НАВОИЙХОНЛИК СУҲБАТЛАРИ
БИР АШУЛА ҲАҚИДА
Бир кун мени ул қотили мажнуншиор ўлтургуси,
Усрук чиқиб, жавлон қилиб, девонавор ўлтургуси.
Гар заъф ила ожизлиғим кўнглига раҳме солса ҳам,
Бошимға еткач, секретиб беихтиёр ўлтургуси.
Васли аро гар ўлтурур, жонимға юз минг шукр эрур,
Чун қолсам андин бир замон, ҳижрони зор ўлтургуси.
Ошиқ бўлурда билмадим, мен нотавони хастаким,
Ҳажр ўлса, ғам куйдургуси, васл ўлса ёр ўлтургуси.
Майдон аро, эй аҳли дин, кирманг тамошосиғаким,
Юз кўрмайин ул кофири чобуксувор ўлтургуси.
Лаълинг закоти май тутуб тиргузмасанг, эй муғбача,
Дайр ичра мен дилхастани ранжи хумор ўлтургуси.
Дерлар, Навоий қатлиға гулгул очибтур оразин,
Кўргунча они, войким, бу хорхор ўлтургуси. (3, 615)
Бу Навоий “Бадоеъул васат” девонидаги 615-ғазалдир. У ёр ҳижронидан юракзада ошиқнинг дилидан кечаётган ўйлар, ваҳм-изтироблари тасвирига бағишланган. Ошиқ ёрни кўзда тутиб, “ўлтургуси” дер экан, унинг ҳажри – қотилваш, висоли – ҳалокангиз эканини айтади.
Ўтмиш адабиётимизда кўп шоирлар ундан таъсирланиб, айни вазн ва радиф (“ўлтурғуси”)да бир талай ғазаллар бунёд этганлар. Чунончи, Андалибнинг бир ва Увайсийнинг иккита ғазали маълум. Навоийнинг ушбу ғазали бир замонлар ашула сифатида Комилжон Отаниёзов ижросида довруқ қозонган бўлса, ҳозирда яна бошқа бир куй негизида Муножот Йўлчиева ижро этаётир. Ғазал байтлари табдилига ўтамиз:
Бир кун мени ул қотили мажнуншиор ўлтургуси,
Усрук чиқиб, жавлон қилиб, девонавор ўлтургуси.
Бир куни мен ул мажнунлик даъво қилувчи қотил ўлтургиси,
Маст бўлиб олдимдан чиқиб, рақсларга тушиб, девонадай ўлтургиси.
Ёр – шўх, у маъшуқни шайдо этиш, вола қилиш, куйдириш учун минг турли ноз-фироқлар ўйлаб топади, уни қийнайди, азоблайди, минг балоларга дучор этади. Байтда тасвирланишича, ёр ўзини далли-девона қилиб кўрсатади, жавлон уради, ошиқни ҳалок бўлиш ҳолатига етказади.
Гар заъф ила ожизлиғим кўнглига раҳме солса ҳам,
Бошимға еткач, секретиб беихтиёр ўлтургуси.
Гарчи заифлигу ожизлигим унинг кўнглига раҳм солса ҳам,
Бошим узра келгач, (от) сакратиб, беихтиёр ўлтургуси.
Албатта, ожизлик раҳм-шафқат, мурувват ҳиссини уйғотади. Ёр ҳам бундай олижанобликдан бегона эмас. Аммо у гоҳо жавру жафони беихтиёр ҳам қилади – ошиқнинг боши устига шиддат билан бостириб келгач, суръатини боса олмай, от сакратиб, беихтиёр ошиқни ҳалок этади, бу бор гап.
Васли аро гар ўлтурур, жонимға юз минг шукр эрур,
Чун қолсам андин бир замон, ҳижрони зор ўлтургуси.
Агар васли ичра ўлдирса, жонимга юз минг шукр қилсам бўлади,
Аммо ундан тирик қолсам, ана унда ҳижрони бир лаҳзада зор ўлтурғуси.
Кўрамизки, ошиқнинг олдида икки йўл бор: ёр васли ичра ўлмоқ ёинки ёр ҳажрида зор-зор йиғлаб ҳалок бўлмоқ. Ошиқ, агар ёр васли ичра ўлмаса, ҳижрон азобида ҳалок бўлишини билади; табиийки… у васлни танлайди.
Ошиқ бўлурда билмадим, мен нотавони хастаким,
Ҳажр ўлса, ғам куйдургуси, васл ўлса ёр ўлтургуси.
Ошиқ бўлган чоғда, мен нотавон ва хаста одам, билмаган эдимки,
Ҳижронда ғам куйдиришини ва васл насиб бўлса, ёр ўлдиришини.
Ишқ – изтиробдир. Ҳатто энг бахтиёр ошиқнинг ҳам, бир лаҳза бўлсин, ҳаловати йўқ: рашк, ёр илтифотидан умидворлик, ғазабидан ҳар дам қўрқиб туриш, лоақал шу саодатли дамларининг тугаб қолишидан саросима уни ҳамиша қийнайди. Бундай ошиқ висол айёмида ёрнинг ўлдиришию, ҳижронда эса ғам адо қилишини билади, шу икки ўт аро мудом қоврилади.
Майдон аро, эй аҳли дин, кирманг тамошосиғаким,
Юз кўрмайин ул кофири чобуксувор ўлтургуси.
Эй, дин аҳли, бу майдон ичра унинг томошасига кира кўрмангки,
Ул уста чавандоз кофир юз кўрмай турибоқ ўлдириб ташлайди.
Эй мусулмонлар, бу ишқ майдонига томоша қилиш ниятида ҳам кирманг, нечукки, бу майдонда от ўйнатувчи дин ғоратгари юз кўриб-нетиб ўтирмаёқ, сизни ҳалок қилиши – ишқ қурбонига айлантириши муқаррар.
Лаълинг закоти – май тутуб тиргузмасанг, эй муғбача,
Дайр ичра мен дилхастани ранжи хумор ўлтургуси.
Эй муғбача, лаъли (лаб)инг закоти бўлган май бериб, тирилтир,
Йўқса, бу дунёда мен дилхастани хуморлик ранжи ўлдиради.
Муғбача – оташпараст бола дегани, майхона югурдаги ҳам мумтоз шеъриятда муғбача деб аталади ва у маъшуқа тимсоли сифатида қўлланади. Бу атама замирида ўтмиш ҳаётимиздаги муайян ҳолатлар намоён. Маъшуқанинг лаблари шу қадар қип-қизилки, гулгунранг май унинг закоти – қирқдан бир ҳиссаси бўлиши мумкин. Шоир ана шу майдан бериб, жон бахш этгил, усиз эса ўша майга хуморлик машаққати мени ҳалок этади, дейди.
Дерлар, Навоий қатлиға гулгул очибтур оразин,
Кўргунча они, войким, бу хорхор ўлтургуси.
Навоийни қатл этиш учун (ёр) гулгул юзини очибди, дейдилар.
Эвоҳ, у гулюзни кўргунча бу интизорлик уни хор қилиб ўлдиради-ку.
Май ранги – қизиллик мотиви яна давом этади. Байтда айтилишича, Навоий қонини тўкмакка чоғланаркан, ёр қизил кийинади, гулгун (қизғиш) юзини очади. Аммо шоирнинг армони шундаки, ёр оразини кўргунича ҳам бўлмай, бу интизорлик, ташналик изтироби – хорхор уни хор қилиб ўлдиради-қўяди. Хорхор сўзи бу ўринда кўп маъноли: орзу, тинчсизлик, кўнгил ҳаяжони ҳамда ғам-қайғу ўтмишда “хорхор” деб ифодаланган. Шу туфайли, айни байтдан бир неча хил маъно чиқиши мумкин (чунончи, жаллоднинг қизил кийим кийиб майдонга чиқиб келиши… унинг ваҳмидан маҳкум бошига қилич тушмасидан аввал ўлиши…)
Бу байтнинг яна бир маъноси – гулнинг тикани доим бор. Гул эса бир фурсатга очилиб, жилва қилади. Гул юзини кўраман деган ошиқ унга талпинар экан, тиканлари санчилиб, уни ҳалок этиши мумкинлигига ҳам ишора бор.
Шунингдек, маҳкумни жазо майдонига олиб келиб, уни қатл этиш онида олисдаги аёллар чиммат кўзини тўсгани учун уни четга суриб, юзини очганлар, деган нукта ҳам бор ушбу сатрларда.
Биз бу ўринда бош маънони талқин этиш билан кифояландик.
* * *
Ана энди ушбу ғазалнинг мусиқали талқини – ашула ижроси ҳақида. Биз биз шу ашула мисолида ўзбек мумтоз қўшиқчилигидаги ғалати бир ҳодиса ҳақида гапирмоқчи эдик. Ғазал куйга солиб, ашула қилиб айтиладиган бўлса, нима учундир қарийб ярми олиб ташланади, айтилмайди. “Яримта ғазал ашулачилиги” авжида. Шу даражадаки, мингта ғазал ашула бўлган бўлса, камида тўққиз юзтаси чўлтоқ, “пати юлинган”. Жумладан, сиз ҳозиргина ўқиган ғазалнинг ҳам тўрт байти ашулада бор, қолган уч байтига “жой тегмаган”, ортиқча деб топилган. Натижада, мазмун деярли англашилмайди, шоирнинг муддаоси рўёбга чиқмай, чала қолиб кетган.
Бизда ашула узоғи билан беш дақиқа ижро қилинади, ўшанга ҳам кўпинча етиб бормайди. Ҳолбуки, шу руҳдаги афғон, уйғур, эрон, урду ва бошқа элларда ашула хийла давом этади, тингловчига унинг бутун руҳи сингдирилади.
Бунга нима сабаб бўлган экан? Эҳтимол, баъзи байтлар матнида “ё Оллоҳ!” дегандай сўзлар бўлса, эски замонда куй басталаётган санъаткор ўша байтдан воз кечишга мажбур бўлгандир? Зеро ўтган асрдаги ҳолат маълум.
Лекин матнни ўқисангиз, бу гап асоссиз экани аён бўлади. Масалан, шу ғазалнинг 1-, 2-, 5- ва 7- байти айтилиб, 3-4- ва 6- байти қисқартириб кетилади, яъни 57 фоизи қолдирилган. “Олиб ташланган” байтларнинг бировни ғижинтирадиган жойи йўқ. Хонандалар, ёки куй басталаб, ашула ҳолига келтирган муғаннийлар шу даражада билармонки, Навоийни ҳам, Бобур, Фурқатни ҳам шартта қисқарта беради, чунки ҳой дейдиган одам йўқ.
Тасаввур қилинг, бир серияли, ибратли бир кинофильмни томоша қиляпсиз. ТВ режиссёри унинг ярим-ёртисини кесиб ташлаб эфирга узатса, асарни қанчалик тушуна оласиз? Мавзуи – маълум, аммо маъноси-чи? Ғазални қисқартиб айтиш ҳам шу каби бир ҳолат, аслида.
Йил оша Самарқандда ўтадиган “Шарқ тароналари”да кўрамизки, ҳеч қайси чет эллик хонанда ва созанда биз каби “кесиб” хониш қилмайди, ҳар бир ашула узоққина давом этади. Биз эса, гўё хижолат бўлгандай, бошлабоқ, тугатиб қўяқоламиз, бори шу, дегандай.
Иккинчи иллат – аксар ашулачиларнинг саводи чатоқ. Ғазални ўқишга, тушунишга ҳафсала қилмайди, аввалги хонанда қандай айтган бўлса, ўшани магнитофондан эшитиб, ёдлаб олади-қўяди. Худо кўрсатмасин, биринчи ҳофиз нуқсли айтган бўлса, қирқ йилдан сўнг ҳам бу хато такрорланаверади.
Жумладан, улуғ ҳофиз Комилжон Отаниёзов ушбу ғазални бошқа бир куй йўлида чиройли ижро этган. Яна таҳсинга сазовор жиҳати шуки, ҳеч бир байтни “ташлаб” кетмаган, барини тўлиқ айтган. Аммо айрим сўзларни бошқа бир сўз билан алмаштириб куйлагани афсусланарли.
Бугун “Мустаҳзод”ини ижросида ҳам шу ҳолни кўрамиз. Шоир Чокар:
“Ҳуснинг гули то бўлди жаҳон мулкида пайдо, эй шўхи паризод,
Солди ани ишқи бошима кулфати савдо қилғил манга имдод” –
деса, Маъмуржон Узоқов сўнгги уч сўзни “қилғил анга фарёд” деб куйлаган.
Камина бБир тингловчи, мумтоз қўшиқлар ихлосманди сифатида, ашула ижросини уч турга ажратгим келади. Биринчиси – ашулада овоз муҳим, деган хонандалар. Улар овозининг кучини, авжли жойларини баланд овоз билан, узоқ чўзиб айтиб, шу орқали тингловчиларни қойил қолдиришни мақсад қилиб олишади.
Иккинчи тоифа эса – мусиқа, куй бирламчи, дейдиганлар. Бунда қўшиқ қолиб кетиб, доиранинг ўзи бирор дақиқа тараклатилади, най алоҳида ажраб чиқиб, “соло” тарзида нола қилади, сўнг ғижжакчи қийшанғлаб камон тортишга тушиб кетади, олқиш олиб, қийқириқ қўзғашга ҳаракат қилади.
Учинчи тоифа эса ашулада сўз бирламчи, деб билади. Қўшиқнинг сўзларини, ғазалнинг маъносини уқтиришга интилади. Ҳожихон Болтаев, Маъруфхўжа Баҳодиров ана шу тоифага мансуб хонандалардан эди. Бу хил қўшиқчилар ғазални теран таҳлил қилишган, давраларда айрим байт, мисра ва байт маъноларни талқин этиб, фикр баён этишган, сўнг… куйлашган.
* * *
Навоий даври тарихга айланган XVI асрдан сўнг уни англайдиган, шоир бунёд этган маънолар хазинасининг қадрига етадиган тутум йўқликка юз тутди. XVII-XIX асрлар – бу уч аср ўзбек халқи турмушининг энг оғир таназзул даври бўлди. У замонни Абдулла Қодирий “тарихимизнинг энг кирлик, қора кунлари” деб баҳолаган бўлса, Чўлпон ҳасрат билан:
Ҳар ерда бошкесар хонларнинг таърифи,
Беҳуда шуҳратлар, шонларнинг таърифи,
Дарёдек оқувчи қонларнинг таърифи…
дея алам билан аччиқ ҳақиқатни эътироф этади. Албатта, у ҳолда улуғ шоир асарларини ўрганиш ва оммалаштириш иложи йўқ эди. Бу тушкунлик асрларида Навоийнинг ижоди оддий халқ эътиборидан четроқда қолгани чин.
Алишер Навоий ижодини ҳартарафлама тадқиқ этиш ва оммлаштириш ўзбек олимлари орасида бундан бир аср аввал – Чўлпон 1924 йилда “500 йил” деган мақолача ёзиб, уни Ўзбек билим ҳайъатига йўллаганидан бошланган. Афсуски, Шўро даврида Навоийнинг ёзганлари аямай қисқартирилди, “феодал-клерикал”, “диний-мистик” эмаслигини далиллаб маломатдан асраб, ишқилиб элга етказиш учун унинг “севгиси” дунёвий деб эълон қилинди
Навоийнинг ёзганларини теран идрок этадиган, бу улуғ ижод дунёсининг сир-асрорларини инкишоф этадиган давр энди келган бўлса, ажаб эмас. Ҳар ҳолда, мустақилмиз, Навоийни миллат қуёши деб атаймиз.
ХХ асрдаги бир неча авлод Навоийшуноснинг пурзўр меҳнати ва эришган илмий натижаларини эътироф этган ҳолда, айтишимиз керакки, халқимиз орасида Навоий номининг кенг ёйилишига аввало унинг ғазалларига басталанган неча юзлаб ашулалар, шунингдек Уйғун ва Иззат Султон қаламига мансуб “Навоий” драмаси (1942) энг кўп ҳисса қўшди. Бинобарин, замона шу экан, деб опера ва эстрадага шўнғиб кетмай, Навоийга ихлос қўйган улуғ санъаткорлар руҳига ҳамиша тасанно айтамиз.
Аммо маълумки, бугун Навоийнинг барча асарлари тўлиқ нашр этиляпти, бирон мисраъ олиб ташланмайди. Достонларининг боши ва охири “кесиб” нашр этиладиган замонлар ортда қолди. Шоирнинг ҳар бир байти – халқимиз учун табаррук. Шу ҳолда, мумтоз ашулалар ижросида калтагина қаричимизни мезон деб билиб, истаган байтни “кесиб”, унинг маъно-мазмунини бузиб юбориш давом этаётгани таажжубланарли. Ахир, ўша байтга зарурат бўлмаса, Алишер Навоий уни битмас эди шекилли? Қайсидир байтни “ҳатлаб”, бошқа байтни куйлаш Навоийни… таҳрир қилишга даъво эмасми? Оқибатда, Навоий нима деганини тингловчи етказа олмаяпмиз.
Назаримда, энди ҳар бир ғазалга битилган ашулани тўлиқ ижро этиш даври келди. Ихлос қўйган, руҳан шоирга яқин бўлганлар эшитишдан асло толиқмайди. Бугунги кунда Навоийни ҳаммага етказайлик, деган давр ўтди, энди уни тушунганлар, тушунадиганлар ўқиса, тингласа, шу кифоя.
Яна. Навоийнинг – ўзи наво. Унинг ғазаллари ижросида кекирдакка ё ғижжакка зўр бериш асло шарт эмас. Бундай қилиқлар шоир руҳига озор етказади. Ундан кўра, шу асарни такрор-такрор, обдон ўқиб, руҳига кириб, самимият ва ҳаяжон билан ижро қилишга ҳеч нарса етмайди.
Зуҳриддин Исомиддинов
