Ўзбекистонда ўқишни истайсизми? Уч кун ичида ҳужжатларингизни топширинг!
Ҳорижда яшаган этник ўзбекларнинг фарзандларига Ўзбекистон олийгоҳларида ўқишга имкон очилмоқда.
Ўзбекистон президенти фармони билан илк бор ҳориждаги ватандошларнинг (яъни, этник ўзбеклар) фарзандлари Ўзбекистон Олий ӯқув юртларида таълим олишлари учун грант асосида 30 ўрин ажратилди. Ўзбекистон ҳудудидан ташқаридаги этник ўзбекларнинг фарзандлари мамлакатнинг 34 олийгоҳида: ўзбек тили ва адабиёти, маданият, санъат ва ҳунармандчилик йўналишида 4 йил таълим олишлари мумкин. Олий ӯқув юртларига жорий 2024 йилнинг 20 октябригача ҳужжатларни бевосита тақдим этиш зарур.
Олий ӯқув юртларига кириш синовлари ҳорижий ватандошларнинг ўзлари учун қулай вақтда, келаси 2025 йилнинг июн ойига қадар белгилаб берилади. Яъни, грант асосидаги ўринлар келаси ўқув йилидан бошлаб берилади.
Агар абитуриент санъат ва ҳунармандчилик йўналишини танлаган бўлса, аввал касбий-ижодий синовдан ўтиб, кейин умумтаълим тест – синовларига қўйилади. Олий ӯқув юртларига қандай ҳужжатлар ва синовлар қай тарзда топшириши бўйича бўлажак талаба ўзи танлаган ўқув масканининг сайтидан ёки унинг электрон манзилига мурожаат қилиб, билиб олиши мумкин.
Қирғизистонлик ўзбекларнинг фарзандларига Ўзбекистон олий таълим муассасаларида квоталар (ўрин) ажратиш бўйича Тошкентдаги “Ўзбекистон-Қирғизистон дўстлик жамияти” бир неча йилдан буён ҳаракат қилиб келади. Жамият раиси Зуҳриддин Исомиддиновнинг сўзларига кўра, ташкилот Ўзбекистон таълим вазирлигига бир неча бор расмий мурожаатлар йўллаган.
“Аммо баъзи бир тушунмовчиликлар туфайли, айнан қирғизистонлик ўзбеклар эмас, умуман қирғизистонлик абитуриентлар учун ОТМларига ўринлар ажратилиб келди. Ўзбекистон олийгоҳларининг 34тасида [ўзбеклар учун] ўрин ажратилгани яхши бўлди. Лекин 30та грант бу оз-да. Бу ҳар бир университетга биттадан ўрин дегани. Ҳорижда истиқомат қилаётган ватандошлар кўп-ку”, – дейди жамият раиси.
Турли маълумотларга кўра бугунги кунда Ўзбекистондан ташқарида 20 миллиондан кўпроқ этник ўзбеклар яшайди. Уларнинг кўпчилиги қўшни Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистонда истиқомат қилишади. Қирғизистондаги ўзбеклар сони расмий маълумотларга кўра (2023 йил) қарийб 1 миллион кишини ташкил қилади. Маҳаллий ўзбеклар эса ўзларининг сонини анчадан бери 1,2 миллион атрофида деб ҳисоблаб келишади. Чунки расмий маълумотларда бу миллий гуруҳ сонини камайтириб кўрсатишга интилиш бор.
Бу ҳолат бошқа республикалардаям кузатилади. Масалан, Туркманистонда 500 мингдан ортиқ ўзбек бўлиб, ўзбеклар доимо аҳолининг деярли 10 фоизини ташкил қилиб келишган. Лекин Туркманбоши Сапармурод Ниёзов 2001 йили бу кўрсаткични 3 фоиз эканини айтгани бор. Тожикистонда ўзбеклар сони расман 930 минг атрофида деб айтилади. Ҳолбуки, СССРда 1989 йили ўтказилган аҳолини рўйхатга олишда бу ердаги ўзбеклар сони 1,2 миллионга яқин экани қайд қилинган.
Қозоғистонда ўзбеклар сони расман 700 минг киши атрофида деб тан олинади, бироқ бу маълумотни ҳам жуда ишонарли деб айтиш қийин.
Ўзбеклар энг кўп яшаган мамлакат Афғонистон бўлиб, у ерда турли маълумотларга кўра (доимий урушлар туфайли у ерда аҳолини аниқ рўйхатга олиш жуда мушкул), у ерда яшаган ўзбеклар сони 2 млн. кишидан 4,5 миллионгача бўлиши мумкин.
Сони жиҳатидан энг катта туркий миллат ўзбеклар бўлиб, ер юзида уларнинг сони бугун деярли 50 млн. кишини ташкил қилади. Уларнинг асосий қисми Ўзбекистонда яшайди. Бугунги кунда 37 миллионлик мамлакат аҳолисининг 80-85 фоизини ўзбеклар ташкил қилишади.
Ўзбеклар бугун АҚШ ва Европа давлатларини ҳам ишонч билан забт этмоқдалар. Масалан, яқинда Литва расмийлари мамлакатда Марказий Осиёдан келаётган меҳнат муҳожирлари сони 40 минг кишидан ошганини айтиб, ташвиш билдиришган. Жумладан, ўзбекистонлик муҳожирлар сони у ерда 3 йил ичида 1000 кишидан 11 кишига етган. Бундай ташвиш учун уларда асос етарли: бундан 12 йил аввал, расман 3,1 миллионга тенг бўлган Литва аҳолиси бугун 2,8 миллион кишини ташкил қилади.
Сўнгги йилларда икки давлат алоқаларининг мустаҳкамланиши ортидан, Қирғизистон олийгоҳларида ўқиш учун ўзбекистонлик абитуриентлар оқими кўпайган. Уларнинг аксарияти республиканинг водий томонидан келиб, Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод шаҳарларида ўқишади.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди