Бокс мураббийи ва ҳаками ўртасидаги қонли тўқнашув нимадан бошланган эди?

Бири бирини отиб ташлаган икки собиқ дўстга жаҳон чемпиони Орзубек Назаровнинг нима алоқаси бор? 

Пайшанба, 10 октябрь куни Бишкекнинг 7-мавзесидаги спорт залида бокс бўйича мураббий Жилдизбек Ниязалиев халқаро тоифадаги ҳакам Мукаш Ирсалиевни отиб қўйди. Жабрланувчи воқеа жойида ҳалок бўлган. Қирғизистоннинг бокс бўйича миллий терма жамоа мураббийи Жилдизбек Ниязалиев ва яна бир киши тан жароҳати олишган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Дастлабки маълумотларга кўра, жанжал иштирокчилари Мукаш Исраилов ва Жилдизбек Ниязалиев ўртасида ўзаро молиявий келишмовчиликлар бўлиб келган. Улар икковлари милиция мактабида бирга ўқишган, азалдан қадрдон бўлишган бўлишган. Ўртада бошланган адоватга Бишкекдаги бозорлардан бирига эгалик қилиш масаласи сабаб бўлган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МДХҚ) тарқатган хабарга кўра, жорий йилнинг июлида махсус хизмат ходимлари Мукаш Ирсалиевни ҳибсга олишган. Жилдизбек Ниязалиев ёзган аризага кўра уни товламачиликда айблашган. Расмий маълумотга кўра, 2010 йили Ниязалиев банкдан олинган қарзга 8,5 сотих ер сотиб олган. У ерда кейин “Береке” номли бозор қурилган. Тергов маълумотларига кўра, Ирсалиев ноқонуний йўл билан, Ниязалиевни уюшган жиноятчилар билан қўрқитиб, участка ва бозорни ўзига ўтказиб олган. Оқибатда Ниязалиев олган қарзини тўлай олмай, уйини сотишга мажбур бўлган.

ҳибсга олинган Мукаш Ирсалиев

Исрасиевнинг адвокатлари икки собиқ дўстлар ўртасида олди-сотди битими борлигини айтиб келишган. Кейин 4 октябрь куни уни шаҳардан чиқиб кетмаслик шарти билан озод қилишган. Лекин унга нисбатан товламачилик бўйича жиноий иш қўзғалган. Ирсалиев ўз норозилигини билдириш учун Ниязалиев ишлаётган спорт залига борган. Жанжал устида у “Сайғоқ” русумли қуролидан мураббийнинг қорин қисмига ўқ узган. Ўртага тушган С.Э. исмли шахснинг оёғига отган. Ўзаро қаршилик кўрсатиш пайтида отилган ўқ Ирсалиевнинг бошига теккан. Дастлабки текширув натижаларида ўқ қурол талашиш вақтида тасодифан отилиб кетгани айтилмоқда.

Тилга олинган спорт иншооти машҳур спортчи, бокс бўйича етти карра жаҳон чемпиони, собиқ парламент депутати Орзубек Назаровга тегишли экани маълум бўлди. Назаровнинг сўзларига кўра, таниқли ҳакам Мукаш Ирсалиев ва мураббий Жилдизбек Ниязалиев ўртасидаги қарама-қаршилик унинг учун кутилмаган ҳол бўлган. Отишма ҳақида у машғулот зали жойлашган бинода яшаган одамлардан билган.

“Одамлар қўнғироқ қилишди ва мен дарҳол етиб келдим. Ичкарига кирганимда оғир манзарага кўзим тушди. Спорт залида болалар бор эди, отишма эса мураббийлар хонасида бошланган. Худога шукур, болалар жабрланмабди”, – дейди Орзубек Назаров.

Мазкур ҳолат юзасидан Бишкек шаҳар Октябрь тумани ички ишлар бўлими томонидан тезкор-тергов тадбирлари ўтказилмоқда. Ҳозирда яраланган Жилдизбек Ниязалиев ҳамда С. Э. касалхонада. Жилдизбек Ниязалиевнинг аҳволи оғир бўлиб, ички аъзолари шикастлангани, кўп қон йўқотгани маълум.

Оқбура, Бишкек.

Расмлар МДХҚга тегишли

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг