ҚЎШ БАЙРАМ ШУКУҲИ
2025 йил 22 ноябрь куни Қирғизистон Республикаси Манас шаҳридаги Тошбулоқ маҳалласида жойлашган 23-сонли умумтаълим мактабида халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни тарғиб этувчи маънавий-маърифий тадбир — Халқлар дўстлиги фестивали бўлиб ўтди. Тадбир Жалолобод вилояти ўзбек миллий-маданий маркази ва Манас шаҳар халқ таълими бўлими ташаббуси билан ташкил этилди.
Фестивалда Манас, Бозорқурғон, Сузоқ ва Нўкен туманларидаги ўзбек миллий-маданий марказлари раислари, Қирғизистон Халқлар Ассамблеяси вилоят вакиллиги раҳбарияти, уйғур, рус, турк, татар-бошқирд диаспоралари вакиллари, шаҳар таълим муассасалари раҳбарлари, мактаб директорлари, маҳалла оқсоқоллари ва дин арбоблари иштирок этдилар.

Анжуман давомида турли миллатларнинг миллий либослари намойиши, миллий рақслар ва қўшиқлар, халқ амалий санъати кўргазмалари, ижодий чиқишлар намойиш этилди. Бу орқали ёш авлод онгида бағрикенглик, дўстлик ва ўзаро ҳурмат туйғуларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Маданият ва маърифатнинг асосий воситаси бўлган ҳар бир китобнинг чоп этилиши ҳам байрам, албата. Тадбирнинг иккинчи қисмида таниқли биолог олим, ёзувчи Зикриёхўжа Саримсоқовнинг “Хонарик” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Бу асар тарихий хотира, миллий қадриятлар ва табиат ҳақида қизиқарли маълумотларни ўзида мужассам этган бўлиб, ўқувчиларда Ватан ва халқ меросига ҳурмат туйғусини уйғотади.
Китоб тақдимоти давомида таъкидланганидек, муаллиф Ўзбекистондан келган, илм-фан ривожланишига қўшган ҳиссаси учун кукрак нишони билан тақдирланди. Зикриёхужа Саримсоқов ўз китобларидан бир неча нусхани меҳмонлар ва мактаб жамоасига совға қилди.
Тадбирда мактаб жамоаси Қирғизистон Халқлар Ассамблеяси томонидан ташаккурнома билан тақдирланди. Шунингдек, бир қатор устозлар миллий-маданий марказнинг фахрий ёрлиқлари билан мукофотланди. Шу куни Ўзбекистон республикасининг “Ватандошлар” жамоат фонди ташаббуси билан бир нечта мактаб кутубхоналарига китоблар совға қилинди.
Тадбир якунлангандан кейин меҳмонлар маҳалла тадбиркорлари ва муаллифнинг қариндошлари томонидан уюштирилган самимий чойхона зиёфатига таклиф этилди.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур фестивал турли миллат ва элатлар ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди. Бу каби тадбирлар тарих, маърифат ва маданиятни тарғиб этишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Алишер Аҳмедов
