ГУЛ ТЕРГАНИ КЕТГАН ШОИР ОҒАМИЗ
Турсунбой Адашбоев. Ҳаммага таниш ном бу.
Турсунбой… Адашбой… Адашган одамнинг исмими у? Турсунбой, Турғун деганлари-ку, маълум – аввалги фарзандлари нобуд бўла бергач, ота-онаси “зора, шуниси туриб қолса”, дея тилак қилиб, шунақа от қўйган. Бироқ энди билсам, отаси ҳам ёлғиз ўғил бўлган экан, тиббиёт йўқ у замонларда болага кўз тикиб нобуд қиладиган инс-жинслар зора адашиб, бунга тегмай, янглишиб нари ўтиб кетса, деган илинжда отини Адашбой деб қўйишган экан. Шундай қилиб, якканинг ёлғиз фарзанди эди у.
Аммо ҳали мактаб ёшига етмасидан отаси терлама касалига чалиниб, оламдан ўтди. Бу жудолик нималигини тушунишга ҳам ожиз гўдакни “Отанг гул тергани кетди, келиб қолади”, деб овутишди яқинлари. Болаликнинг тотли кунлари Турсунбой учун ўшандаёқ тамом бўлган эди. Ғалати бир ҳол: она меҳрини кўрмай ўсган Лутфихон Саримсоқова кинода мушфиқ онаизор ролини она қўйнида ўсиб-улғайган бошқа аёллардан яхшироқ қилиб, қойиллатиб гавдалантиргани сингари, болаликка тўймаган, бир умр болаликка интилиб, болалик бахтига ташна бўлиб ўтган Турсунбой ака ҳам бола кўнглини ҳаммадан теранроқ англайдиган, бу масъум оламни ҳаммадан яхшироқ ифода этадиган ажойиб болалар шоири бўлиб танилди.
Ўйлаб қарасам, шоирни қарийб эллик йилдан бери билар эканман. У чоғларда Турсунбой ака энди ўттизга кирган, қайноқ, жўшқин бир йигит эди. Чопқиллаб юрар, умрининг охиригача уни тарк этмаган ҳазилвонлиги, серҳаракатлиги сабабли давраларнинг гули бўлар эди. Ўш вилояти ўзбек газетаси редакциясида корректор бўлиб ишлайдиган биз каби ўн етти-ўн саккиз яшар йигитчалар, Масковдаги ўқишидан таътилга келиб қолган Шавкат Раҳмону таҳририятдаги бошқа ёш-яланглар билан далада (биласиз, у пайтда ҳамма “сабзавоткор”, “пахтакор”, “пичан ўрувчи” эди) барчамизни қизиқтириб, ялангоёқ кимўзарга чопишар, бизнинг бу асов шиддатимиздан сертупроқ дала йўлларнинг чанги осмонларга ўрлаб кетарди.
Аммо шоир фақат ўйнаб-кулиб, қувноқ ҳаёт кечириб ўтиб кетмади – бутун умри тинимсиз изланиш, ижодий меҳнат билан кечди, нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда Турсунбой Адашбоев бўлиб танилди. Мен бу гапни маҳоват қилиб айтаётганим йўқ, у кишининг Туркманистондаги шоир дўст-биродарларини танийман, Тожикистонлик талай қаламкашлар оға билан борди-келди қилишар, ижодий машқларини юборишар, шоир уларни она тилимизга ўгириб, ўзбекча ёзилган бўлса таҳрир қилиб, турли газета-журналларда чоп эттирар, бу ҳам кам кўриниб, давраларда “Авлиёхон Эшон деган бир зўр шоир бор, шуни бир ўқинглар”, дея тарғиб этишдан чарчамасди.
Турсунбой Адашбоевнинг бадиий ижодиёти уч турлик: болалар учун шеър ёзиш, шеърий ҳажв ҳамда бадиий таржима.
Булардан қайси бири биринчи ўринда туради, сизнингча? – деб савол берсангиз, очиғи, каловланиб қоламан. Назаримда, учаласи ҳам етакчилик қиладигандай.
Ахир, ўзбек болалар шеъриятини Турсунбой Адашбоевсиз тасаввур қила оласизми?
Шеърий пародия ва эпиграмма деган жанрларни тамоман ўзиники қилиб “бийлаб” олиб, бу йўналишда карвонбоши бўлгани-чи?
Қирғиз шеърияти ва насридан қилган таржималарининг ўзи ўттиздан ортиқ китоб бўлиб босилиб чиққан (жумладан, “Манас” эпоси, Тўлаган Қосимбековнинг “Синган қилич” романи кабилар бор), буёқда ҳали жаҳон болалар адибларининг ўнлаб энг сара асарларини қойиллатиб, Ғайбулла Саломов домла таъбири билан айтганда, “кифтини келтириб” ўгирган бўлса…
Мен у кишининг ижодига оид атиги учтагина йўналишни санаб ўтдим, аммо буларнинг ҳар бири битта киройи шоирнинг умрини безагудек.
Ҳолбуки… Турсунбой ака шогирдтарош ҳам эди! Ўнлаб, йигирмалаб, ўттизлаб… шоирлар у кишини устоз деб билишар, олдида ҳам, ортида ҳам бирдай эъзозлашар эди. Кўплар билмайди: Турсунбой аканинг баъзи шогирдлари ёш жиҳатидан ўзидан каттароқ ҳам эди – оға уларни овлоқ-овлоқ туманлардаги газета таҳририятларидан, мактаблар, китоб дўконларидан топиб, пойтахтга “қулоғидан чўзиб” олиб келар, оқибат – дуппа-дуруст болалар шоирлари кашф этилар, аксар қўли юпқа, содда-дўлвор бу одамларнинг бир-икки катта-кичик китоблари нашр этилгач, тузуккина болалар шоири эканини барча эътироф қиларди.
Турсунбой аканинг суҳбатини олган, у ҳангома бераётган даврада бўлган ҳар бир одам кейинчалик уни яна қўмсаб қолар эди. Қолаверса, ҳозир эллик-олтмиш ёшнинг буёғидагиларнинг бари бола чоғида Турсунбой Адашбоев шеърларини ёдлаб катта бўлган. Шоирга ҳамроҳ бўлиб, Ўзбекистон ё Қирғизистоннинг қайси туманига борманг, “Ие, ассалому алайкум, Турсунбой ака, бормисиз, устоз!”, дея қадрдонлари қучоқ очиб чиқиб келаверишар, шоирнинг ёнида улар билан сўраша бериб, чарчаб ҳам кетар эдингиз. Ва ҳавас қиласиз – Турсунбой Адашбоев, улуғ адиб Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда, дунёга келиб, одам эккан инсонлардан бўлган экан, дейсиз. Ҳар бир вилоят ва туманда унинг шогирдлари, ўзбек болалар шоирлари – содда, самимий, олижаноб инсонлар бор. Турсунбой ака уларнинг ҳар бирини, ота-онасини, моддий аҳволини, дард-ташвишини яхши билар, қўлидан келганча кўмаклашар, уларнинг китобини чоп эттириш учун елиб-югуриб юрар эди…
Ана шу самимийлик ва беғубор кулги кайфияти Турсунбой Адашбоевнинг она қишлоғи ҳақида ёзган “Ғаройиб қишлоқнинг ажойиб одамлари” хотира китобчасида ҳам барқ уриб туради. Шоирнинг болалик хотиралари – оғир замонларда ҳам одамийликни, тантиликни сақлаб қола олган, руҳини туширмай, келажак кунлардан умид қилиб, ҳазил-ҳузулларга ҳам вақт топиб, қишнинг аёзли тунларида қора чироқнинг хира шуъласи остда кўсак чувиб ўтирган одамлар… Уларга “Гўрўғли” достонини ўқиб бераётган ўсмир Турсунбой Адашбоев… Қўшни қишлоққа совчиликка, сўнг эса келин туширишга борган чўтир хотинларнинг кулгилари… НКВД ходимларидан яшириш учун қадимда битилган китобларини очиқ гўрга кўмиб, талай вақт ўтгач нам тортиб кетган саҳифаларни битталаб очаётган Турсунбой Адашбоевнинг бобоси… Дарвоқе, у киши Сафедбулон қишлоғидаги мачит имоми бўлган экан.
Адабиётимизда пародия жанрининг “домовой” дафтарига Турсунбой Адашбоевнинг номи энг катта ҳарфлар билан ёзиб қўйилган. Чунки Турсунбой ака бу жанрни “бийлаб” олган ижодкор эди. Аслида, пародия тақлид, муқаллидлик дегани. Демак, нимаики пародияга нишон бўлган экан, у ўз аслига жада-жуда ўхшаш бўлиши ва айни дамда унинг ҳолати ҳажвбоп эканини кўрсатиши керак. Ҳар бир пародияга олинган шеърга ўз вазни, ўз оҳанги ва ўз ритмида, деярли ўшандай сўзлар билан шу қадар “қитмирона” ҳажв қилинадики, муаллифнинг ўзи ҳам кула-кула пародиячига тан беради. Ижоднинг бу турига мойиллик, менимча, Турсунбой акада Ўш вилоят “Ленин йўли” газетаси таҳририятида ишлаб юрганида шаклланган. Негаки, ўтган асрнинг олтмишинчи-етмишинчи йилларида бу газетада фронтовик журналист Ҳалимжон Ҳамидов ва унинг давомчиси бўлган Одилжон Обидовлар етакчилигида адабий савияси юксак ўнлаб шоир ва ёзувчилар аҳил ишлашар, бир-бирларининг ёзганларини ўқиб маслаҳатлашишар, асарнинг қаеридир “ғовлаб” кетган бўлса, давраларда ҳам, таҳририят биносининг биринчи қаватига осиб қўйиладиган ижодкорларнинг “Деворий газета”сида ҳам гоҳ беозор, гоҳ боозор тарзда “туртиб” қўйиш урф бўлган эди. Кулги деса жонини берадиган Турсунбой ака бундай кулгили пародия, “байрам ҳазили” деган юмористик табрикларнинг энг фаол муаллифи бўлар эди, албатта.
Турсунбой ака… шу кунларда саксон беш ёшга кираётган бўлар эди.
Аммо етмиш саккиз ёшида Турсунбой ака ҳам гул тергани кетган отаси ортидан йўлга тушди.
Шоир боболарини йўқотиб қўйиб сўроқлаётган, ўксиб қолган нораста ўзбек болалар шеъриятини, у кишининг ўнлаб шогирдларини юпатиб, “Турсунбой акамиз гул тергани кетди”, деб таскин беришдан бошқа нима чорамиз бор?
Илоҳо, гул тераётгани рост бўлсин!
Зуҳриддин Исомиддинов
(Турсунбой Адашбоевнинг 85 йиллигига)