ЧУБАҚ ҲОЖИ ЖАЛИЛОВ ХОТИРАСИГА БАҒИШЛАНГАН ТАДБИР
Маънавий мерос, миллий қадриятлар ҳар бир жамиятнинг юксалишида жуда муҳим. Уларни асраш, келажак авлодга етказиш жамиятнинг маънавий пойдеворини мустаҳкамлайди. Кеча Ўш вилояти Қорасув туманидаги Нурдор қишлоғида жойлашган Чубақ ҳожи Жалилов номидаги кутубхонада “Барҳаёт сиймолар” деб номланган маънавий-маърифий хотира кечаси ташкил этилди. Бу тадбир таниқли дин арбоби, Қирғизистоннинг собиқ муфтийси Чубақ ҳожи хотирасига бағишланган бўлиб, унинг ҳаёти ва фаолиятини янада чуқурроқ ўрганишга, унинг меросни жамоатчиликка танитишга қаратилган.
Чубақ ҳожи Жалилов миллий ва диний қадриятларни асрашга, маърифат таратишга ҳаракат қилган таниқли шахс эди. У киши нафақат дин арбоби, балки чуқур билим ва мустаҳкам иродага эга инсон сифатида барча учун ибратли шахс бўлган.
Чубақ ҳожи томонидан ёзилган асарлар, маърузалари, насиҳатлари ҳамиша катта аҳамиятга эга бўлиб келган, адолат, инсонийлик, ҳалоллик, сабр-тоқат ва меҳр-шафқат каби қадриятлар теран ёритилган. Унинг ҳаётидан ибрат олиб, ҳар бир инсон ўз ҳаётида маънавий тараққиёт йўлида қадам ташлаши мумкин.
Тадбирда у кишининг ҳаёти ҳақида илмий чиқишлар, маърузалар ва эсдаликлар баҳам кўрилди. Шаҳримиз ва вилоятимиздаги таниқли уламолар, ижодкорлар, маориф ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўз олган таниқли уламо Раҳматулло Қосимжон қори ўғли жумладан шундай деди: “Бугун 21-чи Ражаб ойи, январнинг ҳам 21чи санаси. Йиғилишимизга сабаб марҳум Чубақ ҳожи Жалилов бўлибди ва бугун у киши ҳаёт бўлганларида 50 ёшни қарши олган бўлар экан. Мулла Чубақ ҳазратларини мен жуда яҳши биламан. Тўқсонинчи йилларнинг боши. Мен Қирғизистон мусулмонлари идорасида муфтий ноиби бўлиб фаолият кўрсатганимда бизнинг йўлланмамиз билан Чубақ ҳожи Саудия Арабистонига ўқишга борган. У киши билан кўп мулоқотда бўлганмиз. Муфтий бўлиб турган пайтлари ҳам доимо хамкорлигимиз мустаҳкам эди”.
Шайх Раҳматулло домла Чубақ ҳазратнинг хотира кечасида унинг фазилатлари ҳақида ҳам айтиб ўтди. Илмга бўлган меҳри, халққа хизматлари ва динимизга қўшган улкан ҳиссасини алоҳида таъкидлаб, унинг маънавий меросини ёдга олди. Шунингдек, домла Чубақнинг ҳаёти ва фаолияти халқимиз учун ёрқин намуна бўлиб, уларнинг таълим ва маърифатга қаратилган меҳнати ҳеч қачон унутилмаслигини таъкидлади.
Хотира кечаси меҳмони – Чубақ ҳожи Жалиловнинг аёли Гулнур Жалилова тадбирда сўзга чиқиб, шуларни айтиб берди:
“Хўжайиним Чубақ ҳожи менинг кўз ўнгимда салобатли, ўктам бир йигит қиёфасидаги комил инсон эди. Оиламизда ҳамма мен каби у кишига ҳисобот бериш учун яшагандек бўлар эдик. Ҳар бир ишимизни унинг нигоҳидан ўтказиб олишни ўйлардик. Хўжайиним Ўшни, қишлоғимизни яхши кўрарди, уйга келганида чинакам байрам бўлиб кетарди. Қайнонам раҳматли ўғлига қаттиқ меҳр қўйган аёл эди, усталар эски уйларни бузиб, янгисини қураётган пайтда ўғлининг виқорли, чиройли бир ўғлон бўлганини айтиб, “эшикдан энгашиб кирмасин, баланд-баланд эшик қўйинглар”, дегани ёдимда. Бишкекда яшайдиган, диний маърифатда ўз мактабини ярата олган жасоратли бир олимнинг онаси ўлароқ, мақтанса арзир экан, энди билсам. Ўша йиллар хожам Қирғизистон мусулмонлари муфтийси эди.
Гулнур Жалилова тадбир уюштирувчиларидан жуда хурсанд бўлганини айтиб, уларга миннатдорчилик изҳор қилди. Сўзининг якунида Чубақ ҳожи Жалиловнинг нашрдан чиққан янги китобини мазкур кутубхонасига совға қилди.
Ўш шаҳар Кенгаши депутати Илҳомжон Каримов ҳам олим ҳақида шундай деди: – “Шайх Чубақ ҳожи қисқа умри давомида нафақат Қирғизистон, балки бутун минтақамиз мусулмонларининг маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатди. Унинг диний таълимлари ва йўл кўрсатишлари биз учун доимо ёрдам бўлиб келди, келажакда ҳам бизга ғоявий йўлланма бўлиб хизмат қилади».
Шайхнинг ёрқин хотираси ҳақида ҳикоялар ва эсдаликлар орқали қатнашчилар инсонийлик ва маънавиятни янада чуқурроқ англаб етишади.
Шу билан бирга, тадбир доирасида кутубхона билан ижодкорлар ўртасидаги ҳамкорлик ривожланиб, китобхонлик ва маърифатга бўлган қизиқиш кучаяди. Кутубхонада ўтказиладиган бундай тадбирлар ёш авлодни китобхонликка жалб қилишда жуда муҳим.
“Барҳаёт сиймолар” хотира тадбири ёшларда маънавий камолотга интилиш ҳиссини уйғотиши, уларни ўз тарихи ва маданиятига садоқатли авлод сифатида тарбиялаши шабҳасиз. Бинобарин, Чубақ ҳожи Жалилов каби шахсларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳеч қачон ўчмас из қолдиради ва номлари ҳамиша эъзоз билан тилга олинади.
Одилжон Дадажонов