“ЎШ-НАМАНГАН-КОСОНСОЙ” ЙЎНАЛИШИДА КИЧИК АВТОБУСЛАР ҚАТНОВИ ЙЎЛГА ҚЎЙИЛДИ
Бу ҳақда “Трансордо” компаниясининг бош раҳбари Мирзақмат Чинғараев билдирди.
“Кичик автобуслар Ўшдаги автобекатдан йўловчи олиб, “Дўстлик” чегара бекати орқали Наманганга боради. У ерда 10 дақиқа туриб, Косонсойга кетилади. Ортга ҳам ҳудди шу йўналишда қайтилади. Ўшдан иккита, Косонсойдан иккита транспорт воситаси ташийди. Яъни, кунига 4 марта қатнайди”, – деди муассаса раҳбари.
Йўлкира 450 сўм қирғиз пули, ёки 70 минг сўм ўзбек пулига тенг.
“Бундан ташқари, Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Олабуқа ва Чотқол туманларининг аҳолиси илтимосига кўра, уларни Ўшга келиб-кетиши учун олис йўлини яқин қилдик. Қирғизистон ҳудуди ичида Ўшдан Олабуқага ёки Чотқолга бориш учун 6-7 соат вақтни талаб қилади. Наманган вилояти орқали эса бу йўл икки баробарга қисқарди: 3-3,5 соатда манзилга етиб боришлари мумкин”, – деди Мирзакмат Чингараев.
Ўш вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алмамбeт Эркeбаeвнинг таъкидлашича, бу ишлар Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари келишувига мувофиқ, икки халқ дўстлигини янада мустаҳкамлаш, аҳолининг узоғини яқин қилиш учун амалга оширилмоқда.
Косонсой тумани Қирғизистоннинг Олабуқа тумани билан чегарадош бўлиб, икки давлат фуқаролари “Баймоқ” чегара бекати орқали ўтишади.
Биринчи қатнов 5 февраль куни соат 10:00да амалга оширилди. Унинг илк йўловчиларидан бири Улуғбек Маманазаров. У Косонсой тумани орқали Олабуқа туманига бориб келди.
“Эълонни кўриб, қишлоққа боришга қулай шароит бўлибди-ку дедим. Тайёрланиб, биринчи рейсга улгурдим. Ота-онам Олабуқада. Улардан тез-тез хабар олишга йўл узоқлик қилар эди. Автомобилда 7-8 соат юрасиз. Бунинг устига, йўлкира ҳам қиммат. Энди Ўзбекистон орқали борилса, ҳам вақтдан, ҳам маблағдан тежаладиган бўлди”, – деди у.
Бу савоб иш йўловчиларни йўл азобидан анча халос қилди. Масалан, авваллари Ўшдан Олабуқага 8-9 соат йўл босиб, овора бўлинарди. Энди янги йўналиш очилгани боис улар манзилига уч ярим соатда етиб олишади. Ўш-Наманган-Косонсой йўналишининг узунлиги 170 километрни ташкил этади. Йўловчилар чегара постларида яшил йўлак орқали ўтиб кетишади.
Бошқарма раҳбарининг таъкидлашича, бундай транспорт йўналишлари икки давлатга сайёҳлар оқимини яна кўпайтиради.
Эслатиб ўтамиз, беш йил аввал Ўш-Андижон йўналиши бўйлаб кичик автобуслар илк маротаба қатнай бошлаган эди.
Умидахон
Ўш