НАВОИЙ ГУЛШАНИ ИЧРА
Юз жафо қилса манга, бир қатла фарёд айламон,
Элга қилса бир жафо, юз қатла фарёд айларам.
Хорижда ватандошлар билан ҳамкорликни ривожлантириш учун Ўзбекистонда «Ватандошлар» жамоат фонди ташкил этилган. Жамғарма дунёнинг юзга яқин мамлакатида истиқомат қилаётган 10 миллиондан ортиқ ватандошлар, улар ташкил этган 170 дан ортиқ маданий марказларни қўллаб-қувватлаш вазифасини адо этароқ, қардош мамлакатларда бир қатор тадбирлар ўтказилиб келмоқда.
Ушбу фонд ғазал мулкининг султони, давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллигига бағишланган ижодий ишлар танловини эълон қилди. Танлов “Назм”, “Наво”, “Саҳна ижодкорлиги”, “Иншо” ва “Тасвирий санъат” йўналишларда ўтказилди.
“Ватандошлар” жамоат фонди бошқарув раиси Одилжон Сатторов бошчилигидаги делегация танловда ғолиб бўлган иштирокчиларни табриклаш ва тақдирлаш учун Ўш шаҳрига ҳам ташриф буюрди. Танловда қирғизистонлик ватандошларимиздан М. Йўлдошева, А. Турғунов, О. Саибжонова, М. Алиматова, З. Нўъмонова, М.Қурбонова, З. Жўраевалар фахрли ўринларни қўлга киритдилар. Ўзбек миллий-маданий марказининг жанубий ҳудуд бўйича раиси Одилжон Отажоновнинг айтишича, мазкур фонд сўнгги икки йил давомида Қирғизистонлик ватандошларимиз учун жуда кўп лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Икки давлат орасида дўстлик кўприги сифатида олиб бораётган ишлари таҳсинга лойиқлигини таъкидлади.
Тадбир Ўш шаҳрининг “Алишер Навоий” истироҳат боғида жойлашган Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш маросими билан бошланди. Унда Ўш шаҳрининг мэрияси вакиллари, адабиёт ўқитувчилари ҳамда меҳмонлар жам бўлишди. Маросимдан сўнг иштирокчиларга Бобур номли Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театри ташкиллаштирган “НАВОИЙ ГУЛШАНИ ИЧРА…” деб номланган концерт дастури тақдим этилди. Концертга Ўзбекистондан ташриф буюрган хонандалар ҳам қатнашдилар. Сўнг юқорида эслатилган танлов ғолиблари сертификат ва совғалар билан тақдирланди.
Меҳмонлар шу куни тушдан кейин Ўш шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги 43-ўрта мактабида шоҳ ва саркарда, беназир шоир, жаҳон илм-фани ҳамда маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшган Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 540 йиллик таваллуд кунига бағишланган “ШОҲЛИК ШИДДАТИНИ КЕСГАН ШОИРЛИК” мавзуида адабий-мусиқий кечага ташриф буюрдилар.
Тадбир мактабда Бобурнинг бюстини очилиши билан бошланди. Халқаро Бобур фондининг Қирғизистон бўлими раиси, ёзувчи Бегижон Аҳмедовнинг айтишича, бу йил буюк сиймоларга эҳтиром ҳар доимгидан бошқача шукуҳ билан ўтмоқда. “Айниқса, Қирғизистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи, мумтоз адабиётдан ярим асрки дарс бериб келаётган Илтифотхон Отахонованинг ташаббуси билан 43-ўрта мактабдаги Бобур мирзонинг бюстининг тайёрланиши алоҳида таҳсинга лойиқ”.
Мактаб директори Феруза Содиқованинг айтишича, мактабда ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларининг навбатдаги семинари ҳам бўлиб ўтмоқда. “Камтарин меҳнатларимизни қадрлаб ташриф буюрган барча меҳмонларга таъзим бажо этамиз. Рассомимиз Азизилло Аҳмедовнинг хизматлари ўлароқ, мактабимизга файз кирди. Ўзбекистонлик дўстларимизнинг ташрифидан бошимиз кўкка етди”.
Шу куни пешиндан кейин “Жаннат” ресторанида “Қирғизистон ўзбек адабиёти антологияси” китобининг тақдимоти ўтказилди. Тошкентда нашр этилган бу китобга Қирғизистонлик етмиш беш нафар ўзбек ижодкорларининг асарларидан намуналар киритилган. Адабиётшунос олим, “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти раиси Зуҳриддин Исомиддинов қирғизистонлик ижодкорларни табриклаб, китобларни совға қилди.
Умида АҲМАД, Ўш.