ҚЎЛДА ҚУРОЛ ВА ҚАЛАМ БИЛАН

БУЮК ҒАЛАБАНИНГ 80 ЙИЛЛИГИГА

Ноокен туманининг Моси қишлоғида таваллуд топган, бундан 83 йил муқаддам қаламни қуролга алмаштирган ва ғалабадан сўнг яна ижод билан машғул бўлиб, бир умр машаққатли, аммо фахрли журналистлик касбини ардоқлаб келган Сатимқул ака бу йил 101 ёшга кирган бўлар эди. Тиришқоқ, ҳаракатчан ва айтганини қиладиган бу инсон ўша оғир йилларда ҳам билим олишга, саводли бўлишга интилди. Мактабда ўқиш билан бирга, ўн олти ёшидан далада табелчи бўлиб ишлади. Колхоз идорасига маълумот топшириш учун келганда шу ерда тўпланиб қолган газеталарни ўқиб, мен ҳам мақола ёзсам чиқарармикан, деган ўйда ғаллакорлар иши ҳақида туман газетасига хабар ёзади. Юборган кичик мақоласи чоп этилди. Бу унинг руҳлантирди. Шундан сўнг умрининг охиригача қўлидан қалам тушмади.

Интилувчан бу йигит оиласидаги қийинчиликларга қарамай, сабр-тоқат билан меҳнат қилди ва журналист бўламан, деган аҳдида маҳкам турди. Вилоятда чоп этилаётган “Большевистик жол” ва ўзбек тилидаги “Большевистик йўл” газеталари билан алоқани мустаҳкамлади. Яна бошқа нашрларига турли мавзуларда хабарлар йўллаб, қалами чархланиб борди.

Мактабни тамомлаб, ҳаётдан ўз ўрнини топаётган бир пайтда юртга фашистлар бостириб кирди, уруш бошланиб кетди. Ўн саккиз ёшга тўлган Сатимқул Содиқов қаламни қуролга алмаштирди. Уруш олови айни қизиган 1943 йил уларнинг полки Воронеж вилоятининг Россош шаҳрига етказилди.

Сатимқул оға ўша йилларни хотирлаб шундай деган эди: “Воронеж фронтидаги Острогожск-Россош ҳарбий операциясини давом эттираётган аскарлар сафига биз ҳам қўшилдик. Қиш, изғирин совуқ авж олган бир пайтда аскарларимиз мардларча жанг қилиб, 27 январда немисларни анча чекинтиришди. Ғалабамиз ҳақида кўп газеталар хабар ёзишди. Бундан руҳланиб, Курск шаҳрини ҳам озод қилдик. Шундан кейин Дашт фронти жангчилари билан бирлашиб, 1943 йилнинг 23 август куни Харьков шаҳрини озод қилдик. Ўша йили сентябрда Украинанинг Суми шаҳри озод бўлди”.

1943 йилнинг 10 сентябрь куни Олий Бош қўмондон буйруғи билан ички ишлар қисмлари жанг майдонидан чақириб олиниб, мамлакатнинг Кавказ, Ставрополь ва Қрим худудларига ташланди. Бу 1944 йилнинг ёз ойларигача давом этди. Шундан сўнг то 1950 йилга қадар у Ростов-Дон, Анапа, Сталинград, Сочи каби шаҳарларнинг ички ишлар бўлимларида хизматда бўлди. Зиммасига қандай хизмат ёки вазифа топширилмасин, барчасини айтилгандан зиёда адо этди. Шу боис, Улуғ Ватан уруши жангоҳларида кўрсатган жасурликлари учун “Ватан уруши” ордени, “Жасурлиги учун”, “ Германия устидан қозонилган ғалаба учун”, “Ғалабанинг 30,40,50,60 йиллиги” медалари, шунингдек, маршал Г.Жуков, И.Баграмян номига чиқарилган медаллар, кўплаб кўкрак нишонлари билан тақдирланган.

Ҳарбий хизматдан қайтгач, Сатимқул оға тумандаги “Большевик” колхозида табелчи, Моси қишлоқ Советида котиб бўлиб ишлабгина қолмай, яна қўлига қалам олиб, вилоят “Сталинский путь”, “Ленинский путь”, марказий “Қизил Қирғизистон”, “Ленинчил жаш” ҳамда туман газеталарига турли мавзуларда янгиликлар ёзиб, ўша даврнинг энг фаол қишлоқ мухбирига айланди. У рус тилида ҳам ўз фикрини тўла баён эта олгани учун вилоят “Сталинский путь” газетасига ишга олинди, Сузоқ, Бозорқўрғон, Ленин (ҳозир Ноокен) туманлари бўйича мухбир бўлиб ишлади. Ўш ва Жалолобод вилоятлари бирлашгандан сўнг “Ленинский путь” ва “Ленин йўли” газеталарида катта мухбир вазифаларида меҳнат қилди. Бундан ташқари, меҳнат фаолияти давомида кўп йиллар тумандаги Москва ва Карл Маркс номли колхозларнинг кўп тиражли газеталарига муҳаррирлик қилди.

Сатимқул оға билан бундан 60 йил муқаддам танишганман. У биз, ёшларга газетачилик сирларини ўргатган, колхозларга, корхоналарга бирга бориб, мухбирлик сир-асрорларидан воқиф бўлганмиз. Вилоят газетасида ишларканман, Ноокен туманига борганимда Сатимқул акани топиб, керакли жойларга бирга бориб мақолалар тайёрлар эдик. Журналистлик инсонга шундай завқ берадиган касбки, агар мақоланг фалон газетада чиқибди десангиз, у еяётган овқатини ҳам ташлаб, ўша газетани қидириб топади.

Сатимқул оғанинг журналистлик фаолияти юртимиздаги нашрлар билан чекланиб қолмай, Қозоғистонда чиққан уйғур тилидаги “Коммунизм туғи” ҳамда Қорақалпоғистонда  чоп этилаётган “Эркин Қорақалпоғистон”, “Голос Арала”,” Нукусская правда”, “Аму тонги” каби газеталар билан ҳам алоқада бўлиб, мақолалари билан қатнашиб келди. Унинг Қозоғистонда ҳам, Қорақалпоғистонда ҳам журналист ва ёзувчи дўстлари кўп эди.

Қорақалпоғистон халқ шоири Толубой Қобулов у ҳақда шундай ёзади: “Умрининг 50 йилдан ошиғини журналистикага бағишлаган қирғизистонлик қаламкаш Сатимқул Содиқовнинг Қорақалпоғистонда ҳам дўстлари кўп. Мен ҳам унинг ғойибона дўстиман. Мен уни, у мени ҳалигача кўрган эмасмиз, бизни мактублар бирлаштирган. Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Ноокен туманидаги Моси қишлоғидан йўллаган салом хатлари орқали унинг меҳмондўст, одамшаванда инсон эканлигига ишондим. Қардошлик, туғишганлик бизни ажралмас дўстга айлантирди”.

Сатимқул аканинг ҳавас қилса арзигулик оиласи бор. Бу ибратли оиланинг ҳаёти ўзи бир китоб бўлгулик. Ҳарбий хизматдан қайтган оға қишлоғига келиб, ҳар йили пахта мавсумида 14-15 тонна пахта териб донғи чиққан Ўктамхон деган қизга уйланади. “Эрни эр қиладиган ҳам, қаро ер қиладиган ҳам хотин” деганларидек, Сатимқул оғанинг соғу саломат ишлаб, тўқсон беш баҳорни кўрганида Ўктамхон опанинг хизматлари беқиёс. Опа енг шимариб пахта даласида ишлади, пилла қурти боқди, меҳнатдан қочмади. Улар беш ўғил ва бир қизни вояга етказишди. Барчасини оилали, уйли-жойли қилишди. Оғани сўнгги йиллари зиёрат қилиб борганимизда невараю чевара ва эваралари 70 ошиб кетганини айтганди. Ўктам опа шунча фарзандни тарбиялаб эл каторига қўшиш билан меҳнат фронтида ҳам манман деган илғорлардан ўзиб ишлади. У икки марта Меҳнат Қизил байроқ ордени, уруш йилларидаги “Жанговар меҳнати учун”, “Ғалабанинг 40, 50, 60 йиллиги”, “Меҳнат фахрийси” медаллари билан тақдирланган. Икки бор Бутуниттифоқ Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмасининг қатнашчиси бўлди.

Сатимқул оғанинг ўғиллари Фозилжон билан Қаҳрамонжон ҳам Иттифоқ даврида орден ва медаллар соҳиби бўлишган.

Оғанинг уруш йиллари чеккан машаққатлари роҳат бўлиб қайтди. 2000 йили Ғалабанинг 55 йиллигида Москва шаҳрида Қизил майдонда ўтган Ғалаба парадида қатнашиб келди. 2013 йили меҳнат фаолияти давомидаги ижод намуналарини йиғиб “Карынын созун капка сал” деган китоб чиқарди.

– Шунча йил умр берган, садоқатли ёрни учратган, дориломон кунларга етказган бири-биридан ширин, меҳнаткаш, меҳрибон ўғил-қиз, набира-чевараларни берган, Оллоҳга беадад шукр айтаман, – деган эди биз билан учрашганда, – Оллоҳ юртимизда тинчлик-хотиржамликни барқарор қилсин, барчамизни яхши ниятларимизга етказсин.

Сатимқул оға 2019 йили 95 ёшида дунёдан ўтди. Унинг 90 ёшга тўлган юбилей йилида унга атаб шеър ёзган эдим.

 

Аржумандсиз бир дона

 

Тўқсон йиллик тўй баҳона уйлар тўлди меҳмона,

Қўлингиз кўксингизда, ғам-андуҳдан бегона.

 

Тонгдек оппоқ кўнглингиз, лабда ширин кулгингиз,

Ёшлардек ҳамон бардам, белда мўлдир дармона.

 

Ўтди, оға, не яхши-ёмон кун бошингиздан,

Қон кечиб жанггоҳларда ёвга бермай омона.

 

Журналистсиз уч тилда бетиним ижод қилган,

Англаб замон руҳини мослашгансиз даврона.

 

Қурол қилиб қаламни, кезиб ёруғ оламни,

Яхшини ҳам ёмонни қилдингиз хўп достона.

 

Камтарин, очиққўлсиз, одамий хислатга бой,

Элда қадр-қиммат топган аржумандсиз бир дона.

 

Бугун фориғ кўнгиллар не мушкулу ташвишдан,

Сурмоққа давру даврон келди, эркин замона.

 

Ўктамхон опа билан юз йил суринг даврона,

Авайлаб бир-бирингиз, бўлинг доим парвона…

 

Мўйдинжон  Абдумажидов,

журналист.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг