САНЪАТ УСТАЛАРИ ТАШРИФИ
Ўзбекистон Республикасининг Ўш шаҳридаги Бош консули Зафарбек Аҳмедов ташаббуси билан Ўзбек Миллий академик драма театри директори Ёдгор Саъдиев бошчилигидаги театр ижодий жамоасининг бир гуруҳи 12-13 февраль кунлари Ўш шаҳрига ташриф буюрдилар.
Меҳмонларни Зафарбек Аҳмедов, Ўш шаҳар кенгаши депутатлари Ҳулкар Исомова ва Илҳомжон Каримов, Ўш театри директори Аъзамжон Абдураззоқов ҳамда бошқалар “Дўстлик” чегара пунктида кутиб олдилар.
Ушбу дўстона муносабатлар доирасида Бобур номидаги Ӯш давлат Академик ӯзбек мусиқали драма театри биносида Ўзбек Миллий Академик драма театридан ташриф буюрган таниқли актёр ва актрисалар Ёдгор Саъдиев, Эркин Комилов, Теша Мўминов, Раъно Ярашева, Саида Раметова, Асадилло Набиев, Шоҳида Исмоилова, Лола Элтоева, Тоҳир Саидовлар билан Ўшлик санъат ихлосмандлари учрашуви бўлиб ўтди.
Ўзбекистон, Тожикистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев икки қондош халқ дўстлиги ҳақида, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров олиб бораётган сиёсати давлатлар ўртасидаги маданий ҳамкорлик янада мустаҳкамлаётганини айтиб ўтди. Санъат аҳлининг вазифаси – маданий алоқаларни кенгайтириш орқали халқлар ўртасидаги чегараларни йўқ қилиб, умумий дўстлик ҳудудларни кенгайтиришдан иборатлигини таъкидлади.
“Ўш давлат академик ўзбек драма театри ва Ўзбек Миллий Академик драма театри ҳамкорликда спектакллар қўйиш режасини тузамиз. Бу нарса икки халққа, сизу-бизга, бизнинг бугунги кунда олиб бораётган ишларимизга боғлиқ. Халқларимиз ўртасидаги дўстона ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашда халқ дипломатиясининг ўрни катта”, – деди Ёдгор Саъдиев.
Халқларимиз ўртасидаги маданий-маърифий, адабий алоқаларни кучайтириш, мавжуд меросни сақлаш ва янада бойитишдда Ўшдаги консулликнинг қўллови яхши бўлаётгани таъкидланди. Ёдгор Саъдиев бу йўлда фаол иш олиб бораётган ушбу консуллик раҳбари Зафарбек Аҳмедовга Қирғизистон-Ўзбекистон ўртасида дўстлик алоқаларини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирди.
Ижодий учрашувга Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Саидикром Ниёзхўжаев, Ўзбекистоннинг Ўш шаҳридаги Бош консули Зафарбек Аҳмедов, Ўш шаҳар мэри ўринбосари Нурбек Қодиров, журналист Ўктамбек Каримов, тарихнавис адиб, Қирғизистон ва Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаларининг аъзоси, Бобур номидаги АДУ фахрий профессори Бегижон Аҳмедов, Республика ўзбек миллий-маданий марказнинг жанубий минтақа бўйича ўринбосари Одилжон Отажонов ҳамда Ўш шаҳар Кенгаши депутатлари Дилафруз ва Дилмуроджон Раҳмоновлар ташриф буюрдилар.
&
Одилжон Дадажонов