“Оқбура” сайтининг муҳтарам мухлислари!

    Яқинда таниқли шоиримиз Авлиёхон Эшоннинг “Очун” деб номланган тўплами нашр этилди. Шеъриятда ўз йўлига, ўз услубига эга бўлган Авлиёхоннинг мазкур китоби ўзбек адабиётидаги сезиларли воқеа бўлди. Шу кунларда Тошкент шаҳрида унинг тақдимотини ўтказиш режалаштирляпти.

Китоб ҳар бир ихлосманд қўлига етиб бормаслигини ҳисобга олиб, унга кирган шеърлардан сиз азизларни баҳраманд қилиб борамиз.

ЧЎF УСТИДА

 Мен туғилиб, тупроққа эмас,

Оёғимни босдим оловга.

Дунё бахт ва ғам ўртасида

Ҳаётимни тикибди довга.

 

Чопдим еру кўкни оралаб,

Эврилгандай тўзон, қуюнга.

Томошани суйган эл учун

Чўғ устида тушдим ўйинга.

 

Танам ёнди, лек ўчирди ғам –

Юрагимнинг гулхан-ўтини.

Югураман зўрға кўтариб,

Синиб қолган руҳ тобутини.

 

Шамол каби тин олгим келар,

Элдан нари, ўзимдан нари.

Лек қочарман, оломон қарғаб,

Қувган дайди бир ит сингари.

 

Сой кечарман, томоғим куяр –

Ҳовуч-ҳовуч оловни ичиб.

Ўчирайми энди ўзимни,

Бошимданми, тупроқни сочиб?

 

Юким оғир… Елкам устига

Дунё ташлаб олган лошини.

Ўчмади чўғ, шунча тўксам ҳам,

Йиғлаб-йиғлаб кўзим ёшини.

 

Қаён борай, бошим кўтарсам,

Чақилади фалак чақмоғи.

Ўчиргайми бу ўтни болам –

Кафтидаги қабр тупроғи?..

 

Алҳол кулга дўниб боряпман,

Товонимни куйдиради ғам –

Мени кўрмай ўтар оғзида

Сув ташиган чумолилар ҳам.

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг