Унутилмас устоз: Бағри кенг инсон ва устоз журналист Одилжон ака Обидовни эслаб…

Бу азиз инсон тарбиялаб етиштирган бутун журналистлар авлоди сафида бўлганимдан фахрланаман.

Журналистика соҳасидаги азиз ва унутилмас устозларни хотирлаб ёзар эканман, исломий манбалардаги бир ҳадис ёдимга тушади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллолоҳу алайҳи васаллам инсонларга яхшилик ва илму ҳунар ўргатадиган устозлар фазлини баён қилиб: “Албатта, Аллоҳ таоло, унинг фаришталари, самовот аҳли ва ер аҳли, ҳатто ер ковагидаги чумоли ва денгиздаги балиққача, барчаси яхшиликни ўргатувчи устозга салавот айтиб турадилар”, деган эканлар. Доно халқимиз илм-у ҳикмат ўрганиб, кейин уни толиби илмларга ўргатувчи устозларни “Устоз отангдек улуғ”, деб эъзозлашган.

 

Дарҳақиқат, ота-онамиз бизни дунёга келишимизга сабабчи бўлиб, тарбиялаб, вояга етказган ҳамда моддий ва маънавий жиҳатдан мададкор бўлган бўлишса, устозларимиз –бизга илму ирфон бериб, икки дунё саодатига эришишимизга куч-ғайратларини сарфлаган азиз зотлардир. Ҳазрат Алишер Навоий бобомиз айтганидек:

“Ҳақ йўлинда ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо, онинг ҳақин юз ганч ила”.

Ҳа, бундан 70 йилча муқаддам юқори синфларда ўқиган йилларимдан бошлаб журналистика соҳасига қизиқиб, аввал “Қирғизистон ҳақиқати”, кейин “Ленин йўли” (ҳозирги “Ўш садоси”) газетасига, республикада, вилоятда ва туманда қирғиз, рус тилларида чиқадиган нашрларга катта-кичик мақолалар ёзиб юрардим. Қишлоқ мухбири деган гувоҳномам ҳам бор эди. Бир куни гувоҳнома муддатини узайтириш учун Ўшга, “Ленин йўли” газетаси таҳририятига бордим. Хатлар бўлими мудираси Раънохон опа Сарибоева гувоҳномамни кўриб, унинг муддатини узайтирди-да, муҳр бостириш учун муҳаррир хонасига кириб кетди. Бироздан сўнг чиқиб, “Мўйдинжон, бош муҳаррир Одилжон ака Обидов қабулига киришингизни сўранди”, – деди. Юрагим шувуллаб кетди. Мен чиққан мақолаларимда бирон хатолик, ноаниқлик кетдимикин ёки кимдир шикоят қилдимикин, деган ўйда аранг босиб, ҳадик билан муҳаррир хонасига кириб бордим. Бу инсонни биринчи кўришим эди. Бўйдор, ориқдан келган, юзлари кулиб турган Одилжон ака ўрнидан туриб, менга пешвоз чиқди ва эски қадрдонлардек илиқ қабул қилиб, узоқ ҳол-аҳвол сўрагач:

– Сиз коммунистмисиз? – деди табассум билан.

– Ҳа.

– Мўйдинжон, сизни анчадан буён кузатиб юрибман, саводингиз яхши, ёзаётган лавҳа ва мақолаларингизда ҳаёт жўш уриб турибди, журналистика соҳасига жуда қизиқасиз. Жамоа билан маслаҳатлашиб, сизни ишга чақирмоқчи эдик. Ўзингиз келиб қолганингиз яхши бўлди. Сизни мухбир сифатида ишга қабул қиламиз. Муаммоларингиз ҳал бўлади. Биринчи августдан таҳририят бўлимларида бўлиб, улардан ишлаш ва ёзиш услублари билан танишасиз ва ўрганасиз, – деди бош муҳаррир мендан розилигим ҳақида ҳам сўрамасдан. Албатта, мен бу таклифдан жуда қувондим. Журналист бўлиш азалий орзуим эди. Лекин мен ўша пайтда мактабда ўқитувчилик қилиш билан бирга колхоз партия комитети котибининг ўринбосари ва комсомол ташкилоти котиби эдим. Одилжон акага бу ҳақда айтганимда у, “Ишдаги бу каби муаммоларингиз ҳал бўлади. Туман раҳбарига қўнғироқ қилиб, сизни вилоят газетасига ишга қабул қилганимизни айтаман”, – деди. Муҳаррирнинг очиқ чеҳра ва ишонч билан айтган гапидан кўнглим таскин топса-да, бу гапни раис эшитиб, редакцияга арзландингми, деб дўқ урмасмикин, деган хавотирда эдим. Уйга қайтар эканман, Одилжон аканинг ишонч билан айтган гапларидан қалбим ёришган, журналист бўлишдек иккинчи орзуим ҳам ушалади, деган умидим мустаҳкамланган эди. Ўша тун ширин орзулар гирдобида тонг отдирдим. Эртароқ туриб ювиниб, чой ҳам ичмасдан минг бир хаёлда колхоз идораси томон одимладим. Колхоз раиси Аҳмаджон Нишонбоев фаоллар билан идора олдидаги бир жуфт икки қулоч ҳам етмайдиган қайрағоч остидаги сўрида ўтирган экан. Қўл остидагиларни унча менсимаган, қўпол муомалада бўлиб келган колхоз раиси мени кўриб, муомаласи юз фоизга ўзгариб қолди.

– Мўйдинжон, бу ёққа кел, – дея раис ўрнидан туриб менга яқин келиб қучоқлади. – Табриклаймиз, вилоят газетаси мухбири бўлишинг билан. Мана, қаранглар, – деди сўнгра ёнида ўтирганларга қараб, – колхоз ўстирган кадримиз вилоятда масъул хизматга ўтибди. Қани Мўйдинжон, энди сен мухбирсан, кел, биз билан бир пиёла чой ич!

Раисдан бундай муносабатни кутмаган эдим. “Демак, газетанинг обрўси, сўзнинг кучи борки, мухбирларнинг ҳам қадр-қиммати баланд”, – деган фикр хаёлимдан ўтди.

Шундай қилиб, 1974 йилнинг 1 августидан муҳаррир Одилжон ака Обидовнинг буйруғи асосида редакция ходими бўлиб ишлай бошладим.

“Сизнинг оилавий шароитингизни ҳисобга олганмиз, – деди Одилжон ака, – бир ойдан зиёдроқ таҳрририятдаги 7та бўлимнинг иш услублари ва мақолаларни ишлаш йўллари билан танишинг, сўнг зонал мухбир бўлиб ишга киришасиз. Ўша вақт ичида Ўш шаҳрида яшаб ва ишлашимга ҳам ғамхўрлик қилди. Касаба уюшмасидан шаҳардаги дам олиш уйида бир ой яшаб ва ишлашимга йўлланма беришди. Бундай ғамхўрлик ва эътибордан қувончимнинг чеки йўқ эди. Бозорқўрғонда умр йўлдошим Сурмахонга 4 фарзандни қолдириб, “Бир ой сабр қиласиз, дам олиш кунлари келиб тураман”, – деб рўзғорни таъминлаб, Ўш шаҳрига кетдим.

Таҳрририятда 7 та бўлим мудирларининг менга самимий, ширин муомала ва муносабатидан ишга бўлган қизиқишим янада ортди. Қишлоқда яшаб, жамоатчи мухбир бўлиб, асосан қишлоқ хўжалиги ва таълим соҳасига оид мақолаларни ёзганим боис совет қурилиши, партия турмуши, идеология, маданият бўлимлари учун қандай мақолалар тайёрлаш йўллари мен учун нотанишроқ эди.

Дастлабки иш кунларим қишлоқ хўжалиги бўлими мудири Талъат Солиев, кейинчалик Абдуқаҳҳор Маннонов билан боғлиқ бўлди. Бўлимга келган ўзбек, қирғиз ва рус тилларидаги мақолаларни кўриб, қайта ишлаш вазифам эди. Машинкаланган мақолани бўлим мудири назаридан ўтгач, котибиятга туширилиб, газетага босиларди. Бир ой давомида муҳаррир ўринбосарлари Насибжон Раҳматуллаев, Омонилло Аҳмедов, Омонбой Сотволдиев, бўлим бошлиқлари Турсунбой Адашбоев, Муҳаммаджон Ўринбоев, Рустамжон Содиқов, котибиятда Мирзоҳид Мирзараҳимов ва бошқалар менга жуда илиқ, самимий муносабатда бўлдилар, амалий ёрдамларини аямадилар. Журналистика соҳасида улардан кўп нарса ўргандим. Муҳими, уларнинг одамийлик, самимийлик фазилатлари орадан ўттиз йилдан зиёд вақт ўтса ҳам ёдимда. Бир ой иш ўрганганимдан сўнг Одилжон ака Обидов ҳузурига чақириб: “Биламан, мухбирлик тажрибангиз оз, аммо ҳеч тушкунликка берилманг, жамоамиз ходимлари ёрдамларини аямайди. Ўзингиз ҳам кўп ўқинг, изланинг, ишончим комилки, мухбирлик вазифасини эплаб кетасиз. Бугундан вилоятнинг Ленин (ҳозир Новкент), Олабуқа туманлари ва Тошкўмир шаҳри бўйича катта мухбир бўлиб тайинландингиз. Сизга оқ йўл, омадингизни берсин”, – дея йўлланма берди.

Мухбирлик юкини орқалаб, вилоятнинг деярли барча туман ва шаҳарларини кездим. Оддий инсонлар, нуфузли раҳбарлар суҳбатида бўлдим. Уларнинг ички дунёлари, амалдаги ишлари, ютуқлари, келажакдаги ният ва орзулари билан танишдим. Билим доирам кенгайиб борди. Ҳар йили туман ва шаҳар партия қўмиталарининг йиллик партия конференцияларидан кўламли мақолалар тайёрладим. Янги ташкил топган қўриқ колхоз ва совхозларнинг ютуқлари, муаммолари, келажаги хусусида саҳифалар тайёрладим.

Илғор пахтакор, чорвадор ва бошқа касб эгаларининг иш тажрибаларини кенг оммалашишига кўмаклашдим. Албатта, қаерда бўлсам яхши томонларини ҳам, камчиликлари ҳақида ҳам рўй-рост ёздим. Қаерга бориб, ким билан суҳбатлашсам ҳам тарозининг икки палласини тенг тутиш шиорим бўлди. Таҳририятда ўн уч йилча ишладим. 1986 йил охирида ўз ихтиёрим билан қишлоққа қайтиб туман халқ таълими бўлимида услубчи бўлиб ишладим. 1991 йилда Жалолобод вилояти ташкил қилингач, “Жалолобод тонги” газетасини ташкил этишда қатнашиб, мухбир, бўлим мудири лавозимларида 2018 йилгача ишладим.

Ўш ва Жалолобод вилояти газеталарида ишлаш билан ижодга ҳам вақт топдим. Илҳом келганда шеърлар, ҳикоялар, публицистик мақолалар, очерклар, саёҳат таассуротларини ёздим. Мустақиллик йиллари ўнга яқин назм ва насрга оид китобларим ва таржималарим чоп этилди. Марказий Осиё республикаларида эълон қилинган адабий танловларда қатнашиб, фахрий ёрлиқлар олдим. Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон республикаларида чоп этилган альманахларда шеър ва ҳикояларим босилди. Қирғизистон оқин-ёзувчилар жамоат фонди Чингиз Айтматов медали билан, Қозоғистондаги “Дунё истеъдодлари” уюшмаси Абай Қунанбоев медали билан тақдирлади. Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги миқёсида ташкил этилган танловларда иштирок этиб, “Ўз касбининг фидойиси” ва “Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялагани учун” медаллари билан мукофотландим. Гоҳида, ўшанда Одилжон ака Обидов газетага ишга қабул қилмаганида бундай ютуқ ва ҳурматга қаёқдан эришардим, деб ўйлаб қоламан.

Журналистика соҳасига кириб келишимга ва нуфузли вилоят газетасида ишлаб қолишимга сабабчи бўлган биринчи устозим Одилжон ҳожи ака Обидовдан жуда-жуда миннатдорман. У инсонийликнинг ҳамма ижобий жиҳатларини ўзида мужассам этган тилла одам эди десам, янглишмайман. Одилжон ака ва таҳририятда ишлаган бошқа ҳамкасблар менинг журналистика соҳасида ўз йўлимни топиб олишимга катта ёрдамларини беришган. Одилжон ака Обидов сермаҳсул ва баракотли 90 йил умр кўрди. Бу инсоннинг охиротини обод қилишини, уни Фирдаус жаннати билан мукофотлашини Аллоҳдан сўраб, ҳар ибодатимда дуолар қиламан.

Одилжон ака – унутилмас устозим.

 

Мўйдинжон Абдумажидов, журналист.

Расмларни муаллиф тақдим этган

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг