КЕЛТУРСА ЮЗ БАЛОНИ…

Заҳириддин Муҳаммад Бобур тавалудига шу кунларда беш юз қирқ икки йил тўлади. Бироқ қизиқ: беш ярим аср нарида яшаган бу шоирнинг дил изтироблари бизнинг кўнглимизга жуда яқин. Негаки, бу туйғулар ўта самимий. Асарларининг тили ҳам, масалан, Алишер Навоий асарлари тилига қараганда, бирмунча соддароқ. Шунданмикин, Бобурнинг деярли барча ғазаллари асрлар давомида куйга солиб келинган, ашула қилиб айтилади.

Жумладан, қуйидаги шеъри ҳам.

 

 

Келтурса юз балони ўшал бевафо манга,

Келсун, агар юзумни эвурсам, бало манга.


Нетгайман ул рафиқ билаким,
қилур басе,

Меҳру вафо рақибға, жабру жафо манга.


Бегона бўлса ақл мени т
елбадин, не тонг,

Чун бўлди ул парисифатим ошно манга.


Оҳу ёшимдин ортадурур заъф, эй табиб,

Билдим, ярашмас эмди бу обу ҳаво манга.


Дардим кўруб муолажада зоеъ этма умр,

Ким жонда дарди ишқ дурур бедаво манга.


То ёр кимни истару кўнглига ким ёқар,

Ташвиш бежиҳатдурур охир санго, манга.


Бобур,
бўлубтурур икки кўзум йўлида тўрт,

Келса не бўлди қошима бир-бир манго, манга.

 

 

Етти байтлик бу асар ёрнинг жабру жафосидан, “бевафо”лигидан, ошиқнинг рақибига илтифоти туфайли дилда қўзғалган ранж-аламларидан, умидсизгина билдирилган истак-илтижолар баёнидан иборат.

 

Келтурса юз балони ўшал бевафо манга,

Келсун, агар юзумни эвурсам, бало манга.

 

Ул бевафо ёрим менга юз балони тақдим этса-ю,

мен у балолардан юз ўгирсам, балога мубатало бўлай.

 

Ошиқнинг муҳаббати шу даражадаки, ёр уни ҳозиргига қараганда юз баравар кўп балоларга рўпара қилиб озор берса ҳам, асло ранжимайди, ранжиш тугул, ҳатто юзини бирон ёққа ўгирмаган ҳолда қабул қилади, бу гапининг ростлигини исботлаш учун қасам ичишга ҳам тайёр.

Бу – ғазалнинг матлаъи, бошланғич байти. Унда бу ёруғ оламнинг бошланиши бўлган алмисоқ воқеасига ишора қилиняпти. Парвардигор энг суюкли бандалари бошига бало юбориб синаши эслатилаётир. Нақлга кўра, бу ҳаёти дунёда энг оғир қийинчиликлар набийлар – хос бандалар бошига тушар экан. Улар, “агар бу балоларни бермишда сен биз билан бўлсанг, ҳар қандай бало юкини кўтаришга тайёрмиз”, деб ваъда берганлар. Энди, албатта, бўйин товламайдилар.

Байтнинг бадиий санъатлар билан музайян бўлганини қаранг: ҳар иккала мисра “Кел”(моқ) сўзи билан бошланади ва иккаласи ҳам “манга” деб тугалланади. “Юз” сўзи биринчи байтда сон, адад, иккинчисида эса киши юзи маъноларида қўлланиб, ажойиб тажнис юзага келган. Бундан ташқари, биринчи мисрадаги “бевафо” сўзига иккинчи мисрадаги “юз ўгурмоқ” калимаси маъно нуқтаи назаридан тенг: бевафолар – юз ўгирганлардир.

 

Нетгайман ул рафиқ билаким, қилур басе,

Меҳру вафо рақибға, жабру жафо манга.

 

Рақибимга беҳад меҳру вафо, менга эса беҳад жабру жафо

қиладиган бу дўст билан қандай ошно бўлайин?

 

Бу ҳам чин ошиқлиқнинг бир шеваси. Иштибоҳ, рашк, изтироб – суйган кўнгилнинг доимий ҳамроҳи. Бироқ ёрдан қилинган бу шикоят ҳам ошиқнинг ўзига қўпол туйилади, дарров ўзини тавбага чоғлайди:


Бегона бўлса ақл мени т
елбадин, не тонг,

Чун бўлди ул парисифатим ошно манга.

 

У парисифат ёрим менга ошно бўлган ондан бошлаб,

мендек бир телбага ақл бегона бўлса, не ажаб.

 

Кўряпмизки, ошиқ ёрига бўлган эҳтиёжини бир лаҳзагина шубҳага қўйган эди, аммо дарров ўзини ўнглаб олади, аммо хижолатини билдирмаслик учун ёрини  парисифат деб “айблайди” (аслида – алқайди), маълумки, ўтмишда телба одамларга “пари теккан” деб билганлар.

Албатта, телбалик ҳам касаллик, уни муолажа қилиш учун табиб келади. Шунда лирик қаҳрамон табибга дардини айтиб, мурожаат қилади:


Оҳу ёшимдин ортадурур заъф, эй табиб,

Билдим, ярашмас эмди бу обу ҳаво манга.

 

Оҳ урганим ва кўзёш тўкканим сари қувватим кетяпти,

Менимча, бу ернинг обу ҳавоси менга тўғри келмаяпти.

 

Ошиқликнинг асл тарзи – севганини сир сақлаш, дилда севишдир. Шоир, оҳ уриш, ёш тўкиш “ярашмас экан” деганда ботинан шуни кўзда тутяпти, энди бу ҳаракатлардан тийилмоқчи. Чин ошиқ “заъиф” бўлмайди. Чунки у ҳарқанча оғирлик-азобни кўтаришга доим шай туриши лозим.

Байтдаги бадиий санъат сифатида “оҳу ёш” билан “обу ҳаво” ўзаро таносубот тузган: “оҳ” – “ҳаво”га, “ёш” – “об”(сув)га менгзалган.

Бу ғазал қачон ёзилгани бизга номаълум. Аммо “бу ернинг обу ҳавоси менга тўғри келмаяпти”, деганига кўра, у Ҳиндистонда қоғоз бетига тушган бўлса ажабмас. “Бобурнома”да шоир бу ўлка табиати ўзи ўрганган иқлимдан тамом бошқача эканини ёзган: “…ўзга оламе назарға келди. Гиёҳлар ўзгача ва йиғочлар ўзгача, вуҳуш ўзгача ва туюр ўзгача, элу улусининг роҳу расми ўзгача; ҳайрате бўлди, филвоқи, жойи ҳайраттур” (бутунлай бошқа бир олам кўз ўнгимизда намоён бўлди: гиёҳлар бошқача ва дарахтлар бошқача, ваҳший ҳайвонлари бошқача ва қушлари бошқача, эл-юртининг тартиб-қоидалари ҳам бошқача; ажабландик, дарҳақиқат, ҳайратланишга арзигуликдир)”.


Дардим кўруб муолажада зоеъ этма умр,

Ким жонда дарди ишқ дурур бедаво манга.

 

Дардимни аритаман деб бекорга вақт кетказма,

 чунки жонда ишқ дарди бўлса, у бедаво бўлади.

 

Ўтмиш табиблари ишқни – дард, ошиқни эса бемор, деб тасниф қилишган. Чунки ҳақиқий ишқ жунун даражасига етади ва киши руҳиятини издан чиқаради. Унинг давоси эса фақат висолдир, деб кўрсатилган. Бинобарин, тан шифокори бўлган табиб ошиқни даволай олмайди.

Навбатдаги байт:


То ёр кимни истару кўнглига ким ёқар,

Ташвиш бежиҳатдурур охир санго, манга.

 

Ёр кимни хоҳлайди ва кўнглига ким ёқади – бу унинг иши,

Бу сенинг ва менинг ихтиёримга боғлиқ иш эмас барибир.

 

Бу, соддагина талқин этиладиган бўлса, ёр ўзи ёқтирган кишини танлаб олади, деб якунлаш мумкин. Аммо бу ерда, назаримизда, тақдир масаласига нозик ишора ҳам бор. Яъни, ҳар кимнинг қисмати қудрат қалами билан ёзиб қўйилган, банда уни ўзи хоҳлаб ўзгарта олмайди, деган ақида ифодаланган. Ёр кимни ўзига ёр этса, яъни қайси бандасини набий қилиб, валий қилиб танласа, ихтиёрига моне бўладиган куч топлмайди, бунга сенга ва менга бу масалага аралашиб, ташвиш чекишдан наф йўқ… Ниҳоят, ғазалнинг мақтаъи:


Бобур, бўлубтурур икки кўзум йўлида тўрт,

Келса не бўлди қошима бир-бир манго, манга.

 

Эй Бобур, икки кўзим ёрнинг йўлида тўрт  бўлди-ку,

У бир-бир юриб қошимга келса, нима қилар эди?

 

Шоир яна сўз ўйини қилади: икки кўзим тўрт бўлди, деган матални қўллайди, сўнг шу сонлар нисбатини давом эттиради-да, “бир-бир” дея рақам келтиради. Яъни, икки, тўрт, бир-бир каби сонлар таносуботини тақдим этади. Яна ҳазил ҳам бор: ошиқ томонидан ҳажр азоби иккидан тўртга қараб ошиб боради, у шуни айтиб, ёр бир-бир босиб келса қанийди, деб зорланади.

Бу байтда радиф (“манга”)дан аввал “манго” деган сўз келади. У “манго-манга” тарзида такрор сўз ҳосил қилиб, бояги “бир-бир” каби қўшимча лафздошлик ҳосил қилган, бу – биринчи фазилати. Бироқ бу “манго” – “манга”нинг бошқа шакли ё шунчаки такрори эмас. У секин юриш, қадам ташлаш маъносидаги “монгимоқ” феълининг равишдошидир. Демак, ошиқ ёрнинг бир-бир босиб секин келишига ҳам рози, шунга муштоқ. Маълум маънода, тажнис санъати қўлланган.

Бу ғазал жозибадорлигини оширадиган яна бир жиҳати бор. Диққат қилсак, мақтаъдан аввалги байтда лирик қаҳрамон гўё рақибига хитобан, ёр сени танлайдими, ё меними (бу ўзининг хоҳиши), дейди-да, “санга, манга” деб гапини тугаллаган бўлади. Бироқ, охир-оқибат, бу талашда муроса йўлини тутмайди, сўнгги байтда аввалгидай “сенга (ва) менга” деб ўтирмай, ёр фақат ўзиники бўлиши кераклигини қатъий таъкидлайди: “манго-манга!”

Афсуски, доимий сафарлар, ҳамишалик ҳарбу зарб ва қисқа умр бу дилбар шоир меросининг нисбатан камроқ бўлишига олиб келди. Аслида эса, ҳар бир адабиёт муҳиби Бобурнинг истеъдоди, маҳоратини фақат Алишер Навоийгагина менгзаш мумкинлигини теран ҳис этади. Юқорида кўрган ғазалимиз ҳам шундан гувоҳлик беради.

 

Зуҳриддин Исомиддинов

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг