Эски ҳаммом… Журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров оқланиши керак

Бу масалада президент Садир Жапаровга қилинган мурожаат ҳам ҳамон жавобсиз қолмоқда.

Профессионал рассом, журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг ўлимидан сўнг ўтган тўрт йил ҳеч нарсани ўзгартирмади. Жаҳон ва маҳаллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларининг 2020 йилнинг 25 июлида Бишкек қамоқхонасида ҳалок бўлган фаолнинг номини оқлаш бўйича ҳаракатлари ҳамон натижасиз қолмоқда.

Халқаро ташкилотлар бу иш бўйича адолат тантана қилиши лозимлигини эслатишдан тўхтамаятилар, лекин бун талаблардан қачондир наф чиқишига ҳам ишонч қолмай бораяпти. Яқинда Польша пойтахти Варшавада 10 кун давом этган ЕХҲТ ташкилотининг анъанавий конференциясида бу масала яна қайтадан кўтарилди. Бу анжуман ҳар йили ташкил қилиниб, асосан инсон ҳуқуқлари муаммоларига бағишланади.

Қирғизистонда фаолият юритувчи «Бир дунё – Қирғизистон» (БДҚ) ташкилоти вакиллари анжуманда сўзга чиқиб, таниқли журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг ўлими ҳақида эслатишди. Бу йил Асқаров тирик бўлганда 73 ёшга чиққан бўлар эди. Бу масалада БДҚ 2021 йили энди президент қилиб сайланган Садир Жапаровга ҳам мурожаат қилган, лекин ундан ҳам шу кунга қадар бирор амалий гап чиқмади. Ундан аввалги президентлар эса асосан суд ҳукмига хайрихоҳлик билдириб келишарди.

Эслатиб ўтамиз, Азимжон Асқаров 2010 йилнинг июнида Қирғизистонда бўлиб ўтган қонли тўқнашувлардан кейин қамоққа олинган. У ўзининг қишлоғи Бозор-Қўрғонда миллий низони кучайтириб, оммавий тартибсизликларни уюштириш ва милиция ходимининг ўлимини ташкил қилишда айбдор деб топилиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Азимжон Асқаров қабри

Унинг айби қонуний далиллар билан исботланмаган. Аксинча, фаолнинг қонли фожиани олдини олишга уриниб қилган ҳаракатлари ҳақида инкор қилиб бўлмайдиган фактлар бор. Жумладан, воқеалар бошланишидан олдин Асқаров қишлоғига нотаниш одамлар қуроллар билан келиб, у ерда жойлашаётгани ҳақида хабар топади. Бу ҳақда расмий баённома ёзиб, уни Муваққат ҳукуматнинг жануб бўйича вакили Исмаил Исақовга топширади. Лекин Исақов бу бўйича чора кўрмаган. Адвокатларнинг ушбу амалдорни судга чақириб, кўрсатма олиш ҳақидаги талабини суд қўлламаган.

Моҳиятига кўра бу иш маҳаллий милиция ходимларининг ҳуқуқ фаолидан ўч олишлари бўлган. Негаки, Азимжон Асқаров бир неча йиллар давомида туман ва вилоят милиция органларида юз бераётган қонунбузарликлар ҳақида доимий равишда хабар бериб, мақолалар ёзиб келган. Унинг танқидидан суд ва прокуратура органлари ҳам бенасиб қолмаган. Унинг хабарлари натижасида бир нечта милиция ходими ишдан олинган ёки бошқа турли жазоларга гирифтор бўлган. Бир иш бўйича ҳатто туман прокурори ҳам ишдан олинган эди. Энг асосийси, Асқаров милиция ходимларига бегуноҳ одамларни калтаклаб, улардан пул ундиришларига йўл бермас эди.

Ҳуқуқ фаоли қамалгач, БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси бу иш бўйича махсус хулоса қабул қилиб, Асқаровнинг айбсиз эканини таъкидлаган. Унга қарши қийноқлар қўллангани ва унинг ишида бошқа ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилгани боис уни зудлик билан озодликка чиқаришни талаб қилган. Халқаро ташкилот талабига кўра Асқаровни нафақат қамоқдан чиқариш, балки унга чеккан азоблари учун катта миқдорда товон пули ҳам тўлаб беришлари керак эди. Лекин бу талаблар ҳамон бажарилмади.

Тўғри, 2017 йили унинг иши қайта қаралди, лекин Асқаровнинг айбсизлигини тасдиқловчи барча исбот ва далилларга қарамай, ҳукм ўз кучида қолдирилди. Шундан сўнг ҳуқуқ фаоли очлик эълон қилди, фақат оила аъзолари ва ҳамкасбларининг сўровлари бўйича бу норозилик акциясини тўхтатган. КОВИД қутуриб турган 2020 йилнинг июлида унинг қамоқда жиддий хасталангани маълум бўлди. Бироқ Жазоларни ўташ хизмати вакили бу хабарни ёлғон деб, адвокат ва ҳуқуқ ҳимоячилари “ўзлари олган грантни оқлаш учун” шу гапни ўйлаб топишганини айтиб чиқди. Бир неча кун ўтиб, Азимжон Асқаровнинг ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқади.

Азимжон Асқаровнинг у билан ўша кунлари кўришиб турган адвокати Валерьян Ахметов, қариндошлари ва ҳамкасблари бу ўлимга қамоқхона ходимлари ва тиббиёт ходимлари айбдор эканини айтиб келишади. Чунки ўшанда маҳбусга тўғри ва тез тиббий ёрдам кўрсатилганда у омон қолиши мумкин эди.

Бу бўйича текширув тайинланиб, текширув ишларини Жазоларни ўташ хизмати ходимлари олиб боришди ва бу ўлимда жиноят таркиби йўқлигини айтиб чиқишди. Албатта, эчкини қўриқлашни бўрига топширса ана шундай бўладида. Агар бу ҳолатни прокуратура ёки бошқа тергов органи холис олиб борганда натижа бошқача бўлиши мумкин эди.

Азимжон Асқаров ўзининг васиятига кўра, Ўзбекистоннинг Тошкент вилоятида, фарзандлари яшаб турган Янгибозор шаҳри яқинига дафн этилган.

Оқбура, Бишкек.

Расм таҳририят архивидан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг