Янги шаҳарликлар биринчи маротаба Ўшда ўтказилган семинарга қатнашдилар
Шаҳар мактаблари ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларини жамлаган тадбирда марҳум адиблар ёдга олинди.
Кеча, 16 октябрь куни Ўш шаҳридаги Тўқтўғул Сатилғанов номидаги 26-ўрта мактабда Ўш шаҳар ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларининг янги ўқув йилидаги биринчи семинари бўлиб ўтди. Ўш шаҳри ҳудудининг кенгайиши ҳақида ҳукумат қарори билан бу йил Қорасув туманига қарашли айрим ҳудудлар шаҳарга тасарруфига ўтган эди. Семинарда шаҳар ҳудудига янги қўшилган мактабларнинг педагоглари ҳам қатнашдилар.
Тадбирда Ўш вилояти ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларининг Малака ошириш институтига курсга келган ўқитувчилар ҳам иштирок этдилар.
Режа асосида мактабнинг 6-“А” синфида ёш ўқитувчи Нодира Ботирова “Турсунбой Адашбоевнинг лоф шеърларини ўқиш” мавзусида очиқ дарс ўтди. Гарчи Ботирова бу йил илк бор ўзбек тили ва адабиётидан дарс олган бўлса-да, шаҳар миқёсида очиқ дарс ўтишга жасорат топди ва янги технологиялардан фойдаланиб дарс ўтиб берди.
“Биз ёш ўқитувчимизнинг дарсини кузатдик, ўқувчиларнинг дарсга қизиқиши ёмон эмас. Нодирахонга услубий ёрдам керак. Дарс тизими ва ўқитувчи нутқи борасида малака ошириш курсларига қатнашсин”, – деди 59-ўрта мактаб ўқитувчиси Лазокатхон Турсунова. Нодира Ботирова эса бу йил ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси сифатидаги фаолиятида қандай камчиликлари борлигини билишни, кейин уларни тузатишни мақсад қилиб олганини айтди.
“Бугун касбдошлар, устозлар ютуқ ва камчиликларимни рўйи-рост айтиб, муҳокама қилишди. Мен фақат камчиликларимни ўзим учун ёзиб олдим, чунки, танқид – келажакнинг меваси, дейишади. Бундан кейин бошқа мактабларда бўладиган барча очиқ дарсларга қатнашаман, ўрганаман”, деди у.
Шундан кейин мактабнинг мажлислар залида Ўшдан чиққан атоқли шоир Шавкат Раҳмон ҳаёти ва ижодига бағишланган “Миллатнинг мард шоири” номли адабий-мусиқий тадбир бўлиб ўтди. Уни мактабнинг етакчи ўқитувчиси Феруза Мирғоипова тайёрлаган. Иштирокчилар дастлаб шоирнинг ҳаёти ва босиб ўтган йўли ҳақида маълумотлар билан танишдилар. Кенг экранда шоирнинг тасвири пайдо бўлиши ва синглиси берган видео интервьюдан ҳамма таъсирланди. Шоир ҳаётидан саҳна кўринишлар ва забардаст адибнинг шеърларидан ўқилган намуналар ҳам ҳаммада кучли таассурот қолдирди.
ҲИЛОЛА НАСИРДИНОВА: “ТОҒАМ – ШЕЪРИЯТНИНГ ФИЛЬТРИ ЭДИ”
Шавкат Раҳмоннинг синглиси, раҳматли Мамлакатхон опанинг қизи Ҳилола Насирдинова тадбирда сўзга чиқиб, шуларни айтиб берди:
“Тоғам Шавкат Раҳмон менинг кўз ўнгимда салобатли, ўктам бир йигит қиёфасидаги комил инсон эди. Оиламизда кўпчилик худди мен каби тоғамга ҳисобот бериш учун яшагандек бўлар эдик. Ҳар бир ишимизни тоғамнинг нигоҳидан ўтказиб олиш керак деб ўйлардик. Тоғам Ўшимизни яхши кўрарди, уйимизга келганида чинакам байрам бўлиб кетарди. Бувим раҳматли тоғамга қаттиқ меҳр қўйган аёл бўлиб, усталар эски уйларни бузиб, янгисини қураётган пайтда ўғлининг бўйлари баланд, виқорли, чиройли бир ўғлон бўлганини айтиб, “эшиклардан энгашиб кирмаслиги учун уларни баланд-баланд қилиб қуринглар”, дегани ҳамон ёдимда. Тошкенти азимда яшайдиган, шеъриятда ўз мактабини ярата олган жасоратли бир шоирнинг онаси ўлароқ, мақтанса арзир экан, энди билсам. Ўша йиллар тоғам Тошкентдаги машҳур “Ғофур Ғулом” нашриётида ишлар эди. Шеърларнинг, асарларнинг энг сарасини нашрга берарканлар. Баъзан шиғир ёзувчи, “кўча” адабиётининг бойвачча вакиллари тоғамга пора таклиф қилишаркан, бироқ тоғам виждонига хилоф иш қилмаган эканлар. Адабиётга хиёнат қилмаган тоғамни дўстлари: “Шавкат – шеъриятнинг фильтри эди”, – деб эслашади. Ҳақиқий адабиёт, шеъриятга ҳамиша содиқ қолиб, виждони ва халқи юзига тик қараган тоғам чин маънода бизнинг фахримиздир. “Шоирлар жасорат сўзининг таржимонлари бўлиши керак”, – деб ёзган эди тоғам”.
Ҳилола Насирдинова Шавкат Раҳмоннинг ўзи ҳам жасорат бобида бировдан кам бўлмаганини эътироф этиб, тадбир уюштирувчиларидан жуда хурсанд бўлганини айтиб, уларга чуқур миннатдорчилик изҳор қилди. У ўз сўзининг якунида Шавкат Раҳмоннинг янги нашрдан чиққан китобини мактаб кутубхонасига совға қилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўш шаҳар ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларининг август кенгашида Қирғизистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи Илтифотхон Отахонова шаҳар ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларининг услубий (метод) бирлашмаси раҳбари лавозимидан озод қилишларини сўраган. Ўз ўрнига ўз шогирди – филология фанлари бўйича фалсафа доктори, 8-гимназия мактабининг ўқитувчиси Барно Исоқовани тавсия қилган ва 60 нафар ўқитувчи уни бир овоздан услубий бирлашма раҳбари этиб сайланган эди. Бугунги тадбирга янги раҳбар ҳам бош-қош бўлди.
Сокина, Оқбура, Ўш.
Расмлар муаллифники