Ўзбек илм-фанининг ҳақиқий фидойилари бўлган Бобохоновлар ҳақида биласизми?
Қирғизистондан чиққан ака-укалар қўшни Ўзбекистоннинг турли соҳаларида биринчи қалдирғоч бўлишган.
Бугун Қирғизистон деб аталувчи диёр тупроғида туғилиб вояга етган, бутун умри давомида қўшни Ўзбекистон халқ хўжалиги, илму-фан, адабиёт ва санъат каби соҳаларда йирик кашфиётлар қилган азиз инсонларимиз талайгина. Бундай инсонлар Қирғизистон шимолида ҳам бўлган. Бугун мамлакат пойтахти Бишкек яқинида жойлашган қадимий Тўқмоқ шаҳрида таваллуд топган ака-ука Бобохоновлар ҳақида ҳикоя қиламиз.
АБДУЛЛА БОБОХОНОВ
Нафақат Ўш томонларда, балки шимолий Қирғизистоннинг олис ва яқин тарихида ҳам ўзбеклар орасидан етишиб чиққан олимлар, давлат арбоблари, адиблар жуда кўп. Бу борада биз яқин тарихимиз вакилларидан бошласак.
Абдулла Бобохонов – замонавий ўзбек меъморчилик соҳасини ривожланишида ўз билим ва маҳоратини юксак даражада кўрсата олган совет давридаги биринчи ўзбек архитекторидир. Унинг фаолияти ва ижоди собиқ Ўзбекистон ССРнинг маданий ва архитектура соҳасидаги ўзгаришларнинг кўзгуси десак, янглишмаймиз. Абдулла Бобохоновнинг лойиҳалари, миллий анъаналарни замонавий архитектура усуллари билан уйғунлаштирган ҳолда ўзбек меъморчилигининг янгиланишига катта ҳисса қўшди. Унинг фаолияти нафақат бино ва иншоотлар барпо қилиш билан, балки ёш мутахассисларга билим беришдаги ишлари билан ҳам эътиборга сазовор. Ушбу мақолада, Абдулла Бобохоновнинг ҳаёти, архитектура соҳасидаги мероси ҳақида маълумот берамиз.
Ўзбеклардан чиққан, биринчи бўлиб СССР Халқ архитектори номини олган, Ўзбекистон архитекторлари уюшмаси раиси, Ўзбекистон давлат қурилиш қўмитаси раиси,
Ўзбекистонда архитектура-қурилиш ишларининг ташкилотчиси, «Ленин» ордени совриндори бўлган Абдулла Бобохонов 1910 йилда, ўша пайтда Россия империясига қарашли Семиреченск вилояти, Пишпек уездининг эски Боласоғун (ҳозирги Тўқмоқ) шаҳрида туғилган. Миллати ўзбек.
Олис 1920 йилда, Абдулла эндигина 10 ёшга кирганда отаси Бобохон ака таниқли зиёли, биринчи гильдия тужжори эди. У Ўрта Осиёликлар орасидан биринчи бўлиб шахсий автомобиль сотиб олган ва уни Германиядан механик-ҳайдовчи билан бирга олиб келиб, шу ўлкада биринчи автомобиль заводини қуришга киришган. Афсуски, Бобохон ака ниятини амалга ошира олмаган – шўро инқилоби тарафдорлари томонидан отиб ўлдирилган.
Шундан сўнг Абдулланинг онаси ноилож уч боласини олиб, Тошкентга отланади. Етим қолган фарзандларини болалар уйига беради. Ўзи эса ҳаёт машаққатларини енгиш учун турмушга чиқади. Абдулла «Намуна» мактабига кириб, таҳсил ола бошлайди. Расм ва чизмачиликка қизиқиши кучлилиги туфайли 1929 йилда Тошкентдаги Архитектура-қурилиш институтига кириб, ўқий бошлайди.
Болалигидан ана шундай мусофирлик азиятларини тортган йигит орадан йиллар ўтиб, СССР Халқ архитектори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи, Тошкент Политехника институтининг профессори бўлиб етишди. Унинг тақдирига ўзбеклардан чиққан биринчи совет архитектори, Ўзбекистонда архитектура-қурилиш ишларининг ташкилотчиси бўлиш, Марказий Осиёнинг шаҳар ва қишлоқларида жамоат биноларини қуриш ишларига бош-қош бўлиш ёзилган экан.
Тақдирнинг бахтли тасодифи шу бўлдики, Абдулла Бобохонов халқ оқсоқоли номи билан машҳур бўлган Йўлдош Охунбобоевнинг назарига тушиб қолади. Охунбобоев унинг ўқиши ва ижодий ишларидан доимо бохабар бўлиб турди. Москвада таҳсилни тамомлагач, у ерда қолиб кетмаслиги учун уни Ўзбекистонга чақиртириб олди ва бу умидли, ёш мутахассисни юқори лавозимга тавсия этди.
Ўшандан бошлаб Абдулла Бобохонов Марказий Осиёнинг деярли барча шаҳарларидаги курилиш ишларига – деярли вайрона ҳолатидаги, асосан пахса ва гуваладан тикланган пастқам, режасиз чолдевор иморатлар ўрнига замонавий турар жойлар, театр ва клублар, хашаматли маъмурий бинолар, хиёбон ва майдонлар, маданият саройлари, ҳатто сув омборларининг маҳобатли тўғонларини барпо этишга боши билан шўнғиб кетди.
Агар Абдулла меъморнинг лойиҳалари билан ХIХ асрнинг охири ва ХХ асрнинг биринчи чорагида тикланган иморатлар бир жойга тўпланса, бутун бошли муаззам бир шаҳар қад ростлаши турган гап.
Бу иншоотлар орасида юздан ортиқ маданият саройлари, Шоҳимардондаги Ҳамза мақбараси, Жанубий Сурхон сув омбори, Тошкентдаги Анҳор бўйи мажмуаси ва Собир Раҳимов номли кинотеатр биноси, Душанбедаги Лоҳутий номли театр, Улуғбек расадхонасининг реставрацияси ва бошқа бир талай меъморлик обидалари бор. Энг муҳими, ўтган асрнинг ўттизинчи ва етмишинчи йиллари ўртасига қадар Тошкент шаҳрининг бош тарҳи Абдулла Бобохоновнинг изланмалари асосида белгиланган ва ҳатто бугунги Тошкент шаҳри қиёфасини шакллантиришда унинг ижодий ечимларининг ўрни ниҳоятда катта экани маълум.
Абдулла Бобохонов турли йилларда Ўзбекистон Архитекторлар уюшмасининг раиси, Давлат қурилиш қўмитаси раиси, Архитектура институти ректори ва Қурилиш вазири ўринбосари лавозимларида ишлади. Кўп йиллар мобайнида талабаларга сабоқ бериб, юзлаб шогирдлар етиштирди. Ва, албатта, давлат ва халқ олдидаги катта хизматлари эвазига бир талай орден ва медаллар билан тақдирланди. «СССР Халқ архитектори» деган юксак унвонга сазовор бўлди.
Абдулла Бобохоновнинг фаолияти Ўзбекистон ССРда архитектура соҳаси ривожланишида муҳим рол ўйнади. Унинг лойиҳалари ва фаолияти замонавий ўзбек архитектурасида миллий анъаналарни мужассам этиш ва уларни замонавийлик билан уйғунлаштиришга ёрдам берди. Бобохоновнинг ижодий мероси ва педагогик фаолияти ўзбек архитектураси тарихида алоҳида ўрин тутади.
Абдулла Бобохонов 1992 йилнинг 18 июнида Тошкент шаҳрида вафот этган. Тошкентдаги «Чиғатой » қабристонига дафн қилинган.
ПЎЛАТ БОБОХОНОВ
Абдулла Бобохоновнинг туғишган укаси Пўлат Бобохонов Ўзбекистон ССРда биринчи бўлиб, қурилаётган йўл остидаги қатлам – у шўрҳокми, шағалми, намхушми ва ҳоказоларга эътибор қаратиш ва маҳаллий йўл тўшамаларидан фойдаланиш масалаларини ишлаб чиқди. Бу борада амалий таклифлар берди, кейинчалик бу муаммоларни батафсил ва конкрет ҳал этиш учун биринчи бўлиб бу соҳада олийгоҳда кафедра ташкил этди. Кафедранинг биринчи мудири бўлди, ўнлаб кенг ва олис масофали трассалар қурилишини бошқарди, йўл қуриш соҳасида кўплаб истеъдодли мутахассисларга устозлик қилди.
Пўлат Бобохонов – автомобиль йўллари соҳасидаги биринчи ўзбек олими, техника фанлари номзоди, доцент.
Пўлат Бобохонов акаси Абдулладан икки йил кейин, 1912 йилнинг 31 июлида ўша Россия империясига қарашли бўлиб турган эски Боласоғун (Тўқмоқ) шаҳрида туғилган. У автомобиль йўллари соҳасидаги биринчи ўзбек олими бўлиб, шу соҳанинг йўл қурувчи мутахассислиги бўйича илк техника фанлари номзоди, доцент бўлган.
Пўлат Бобохонов педагогика билим юртини тугатгандан сўнг, дастлаб меҳнат фаолиятини Шаҳрисабз шаҳрида, халқ таълими бошқармасида инспекторликдан бошлайди.
1935 йилда йўл қурувчилар мактабини тугатгандан сўнг Ўзбекистон йўл қурилиши бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлай бошлайди. Кейинроқ Ўзбекистон Автомобиль транспорти ва шоссе йўллари вазирининг биринчи муовини даражасигача кўтарилди.
Ўзбекистон автомобиль йўллари корхонаси ва Тошкент Политехника институтидаги «Автомобиль йўллари» кафедрасининг асосчиси. 1938 йилда Тошкент темир йўл институтини тамомлаб, бу соҳада ҳам биринчи ўзбек темир йўл муҳандиси сифатида тарихга кирди. 1944-1949 йилларда Ўзбекистон ССР Халқ комиссарлари ҳузуридаги Бош йўл бошқармасининг бошлиғи бўлган. 1950 йилда ҳукумат қарори билан Москва автомобиль ва йўллар институти аспирантурасига ўқишга жўнатилган.
1956 йилда, икки марта Сталин мукофоти лауреати бўлган техника фанлар доктори, профессор Н.Иванов раҳбарлиги остида техника фанлари бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. 1957 йили Пўлат Бобохонов Вазирлар кенгаши ҳузуридаги Ўзбекистон автомобиль транспорти бўлими бошлиғи этиб тайинланди. 1963-1967 йилларда Ўзбекистон Автомобиль транспорти ва йўллари вазирининг биринчи ўринбосари.
Унинг ташаббуси билан Ўзбекистонда биринчи бор политехника олийгоҳида «Автомобиль йўллари» кафедраси ташкил этилди. Бобохонов 1966 йилга қадар шу кафедрага раҳбарлик қилган ва уни ривожлантиришга катта эътибор берган. Тез орада Бобохоновнинг раҳбарлигида ва ундан сўнг кафедрада 4 нафар фан доктори, 20 дан ортиқ фан номзодлари етишиб чиқди.
Ўз вақтида Пўлат Бобохонов Ўзбекистон ССРдаги асосий йўллар қурилишига бевосита раҳбарлик қилган.
Олимнинг фаолияти фақат илм-фан билан чекланиб қолмади, балки ўз фаолияти билан мамлакатдаги транспорт инфратизимини такомиллаштиришда муҳим роль ўйнади. Унинг илмий ишлари нафақат маҳаллий, балки халқаро миқёсда ҳам эътиборга сазовор бўлиб, автомобиль йўллари соҳасидаги муаммоларни ҳал қилишда янги усуллар ва янгиликларни тақдим этди. Тошкент-Термиз йўли ва бу соҳадаги бир қатор йирик лойиҳалар шахсан Пўлат Бобохоновнинг раҳбарлиги остида амалга оширилган.
Унинг меҳнатлари муносиб баҳоланиб, билан тақдирланди.
Турли йилларда СССР Олий Советининг қарори билан «Ҳурмат белгиси» ордени (1942), «Буюк ватанпарвар» ва «Фидокорона меҳнати учун» медаллари, “Фахрий йўлчи” номи ва кўплаб диплом ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган.
Пўлат Бобохонович Бобохонов оғир ҳасталикдан сўнг 1967 йилнинг 14 сентябрида 55 ёшида Тошкент шаҳрида вафот этган. Тошкентдаги «Чиғатой » қабристонига дафн қилинган.
Одилжон Дадажонов тайёрлади
Расмлар архивлардан олинди