Кунфу файтинг: Бўлажак чемпионлар сараланди

Қирғизистон жанубидаги қадимий Моси қишлоғи бир дамда минтақада шарқ яккакураши марказига айланди.

Одатда турли даражадаги халқаро мусобақа ва тадбирлар мамлакатлар пойтахти ёки йирик вилоятларнинг марказларида ўтказилади. Бу сафар шарқ яккакурашининг кунгфу файтинг йўналиши бўйича халқаро турнир Жалолобод вилоятининг Новкент туманидаги Моси қишлоғида бўлиб ўтди. Мусобақа ғолиблари жорий йилда ўтадиган жаҳон чемпионати ва халқар турнирларга йўлланма оладилар.

Машҳур кинорежиссёр, ўткир сиёсатчи ва ёзувчи, марҳум Дооронбек Садирбаев номидаги қишлоқ ҳукумати маркази бўлган қадимий Моси қишлоғида ўтган турнирда Қирғизистон ва Ўзбекистондан келган 300дан ортиқ ёш спортчилар иштирок этишди. Турнирда иштирок этиш истагини Тожикистон, Қозоғистон, ҳатто Россия спортчилари ҳам билдиришган эди, бироқ улар турли сабабларга кўра кела олишмади.

Икки давлатнинг беш яккакураш турлари федерациялари вакиллари иштирок этган, «Мен чемпион бўламан!» шиори остида ўтган турнирда 18 ёшгача бўлган спортчилар қарийб 40 хил вазн тоифасида чемпионлик номи учун курашдилар. Моси қишлоғида ташкил топиб, нафақат вилоятда, балки республика миқёсида ва қўшни давлатларда ҳам номи чиқиб улгурган «Олимп» спорт клуби совринлари учун ўтказилган турнирга Қирғизистоннинг Кунгфу федерацияси, ММА, кикбоксинг федерациялари, Ўзбекистоннинг MMG (Марду майдон жанги) федерациясининг энг кучли жангчилари иштирок этишди.

Ушбу турнир шунга ўхшаш кўплаб мусобақалардан ўзгачаланиб, бир қатор янги ташаббусларга бой бўлди. Жумладан, турли вазндаги турнир ғолибларига чемпионлик камарлари берилди. Бу ёш спортчиларни жуда қувонтириб, ўзларини чинакамига чемпион ҳис қилишларига сабаб бўлди, уларни янги ғалабалар сари руҳлантирди. Бундан ташқари, бунгача мисли кўрилмаган меҳмондўстлик намунаси кўрсатилиб, 300 дан ортиқ ёш спортчилар пуллик меҳмонхонада эмас, мосиликларнинг уйларида беғараз жойлаштирилиб, меҳмон қилинди. Уларнинг раҳбарлари, 26 нафар мураббийни эса ота-оналар мўл-кўл дастурхон ёзилган ресторанга таклиф қилишиб, иззат-ҳурмат кўрсатдилар.

“Олим” спорт клуби асосчиси, раҳбари ва бош мураббийи Абдумажид Мамараимов турнирнинг мана шундай юқори савия ва уюшган ҳолда ўтишига Садирбаев номли қишлоқ ҳукумати раҳбари Алтинбек Бекибаев, клуб спортчиларининг ота-оналари ва Новкент тумани Ўзбек миллий-маданий маркази раисаси Салима Артиқбаеванинг хизматлари катта бўлганини таъкидлайди.

“Қишлоқ ҳукумати бошлиғи Алтинбек Равшанбекович доимо бизни қўллаб-қувватлаб келади. Бу сафар ҳам турнирни ўтказишга 30 минг сўм пул ажратиб, унинг очилишида шахсан қатнашди ва тез-тез хабар олиб турди. Маҳаллий кенгаш депутатлари, жумладан Элтуран Мағаматқулов ҳам ҳамиша биз билан, ота-оналаримизнинг, айниқса Мансуровлар оиласининг қўллаб-қувватлашлари доимо бизга қувват беради”, – деди спорт клуби раҳбари.

Бишкекдан Қирғизистон Кунфу федерацияси президенти Юрий Дмитрушенконинг шахсан келиб, ўзининг услубий ва ташкилотчилик маслаҳатларини бериб туриши, Федерация вице-президенти Данияр Осоровнинг мусобақанинг бориши ва натижаларини расмийлаштириш борасидаги ёрдамлари зўр аҳамият касб этди. Учрашувга келган уч федерация раҳбарларининг мусобақаларга шахсан ҳакамлар қилишлари мусобақалар нуфузининг янада ортишига ёрдам берди.

Шунингдек, турнирнинг юксак савияда ўтишига маҳаллий «Зенит» фотостудияси директори Элмурод Асқаровнинг ҳам хизматлари катта бўлди.

Юрий Дмитрушенконинг таъкидлашича, жанговар спорт турлари бўйича Қирғизистон спортчилари халқаро рейтингда ўнинчи ўринда туришса, Жаҳон кунфу федерацияси рейтингида тўртинчи ўринда туришади.

“Икки кун давом этган ушбу турнир жуда юқори савияда ўтди. Қирғизистон кунфучилари орасида Жалолобод вилояти спортчилари тобора ўз ўрнига эга бўлиб боряпти, ҳар мусобақа, ҳар бир турнир сайин улар тобора ўз натижаларини яхшилаб бормоқдалар”, деди Федерация президенти.

Бунга қўшимча қилиб айтиш мумкинки, вилоят спорти қаторида кунфу турининг ҳам ривожланиб боришида айнан “Олимп” спорт клубининг хизматлари катта. Кўпчилик республика ва халқаро турнирларда олимпчиларнинг ёрқиш чиқишлари вилоят ва республика шон-шуҳратини оширишга хизмат қилмоқда. Бугунги кунда клубда нафақат республика, балки бир қатор Осиё чемпионлари етишиб чиқди.

“Спортнинг асосий вазифаси – халқларни бирлаштириш, ер юзида дўстлик, биродарлик, тинчлик ва бирдамлик ғояларини тарғиб қилиш. Мана шундай мусобақалар туфайли мамлакатда аввал тарқоқ бўлган федерациялар бирикмоқда, аввал мураббийларнинг ўзлари яқинроқ танишиб, кейин тарбияланувчилари, ёш спортчиларни бир-бирларига яқинлаштириб, ўзаро дўстлаштириш амалга ошмоқда. Бу бизнинг асосий ютуғимиз. Чунки, ёш авлодни дўстлик ва биродарлик, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар орасида жиноятчиликни олдини олиш ва бартараф қилиш – бизнинг асосий вазифамиз”, – дейди турнир ташкилотчиси Абдумажид Мамараимов.

Энг муҳими, ушбу турнир турли федерациялар раҳбарларига энг умидли, энг кучли спортчиларни танлаб олиш имконини беради. Мусобақа натижаларини жиддий таҳлил қилиш ва ғолибларнинг имкониятлари ҳисобга олинган ҳолда улар орасидан жорий йилнинг октябрида Москвада ўтадиган халқаро турнирга ва декабрь ойида Таиландда ўтиши режалаштирилган жаҳон чемпионатида иштирок этадиган номзодлар танланади.

Оқбура, Бишкек.

Расмлар “Олимп” спорт клубига тегишли

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг