Гап бундоқ бўлибди! Ўзаро муносабатларда ички ишларга аралашмаслик муҳим

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бу ҳафда россиялик ҳамкасби Сергей Лавровга эслатди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Россия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Сергей Лавров билан Нью-Йоркда ўтган учрашуви пайтида “ўзаро ишончни мустаҳкамлаш йўлида давлатлар бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик тамойилига амал қилишлари муҳимлигини” таъкидлади.

Бахтиёр Саидовнинг ўз Telegram каналида хабар қилишича, икки вазир стратегик шерикликнинг долзарб мавзулари, шунингдек, бўлажак олий ва юқори даражадаги тадбирларга тайёргарлик кўриш юзасидан атрофлича суҳбат ўтказган.

«Биз иттифоқчилик руҳидаги доимий мулоқотимизни давом эттиришга келишиб олдик», деб ёзган Саидов, томонларнинг учрашувда бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик тамойилига амал қилиши муҳимлигини таъкидлаганини ҳам айтган. Гарчи вазир аниқлик киритмаган бўлсада, бу баёнот яқинда Тошкентдаги мактаблардан бирида ўқитувчи ўқувчисини ургани юзасидан Россия ТИВ муносабатига жавоб бўлганини тушуниш мумкин.

Аввалроқ, 23 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги 188-мактабда синов муддатида бўлган ўқитувчи дарс вақтида ўқувчини калтаклагани акс этган видео тарқалди. Унда ўқитувчи ўқувчи талашиб-тортишгач, уни уриб, доска томонга итариб юборганини кўриш мумкин. Кейин у болани калтаклашда давом этган. Шаҳар таълим бошқармасининг аниқлашича, воқеа 6-«В» синфида рус тили дарсида юз берган.

Боланинг онаси Facebook’даги ота-оналар гуруҳида ўқитувчининг рус тили дарсини ўзбек тилида ўтгани, ўқувчи эса ундан дарсни рус тилида ўтишини сўрагани ҳақида ёзган. Бу пост кейин ўчириб юборилган. Икки кун ўтгач, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова брифинг ўтказиб, журналист берган саволга жавобан ТИВ департаменти бу масалани диққат билан кузатиб бораётганини айтган.

«Видео мазмуни болага нисбатан ўта хавотир ва ҳамдардлик уйғотмаслиги мумкин эмас… Икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликка асосланган дўстона муносабатларда ҳеч қандай адоватга, айниқса, тил масаласида ўрин йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас», – деди Захарова, Россиянинг бу воқеа Ўзбекистондан расмий тушунтириш сўраганини маълум қилиб.

Захарова интернетда чиққан материалларга “ҳуқуқий баҳо бериш ва агар асосли бўлса, болаларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга нисбатан зудлик билан чора кўришни ҳам сўраганини айтган.

Бунга Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров ўз муносабатини билдириб, Россия ўзининг ички ишлари билан шуғулланса тўғри бўлишини айтган.  Қодиров бола ҳуқуқининг Ўзбекистон мактабида, Ўзбекистон фуқаросининг фарзандига нисбатан бузилганини ва бунга қарши чора ҳам Ўзбекистон халқи номидан қабул қилинган қонунлар асосида кўрилишини эслатган.

«Бизнинг ички ишларимиз ҳақида бош қотиргунча, ўзларининг муаммоларга тўла ишлари билан шуғулланишса тўғри бўлар эди. Йўқ жойдан тўполон чиқаришдан фойда йўқлигини тушуниб етишди, деган хулосага ҳали эртароқ шекилли», – дея фикр билдирган спикер ўринбосари Алишер Қодиров.

Бу ҳолат бўйича Ўзбекистоннинг тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари суриштирув ишларини олиб бораётгани ҳақида расмий хабар қилинган. Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова ҳам бу ишни қоралаб, таълим муассасаларида “болаларга нисбатан жисмоний зўравонлик, номуносиб муомалага йўл қўяётган шахслар нафақат лавозимидан ёки вазифасидан озод этилиши, балки ҳар қандай ҳолатда ҳам қонун доирасидаги тегишли жавобгарликка тортилиши шарт» эканини эслатган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг февралида Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳам АҚШ давлати раҳбариятини Қирғизистоннинг ички ишларига аралашмасликка даъват қилган эди. Ўшанда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Қирғизистон парламентида қабул қилинаётган нотижорат ташкилотлар фаолиятига нисбатан талабларни кучайтиришни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси юзасидан хавотир билдирган эди.

Бунга жавобан Қирғизистон президенти Блинкенга хат ёзиб, унга Бишкекка келишни ва “Қирғизистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари Қирғизистон Республикаси конституцияси ва қонунлари билан ишончли ҳимояланганини ўз кўзи билан кўриб кетишни” таклиф қилган.

“Ишончим комилки, сиз Қирғизистонда доимо ишончли дўстлар топасиз. Биз тенг ҳуқуқли ҳамкорлик тарафдоримиз ва барча давлатлар, жумладан, Қўшма Штатлар билан ҳам ҳамкорлик қилишга тайёр эканимизни таъкидламоқчиман. Ягона илтимосим, мамлакатимизнинг ички ишларига аралашманг”, – деб ёзган эти мактуби сўнгида  Садир Жапаров.

Сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатларига жаҳоннинг йирик давлатлари томонидан қизиқиш кучайган. Уларнинг ташаббуслари билан минтақа давлатлари доимий равишда ўзаро ва биргаликда учрашувлар ўтказиб туришибди. Қувонарлиси, бир вақтлар ўзларини йирик давлатларга қарамдек ҳис қилган мустақил давлатлар энди улар билан тенг ҳамкорлар сифатида муносабатда бўлишларини талаб қила бошладилар.

Оқбура, Бишкек.

Расм интеретдан олинди

 

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг