса Аравон, Қайирма, Жўпас ва бошқа сув йўллари чиқазилган. “Аравон”, “Бешбўйноқ” (Жанубий) каби катта каналлар сабаб, дарё сувининг анчагина қисми Ўшнинг теварак-атрофидаги катта экин майдонларини суғоришга кетиб, учдан бир қисмигина Оқбуранинг азалий ўзанига ташланади.

Оқбура йўлида турли йилларда айрим кичик ГЭСлар ҳам қурилган эди. Жумладан, 1957 йилда ишга туширилган колхозлараро ГЭС ўша йиллари ўн учта колхоз ва Ўш шаҳри бир қисмининг эҳтиёжини қондирган.

Бу дарё ҳавзасидаги тотли сув 1956 йилдан бошлаб сувқувурга олинган ва дастлаб янги шаҳар (“Город”) аҳолисига етказиб берилган. Ариқлардан сув ичишга эса 1970 йилларнинг ўрталарига келиб бутунлай барҳам берилди.

Ана энди нима сабабдан Оахшо, кейинчалик эса Андижон рўди деб аталган бу наҳрнинг номи кейинчалик тамоман ўзгариб, ҳозиргидай Оқбура деб атала бошлаган, деган савол юзага келади. Бизнингча, агар дарёнинг асл номи бўйрадан келиб чиқмаган бўлса, у Оқ бура бўлади, яъни дарёнинг номи унинг ўзани йўлидаги энг катта географик объект бўлмиш Бура тоғи (Буракўҳ) номига боғлиқ равишда келиб чиқади. Бу ҳол ҳам мантиққа зид эмас, чунки тоғ дарёларининг суви оҳиста ва текис оқмайди, бир пайтлари пишқириб оқаётган бу дарёни оқ бурага – бўз тусли қўшўркач туяга қиёслаб номлаган бўлишлари ҳам мумкин. Одатда, тоғ дарёси тасвирланаркан, унинг мавжларини туя ўркачига менгзаб, “ўркач-ўркач тўлқинлар” дейилиши ҳам сўз санъатимизга хос ҳодисадир.

Ҳолбуки, бундан юз йилча муқаддам Оқбура дарёси долғали, исёнли, шиддатли ва ҳаётбахш эди, суви эса шоирлар айтганидак, “оби ҳаёт” эди:

Оқбура бундан роса юз йил муқаддам:

Ана энди бугунги Оқбура манзарасини кўрайлик:

 

 

Зуҳриддин Исомиддинов

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг