Журналистларга чиқарилган ҳукм: Қирғизистонда сўз эркинлиги йўқолиб бормоқдами?
Бишкекда 11 журналистга нисбатан чиқарилган суд ҳукми жамоатчилик норозилигига сабаб бўлди.
Узоқ давом этган суд иши якунига кўра расмийлар фаолиятига доир суриштирувлар ўтказиб келган қирғизистонлик 11 нафар журналистга нисбатан ҳукм чиқарилди. Бишкек шаҳри Ленин тумани суди қарорига кўра, “Темиров Лайф” ва “Aйт айт десе” лойиҳаси раҳбари Махабат Тажибек қизи олти йилга, лойиҳа ходими Aзамат Ишенбеков беш йилга озодликдан маҳрум этилди. Журналисти Aйке Бейшекеева ва лойиҳанинг собиқ ходими Aқтилек Қапаров уч йиллик муддатга пробацияга ҳукм қилинди. Улар оммавий тартибсизликларга чақиришда айбдор деб топилди.
“Темиров Лайф” ва “Aйт Aйт Десе” лойиҳалари ходимлари Максат Тажибек уулу, Aқил Орозбеков, Сапарбек Aқунбеков ва шу лойиҳанинг собиқ ходимлари Жумабек Турдалиев, Жоодар Бузумов, Сайпидин Султаналиев, Тинистан Aсипбековлар оқланди.
Суд жараёнида айрим хорижий ташкилотлар вакиллари, сиёсатчилар, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам иштирок этишди. Лекин уларнинг аксарияти ҳукм ўқилган пайтда ташқарида қолишган. Милиция ходимлари бўш ўриндиқ қолмаганини айтиб уларни залга қўйишмаган. Сентябрь ойи охирида бўлиб ўтган суд мажлисида давлат айбловчиси ўн бир журналистнинг ҳар бирини олти йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган эди. Журналистларнинг адвокатлари ҳукм устидан Бишкек шаҳар судига шикоят қилишни режалаштиришмоқда.
Журналист Aйке Бейшекееванинг онаси ҳукмдан сўнг ҳис-туйғуларини яшира олмай йиғлаб юборди. Гарчан уч йиллик пробация ҳукми адолатсиз бўлсада, бу қарор онани хурсанд қилди.
“…Мен бундан хурсандман. Бироқ суд қароридан норозиман. Қизимнинг ҳеч қандай айби йўқ. Нега у синов муддатини ўташи керак? Ўн ойдирки, оқланади деган умидда келяпман”, – дейди журналистнинг онаси Назгул.
Махабат Тажибек қизининг онаси Султан Сатибалдиева суд жараёни якунланганидан кейин қизига нисбатан чиқарилган ҳукм ҳақида шундай деди: “Қизим ичиб, еб юрган порахўрлар ҳақида ёзгани учун олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиняпти. Кейинги суд инстанцияларига шикоят қиламиз”.
Оқланган журналист Жоодар Бузумов, суд ҳукми унинг учун кутилмаган бўлганини айтади.
“Шартли жазо тайинланади, деб ўйлагандик. Умид қиламанки, кейинги босқичларда қолган ҳамкасбларим ҳам оқланади”, дейди журналист.
Ҳуқуқ ҳимоячиси Рита Қарасартова суд ҳукмини мамлакатдаги журналистик суриштирув учун катта зарба деб атади.
“Одамлар ўзларини цензура қила бошлайдилар. Улар ўз фикрларини билдиришдан қўрқишади ва бунинг охири яхши бўлмайди. Вояга етмаган фарзанди бор журналист олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Эрини Қирғизистондан чиқариб юборишди. Вақт ўтиши билан тарих барибир бунга ўз баҳосини беради”, – деди Қарасартова.
Судда иштирок этган сиёсатчи Равшан Жээнбековга кўра, айбдор деб топилган журналистлар сиёсий сабабларга кўра қамалмоқда.
“Эркин журналист ҳар доим ҳукуматни танқид қилади. Лекин ҳеч қачон уларга қарши ишламайди. Оммавий тартибсизликларни қўзғатганликда айблаш мантиққа тўғри келмайдиган қарор. Қирғизистон уч йилдан бери кучли авторитар давлатлар қаторида. …Ҳукуматни танқид қилган журналистларнинг ҳибсга олиниши Қирғизистоннинг халқаро майдондаги обрўсини аввалгидан ҳам кўпроқ туширди”, – деди Жээнбеков.
Номлари тилга олинган журналистлар шу йилнинг 16 январида ҳибсга олинган. Шундан кейин ўнлаб халқаро ташкилотлар, жумладан БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси журналистларнинг ҳибсга олинишини қоралаб, уларни озод қилишга чақиришган.
«Далил билан сайрайвер»
“Қабар” агентлигига берган навбатдаги интервьюсида президент Садир Жапаров Қирғизистонда сўз эркинлиги борлигини, шундай бўлганини ва бундан кейин ҳам бўлишини айтган.
“Юқорида айтганимдек, ижтимоий тармоқларда ёлғон маълумотлар тарқатма, далилсиз кимгадир туҳмат қилма… …Далиллар билан сайрайвер. Биз камчиликларимизни тўғрилаймиз ва сенинг талабларингни имкон қадар ҳал қиламиз. Биз очиқмиз ва халқ, журналистлар билан ишлашга тайёрмиз. Ўн битта журналистга келсак, улардан фақат иккитаси [профессионал] журналист. Қолганлари эса 11-синф маълумоти борлигини айтишди… Яна бир бор такрорлайман, “Ёлғон ва ваҳимага солувчи маълумотлар сўз эркинлигига тегишли эмас”, – деган эди президент.
Садир Жапаров аввал ҳам ҳибсга олинган журналистларни “профессионал журналистлар эмас” деб атаган. У асосан ҳуқуқ-тартибот идоралари аргументларини қўллаб-қувватлайди. Жорий йилнинг март ойида президентнинг қатор ОАВлари муҳаррирлари билан юзма-юз учрашувидаги асосий мавзулардан бири 11 нафар журналистнинг ҳибсга олингани бўлган. Учрашувда иштирок этган Миллий Хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев енгилроқ айбловлар қўйилганларни кўриб чиқиб, уларни уй қамоғига олиш ҳақида гапирганидан сўнг, 7 нафар журналист уй қамоғига чиқарилган.
“Биз синмаймиз”
Тилга олинган лойиҳалар асосчиси, мамлакатдан бадарға қилинган журналист Болот Темировга кўра, суд ҳукми президент Садир Жапаровнинг оиласи ва унинг атрофидагилар ҳақида ўтказилган “журналистик суриштирувлар учун қасосдир”.
«Биз президент маъмуриятининг иш бошқарувчиси Қанибек Туманбаев ўзига таниш шахслар орқали қурилиш компаниялари очганини ва барча йирик давлат лойиҳалари президентнинг ўғли Рустам Жапаров номига рўйхатдан ўтган ушбу компаниялар орқали амалга оширилаётганини фош этдик», дейди ҳозирда Европа давлатларидан бирида яшаётган Темиров.
Унинг қўшимча қилишича, жиноят иши материалларида журналистларнинг 16 та видеоролиги мавжуд. Роликлардан бирида Махабат Тажибек қизи сўнгги 30 йил ичида Қирғизистондаги давлат тўнтаришлари ҳақида ҳикоя қилади.
«Бу видеода инқилоблар бир гуруҳнинг бошқаси билан алмашишидан бошқа ҳеч нарсага олиб келмагани ҳақидаги сўзлар бор эди. Бу қандай қилиб оммавий тартибсизликларга даъват бўлиши мумкин? Тергов ва суд… тахминлар асосида шундай қарор чиқаряптилар», дея норозилик билдирди журналист.
“Темиров Лайф” жамоасини жиноий таъқиб қилиш 2022 йилда, лойиҳа асосчиси Болот Темиров гиёҳванд моддаларни сотиш мақсадида тайёрлашда айбланиб қўлга олинган. Сўнг, 2022 йил ноябрда унинг қирғиз паспорти сохта деб топилиб, ўзи Россияга депортация қилинган.
“Суд ҳукми, ҳокимият бизни қўрқитиб, ишимизни тўхтатиш мақсадида чиқарилди. Биз қўрқмадик. Суриштирувларни чиқаришди давом этамиз”, дейди Болот Темиров.
Халқаро ташкилотлар баёнотлари
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Қирғизистон ҳукуматини 11 журналистнинг ишини тўлиқ қайта кўриб чиқишга чақирди.
Суд ҳукмига бошқа бир қатор халқаро ташкилотлар ҳам қўшма баёнот билан муносабат билдиришган. Улар орасида Amnesty International, Civil Rights Defenders, Association for Human Rights in Central Asia ва бошқалар бор. Улар журналистларга қўйилган айбловлар сиёсий ва сўз эркинлигини бостиришга қаратилганини таъкидлашади. Улар журналистларнинг судланиши Қирғизистонда матбуот эркинлигига жиддий зарба бўлиши ва оммавий ахборот воситаларида ички цензуранинг кучайишига олиб келишини таъкидлашади.
Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган “Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси” (CPJ) Садир Жапаровнинг 2020-йилда ҳокимиятга келиши билан Қирғизистонда мустақил журналистикага нисбатан мисли кўрилмаган таъқиблар бошланганини таъкидлайди.
“Порахўрликка қарши курашган икки журналистни узоқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилиш билан Қирғизистон Марказий Осиёда эркин матбуот учун нисбатан хавфсиз жой сифатидаги обрўсини йўқотди ва ўз тарихида янги қоронғу саҳифа очди”, дейди ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича вакили Гулноза Саид.
Буюк Британия ва AҚШ элчихоналари қўшма баёнотида ҳам журналистлар ўз ишини бажаргани учун жазоланмаслиги кераклиги айтилган.
“Aфсуски, бу Қирғизистонда оммавий ахборот воситалари эркинлиги учун майдонни қисқартириш тенденциясининг бир қисмига ўхшайди. Қўшма Штатлар ва Буюк Британия Қирғизистонда ва бутун дунёда сўз эркинлиги ва мустақил журналистикани қўллаб-қувватлашга содиқ қолади”, дея хулоса қилган дипломатик миссия.
Шоҳруҳ Соипов, Оқбура.
Расм интернетдан олинди