БИР ДЎППИ, БИР ЧОПОН

     Яқинда курсдош дўстларни йўқлаб Самарқанднинг Ургут шаҳрига  бордим. Аввало дийдор, қолаверса, қайтаётиб Ургутнинг машҳур бозорини ҳам бир айланишни ўйладим. Чопоннинг яхшиси, дўппининг зўри Ургутда бўлади, дейишган эди, сотиб олиб бир кияй, сабил қоладиган бу дунёда, деб ният қилган эдим.

Фурсат топилиб ўша бозорни ораладик. Эҳ-ҳе, нариги четига юра-юра ета олмайсиз, нарсаларни кўра-кўра улгуролмайсиз. Шунақа катта! “Гўрўғли” достонидаги Равшанхонга ўхшаб, “Қалпоқ бозори қайдадир?” дея сўраб жойини ҳам топдик. Ана номи чиққан дўппибозор, ёнида – донғи чиққан тўн бозори! Юзлаб ҳунармандлар ёйиб ташлашибди дўппини. Ўзлари ҳам реклама қилиб бошга қўндириб олишган. Чопон дегани-ку, уюлиб ётибди, Хитойдан юк ташийдиган баҳайбат, қорни осилган “фура”лар бор-ку, ана ўшаларга босиб олиб кетсангиз ҳам тугамайди. Ранг-баранг, хилма-хил!

Роса айландик. Сотувчилар ҳам теграмизда роса айланишди.

Аммо… биттагина дўппи ҳам сотиб ололмай, чопон ҳам харид қилолмай, бўш қўл билан, бўшашибгина чиқиб кетдик. Нимага, денг?

Одам киядиган эмас, кийса бадани яйрайдиган эмас бу матоҳлар! Бари ёлғон дўппи, қалбаки чопон, сохта “миллий либослар” бўлиб чиқди.

Тўннинг авраси ҳам астари ҳам Хитойнинг синтетик газламаси десак, унинг ичи – орага пахта эмас, “губка” солиб қавилар экан, яъни юз фоиз химиявий чопон. Ҳатто, “қавилган” десак ҳам хато, унинг қавиғи чеварнинг қўлидан чиқмас, машинада тикиларкан! Бунақа тўнни тонг саҳарда кийсангиз – совқоттиради, пешин кийсангиз – қиздириб, сув-сув терлатади. Касал бўлмоқчи бўлсангиз, сотиб олинг-да, кия беринг. Одамдан маникеннинг фарқи қанча бўлса, ҳақиқий тўн билан бу “чапан” орасидаги тафовут шунча.

Дўппилар-чи?

Бунда ҳам ўша гап. Бола чоғимизда онамнинг дўппи тикканлари ёдимга тушди: ингичка пўлат сим гирдига оппоқ қоғоз тасмачаси бураб ўралар, тасмалар ўша сим билан дўппи кизагидаги ораси бир миллиметр келиб-келмайдиган қатор қавиқлар ичига киритилар, сим тескари бураб чиқариб олингач, бояги қоғоз ўша жойида қоларди. Ҳозирги “дўппи”ларда эса қоғоз йўқ, бахялар орасига балиқ тутадиган “леска” шнур бор-ку, ўша шундоқ киритиб қўя қолинаркан. Демак, бу дўппининг ҳамма ёғи синтетика. Ичи ҳам, сирти ҳам, ҳатто ўртаси ҳам! Фанердан ясалгандай қаттиқ, чертсангиз тақиллайди. Устига бир чойнак чой қўйинг, қилт этмай кўтариб тураверади. Аммо бу “дўппи”ни бош кўтара олмайди, кўп кийган одам ҳасталаниб қолиши турган гап. Тепаси ва ёнидаги ипак гулларни ҳам, компьютерли автомат “стандарт” қилиб бир лаҳзада тикиб ташлаган.

Илгари ҳар бир ўзбек йигити ўз бошида бир санъат асарини кўтариб юрарди – дўппидўз аёл оппоқ ипак қатимини юз-юзлаб марта чатиб, тепадаги “қалампир” ва кизак теварагидаги “мўнчоқ” нақшларни тагликка тиккан, яъни ҳар бир дўпининг ҳар бир нуқтаси қўлдан ўтиб, санъат асарига айланган. Шу сабабли, ҳатто бирон жувоннинг кетма-кет тиккан иккита дўпписи ҳам бир-бирига тўлиқ ўхшамас эди. Қўл ҳунари, санъат асари! Қолаверса, ҳар бир вилоятнинг, ҳатто ҳар бир туманнинг ўз дўпписи бўларди: Андижон дўпписи, Марғилон дўпписи, Қўқон дўпписи, Ўш дўпписи, Чуст дўпписи, Шаҳрисабз дўпписи, Каттақўрғон дўпписи… Болалар учун таглиги яшил ё кўк тусли, гуллари сариқ, яшилу пистоқи дўппилар, катталарнинг қора тагликка оппоқ ипак билан нақш солинган дўппилари…

Манов дўппиларнинг гули эса обдон чиройли, аммо ҳаммасининг гулли бир хил – “конвейер”дан чиққан. Уларни санъат асари деб бўладими?

Бир пайтлар “социалистик реализм” асари шаклан – миллий, мазмунан – социалистик бўлади, деб ўқитишарди. Энди бу догмалар аллақайси гўрда қолиб кетди. Бироқ манов чопону дўппиларни қарасанг, ўша таъриф беихтиёр ёдингга тушади. Чунки булар ҳам шаклан – “миллий”, аммо мазмунан… ҳеч.. Уларни “ўзбек либоси” деган киши янглишади.

Совет замони миллий ҳунармандчилигимизни йўқотишга обдон уринди. Шойи тўқувчилар, чеварлар, ковушдўзлар, бешикчилар, кулоллар, гиламдўзлар… ҳаммаси таъқиб қилинар эди. Одамлар уйидаги бирон хона ичида яширин хона қурволиб, ўша нимқоронғу, зах жойда атлас тўқирди. Худди жиноятчи каби, яширинча сотар эди. Дўппифурушларни мелиса ушлар, маҳсидўзларга кун бермас эди.

Беқасам чопонлар, банорас, мисириш тўнлар паторат топди. Кўкқарға шойи белбоғлар гирдига арабча ёзувда келиштириб байт ё оят битадиган қиз-жувонлар бу ишини ташлаб, “фабриканинг йўлида рўмолча топиб оладиган” бўлишди. Одамлар пальто кийишга ўтди, кимнингдир эгнида тўн кўрсак, азадор экан, дейдиган бўлиб қолдик.

Ҳозир-чи? Миллий санъатга, ҳунармандликка йўл катта очиқ. Ҳукумат қарийб чорак асрдан бери миллий ҳунармандчилик ривожи учун кўп чоралар кўрди. Ҳунар аҳлига бериладиган имтиёзлар йилма-йил яна кўпайтириляпти, бу ўринда уларнинг ҳаммасини бирма-бир айтиб тугатолмаймиз.

Бироқ ҳатто ўша истибдод замонида ҳам бир амаллаб жон сақлаган ҳунармандчилигимиз нима сабабдан бугун паторат топаяпти? Нега тобора юпқалашиб, хира тортиб, омонат нарсага айланиб қоляпти ўзбеклигимиз? Қани Ўшнинг машҳур сетора дўпписи, яхтаклари, пиёзи чакмонлари, қора сатин ва мисириш тўнлари?

 

Ҳамма айбни “олабўжи глобаллашув”га, бозор иқтисодиётига тўнкаб осонгина жавоб топиб қўя қолиш қийинмас. Чунки бундан ҳечким хафа бўлмайди. Бироқ бизнингча, бунинг сабаби, уста ва устазодаларга енгиллик, имтиёз бериш баробарида улардан иш сифатини унча талаб қилмаётганимиз, санъат деб саноатни пеш тутаётганликларига индамаётганимиз, қўл ҳунарини барбод этаётганликларини кўриб туриб кўз юмаётганимиздир?

Ҳунарманд биродарларимиз бу имтиёзларни шунчаки “енгиллик” деб эмас, балки ўз санъатларини, ижодий имкониятларини рўёбга чиқаришга даъват, инъом деб билсалар яхши бўлар эди. Шундай тушунаётганлар ҳам йўқ эмас, бор. Масалан кулол усталарнинг сопол лаган ва офтобаларига қараб кўз қувнайди, миллий пичоқчилик янада равнақ топяпти.

Аммо баъзи ҳунармандлар ўз маҳсулотларини киши соғлиғига зиён етказадиган материалдан ясаб, ёки шундай нарсаларни қўшиб тайёрлашига индамай қараб турибмиз. Ҳолбуки, бу “индамай қараб туриш” ўшандай қилвириликларга янада каттароқ йўл очиб беради. Халқ амалий санъатида химиявий материалларга мутлақо ўрин бўлмаслиги керак. Ўта қалин, этаги ерда судраладиган, авра-астари синтетик чопонни ким кийиб кўчада юра олади? Чопону дўппи ҳам майли, ҳатто бешикларнинг локли бўёқ билан бўялиши, тувак ва сумакларни пластмассадан ясаш, мурғак гўдак ётадиган кўрпача ва гаҳвораларни сунъий матолардан тикиш каби сирти ялтир-юлтир, чиройли, лекин боланинг соғлиғига зарари нақд бўлган қаллобликлар бор. Улар болани кўп терлатади, терини шиммайди, оқибат, тез шамоллайдиган қилиб қўяди. Бунақа учармахсум косибларнинг асосий мақсади ҳунар эмас, унар – пул топиш бўлиб қолган. Қандай қилиб бўлса-да.

Уларни тийиб қўйиш учун бозорда биров-ярим косибни инсофга чақириш ёки битта-яримта мақола ёзиб, айблаб ўтириш кифоя эмас. Фойдаси йўқ. Бирдан-бир чораси – ўшандай нобоп маҳсулот чиқарган “уста”лар ишини рағбатлантирмаслик. Яъни, қўл ҳунармандчилигида сунъий ва синтетик ашёлардан нарса тайёрланмаслигидан келиб чиқиб, ундай моллар киши соғлиғига зиён етказишини ҳисобга олиб, қаллоб ҳунармандларга ҳарқандай солиқ имтиёзларини жорий этишни тўхтатиш керак. Бу чора миллий ҳунармандчилигимизнинг равнақига зиён эмас, наф келтиради.

Банорас, қора ва кўк сатин, беқасам, абрашим ишлаб чиқаришни яна йўлга қўйсак, турларини кўпайтирсак, ишонинг, одамлар яна қулай, юмшоқ, чиройли чопон кийишга ўтади, баҳордан то кузгача бошидан дўппи тушмайди. Шамолламай, соғлиқлари яхшиланади.

Кўрганим шу бўлдики, Туркманистонда мактаб ўқувчиларининг барчаси дарсга дўппи кийиб борар экан, ўқитувчилар ялангбош болага сабоқ бермас экан. Ахир, туркманнинг чўгирмаси бор, дўппи эса ўзбекники эмасмиди?

Атрофга ҳам бир қараб қўяйлик. Қирғиз элида оқ қалпоқ бениҳоя эъзозланади, ҳар йили 5 март куни “Оқ қалпоқ куни” деган байрам нишонланади. Мамлакат миқёсидаги ҳарқандай тадбирларда давлат раҳбарлари, министрлар, оддий халқ вакиллари – деярли ҳамма албатта қалпоқ кийиб қатнашади. Қалпоқ киймаслик айб саналади.

Оқ қалпоқ турли уруғлардан иборат қирғизларда миллатни бирлаштирадиган, аҳиллаштирадиган табаррук нарсага айланди. Ватанини, юртини севган, эъзозлаган ҳар бир қирғиз оқ қалпоқ кийиши шарт деган тушунча қарор топган. Ҳатто чет элларга хизмат сафарига борган шоирлар, шифокорлар, давлат арбоблари ҳам бошига оқ қалпоғини мағрур қўндирган ҳолда маъруза қилади, тадбирларда қатнашади. Биздагилар эса, ярғоқ тепакал бўлса ҳам, ялангбош, галстук тақиб, чет элликлар “маданиятли экан” десинлар, дея ўлиб-тирилиб уринаберишади!

Ўн йил аввал қирғиз шоири Тўқтағулнинг шеърлар китоби олти туркий тилда чиққани муносабати билан тақдимотини ўтказиш учун Бокуга бордик. Озар, қирғиз, ўзбек, туркман ва турк таржимонлари – ҳаммамиз “европача” кийинганмиз, фрак-смокингимиз йўқ, холос. Биргина қозоқ таржимони, профессор Темирхон оға Тебегенов қозоқча кўк чопон, бошига қалпоқ кийиб олган. Бизга биров қарамади, элнинг кўзи қозоқ оғамизда бўлди.

Ҳолбуки, қўшни элларнинг либослари ўзбекнинг энгил-бошига тенглаша олмайди, бизнинг чопону дўппимиз ҳаммасининг ичида ярқ этиб ажралиб туради. Ҳатто оддийгина қора сатинли қавима тўн ҳам. 1978 йилда Ўзбекистонга келган машҳур боксчи Муҳаммад Али шу оддий ўзбек тўнини, ўзбек дўпписини ёқтириб кийган, елкасига зардўзи чопон ёпганларида эса хушламай, совғаларини унга ўраб, машина юкхонасига ташлаган.

Мустақил эл ўз миллий кийимини кияди. Қарам бўлган, ҳали ҳам ўша қарамлигида турган қул халқ ўзининг хожалари нимани кийса, ўшани ўзига зўр шараф деб билиб, фахр билан эгнига илади, бошига қўндиради. Ўзлигимизга қайтиш вақти келмадими, ахир? Ҳеч ким дўппингни еч, қалпоқ кий, деб мажбурламайди, балки ялтоқи кимсалар ўзлари “интизомли шогирд” бўлиб кўринишни истаб, шунга интилади, меҳмонларга дўппи эмас, қалпоқ совға қилишни ўзига мартаба деб билади.

Ўз миллий либосидан воз кечган эл ичида мангқурт кўпаяди. Мангқурт замонавий одам бўлиб кўринади-да. Ўшанақаларнинг касрига халқ ўзлигидан воз кеча-кеча, миллат сифатида йўқолиб кетишга ўзини маҳкум этади.

 Зуҳриддин Исомиддинов

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг