Очилмаган япроқлар

Қалби мудроқ ўқитувчилар ва бефарқ ота-оналар ўзларидан яхшироқ бўлган авлодни тарбиялай олмайди.

Қирғизистонда таълим тизимининг аҳволи жуда мураккаб аҳволда. Ўзбек тилида ўқитиладиган мактабларда вазият икки карра оғир. Совет Иттифоқи тарқагандан бери таълим тизимида амалга оширилган ислоҳотлар ўзини оқламади. Болаларимизнинг эркин, соғлом ва бахтиёр бўлиб ўсишидек олий мақсадга элтадиган тўғри йўлни ҳамон топмадик.

Ўқувчилик (1973-83 йиллар) ва ўқитувчилик қилган даврларимда (1990-1993) бўлиб ўтган воқеаларни эсласам, баъзида уяламан, гоҳида айрим одамлардан нафратланиб кетаман. Чунки аввало ота-оналар, кейин ўқитувчиларнинг хатолари сабабли юзлаб, минглаб истеъдодли ёшлар ҳаётда ўз ўринларини топа олмадилар. Аксинча, ўзларини йўқотиб қўйдилар. Қанча-қанча ёшлар жиноят йўлига кирди, ароққа ружу қўйди, баъзилар ҳатто ўз ширин жонларига суиқасд қилишди. Бу ҳолат ҳамон давом этмоқда. Кўпчилик “педагоглар” бу ҳақиқатни тан олишни исмайдигина эмас, бу ҳақда ўйлаб ҳам кўришмаган.

Мактабда турли орзулар оғушида юрган пайтимиз яқин дўстим билан синф раҳбаримиз ҳузурига кирдик. Минг ҳижолат билан (у пайтлар ўқитувчи билан алоҳида гаплашишга ҳамма ҳам журъат қилолмасди), орзуларимиз ҳақида айтдик, уларга етиш учун нима қилиш кераклигини сўрадик. Бу суҳбат биз учун жуда-жуда муҳим эди. Мен – ўзим севган китоб қаҳрамони каби архитектор бўлишни, дўстим эса актёрликни орзу қилардик. Ўқитувчимиз бир соатча мен билан гаплашди, кўп маслаҳатларни берди, ҳатто ўқишга киришимга ёрдам беришни ваъда қилди. Дўстим учун эса 1-2 жумладан ортиқ сўз топмади. Асли илиқ сўз ва рағбат, амалий маслаҳатлар унга кўпроқ керак эди. Чунки мен ўзига тўқ оиладан, дўстим эса қўли юпқароқ, кўп болали санъаткорлар оиласидан эди. Устознинг бундай муносабати менга жуда ёмон таъсир қилди, ўзимни дўстимга ҳиёнат қилгандай сездим. Дўстим ҳам қаттиқ ҳафа бўлди. Хонадан қалбларимиз чил-парчин бўлиб чиқдик. Орзуларимиз ҳақида ўқитувчимизга бошқа оғиз очмадик. У ҳам сўрамади.

Мактабда турли асарларни саҳналаштирар эдик. Бирор марта дўстимга роль таклиф қилинмади. Ваҳоланки, у чинданам жуда истеъдодли бола эди. Бир неча мусиқа асбобида ўйнай олар, турли ролларга кириб, ҳаммани кулдириб юрарди. Лекин эплолмасам ҳам (жуда тортинчоқ эдим), қобилиятим бўлмаса ҳам менга доим асосий роллар бериларди. Чунки у пайтлар ҳар бир синфда битта-иккита “танланган” ўқувчилар бўлиб, ҳамма нарсага ўшалар балогардон бўларди. Айниқса, менга ўхшаган синфқўмлар. Ҳозир ҳам шундай бўлса керак.

Мактабдан сўнг минг қийинчилик билан Тошкент политехника институтининг архитектура факультетига ўқишга кирдим. Икки йил ўқигач, касбни нотўғри танлаганимга амин бўлдим. Ўқишни ташлаб, университетга, тарих факультетига кирдим. Мактабга келгачгина қалбим амрига мос иш шу эканини, болалар билан ишлаш – жони-дилим эканини тушундим. Балки, мактабда касбга тўғри йўналтирилганимда икки йил вақтим бекорга ўтмаган бўлармиди? Тўғри, мактаб директори Рудольф Андреевич мактабда қолишни таклиф қилган, сиртдан ўқишга киришга ҳам ёрдам беришини айтган, лекин мен кўнмагандим. Дўстим 8-синфни битириб, ҳунар-техника билимида ўқиди. Пайвандловчи бўлди, трактор минди, устачилик қилди. Ҳаётда ўрнини топа олмай, ичкиликка ружу қўйди. Бора-бора ароқнинг қулига айланди.

Яна бир мактабдошим жуда яхши ҳикоялар ёзарди. Лекин жуда уятчан бўлиб, ёзганларини бировга кўрсатмасди, кулги бўлишдан қўрқарди. Бир ҳикоясини минг андиша билан адабиёт ўқитувчисига кўрсатади. У болани мақтайди, лекин бирор амалий кенгаш бермайди. Камига боладан сўрамай-нетмай ҳикояни деворий газетада чиқаради. Ёш ижодкор учун бу оғир зарба бўлади. Қалбининг тубига асраб-авайлаб келаётган сири бутун мактабга ошкор бўлгани етмагандай, ўзи қўрққан нарса содир бўлади – кўпчилик болалар уни ”ёзувчи” деб калака қила бошлайди. Шу-шу бола қўлига бошқа қалам олмайди. Ўқитувчи эса, “ўўў-ўл, яхшиликни билмаган”, дейди-да, мавзуга нуқта қўяди. Ваҳоланки, пишиққина ёзилган ҳикоя боланинг катта келажагига далолат қиларди.

Бошқа туман ва вилоятлар мактабларида ҳам вазият деярли шундай бўлган. Ёши олтмишдан ошган жуда истеъдодли бир танишим бор, аёл киши. Қўшни тумандан. Касби бўйича рассом, қўли ширин ошпаз, гулларни, умуман гўзалликни чуқур ҳис қилади ва севади. Бир куни суҳбат орасида болалигида актёрликка жуда қизиққанини айтиб қолди. Нега шу касбга ўқимаганини сўрадим. Жавобини эшитиб, жуда кўнглим бузилди. Бошланғич синфда ўқиётган пайтида ўқитувчи болаларга анъанавий “ким бўлмоқчисан”, деган саволни беради. Навбат опага келганда у худди ўқитувчиси шу тобда тилагини осмондан олиб, унинг қўлига топширадигандек, қувонч биан актриса бўлиш орзусини айтади. Шунда ўқитувчи, “ие, қоп-қора қиздан ҳам актриса чиқадими”, деб кулади. Синфда кўтарилган кулгудан қизчанинг порлоқ кўзлари сўниб, жиққа ёшга тўлади. Битта жумла билан “педагог” мурғак қалбда ниш уриб келаётган орзуни тупроқ билан қориштириб ташлайди.

Синфимизда ўқиши яхши, бироқ шўхроқ бир бола бўларди. Жуда кўп китоб ўқирди, шу сабаб бўлса керак, нутқи равон ва катталар каби мулоҳаза ва пишиқ жумлаларга бой бўларди. Бундан ташқари у жисмонан бақувват бўлиб, яхши муштлашар эди, кучсизларни ҳафа қилмас, аксинча ҳимоя қиларди. Математикани яхши биларди. Қобилиятларини ўзига англатиб, тўғри йўналиш берилганда у таниқли спортчи ёки кучли адиб, жилла бўлмаса, яхши ўқитувчи бўлиши мумкин эди. Ахир нотиқлик – ноёб истеъдод, бу неъмат одам учун ҳар қандай эшикларни очиб бера олади. Бугунги кунда жаҳон миллионерлари қаторида минглаб гўзал нутқ эгалари ҳам борлиги бежиз эмас. Лекин синфдошим ўқитувчилар эътиборидан четда қолди. Ота-оналари оддий деҳқон одамлар эди. Бир адашиб ўғрилик қилди, милицияга тушди. Милиция мактабни, мактаб ота-онани, улар эса ўқитувчиларни айбдор қилишди, лекин бола билан биров жиддий ишламади. Натижада у мактаб остонасини хатламасданоқ ўғрилик ва қароқчиликни касб қилди. Энди умри қамоқхонада ўтяпти.

Албатта, барча кулфатларда мактаб ва ўқитувчини гуноҳкор қилиш ярамайди. Афсуски, ҳозир калтак фақат ўқитувчининг бошида синадиган бўлиб қолди. Аслида ҳар қандай ўқитувчи учун асосий муаммолардан бири бу – она-оналарнинг ўз фарзандлари тақдирига, жонкуяр устозлар меҳнати ва куйинишларига бефарқлиги. Мактабда ишлаб юриб, “Болам ўқиб ким бўлар эди?”, “Қиз боладан пайғамбар чиқибдими?”, “Ўқимаганларниям тирикчилиги ўтяптию”, каби сўзларни кўп эшитдим. Бирор марта ота-оналар мажлисига келмаганларни кўп кўрдим, келишса ҳам боласининг ёнини олиб, ўқитувчилар билан уришиб кетишади.

Ҳозир ҳам ота-оналар ва ўқитувчилар ҳамкорлик қилиш ўрнига, бир-бирларини гуноҳкор қилиш билан овора. Ўртада болаларимиз неча-неча авлоддан бери шу важдан жабр тортмоқда. Ваҳоланки, мактабларимизнинг бугунги аянчли аҳволга келишида ота-оналарнинг ҳиссаси катта. Улар билиб-билмай мактабга, ўқитувчилар ва энг аввало ўз фарзандлари ҳаққига ҳиёнат қилмоқдалар. Нафақат мантиқ, инсонийлик нуқтаи назаридан, балки дини Ислом ақидалари ва мамлакат қонунларига кўра ҳам болалар таълим-тарбияси учун биринчи галда ота-оналар жавобгар. Уйида тарбия кўрмаган, она-онаси илмга ташналик, китоб ўқишга қизиқиш ҳиссини уйғотмаган болани мактаб одам қилолмайди. Бугунги мактаблар эса, афсуски, даҳо боланиям ўртамиёна одамга айлантириб чиқаради.

Шундай бўлсада, педагог, бола ва ота-оналарнинг ўзаро муносабатларида ўқитувчи етакчи ўрин тутиши ва ташаббускорликни қўлга олиши керак. Чунки ўқитувчи тегишли билимга эга, ёш авлод тарбияси учун масъулиятни ҳам бўйнига олган. Иши учун давлатдан маош олади. Маош эса ота-оналар тўлаётган солиқлар ҳисобидан берилади. Асли ўқитувчи мактабда болаларга математика ёки рус тилини ўргатадиган мутахассисгина эмас, балки болалар билан бирга уларнинг ота-онасини ҳам билим, таълим-тарбия асослари чашмасига ошно қиладиган зиёли бўлиши керак. Совет даврининг дастлабки йилларида айнан шунақа бўлган. Бугун ўқитувчининг жамиятдаги нуфузи ҳақида гап кетса, унинг ойлигини кўтариб, ноутбук олиб бериш кераклигини айтишади холос. Педагогнинг нуфузи ортиб, чинакам Ўқитувчи номини олиши учун у кўп ўқиши, ўз устида тинмай ишлаши, ҳар соҳада ўқувчилар ва ота-оналардан юқори туришга интилиши керак. Давлат эса шунга шароит тузиб бериши керак.

Афсуски, менинг ўзим ҳам яхши ўқитувчи бўла олмадим. Ҳозир, ёшим олтмишга етиб қолганда, ҳаётимда ўтган қайси ишимдан кўпроқ уялишимни сўрасалар, сира иккиланмай, 1993 йили мактабни ташлаб кетганимни айтган бўлардим. Ўша йиллари ўзим раҳбарлик қилаётган синфдаги 26 ўқувчимнинг ҳаётидаги энг муҳим одамга айлангандим. Бири-биримизга жуда ўрганиб қолгандик. Айрим ўқувчилар адашиб, мени “дада”, деб ҳам юборишарди. Улар менга ишонишарди… Мен уларга 11 синфни битиргунларича раҳбарлик қилишга сўз бергандим. Сўзимда турмадим. Бу билан шунча боланинг аро йўлда қолдириб кетдим. Бу ҳаётий тажрибам ёш ўқитувчиларга сабоқ бўлар, деган умидда айтиб бермоқчиман. Эҳтимол, қайсидир даражада уларни илҳомлантирар ҳам.

Йигирма уч ёшимда, биринчи курс талабаси ўлароқ мактабга тарих ўқитувчиси бўлиб ишга кирдим. Мактабда таълим рус ва ўзбек тилларида олиб борилар эди. 1983 йилда етуклик аттестатини олгач, директоримиз Рудольф Андреевич менга, ўзбек синфларда ўқитувчи етишмаслигини айтиб мактабда қолишни таклиф қилганди. Лекин мен унамадим, ўқитувчи бўлиш режамда йўқ эди. Орадан беш йил ўтиб, ўзим иш сўраб келдим унинг қошига. Собиқ директорим мени зўр қувонч билан кутиб олди. Мактаб роса тарих ўқитувчисига зор бўлиб турган экан, янги йилдан ишдан чиқдим. Бошланғич синфдалигида 5 марта ўқитувчиси, 4 ва 5 синфларда синф раҳбари 3 марта алмашган бир синф бор экан. Ўшанга раҳбарликниям беришди. Мени ўқитган ўқитувчиларим қийналиб қолармикансан, деб хавотир билдиришди. Синфдаги болаларга қараб туриб, она маймун ва унинг ўнтача тўполончи болалари ҳақидаги мультфильм кўз олдимга келди. Энди 5-синф бўлишса ҳам, улардан “дод” демаган ўқитувчи йўқ экан, болалар ҳам доимий дакки ва танбеҳларга кўниб кетишган. “Биз ёмонмиз, шунга лойиқмиз”, деган фикр бутун вужудига сингиб кетган экан болаларнинг. Уст-бошларига қараб бўлмайди, ўзлаштириш – деярли ноль. Бири-бирлари билан ирқи келишмайди. Айниқса, қизлар билан ўғил болалар уришишгани-уришишган.

Аввалига эплолмайман деб қўрқдим, ўқитувчиликдан ҳафсалам пир бўлди ҳам. Лекин Аллоҳ тўғри йўлни дилимга солди. Ўқувчиларнинг ҳар бири билан алоҳида-алоҳида гаплашдим, оилавий шароитларини ўргандим, қалбларига йўл изладим. Бир варақ қоғозга улар мактабда яхши кўрган ва ёқмаган нарсалари ҳақида ёздирдим. Ёзишни билмаганларидан оғзаки сўрадим. Саводлари даҳшатга солса ҳам фикрларини уқтира олишди. Ота-оналари билан гаплашдим. Энди билсам, ўшанда ўзим билмаган ҳолда ҳар бир ўқувчининг ижтимоий-психологик портретини тузган эканман. Муаммо ҳақида умумий тасаввур олгач, аҳволни ўнглаш режасини туздим. Биринчи масала – болаларни ўзларини қадрлашга ўргатиб, ўзларига ишонч пайдо қилиш эди. Лекин бошида аксинча, ўзимга ишончим йўқола бошлади. Беш ойдан кейин, ёзги таътил бошланиб, мени ақлдан озиш хавфидан қутқарди.

Сал мактаб ҳавосини олиб, уни-буни ўқиб олгач, сентябрдан яна ташаббусни қўлга олдим. Ўғил болалар футболни яхши ўйнашларини билгач, дарров 5-7 синфлар ўртасида биринчилик уюштирдим. Катта синфларни ҳам енгиб, ўзбек тилида ўқийдиган 6та синф ичида иккинчи ўринни олдик. Синфдаги истеъдодли ўқувчиларни намоён қилиш учун 5-7 синфлар ўртасида “Қувноқлар даврасида” танловини ўтказдик. Бу сафар биринчи бўлдик. Қўшиқ, рақс ва қизиқарли шартларга тўла тадбир бутун мактаб учун катта янгилик бўлганди. Илмий бўлим мудираси ва катта ҳамкасбларим самимий қўллов кўрсатишди. Шу тадбирлардан кейин доимо иккинчи бўлиб юрган ўзбек синфларининг ҳам қадди кўтарила бошлади.

Синфимиз ҳамманинг оғзига тушди. Энг муҳими, ўша тадбирларга тайёрланиш жараёнида ўқувчилар бир-бирлари билан дўстлашишди. Куч бирликда эканини, ҳар бир одам ўзига хос ноёб қобилиятга эга бўлишини ва уни оламга намойиш қила билиш кераклигини тушуна бошлашди. Ўзларининг яхшилар қаторида бўлиши мумкинлигига ва шунга лойиқ эканларига ишонишди. Ахир қайси бола яхши бўлишни, мақтов ва яхши гап эшитишни истамайди?! Ҳатто ўғил болалар ҳам уст-бошларига қараб, соч-тирноқларини вақтида олиб юришни одат қилишди. Бу нарсалар ҳам мактаб эътиборидан четда қолмади. Кейин “икки”, “уч” баҳо олишдан уяла бошлашди. Ахир бу зўрға эришган обрў-эътиборларига ярашмасди-да! Шу нарсаларни тушунтириб, аста талабни кучайтира бошладим. Ҳар бир ўқувчига ўз қобилиятларига яраша мақсадлар қўйишга ўргатдим. Икки йил деганда синфимиз мактабнинг илғорлари қаторидан мустаҳкам жой олди.

Яна олти ой ишлагач, эндигина биринчи курсда ва сиртдан ўқиётганимга қарамай, директорнинг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари қилиб тайинлашди. Мактабимиз катта, 80га яқин синфда 2000 мингга яқин бола ўқирди. Ўз синфимга раҳбарлик қилишда давом этиш шарти билан рози бўлдим. Бу синф билан ишлаш ҳаётим мазмунига айланган эди.

Аминманки, агар мен ҳам ўшанда кўпчилик каби болаларни, “тирноғингни ол”, “дарсга кеч қолма”, “мол, эшак…” деб уришаверганимда, натижа умуман бошқача бўларди. Тез орада тарвузим қўлтиғимдан тушиб, бу ишни ташлаб кетсам керак эди. Албатта, ҳаммаси ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Аввали Аллоҳ қўллади, ўзим устимда жиддий ишладим. Педагогикага оид китоблар ва мақолаларни ўқидим, тажрибали устозларим билан кенгашдим, тажриба қилдим. Россиялик илғор ҳамкасбларим билан ёзишиб, фикр алмашиб турдим. Ота-оналар билан тиғиз алоқада бўлдим, улардан кўпининг қўлловини олдим. Энг муҳими – болаларга меҳрим баланд эди. Ўзимнинг ўқувчилик давримни эслаб, бу болаларга ичим ачишган, уларга мактабни яхши тамомлаб, ҳаётда ўз ўринларини топиб олишларига чин юракдан ёрдам бергим келарди. Келажакда машҳур Шалва Амонашвили каби ўз мактабимни яратиш орзусида эдим. Лекин тақдир дегани ўжар нарса бўларкан…

Синфимда Муҳаммад исмли уришқоқ, тенгдошларига нисбатан савлатлироқ йигитча бор эди. Синфдошларини, ҳатто катта синфдаги болаларниям уриб қўярди. Қисқаси, ғирт безори. Уни бутун мактаб, ҳатто директор ҳам яхши биларди. Дадаси оиласини ташлаб кетган, онаси далада ишлар эди. Мажлисларга ёшроқ аммачаси келарди. Синфга ажратган вақтимнинг 25-30 фоизи ўшанга кетарди. Бир куни нозиккина бир қизимизнинг қорнига қаттиқ тепиб қўйибди. Жаҳлим чиқиб, мен ҳам уни қаттиқ урдим. Холасини чақириб, бўлган воқеадан жуда ҳижолатда эканимни айтдим. Холаси бу “тарбия усулимни” қўллади. Чунки бола амакисининг тез-тез қаттиқ уриб туришига кўниб қолган экан. Чинданам у бир ойгача жуда тартибли бўлиб қолди. Бошқа урмадим, лекин дўқ-пўписа билан анча одам бўлди. Кундалигида “4” ва “5” баҳолар пайдо бўлди. Олдин кундалик тугул, сумкаси ҳам йўқ эди. Аввал ундан қўрқадиганлар энди ҳурмат қиладиган бўлишди, синфнинг ёқимтойига, ҳимоячисига айланди.

Афсуски, кўпчилик ҳамкасбларим боланинг ўзгаришига ишонишмади, унга муносабатларини ўзгартиришмади. Мактаб директори ишимга қойил қолди, кўп мақтади, лекин айрим хасадгўй ўқитувчилар менга аччиқ қилиб, болага аввалгидан ҳам ёмонроқ муносабатда бўлишди. Кўп кесатиқ гаплар айтилди. Табиийки, улар оқ-қоранинг фарқига бориб қолган ўсмирдан саломларига яраша жавоб олишарди. Мендек ёш кадр билан обрў талашганлар учун бу фожиа эди.

Мактаб директори ўта қаттиққўл, лекин адолатли одам эди, ўрнимга директор бўласан, деб менга далда берар эди. Уни ишдан олишгач, ҳафсалам совиди. Янги директор кўпроқ ўз ишлари билан Бишкекда юрар, мактаб ишлари менинг гарданимга тушарди. Камчилик бўлса даккини мен эшитаман, яхши иш учун мақтов бошқаларга кетади. Қолаверса, директорнинг қўлловисиз менинг ёшимда 80 нафар синф раҳбарини бошқариш осон эмасди.

Ана шундай кунларда мени туман кенгашига ишга таклиф қилиб қолишди. Ойлиги яхши, иш мактабдагидан 2-3 марта енгил. Мактабга, болаларга меҳрим кучли бўлсада, асаблар чарчаган эди. Ҳамкасбларим ўртасидаги ғийбат ва фитналардан, мартаба талашишлардан зериккан эдим. Уй ишлари, ўз фарзандларим тарбияси, ўлим-йитимдан олислаб кетганим учун, уйдагилар ҳам мактабдаги ишимдан норози эдилар. Ўқувчиларим саккизинчи синфга кўчиб, анча ақллари кириб қолган пайт. Уларга ўз даражаларида вазиятни тушунтириб, маслаҳат солдим. Албатта, улар кетишимни истамас эдилар. Лекин бир-икки ўқувчимнинг мулоҳазакорлиги мени ҳайратга солди. Улар “катта ишда” ишлашим ўзимгаям, уларгаям яхши бўлишини айтишди. “Акамиз ҳозир бизни деб яхши ишдан қолса, биз уч йилдан кейин мактабни битириб кетсак, акамиз ким билан қолади”, деган масаланиям қўйишди. Хуллас, болаларни алдаб-сулдаб улардан кетишга “изн олдим”.

Анча вақт ўқувчиларим билан алоқани сақладик, айримлари тез-тез ишхонамга ҳам келиб туришди. Ўрнимга ўз ишини билган, яхши ўқитувчи қолганди, лекин эркак кишининг ўрни бошқа экан. Болалар 9-синфни битиришдию, ҳар қаёққа тарқаб кетишди. Уларнинг мусаффо қалбларидаги қанча-қанча орзу-умидлари, режалари армонга айлангани уларнинг ўзларига ва ёлғиз Аллоҳга аён. Ўша синфдан камида икки-учта яхши ўқитувчи, шу қадар санъаткор ва яна шунча таниқли спортчилар чиқиши мумкин эди. Бўлмади, деганда улар 11 синфгача мактаб даврини суриб, билим олишган, ҳаётга яхшироқ тайёргарлик кўришган бўларди. Балки, синфдошлари орасида қадр топиб, менга ёрдамчи бўлган Муҳаммад ўлмаган бўларди.

Ҳа, мактабдан сўнг роса кучга тўлиб, назоратсиз қолган ўсмир яна “кўча ҳаётига” қайтади. Охирги марта уни 1997 йили Жалолободда, ҳарбий комиссарият ҳовлисида кўргандим. Армияга чақирилган тенгдошларини қўрқитиб, пулини олаётганини, 20-30 бола қўрқув билан унинг кўзларига қараб турганига гувоҳ бўлдим. Мени кўрдию, югуриб келиб, икки қўллаб саломлашди, катта одамлардек ҳол-аҳвол сўради. Нега болаларни ҳафа қиляпсан, десам, “ўзлари молга ўхшаб хўшшайиб туришса нимай қилай”, деб кулди. Унга панд-насиҳат қилдим, сўнг хайрлашдик. Кейин билсам, армиядан қайтгач, жиноят кўчасига кирибди. Ҳатто туман прокурорини қўрқитиб, пулини оладиган даражага етибди. Бундай юришлар нима билан тугаши маълум. Охири бир гала миллатчи ёшлар билан ёлғиз муштлашиб, нобуд бўлади.

Албатта, тақдири азалдан ҳеч ким қочиб қутулолмайди, “агар ундай бўлса, бундай бўлмас эди”, қабилидаги гаплар шаккокликка ётади. Нотўғри гапирган бўлсам, Аллоҳ ўзи кечирсин. Бироқ воқеа-ҳодисаларга жиддийроқ назар солиб, оқ-қорани ажратиб яшашга интилиш бизнинг бурчимиз экани ҳам ҳақиқат. Бугун мактабларимиз ҳақида жуда кўп гапириляпти, ҳаммага маълум муаммолар қайта-қайта тилга олинади, лекин аҳвол ўзгармаяпти. Нега? Бунинг сабабини ҳар биримиз ўзимиздан излашимиз керак. Ота-оналар мактабни айблашдан олдин ўзларига бир назар солсалар, ўқитувчилар ҳам ота-оналарни гуноҳкор қилишдан олдин ўз фаолиятларини бир тарозига солиб кўрсалар ёмон бўлмасди.

Умуман олганда, ёш авлод тарбияси, мактаб муаммолари фақат ўқитувчиларнинг вазифаси эмас, ёлғиз давлатнинг бурчи ҳам эмас. Бу – барчамизнинг, ҳар бир катта ёшдаги инсоннинг, биринчи галда ота-оналарнинг бурчи, мактаб уларга илмий ва амалий тиргак, давлат эса самарали таълим ва тарбиянинг кафолатчиси бўлиши керак. Мана шу уч томоннинг сай-ҳаракатлари бирлашсагина исталган натижаларга эришиш мумкин. Бугун фарзандларимиз бизнинг ёрдамимиз, қўллаб-қувватлашимизга муҳтож, эртага эса, аксинча, биз уларнинг ғамхўрлигига эҳтиёжманд бўлиб қоламиз. Давлат ҳам ўз эрки, мустақиллиги ва қудратини сақлаб, ошириб бориш учун билимли, соғлом ва маънавий мезонлари юксак бўлган инсонларга муҳтож. Бу таянчнинг ишончли, бақувват ва бардавом бўлиши учун биз ёшларимизни ҳозирдан тоблаб боришимиз керак.

Болалар – навниҳол гул-ғунча, мевали дарахтнинг нозик куртаклари. Улар гул ва япроқ бўлиб очилмаса ёки эрта сарғайиб ҳазон бўлса, бунинг уволи, исноди ва гуноҳи барчамизга баробар келади. Бу ерда мен юзлаб воқеа-ҳодисалардан айримларини келтирдим, холос. Умрим давомида кўрган юзлаб ёшларни қурғоқчилик ёки бошқа сабабларга кўра ёзилиб ургурмаган ғунча ва япроқларга ўхшатаман. Очилиб улгурсада, эрта хазон бўлганлари ҳам бор. Миллатимизнинг ана шу фожиасига бевосита дахлдор эканимга, ғунча ва япроқларнинг очилиши учун охиригача курашмаганимга ўкинаман ва бундан уяламан. Баъзида, балки ўша очилмаган япроқларнинг бири ўзимдирман, деган хаёл кўнглимга бироз таскин беради, лекин йўл қўйган хатоларимни оқламайди. Бунинг учун шафқатсиз ҳаётнинг тор кўчаларидаги чанг-тўзонда йўлларини топа олмай сарсон қолган болалар ва қизларимдан кечирим сўрайман.

Ўз вазифаларини ҳалол ва сабр-матонат билан бажариб ўтган устозларимизни Аллоҳ раҳматига олсин, ҳаётларининг умри-ризқларига баракот берсин! Ўзини таълим-тарбия ишларига бахшида қилиб, ишлаб келаётган ҳамкасбларимга куч-қувват, ғайрат-шижоат, сабр ва улкан зафарлар тилайман.

Абдумўмин Мамараимов, Бишкек шаҳри.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг