Боксчи Мунарбек ва мураббий Акмал ҳикояси: Уч давлат бирлашиб, фильм олишади

Париж олимпиадасидаги бу воқеа қирғиз ва ўзбек халқлари биродарлигининг ёрқин тимсоли бўлиб қолган эди.  

Толемуш Океев номидаги  “Қирғизфильм” киностудияси “Биродарлик ғалабаси” номли бадиий фильмни тортишни режалаштириб, унинг сценарийси синопсиси учун махсус танлов эълон қилди. Бўлажак фильмнинг бош қаҳрамони – бу йил Парижда бўлиб ўтган Олимпия ўйинларининг кумуш медали соҳиби, ўшлик боксчи Мунарбек Сейитбек уулу.

Фильмнинг давомийлиги 90 дақиқа бўлиб, лойиҳа Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон кино усталари ҳамкорлигида тасвирга олинади.

Танловда қатнашиш учун синопсислар 2025 йил 30 январгача топширилиши керак. Танлов ғолиби уч давлат вакилларидан иборат комиссия томонидан аниқланади. Ушбу лойиҳа Туркия, Ўзбекистон ва Қирғизистон давлатлари ҳамкорлигида кино ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни белгилаб, кинематография соҳасида самарали ҳамкорлик қилиш учун шарт-шароит яратади.

Танловни уч давлатнинг 6 нафар вакилидан иборат комиссия ўтказади. Комиссия ишини енгиллаштириш учун фильмнинг синопсиси уч тилда тақдим этилиши керак. Бу Танлов комиссияси аъзоларига фильм мазмунини уларнинг миллий тилидан қатъи назар тушунишларини осонлаштиради ва баҳолаш жараёнини оптималлаштиришни таъминлайди. Танлов материаллари Қирғизистон учун қирғиз, рус ва инглиз тилларида, Ўзбекистон учун (ўзбек, рус ва инглиз, ва Туркия учун турк, рус ва инглиз тилларида тақдим этилиш лозим.

Бундан ташқари танловда Қирғизистон Республикаси Конституциясига зид бўлган, давлат яхлитлигини бузувчи, унинг хавфсизлигига таҳдид солувчи, ижтимоий, ирқий, миллий, диний, мулкий, қабилавий қарама-қаршилик ва жинсий зўравонликни қўллаб-қувватловчи ва тарғиб қилувчи фикрлар бўлмаслиги керак. Бундай ишлар (синопсислар) автоматик равишда танлов рўйхатидан чиқариб ташланади.

Эслатиб ўтамиз, боксчи Сейитбек уулунинг шахсий мураббийи Парижда бўлиб ўтган XXXIII ёзги Олимпиада ўйинларига бориш учун аккредитациядан ўтказилмаган эди. Натижада ўзбекистонлик мураббий Акмал Ҳасанов уч муҳим жанг мобайнида унга секундантлик қилган. Қирғизистонлик спортчи мисли кўрилмаган натижаларни кўрсатиб, финалга чиқди ва кумуш медални қўлга киритди. Финалда Мунарбек 57 килограмм вазн тоифасида ўзбекистонлик жаҳон чемпиони Абдумалик Халоқовга имкониятни бой бериб қўйди.

Бу Қирғизистон бокси тарихида мана шундай биринчи муваффақият бўлиб, 28 ёшли Мунарбек Сейитбек уулу олимпиада ўйинларида финалга чиққан биринчи боксчи бўлиб қолди. Қирғизистонлик боксчилари бунгача Олимпиада ўйинларида чорак финалга қадар етиб боришган эди холос.

Мунарбек Сейитбек уулу бокс бўйича 2023 йилги жаҳон чемпионатининг бронза медали совриндори. Испаниядаги Бохам халқаро танлови ғолиби (2024). Ёшлар ўртасида Осиё чемпионатининг бронза медали соҳиби (2018). У беш марта Қирғизистон чемпиони бўлган. Бир қанча халқаро мусобақалар ғолиби.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг