“Оқбура” сайтининг муҳтарам мухлислариГА!
Эртага, 19 февраль куни, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси (Тошкент)да ватандошимиз, таниқли ўзбек шоири Авлиёхон Эшоннинг “Очун” деб номланган тўплами тақдимоти ўтказилади. Шеъриятда ўз йўлига, ўз услубига эга бўлган Авлиёхоннинг мазкур китоби ўзбек адабиётидаги сезиларли воқеа бўлди, деб эътироф этиляпти. Китоб ҳали ўқувчилар қўлига етиб бормаганлигини ҳисобга олиб, унга кирган шеърлардан айримлари билан сиз азизларни баҳраманд этишга қарор қилдик.
* * *
Ойнинг толасини йигириб ҳурлар,
Беланчак боғлашар ёлғиз дарахтга.
Ишқ номли чашмадан сув тутгай улар –
Борлиқ юзларини чаяди бахтга.
Заррин пиёладан қуйилади май,
Ҳар битта ғунчанинг ол дудоғига.
Атиргул ифорин улашмоққа шай,
Сархуш учаётган қуш димоғига.
Қирдан эниб майин эпкинлар келар,
Оғочлар олқишлар бири-бирини…
Дил алҳол қайтадан чизмоқчи бўлар,
Ишқ деб шивирлаган олам тарҳини.
Осмон нур узатар, маҳкам боғлайсан –
Қалб ила туташган пок ришталарни.
Кўзларингни юмиб яққол илғайсан,
Беланчак тебратган фаришталарни…
Авлиёхон Эшон