УМРНИНГ ЛАЗЗАТИ – ШИРИНСЎЗЛИКДИР

Чойхонада ёшлари 70-80 ўртасида бўлган отахонлар гурунглашиб ўтиришар экан, суҳбат яхши муомала, ширинсўзлик мавзуига бурилганда оппоқ соқоллари кўксига тушиб қолган отахон шундай деди:

– Бундан 3-4 йил муқаддам, қаричилик экан, белим оғриб, оёқларим яхши юролмай қолганидан қишлоғимизда мақталган, обрўли шифокор ҳузурига кириб, дардимни айтдим. У гапларимни жим тинглаб, бел ва оёқларимни кўргач, кўз ойнагини столга қўйиб шундай деди:

– Энди, отахон, ёшингиз қанчага борди?

– Етмишдан ўтиб, саксонга қараб кетяпмиз, ўғлим.

– Баракалла, отахон. Шу белингиз, икки оёғингиз сизни шунча йил кўтариб юрган бўлса, энди унда ҳаққингиз қолдими? Чин дунё ҳозирлигини кўриш вақтингиз келиб қолибди, – деди. Бу гапни чин айтдими, ё ҳазиллашдими, барибир менга оғир ботди.

Бу шифокорни ҳамқишлоқлар каби мен ҳам жуда ҳурмат қилардим. Ўзини кибрли тутиб, ёшимни ҳурмат қилмай айтган аччиқ сўзларидан дилим оғриди. Қанча умрим қолди – бу фақат Яратган Оллоҳга аён. Шу гап ўрнига “Отахон, ҳали биздан ҳам бақувватсиз, сизда дард кўрмаяпман, фақат бироз чарчагансиз, мана бу дориларни олсангиз йигитлардай ёшарасиз”, – деб айтса, бошим кўкка етиб, ҳаққига дуо қилардим. Аммо қаттиқ ранжидим. Сўз мағзига боқ, мағзи бўлмаса этак қоқ, дегандай мен ҳам қўполлик билан:

– Сендан дардимга даво излаб келсам-у айтган гапингни қара, илоҳим бу сўзингни ел учирсин, хайф сенга шифокорлик! – дея кейинги гапларига қулоқ ҳам тутмай чиқиб кетдим.

Отахоннинг бу гаплари мени ҳам ўйга толдирди. Ёшим саксонни қоралаб қолди. Шу пайтгача қаерда ишламай, сўзи ширин, муомаласи самимий инсонларни ҳам учратдим, бирга ишладим. Аммо катта-кичик демайдиган, дағал муомалали, қўпол замондошларни ҳам қўрдим. Албатта, отахон айтгандек ўзини бошқалардан афзал кўриб, ўзгаларни менсимай, қалбни жароҳатлаганларга муносиб жавоб айтишга мажбур бўлганман ва биринчи китобимда икки қатор шеър ҳам ёзганман.

Дил ойнаси нозик, синдирма чил-чил,

Тилингдан аввало тўғрилагин дил.

Биз шуни яхши англашимиз керакки, инсон дили, айниқса кексаларнинг кўнгли жуда нозик, ширин сўзга, ғамхўрликка муҳтож. Яқин кишингиздан, жамоадошингиздан ёки бирон бегонадан ширин сўз эшитсангиз, қалбингиздаги ғубор ювилади ва ўзингиз ҳам бошқаларга дилни қуёшдай ёритадиган муомалада бўласиз.

Ота-боболаримиз бизга “Юзинг чиройли бўлгунча сўзинг чиройли бўлсин”, “Шакар ҳам тилда, заҳар ҳам тилда”, “Дунёда энг чучук нарса ҳам – тил, энг аччиқ нарса ҳам – тил”, “Бир сўз тўрга элтар, бир сўз гўрга элтар”, “Бир сўз кулдиради, бир сўз ўлдиради”, – дея сўзлаш одоби юзасидан қимматли насиҳатлар айтиб қолдиришган. Масалан, бирон жойингизни бехос кесиб олсангиз, у жароҳат битиб кетиши мумкин, аммо сиз беайб, бегуноҳ ҳолатда бирон кишидан ҳақорат эшитсангиз, қалбдаги бу жароҳат сираям тузалмайди. Вужуд яхши таом билан жонланганидек, қалб ҳам яхши сўзлардан ором олади. Ёзувчи Тоҳир Малик таъкидлагандек, “Инсон икки нарса туфайли қарилик нималигини билмайди; бири хуш қилиқ, яна бири оқил сўзламакдир. Одамдан қоладигани ҳам оқил сўздир. Ҳамиша очиқ, самимий сўзловчи одам мардона яшаб, мардона ўлади”.

Агар биз Қуръони карим ва ҳадисларни, ислом олимлари ёзиб қолдирган дурдоналарни ўрганиб, уларни ҳаётимизга татбиқ этсак, замондошларимизнинг меҳр-муҳаббатини қозонамиз. Ширинсўзлик ҳақида ислом олими Абу Ҳомид Ғаззолийнинг бундан минг йилча муқаддам ёзиб қолдирган ушбу бебаҳо сўзларига қулоқ тутинг-а: “Инсонга энг итоатсиз аъзо тилдир. Чунки бу суяксиз аъзонинг осонгина ҳаракатга келиши, ҳеч бир машаққатсиз югуриклиги кутилмаган оқибатларга сабаб бўлади”.

Гарчи тил жисмонан кичик бўлса ҳам итоати туфайли топадиган савоби катта ва итоатсизлиги оқибатида содир этадиган гуноҳи ҳам катта. Кимки тилнинг жиловини бўш қўйиб юборса, шайтон уни миниб, жар ёқасига ҳайдаб, ҳалокатга судрайди. Одамлар тил туфайли жаҳаннамга қулайди. Тили шариат ила жиловланган кишигина бу офатдан нажот топади.

Қуръони каримнинг “Бақара” сурасининг 83- оятида “…Кишиларга чиройли сўзлар сўзлангиз…” дейилса ва саҳиҳ ҳадисларда пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни табассумли бўлишга, одамлар билан очиқ чеҳрали бўлиб муомала қилишга даъват этадилар. Очиқ чеҳрали, кулиб турган одамга бошқалар ҳам яхши муомала қиладилар. Иймони мустаҳкам, юраги кенг ва камтар инсонгина барчага ширинсўзлик билан муомала қилади. Хулқи яхши бўлмаган инсоннинг иймони ҳам кучли бўлмайди. Бу каби инсонларни Оллоҳ ҳам, пайҳамбар ҳам, одамлар ҳам ёқтирмайди. Бундай ёмон хулқли инсоннинг бу дунёси ҳам, охирати ҳам яхши бўлмайди. Яна ҳадисларда айтиладики, “Кимки Оллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса фақат яхши нарсаларни гапирсин ёки жим турсин”.” Ахлоқсиз сўзлар айтиш, ахлоқсиз ишлар қилиш Исломда йўқ ишдир. Исломи гўзал инсонлар хулқи чиройлиларидир”. (Бухорий ва Муслим ривояти).

Ўйлаб кўрсак, ширин сўз, самимий муомала инсонларгагина эмас, хатто ёввойи, йиртқич ҳайвонларга ҳам ёқади. Цирк томошаларини кўп бора кўрганмиз. Осмону ерда ва сувда яшовчи кўплаб ёввойи ҳайвонлар одамларнинг эркалашлари, суюб силашлари, ёқимли муомала ва муносабатидан қувонишади ва ёқтирган нарсаларини берганидан ўргатган ва айтганларини зиёда бажаришади.

Бобокалон шоиримиз Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” китобида ширинсўзлик, тилни эҳтиётлаш ҳақида пурмаъно фикрларни ёзиб қолдирган. Унинг таъкидлашича, кишига рўшнолик, яхшилик ва эзгуликлар тил туфайли келади. Иззат-обрўни ҳам киши тил туфайли топади. Тилига эътибор бермаса, уни ноўрин қўлласа одам бошининг ёрилиши ҳеч гап эмас.

Тил арслон мисоли ётар қафасда,

Бехабар бошини у ер нафасда, –

деб тилни қафасда ушлаб, ундан эҳтиёткорлик билан авайлаб фойдаланилса катта обрў, ҳурмат келтиришини ҳамда умри зиёда бўлишини уқтиради.

Тилингни авайла – омондир бошинг,

Сўзингни авайла – узаяр ёшинг.

“Ҳотамнома”, “ Одобнома”, Кайқовуснинг “Қобуснома”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Кутадғу билиг”, Абу Али ибн Синонинг “Донишнома”, Алишер Навоийнинг “Маҳбубул қулуб”, Бобурнинг “Бобурнома”, Абдулла Авлонийнинг “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ”, “Ҳикматнома” ва “Ахлоқ-одобга оид ҳадис намуналари” каби асарларни ўқисак, айтилганларга амал қилсак, Оллоҳ рози бўлган бандалар қаторидан ўрин оламиз.

Оллоҳ берган бебаҳо неъмат – тилни фақат яхши сўзларни, гўзал ибораларни айтишга ишлатиш керак. Ҳар бир сўзни ўйлаб, тушуниб, шу гапни айтсам оқибати нима бўлади, деб тарозига солиб, очиқ чеҳра билан айтилган сўз – ҳақиқий дур сўздир. Қалбдан чиққан самимий сўз ҳар қандай тунд дилларга нур олиб киради, нафратни, адоватни ва бошқа шайтоний фикрларни ўзгартириб, тафаккурни янгилайди.

Ёқимли сўз айтувчи одамнинг қалби беғубор, бегард бўлади. Чин дилдан ибодат қилган бандаларнинг дили мусаффо, беғубордир. Мунтазам ибодат қалбни хотиржам қилади, мулоҳаза билан иш тутишга, ширинсуханликка ундайди. Мавлоно Жалолиддин Румий таъкидлагандек, сув ташнанинг чанқоғини қондиргани каби инсон дили ширин ва тўғри сўздан ҳузур-ҳаловат топади.

Шуни яхши билайликки, умр лаззати ширинсўзликдир. Ширинсўз кишининг дўстлари ҳам кўп бўлади, у ҳамиша меҳр-оқибат гулшанида яшайди. Ўз ўрнида айтилган ширин сўз ҳар қандай дори-дармондан афзалдир.

 

Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ,

журналист.

 

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг