“МУБТАЛОЛИҒ” ВАСФИ

 Кўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдум сенга,

Не балолиғ кун эдиким, ошно бўлдум сенга.

 

Ҳар неча дедимки, кун-кундин узай сендин кўнгул,

Ваҳки, кун-кундин батаррак мубтало бўлдум сенга.

 

Мен қачон дедим вафо қилғил, манга зулм айладинг,

Сен қачон дединг фидо бўлғил манга, бўлдум сенга.

 

Қай пари пайкарға, дерсен, телба бўлдунг бу сифат?

Эй пари пайкар, не қилсанг қил манго, бўлдум сенга.

 

Эй кўнгул, тарки насиҳат айладим, оввора бўл,

Юз бало етмаски, мен ҳам бир бало бўлдум сенга.

 

Жоми Жам бирла Хизр суйи насибимдур мудом,

Соқиё, то тарки жоҳ айлаб гадо бўлдум сенга.

 

Ғусса чангидин навое топмадим ушшоқ аро,

То Навоийдек асиру бенаво бўлдум сенга.

 

Бу ғазал қўшиқ қилиб айтилади. Руҳан ҳамд (Оллоҳга мақтов) ғазаллардан. Гарчи унинг матнида ҳамд эканига ишора алоҳида сезилиб турмаса-да, ундаги баъзи иборалар буни далиллайди. Чунончи, матлаъидаги “балолиғ кун” деган ифода Алмисоқни ёдга солади. Маълумки, Алмисоқ – Оллоҳ таолонинг башарият ҳаётининг илк палласида қиёматга қадар туғилиб яшайдиган барча бандаларнинг руҳларини яратгани ва уларга ўзининг халлоқ эканини тасдиқ эттирган маҳал – рўзи азал демакдир. Бу ҳақда Носируддин Бурҳонуддин Рабғўзий “Изи азза ва жалла Одамнинг ўғлонларин одамий суратинча ўнгуртқасиндин чиқарди, қаринча менгизлик ушоқ. Қамуғи оқилма эрмаз, мўъминма эрмаз, кофирма эрмаз. Мавлодан хитоб келди: “Мен сизнинг тенгрингиз эрмасмумен (Аласта бираббикум?) Қамуғлари жавоб айдилар: Эрурсан (Қолу бало)”, деб ёзган эди. (Қисаси Рабғўзий, биринчи китоб, Т., “Ёзувчи” нашриёти, 1990, 22-бет)

Маъноси: Оллоҳ таоло Одамота фарзандларини одамий суратида унинг умуртқасидан чиқарди, қалдирғоч сингари майдагина қилиб. Барчалари оқил ҳам эмас, мўъмин ҳам эмас, кофир ҳам эмас. Оллоҳдан нидо келди: “Аласта бираббикум? (Мен сизнинг раббингиз эмасманми?)” Барчалари “Қолу бало” (Раббимиз эрурсан) деб жавоб бердилар. “Бало” лафзи, араб тилининг равишига кўра, “эмасмассан” (айнан ўшасан), деган маънони англатади.

Ана энди асар шарҳига ўтамиз. Бу ғазал рамали мусаммани маҳзуф (фоилотун фоилотун фоилотун фоилун) вазнида битилган. Унда лирик қаҳрамон ёрга қарата хитоб қилади:

 

Кўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдум сенга,

Не балолиғ кун эдиким, ошно бўлдум сенга.

 

Ҳуснингни кўришга зор-мубтало бўлдим,

Қандай бир балолиғ кун эдиким, сенга ошно бўлдим.

 

Бунда сўз ўйини бор: қандай бир бало кун эканки, сенга ошно бўлдим, деган маъно ҳам келиб чиқади ва айни ифодадан, аҳд-паймон қилинган (бало айтилган) улуғ бир кунда сенга ошно бўлдим, дея шукроналик ҳам билдирилади. Чунки “ошно” яқин таниш, дўст, сирларга маҳрам деган бир сўздирки, унинг салбий маъноси йўқ.

 

Ҳар неча дедимки, кун-кундин узай сендин кўнгул,

Ваҳки, кун-кундин батаррак мубтало бўлдум сенга.

 

Кундан кун ўтгани сайин сендан кўнгил узайин, деб ҳарчанд ният қилдим, Аммо таажжубки, кундан кунга сенга баттарроқ мубтало бўлавердим.

 

Байтнинг сўзма-сўз мазмуни тайин. Ички маъноси эса – инсон, токи яшар, кун кўрар экан, ўз аслидан узоқлашишга ҳаракат қилади, гўё бу оламда ўзи мустақил ҳаёт кечиришга интилгандай бўлади, бироқ охир-оқибат аён бўладики, у барча амаллари ила ўз аслидан бир қатра ҳам узоқлашмабди, аксинча, яна ўз маъвосига яқинроқ бўлибди. Чунки кундан кун ўтгани сари у маъшуқ ҳузурига янада яқинроқ бориши ақлга тайин (Навоий замонасида ўзбекча “кундан-кунга” деган ифодаси “кун-кундан” деб айтилган кўринади).

 

Мен қачон дедим вафо қилғил, манга зулм айладинг,

Сен қачон дединг фидо бўлғил манга, бўлдум сенга.

 

Мен сенга ҳар қачон вафо қилгин, десам вафо ўрнига жафо қилдинг,            Ва лекин сен ҳар қачон менга фидо бўлгин, деганингда сенга фидо бўлдим.

 

Лирик қаҳрамон ўз маҳбубига вафодор бўлиш талабини қўйса, у зулм қилади. Чунки асл маҳбуб ўзи севган, ўзи ҳабиб деб танлаган кишиларга энг оғир ҳолатларни раво кўради. Яна Рабғўзийга мурожаат қилсак, Изи азза ва жалла балонинг энг катталарини хос кишиларга, биринчи навбатда – пайғамбарларга юборади. Бу мушкулотлар юкини кўтарадиган хослар эса бир қатра ҳам малолат чекмай, ҳамиша, ҳар он фидойилик ила машғул бўлганлар…

 

Қай пари пайкарға, дерсен, телба бўлдунг бу сифат?

Эй пари пайкар, не қилсанг қил манго, бўлдум сенга.

 

Эй ёр, сен менга, қай парипайкарга бу қадар шайдо бўлдинг, деб айтасан,   Эй парипайкар, нима қилсанг ҳам, менга қил, чунки мен сеникидирман.

 

Ёр ўзини тағофилга солиб, сен қандайин бир парипайкарга бу қадар телба даражасида шайдо бўлдинг (эй бандам, сенинг бу оламдаги муродинг нима), деб сўрайди. Эй парипайкар, деб хитоб қилади лирик қаҳрамон, мен сенга вола бўлдим, не қилсанг, ихтиёр ўзингда.

Навоий бу ҳақда “Муножот” асарида қодир оллоҳга хитобан, шундай дейди: “Илоҳо, тақдир қилғанингни қилурға не ихтиёр, қилмасмен демакка кимнинг ҳадди бор?”.

 

Эй кўнгул, тарки насиҳат айладим, оввора бўл,

Юз бало етмаски, мен ҳам бир бало бўлдум сенга.

 

Эй кўнгил, мен насиҳатни тарк қилдим, энди сен овора бўл, Бошингдаги юзлаб бало камлик қилганидай, мен ҳам сенга яна бир бало бўлдим.

 

Бу байтдан “мен энди сенга насиҳат қилмайман”, ва “мен насиҳатларга амал қилишни тарк этдим”, деган икки маъно чиқади. Биринчи ҳолда лирик қаҳрамон ўзининг ошиқ юрагини айблайди ва унга овора бўла беришдай “жазо” тайинлайди; иккинчисида эса ўз кўнглидан узр сўрайди ва “бошингга тушган шунча азоб устига мен яна бир ташвиш бўлдим сенга”, дея ўзини маломат қилади.

 

Жоми Жам бирла Хизр суйи насибимдур мудом,

Соқиё, то тарки жоҳ айлаб, гадо бўлдум сенга.

 

Эй соқий, токи мен ўз юксак мартабамни тарк қилиб, сенга гадодай юкундим, Ўшандан буён Жамшиднинг жомию Хизрнинг суви насибам бўлди.

 

Соқий деганда, мумтоз адабиёт ва умуман тасаввуф бадииятида пири муршид тушунилади. Чунки у соликни ишқ оламига олиб киради, унинг неъматларидан баҳраманд этади. Шу билан бирга, баъзи манбаларда: «Соқий Худодир – ошиқларга ҳақиқат майини ичиради ва уларни маҳву фоний қилади», деб ҳам айтиладики, айни байтдаги соқий ана шу маънода келган.

Жоми Жам – афсонавий подшоҳ Жамшиднинг қадаҳи, унга тикилган одам бутун дунёдаги барча воқеа-ҳодисалари кўриб турар, Хизр суйи (Хизр алайҳиссалом ичган обиҳаёт)дан тотган банда эса боқий умрга етишар эмиш. Яъни, фоний дунё ғишаваларидан этак силкиб, чин ишққа мубтало бўлган солик бу оламнинг барча махфий сирларини англаши, ўзи ҳаёт вақтидаёқ фонийликка эришиш орқали бақо оламига муяссар бўлиши талқин этиляпти.

 

Ғусса чангидин навое топмадим ушшоқ аро,

То Навоийдек асиру бенаво бўлдум сенга.

 

Қачонки (эй ёр), сенга Навоий каби асир бўлиб, ўзимни унутдим, (Ўзга) ошиқлар орасида ғам-ғусса чангидан асар ҳам топа олмадим.

 

Бу сўзма-сўз ўгирма байт ботинидаги маъноларнинг ақалли ярмини ҳам акс эттира олмайди. Аввало, “наво” сўзи ҳақида. Наво – овоз, куй маъносидан ташқари, Шашмақомнинг бир порасини, таом, бойлик, захира, ишбилармонлик, тартиб-интизом ва ҳоказоларни ҳам англатади. Ушбу байт – мақтаънинг бош маъноси – сенга ошиқ бўлиб, асир ва ғамингга мубталоликни касб этгач, бу ошиқлик оламида ғам-ғуссадан чанг зарраси миқдорда бўлса-да, асар топа олмадим, демак. Яъни, чин ошиқлик – дилдан берилиш, ёр жафосидан озор эмас, аксинча, ҳузур топишдан иборат.

Киши дилини нозик наволари билан жунбушга келтирувчи чанг садолари ҳам ишқ оламига кирган киши қалбида ҳазинлик уйғота олмаслиги, ошиқ чанг навосидан ҳам шодмонлик ола билиши тараннум этилган.

Навоий каби ошиқлик даражасига эришган (ишққа мубтало бўлиб, ўзини унутган) кишиларда ғусса бир чанг зарраси миқдорича ҳам қолмайди.

Ва ниҳоят, муболаға – “Ушшоқ” (Ишққа мубталолар) деб аталган куй мақоми асосан шодумонлик тараннумидан иборат эканлиги, унинг таркибидаги наволарда бир чанг зарраси қадар ҳам ғусса йўқлиги айтилади. Зеро ошиқлар ўз муҳаббатидан афсус чекмайди, аксинча, асирлик ва бенаволикдан ҳам ҳузур ола билишда экани айтилади. Мисралар аро “наво”, “Навоий” ва “бенаво” сўзларининг такрорланишидан иборат бадиий санъат эса байтдаги лафздошликни янада кучайтирган.

 

 

НАВОИЙХОНЛИК

Зуҳриддин Исомиддинов

 

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг